1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Нафақа ҳақида

Нафақа дейилганда кишининг ўз қарамоғидагиларни етарли кийим, овқат ва жой билан таъминлаши тушунилади.
Хотиннинг нафақаси, либоси ва турар жойи у мусулмон ёки кофир бўлсин, балоғатга етган ёки етмаган бўлса ҳам жинсий яқинлик қилишга яраса, эрининг зиммасидадир. Эрнинг ёш жиҳатдан кичик бўлгани сабабли жинсий яқинлик қила олмаслиги унинг бўйнидан нафақа беришни соқит этмайди.
Нафақанинг миқдори эр ва хотиннинг ҳолига қараб бўлади. Агар иккиси бой бўлса, бойларникидек, агар камбағал бўлсалар, камбағалникидек нафақа берилади. Агар эр бой, хотин камбағал ёки аксинча бўлса, ўртача нафақа, яъни бойникидан кам ва камбағалникидан кўп нафақа берилади. Отасининг уйида бўлган ёки эр уйида бемор бўлган хотинга ҳам нафақа берилади. Бироқ ўзбошимчалик билан эрнинг уйидан чиққан, қарзи борлиги учун қамоқда ўтирган, никоҳлангандан кейин касаллиги туфайли куёвнинг уйига олиб келинмаган, эрининг кўлидан тортиб олинган ва эрисиз ҳаж қилаётган аёлларнинг нафақаларини бериш эрга вожиб эмас. Агар аёл эри билан ҳаж қилаётган бўлса, эр унга сафар нафақасини (йўл харажатлари каби сафар учун лозим бўлган чиқимлар) эмас, балки уйда бериладиган на-фақани беради. Уйда бериладиган нафақадан ортиғини хотиннинг ўзи кўтаради.
Агар хотин хизматкор ишлатиб юрадиган тоифадан бўлса, унинг ўз пулига олган бир хизматкорини нафақа билан таъминлаш эрнинг зиммасидадир. Бунинг учун эса эр бой бўлиши шарт қилинган.
Эр хотинига нафақа бера олмагани сабабли эр-хотин ажратиб юборилмайди, балки қози аёлга эрининг ҳисобидан қарз олиб туриш ҳақида ҳукм чиқаради.
Қози кимгадир камбағаллигига қараб нафақа юклаган бўлса-ю, кейин шу одам бойга айланса, у ҳолда хотин талаб қиладиган бўлса, бойларга мос нафақа тўлашга ўтади. Аксинча, бойлигига қараб нафақа белгиланса-ю, кейин камбағал бўлиб қолса, камбағаллигига қараб нафақасини камайтирилади.
Ўтган кунларнинг берилмай қолган нафақаларини эр тўлаши лозим эмас. Бироқ нафақа қозининг хукми ёки эр-хотиннинг ўзаро келишувлари асосида белгиланган бўлса, ўтган кунларникини ҳам тўлайди, бунинг учун эса эр-хотин иккаласи ҳаёт бўлиши шарт. Мабодо икковидан бири вафот этса ёки белгиланган нафақани олишдан илгари хотин талоқ қилинса, нафақа бекор қилинади. Фақатгина, хотин қозининг хукми билан эр ҳисобидан қарз олган бўлса, нафақа бекор қилинмайди.
Муддатидан олдин берилган нафақани эр-хотиндан бири ўша муддат келмасидан олдин вафот этса, қайтариб олинмайди. Масалан, эр хотинининг бир йиллик нафақасини олдиндан бериб кўйган бўлса, аммо икковидан бири бир йил ўтмасдан, дейлик, ярим йил аввал вафот этса, қолган ярим йиллик нафақа хотиндан қайтариб олинмайди.
Қулга хотин бўлган аёлнинг нафақаси қул эрнинг устига юкланган. Аммо қул хожасининг рухсати билан уйланиб, хотинига нафақа бера олмай қолса, нафақага пул топиш учун хожа қулини сотади. Мана шу зайлда қул нафақа бера олмай қолганда, бир хожадан иккинчи хожага сотилаверади. Аммо нафақадан бошқа қарзи учун фақат бир мартагина сотилади ҳамда қарзнинг тўлай олмаган қисмини озод бўлгач, тўлайди.
Эрнинг хотинига бериши керак бўлган уйи эрнинг қариндошлари яшайдиган уйдан алоҳида бўлиши лозим. Агар бир ҳовлида бошқа уйлар ва кишилар бўлса ҳам, аёлга алоҳида яшаши учун керакли қулайликлари мавжуд, қулфи бор уй берилса, кифоя қилади. Хотинга ажратилган уйда эрнинг бошқа хотинидан бўлган боласи ҳам бўлмаслиги керак. Хотин рози бўлса, тураверади.
Эр хотини турган уйга қайнота-қайнонасини ва хотиннинг бошқа эрдан бўлган фарзандини киритмасликка ҳақли. Чунки уй уники ва унда ўзи хоҳлаганича тасарруф қилиш хуқуқига эгадир. Бироқ аёлнинг ота-онаси (эрга бундан зарар етмайдиган бўлса) у билан истаган пайтла-рида гаплашишлари ва уни кўришлари мумкин. Чунки бу силаи раҳм ҳисоблангани учун, уни ман қилишга ҳеч ким-нинг ҳаққи йўқ.
«Эр ҳафтада бир марта аёлини ота-онасининг ҳузурига боришига ва уларнинг эса қизларининг уйига келишига монелик қила олмайди» деган гаплар ҳам бор. Бироқ ота-онадан бошқа маҳрам қариндошларни бориб кўриш ёки уларни аёлнинг уйига келиб кўришлари ҳар йили бир марта амалга оширилади.
Қози ғойиб - ўзи йўқ кишининг молидан хотини, ота-онаси ва ёш боласи учун нафақага яроқли буғдой, ун, кийим ва пул кабилардан нафақа белгилайди. Бошқа қариндо-шларнинг нафақаси эса бекор қилинади.
Ғойиб одамнинг юқорида айтилган нарсалари биров-нинг қўлида бўлиб, ўша одам буни тан олса, кифоя. Молнинг омонат қилиб сақлашга, савдога шерикликка ёки қарзга берилганининг аҳамияти йўқ.
Шунингдек, қози нафақа белгилаши учун хотин ҳам ғойиб эрининг никоҳидалигини мол қўлида бўлган одамлар эътироф этишлари лозим. Юқоридаги ишларни (молнинг кимдалиги, хотиннинг ғойиб эр никоҳидалигини) қози билса ҳам нафақа ҳақида ҳукм чиқараверади. Чунки қозининг билиши ҳужжат ҳисобланади. Қози нафақа белгилаётиб аёлга эри нафақасини бермай кетгани ҳақида қасам ичиради ва ундан кафил олади. Шундан сўнг қози аёлга эр номидан қарз олишни буюриб ҳукм чиқаради, лекин эр-хотин ўртасида никоҳ борлиги ҳақида хукм чиқармайди. Имом Зуфар «Қози нафақа ҳақида ҳукм чиқаради, никоҳ мавжудлиги ҳақида эмас», деган. Бугунги кунда қозилар Имом Зуфарнинг сўзига амал қиладилар.
Аёлнинг қасам ичиши эр ғойиб бўлишидан олдин нафақа берган бўлиши ва аёл қозини алдаётган бўлиши эҳтимоли борлиги учундир. Кафил эса, мабодо эр келиб, аёлга керакли нафақани қолдириб кетганини исбот қилиб қолса, тўлаб бериш учундир.
Хотиннинг ғойиб эр никоҳида эканини ва нафақа учун нарса ташлаб кетмаганини исботлаб беришининг ўзигина қозининг нафақа ҳақида ҳукм чиқариши учун асос бўла олмайди.
Ражъий ҳамда боин талоқ бўлган аёлларга (идда ичида) ва қозининг ҳукми билан ажратиб қўйилган аёлларга (ажралиш аёлнинг гуноҳ қилиб кўйгани сабабли бўлмаса, масалан, озод бўлганда ёки балоғатга етганда эр билан қолиш-қолмасликни танлаш вақтида ажралиш ҳуқуқидан фойдаланиши, эрнингхотинга мос эмаслигитуфайли ажралиш каби) нафақа ва турар жой берилади, аммо эрнинг вафот этиши туфайли идда ўтирган аёлга ва қилиб кўйган гуноҳи сабабидан ажрашган аёлга (масалан, аёлнинг диндан қайтиши каби) эса берилмайди.
Уч талоқ иддасида ўтирган хотиннинг диндан қайтиши нафақанинг бекор қилинишига сабаб бўлади (чунки муртад бўлган аёл тавба қилиши учун қамалади. Қамалган аёлга эса нафақа берилмайди).
Камбағал ёш болаларнинг нафақаси касб-ҳунар билан пул топадиган вақтигача отанинг бўйнига юкланади.
Онага боласини эмизиш ундан бошқа эмизадиган топилмагандагина вожибдир. Чунки болани эмизиш нафақа қилишдир. Нафақа эса ота бўйнидадир. Агар эр эмизувчи ёлласа, уни боланинг онаси ёнида тутади. Чунки бу пайтда болани парваришлаш ҳақи онада бўлади. Эр боланинг онасини ўз никоҳидалигида ёки ражъий талоқ иддасида ўтирганида эмизиш учун ёллай олмайди. Бу ҳолатларда аёл ўз боласини бепул эмизишга мажбурдир. Боин талоқ иддасида ўтирган онани эса эмизиш учун ёллаш мумкин.
Боланинг ўз онасини идда тамом бўлгач, эмизиш учун ёллашга (аслида она бегоналардан кўра кўпроқ пул талаб қилмаса, бошқалардан кўра болани эмизишга ўзи ҳақлидир) ёки эрнинг ўз хотинини бошқа хотинининг боласини эмизиб бериш учун ёллашига рухсат берилади.
Балоғатга етган қизнинг (агар эри бўлмаса) ва ногирон ўғилнинг нафақаси отанинг зиммасидадир.
Моли нисобга етган бойга камбағал ота-онанинг (бобо-момонинг) нафақаси юкланади. Бу нафақа ўғил-қиз орасида тенг тақсимланади. Ота-онага нафақа беришда ўғил ёки қиз бўлишнинг фарқи йўқ. Ўғил қанча нафақа берса, қиз ҳам шунча беради. Бу масалада яқинлик эътиборга олинади, мерос олиш эмас. Масалан, бир камбағал хотиннинг бир қизи ва ўғлининг ўғли бўлиб, иккаласи ҳам бой бўлса, гарчи ўғилнинг ўғли ҳам момодан мерос олса ҳам, онага яқинроқ бўлгани учун нафақани қиз беради. Шунингдек, бир камбағал одамнинг қизининг ўғли ва укаси бўлса, қизнингўғли нафақа беради. Агар ота касб-кор қилишга қодир бўлса, ўғилни унга нафақа беришга мажбурланмайди. Шунингдек, ўғил касб-ҳунар билан пул топишга қодир бўлса, отани нафақа беришга мажбурланмайди.
Моли нисобга етган бойга камбағал ота-онасининг нафақасидан ташқари кичик ёшдаги, балоғатга етган бўлса ҳам камбағал бўлган аёл, ногирон ва кўр эркак маҳрам-ларнинг нафақалари бойнинг улардан оладиган мероси миқдорига қараб юклатилади (бу масалани тушуниш учун мерос илмидан бохабар бўлиш керак). Масалан, бир кўр кишининг бир бой акаси ва бой синглиси бўлса, нафақа уч улушга бўлиниб, икки улуш бой акага ва бир улуш бой сингилга юклатилади. Чунки мабодо ҳалиги кўр киши вафот этиб, ушбу ака ва сингилдан бошқа меросхўрлар бўлма-са, улар марҳумнинг қолдириб кетган меросини уч улушга бўлиб, юқоридагидек бўлишиб олар эдилар. Бу масала-да, яъни юқорида айтилганларнинг нафақалари маҳрам қариндошлари зиммасига мерос олиши миқдорича юкланишида, нафақа берувчи қариндошнинг мерос олиш имконияти борлиги эътиборга олинади, ҳақиқатда мерос оладими-йўқми, бу нарса нафақа олувчи вафот этганда аниқ бўлади. Масалан, бир кўр кишинингтоғаси ва амакисининг ўғли бўлса, гарчи кўр одам вафот этганда амакининг ўғли меросхўр бўлсада, нафақа маҳрам қариндош бўлгани учун тоғага юкланади. Чунки мерос тақсимотида амакининг ўғли бўлмаса, тоға мерос олган бўлар эди.
Мусулмон одам ўзга динда бўлган қариндошларидан фақат хотини, ота-онаси ва бобо-момоси ҳамда болалари, невара ва эвараларига нафақа беради, холос. Камбағал одам фақат хотинига ва ўзидан тарқалганларгагина нафақа беради. Камбағаллиги туфайли бошқа қариндошларнинг нафақаси унга юкланмайди.
Камбағал одам хотини бой бўлса ҳам, унга нафақа беради. Бундан бошқа ҳолатларда бойга нафақа берилмайди. Ота нафақаси учун ўғлининг кўчмас мулкини эмас, кўчар мулкини сотади. Ўғилнинг отадан нафақадан бошқа қарзи бўлса, ота унинг мулкини сотмайди. Она эса ўз нафақаси учун ўғлининг мулкини сотмайди. Баъзи фатволарда она отадан кўра муҳтожроқ бўлгани учун унга ҳам олиш жоиздир.
Агар ўғилнинг молини омонат сақлаб турган одам қозининг ҳукмисиз уни ўғилнинг ота-онаси нафақасига сарфлаган бўлса, тўлаб беради. Чунки бировнинг молини унинг рухсатисиз ишлатиш мумкин эмас. Ота-она ўзларидаги ўғилнинг молини ўз нафақалари учун сарфласа, тўлаб бермайди.
Қози бирор одамга хотинидан бошқа қариндошларининг нафақасини юклагандан сўнг, ҳалиги одам нафақа бермай, озми-кўпми вақт ўтса, ўтган кунларнинг нафақаси бекор қилинади, яъни қозининг ҳукми билан нафақа қарз бўлиб қолмайди. Бироқ нафақа бермай юриш ҳолати қозининг нафақа берувчи ҳисобидан қарз олиб туриш ҳақидаги хукмидан сўнг содир бўлса, у ҳолда ўтган кунларнинг нафақаси бекор бўлмайди, балки тўпланиб қолган қарзни нафақа бериши керак бўлган одам тўлайди.
Қул ва чўриларнинг нафақаси хожаларнинг зиммасидадир. Агар хожа нафақа бермаса, ўзлари ишлаб нафақа топадилар.
Мабодо ишлаб нафақа топа олмаса, хожа уни сотиши керак. Шунда хожа пулга, қул ёки чўри нафақага эга бўлади. Сотиш мумкин бўлмаган (мудаббар ва умму валад) ва ишлаб нафақа топа олмайдиган қул ва чўриларга нафақа беришга хожани мажбурланади.

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан

Ҳозир сайтимизда 69 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ