1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Меҳмоннинг 7 гўзал одоби

Азалдан бизнинг халқимиз ўзининг меҳмондўстлиги билан бошқа халқлар олдида ажралиб туради. Шу сабабли меҳмондорчилик ва унга тегишли одоблар ҳақида бир қанча суҳбатлар, маърузалар, мақолалар устозлар томонидан биз шогирдлар фойдаланиб, манфаат топишимиз учун армуғон этилган. Қуйидаги ожизона уринишимизда эса намунали меҳмоннинг одоблари нимадан иборат деган мавзуда атрофлича сўз юритамиз. Намунали меҳмон бўлиш учун мусулмон одам қандай қоидаларга амал қилмоғи даркор? Қандай қилиб сизни меҳмонга чақирган инсонни бахтиёр этиш ва сизнинг оғирлигингиз тушмаган ҳолатда мезбоннинг хушнуд бўлишига эришиш мумкин?

1. Қўшничилик муносабатларини гўзал қилинг

Энг биринчи англаниши керак бўлган ҳақиқат шуки, инсон ўз қўшнилари билан жуда ҳам яхши муомалада бўлиши керак. Чунки аксар меҳмон-мезбон муносабатлари қўшнилар ўртасида амалга ошади. Расули Акрам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам умматни қўшниларга гўзал муомала қилишга чақирганлар. У зот алайҳиссалом марҳамат қиладилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим бўлсин” (Байҳақий ривояти). Аллоҳга ва охират кунига дейилишидан бу чақириқ мусулмонларга жуда муҳим эслатма эканлиги тушунилади. Ўзини мусулмон ҳисоблаган ҳар бир одам юқоридаги ҳадисда келтирилган ҳақиқатни яхши англамоғи ва уни ҳаётида татбиқ этмоғи зарур бўлади.

2. Мезбоннинг чақириғини ижобат қилинг

Бировнинг сизни ўз уйига меҳмонга чақириши бу улкан илтифот белгисидир. Ҳамма ҳам ўзидан ортиб уйига меҳмон чақиравермайди. Мусулмон киши эса бундай муносабатларда жуда ҳам эҳтиёт бўлиши, чақирилган жойларга бирор жиддий узр бўлмаса, албатта бориши лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом “Қачонки бирор жойга чақирилсангиз, ижобат қилинглар!” (Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа, Молик ва Доримийлар ривояти), деганлар. Агар сизга икки киши бир вақтда илтифот кўрсатиб ўз уйига меҳмонга чақирган бўлса, қўшничилик ҳақи юзасидан сизга эшиги яқинроғиникида меҳмон бўлинг. Бирор жиддий узрсиз чақириқни эътиборсиз қолдирманг. Акс ҳолда ҳадисда келтирилгандек, инсон гуноҳкор бўлиб қолиши ҳам мумкин. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтадилар: “Агар қўйнинг пойчаси (пиширилиб) чақирилсангиз ҳам, ижобатни қабул қилинг” (Имом Муслим ривояти).

3. Фақат чақирилган жойга боринг

Айрим ҳолатларда мусулмонларнинг чақирилмаган жойларга ҳам тез-тез меҳмонга бориб туришлари кузатилади. Бировнинг уйига чақирилмаганда боришдан ҳатто Аллоҳ таоло ҳам қайтарган. Хусусан, Аҳзоб сурасининг 53-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирор таомга чақирилсагина кирингиз! (Ўшанда ҳам) унга эришишга кўз тутиб турмангиз, балки чақирилганингизда кирингиз ва таомдан сўнг гапга берилиб кетмай, тарқалингиз!...”

4. Ҳадялар билан боринг

Бугунги кунда бир-биримизга ҳадялар бериш унутиб борилаётган суннатлардан бири бўлиб қолди. Мана шу суннатни тирилтириш йўлида ҳар бир мусулмон жидду жаҳд қилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳадиси шарифларда келишича, ҳадялар қилиш ўта фазилатли иш. Имом Бухорий Ал-жоме ас-саҳиҳнинг «Ҳадя қилмоқ ва унинг фазилати ҳамда ҳадя қилмоққа ундамоқ ҳақида китоб»ларида бу ҳақида бир нечта ҳадисларни келтирадилар. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ, менинг иккита қўшним бор, уларнинг қай бирига ҳадя қилайин?” — деб сўрадим. Жаноб Расулуллоҳ: “Қай бирининг эшиги ўзингга яқинроқ бўлса, ўшанга”, — дедилар”. Бу ҳадис орқали уммул мўминийн Оиша розияллоҳу анҳонинг гапларидан ҳадя беришнинг аҳамиятини, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавобларидан эса қўшнилар орасида ҳадяга ким ҳақлироқ эканлигини тушуниб оламиз.

Шунингдек, ҳадя беришда ҳеч нимани кичик санамаслик ҳам жуда гўзал одоблардан биридир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй муслима аёллар, қўшни аёл ўзга қўшни аёлга, гарчи қўй туёғини бўлсада ҳадя қилишдан орланмасин!”— деб марҳамат қилдилар”. (Яъни, қўшни аёллар қўлларидан келганча бир-бирларига ҳадя қилиб турсинлар, “Бу озку!” ёки “Арзимас-ку!” деб ўзларини ҳадя қилмоқдан тиймасинлар, деган мазмундадур).

5. Таомланиш одобларига риоя қилинг

Бу ҳақида динимизнинг кўрсатмалари бисёр ва биз қуйида, ана шу маълумотларга асосланган ҳолда, меҳмонга хос бўлган бир қатор умумий одобларни санаб ўтиш билан кифояланамиз.

- Овқатланишдан аввал қўлни ювиш;

- Чақирилмасдан ва таом келтирилмасдан бурун дастурхонга ўтирмаслик;

- Таомни хонадон катталари, уй эгаси бошлаб бериши;

- “Бисмиллоҳ” билан бошлаш ва ўнг қўлда еб-ичиш;

- Ейишни туздан бошлаш;

- Идишнинг четидан ва ўзининг олдидан олиш;

- Луқмани кичик-кичик олиб, шошилмасдан чайнаш;

- Таомни яхши чайнамай туриб ютмаслик;

- Оғиздаги луқмани ютмай туриб, таомга қўл чўзмаслик;

- Оғизда овқат билан гапирмаслик;

- Бошқаларнинг луқмасига назар солмаслик;

- Йўтал тутганда ёки аксириш келганда оғизни тўсиш;

- Дастурхон бошида фақат яхши нарсалар ҳақида гапириш;

- Тўйгандан кейин емаслик;

- Қориннинг учдан бирини таом, бирини ичимлик, яна бирини ҳаво учун ажратиш;

- Исрофга йўл қўймаслик;

- Дастурхондаги ушоқларни териб ейиш;

- Сувни уч нафасда ичиш;

- Терлаб туриб, оч қоринга, овқат билан бирга, ширинлик ва мева егандан кейиноқ сув ичишдан тийилиш;

- Ейишни туз билан тугатиш, ҳамд ва истиғфор айтиш;

- Овқатдан кейин қўлни ювиш.

6. Кўп қолиб кетманг

Меҳмоннинг мезбон уйида кўп муддат қолиб кетиши мезбон учун ноқулайлик туғдириши мумкин. Юқорида зикр қилинган Аҳзоб сурасининг 53-оятида Аллоҳ таоло “Тарқалингиз” деб марҳамат қилади. Айнан мана шу гапнинг тафсирида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ бу ерда “Овқатни еб бўлиб ҳам улфатчилик учун гапни чўзиб ўтирманг” деган маъно бор дейдилар. Яъни, вақтни ғанимат билиб ибодат ёки бошқа кундалик юмушлар билан банд бўлишга чақириқ борлигини кўрамиз.

Аслида, меҳмоннинг мукофоти уч кундир. Абу Шурайҳ ал-Хузўий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳга ва Охират Кунига иймони бор одам меҳмонига унинг мукофотини иззат-икром билан тақдим қилсин”. - Унинг мукофоти нима, Ё Расулаллоҳ, дейишди. Меҳмоннинг мукофоти бир кеча ва кундузидир, дедилар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) – “Зиёфат эса уч кун бўлади, ундан ортиғи мезбон томонидан садақадир” (муттафақун алайҳи). Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, шароитдан келиб чиқиб меҳмон мезбоннинг сахийлигидан фойдаланмаслиги керак. Муроди ҳосил бўлгач, ўз маконига қайтиш пайидан бўлиши лозим.

7. Энг яхши меҳмон бу мезбонга мулозаматли ва миннатдор меҳмондир

Мезбоннинг меҳмонга илтифот кўрсатиб, уни уйига чақириб, уни таомлантириб, ҳадялар бериб, кўнглини хушнуд қилганининг ўзи меҳмон учун катта аҳамият касб этмоғи, у ҳам мезбонга шунга яраша мулозамат кўрсатмоғи керак. Айниқса, еган таомини мақтамоғи даркор. Зотан, еган таомини мақташ мусулмонга хос бўлган чиройли одатлардандир. Имом Нававий ўзларининг Риёзус-солиҳийн китобларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ва Муслим ривоятларини келтирадилар. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч вақт таомни айбламадилар. Агар иштаҳалари бўлса, ундан едилар. Агар кўнгиллари тусамаса, уни тарк қилдилар”. Шунингдек, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳлияларидан нонхўрак сўрадилар. Шунда улар: “Бизда фақат cирка бор”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни келтиришни буюрдилар. Ва уни еятуриб: “Мунча ҳам яхши бу нонхўрак cирка, мунча ҳам яхши бу нонхўрак cирка” деб айтдилар. (Имом Муслим ривояти).

Юқоридагилардан англаймизки, меҳмон бўлишнинг ўзига хос одоблари мавжуд. Агар меҳмонга чақирилаётган мўмин-мусулмон ўзида юқоридаги одобларни мужассам этган бўлса, мезбон ундан рози ҳолатда хайрлашади ва бу дўстона алоқаларининг узоқ муддатли, сермазмун бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Жамиятимиздаги мусулмонларнинг ўзаро ҳурмат-эҳтиром тамойиллари асосида умргузаронлик қилиши эса ўзбек халқи фаровонлиги учун жуда ҳам муҳим. Ҳар бир мусулмон аввало юқорида санаб ўтилган, шунингдек, бошқа мавзуларга доир бир қатор ижтимоий одобларни ўзида мужассам эта олса, жамиятнинг равнақи учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган бўлади. 

Хулоса ўрнида, унутмаслик керакки, бу одобларнинг барчаси – хулқлари Қуръон бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хос бўлган одоблардир.

Ким ҳам у зотдан ўрнак олишни хоҳламас эди?

Тошкенбой

 

Фойдаланилган манбалар:

Қуръони Карим

Тафсири Ҳилол (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ)

Ал-жоме ас-саҳиҳ (Имом Исмоил ал-Бухорий)

Шамоили Муҳаммадий (Имом Муҳаммад ат-Термизий)

Islom.uz

Hadis.islom.uz (Риёзус-солиҳийн)

Islamonline.uz

Muslim.uz

Novza.uz

Qadriyat.uz

Islam-today.ru

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ