1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ийло ҳодисаси

Ийло бу - қасам ичишнинг бир туридир. Зиҳор билан орасидаги фарқ шуки, Зиҳор - «Сен менга онам кабисан, онамнинг сирти, бадани кабисан» деб хотинини ўзига абадий ҳаром қилишдир. Ийло эса эрнинг хотинига маълум муддат яқинлашмасликка ичган қасамидир. Содда ҳаёт тарзига эга бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларининг баъзи моддий талаблари сабабли хафа бўлиб, уларга нйло қилиб, бир ой узоқ турганлар. Бухорийда, Муслимда ва ўнлаб ҳадис китобларида нақл қилинган бу ҳодиса Ҳазрати Умар (р.а.)нинг ўзларидан ривоят қилинган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам чодирда ёлғиз қолганликларини эшитган саҳобалар «Хотинларининг талоғини бергандир» дея хавотирландилар. Ҳазрати Умар (р.а.) бу хавотирини шундай изоҳлайди:
Мадинанинг Аволи маҳалласида яшардим. Ансордан бир қўшним бор эди. Иккаламиз кун ора навбат билан Расулуллоҳни зиёрат қилардик. Мен борганимда ўша кунги ваҳий хабари ва бошқа эшитган маълумотларимни келиб қўшнимга айтардим. У борган куни у ҳам худди шундай қиларди. Бир куни навбат қўшнимда эди. Туннинг бир қисми ўтган эди. Келиб эшикни қаттиқ тақиллатди. Хавотир билан очдим: «Нима бўлди?» деб сўрадим.
«Буюк фалокат», - деди.
«Нима бўлди? Ғассонийлар Мадинага ҳужум қилишмоқдами?», - дедим.
«Йўқ, ундан ҳам оғирроқ иш бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг талоғини берибдилар!» деди. Буни эшитиб, бомдод намозини ўқигач, кийиниб, тарандим. Мадинага бордим. Ҳафсанинг ёнига бордим. Йиғлаётган эди: «Нималар деб йиғлаяпсан? Мен сенга Расулуллоҳга қарши келмайсан демаганмидим, бирон нарса сўрашдан огоҳлантирмаганмидим?» дедим. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳозир қаердалар?» деб сўрадим. Шу ердаги чодирда. Одамлардан узоқлашибди. Ўрнимдан туриб, у ерга яқинлашдим. Эшик олдида хизматчиси Билол ибн Рабоҳ бор эди. «Эй Билол ибн Рабоҳ! Расулуллоҳнинг ёнларига киришим учун рухсат сўра» дедим.
Билол ибн Рабоҳ ичкарига кирди ва чиқиб: «Хоҳишингизни айтдим. Сукут қилди, ҳеч нарса демади» деди. Қайтиб масжидга бордим. Саҳобалардан баъзилари минбар атрофида хафа бўлиб ўтиришар эди. Баъзилари эса йиғлаётган эди. Мен ҳам бироз ўтирдим, лекин ичимдаги ғашлик тарқамас эди. Расулуллоҳнинг ёнларига такрор бордим. Билол ибн Рабоҳга «Умарнинг ичкарига кириши учун рухсат сўрагин» дедим. Ичкарига кириб қайтиб чиқди. «Яна келганингни айтдим. Сукут қилди, ҳеч нарса демади» деди. Қайтадан масжидга бордим. Минбар ёнида бир муддат ўтирдим. Хавотиримдан, ғашлик ва сиқилишдан қутула олмас эдим. Яна Расулуллоҳнинг турган жойларига яқинлашдим. Овозимни кўтариб: «Эй Билол ибн Рабоҳ! Мен Расулуллоҳни кўришни хоҳлайман. Рухсат сўрагин. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Ҳафса учун ўртага тушади, деб ўйлаётган бўлсалар, ундай эмас, қасамки, Расулуллоҳ амр қилсалар, унинг бўйнини учираман» дедим. Билол ибн Рабоҳ ичкарига кирди. Чиққандан сўнг: «Айтдим, сукут қилди ва ҳеч нарса демади» деди. Буни эшитгач, орқамга қайтаётган эдим, бирдан Билол ибн Рабоҳнинг овозини эшитдим: «Кир, энди изн берди!» деди.
Ичкарига кирдим, Аллоҳ Расулига салом бердим. Қамишдан қилинган бир ётоқ - бўйранинг устида эдилар. Бўйра танасининг устига изларини қолдирган, чизиқлар кўринаётган эди. Атрофга қарадим. Бир тарафда бир ҳовуч арпа, бошқа тарафда осилган пўст кўрдим. Кўзларим ёшланиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Нега йиғлаяпсан?» деб сўради. Ё Расулуллоҳ! Қандай йиғламай? Кисролар, Қайсарлар дунёнинг завқини, сафосини сурар экан, сиз Аллоҳнинг энг суюкли бандаси бўлганингиз ҳолда бу оғир шароитлар ичида яшаяпсиз!». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Ҳаттобнингўғли! Сенхоҳламайсанми дунё уларники, охират бизники бўлсин!». Сўнгра: «Ё Расулуллоҳ аёлларингиздан ажрашдингизми?» деб сўрадим. Муборак бошларини кўтариб: «Йўқ» деб жавоб бердилар. Бу жавоб қаршисида бирданига «Аллоҳу Акбар!» деб такбир айтдим. «Бутун асҳобингиз қайғуга ботган. Бориб уларга ҳақиқатни айтайми?» дедим. Расулуллоҳ с.а.в: «Майли» дедилар. Юзидан хафалиги кетгунча гапирдилар. Ниҳоят, хурсанд бўлди ва кулишни бошлади. Ундан кейин чиқиб, масжиднинг эшигига қараб, баланд овоз билан бақирдим: «Расулуллоҳ аёлларидан ажрашмадилар!»
Пайғамбаримизнинг бу ёлғизлиги 29 кунга қадар давом этди. 29 кунлик муддатнинг охирида шу оятнинг нозил бўлгани ривоят қилинади: «Эй Набий жуфти ҳалолларингга: «Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини ирода қилсангиз, келинглар, сизларни баҳраманд қилай ва чиройли бўшатиш билан бўшатай. Агар Аллоҳни ва унинг Расулини ҳамда охират диёрини ирода қиладиган бўлсангиз, бас албатта, Аллоҳ сизлардан гўзал амал қилгувчиларга улуғ ажрни тайёрлаб қўйган» деб айт» [Аҳзоб сураси, 28-29-оятлар).
Бу оятларнинг Ҳазрати Ойша онамизнинг хоналарида нозил бўлгани ривоят қилинади. Бундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Ойшага шундай дедилар: «Мен сенга бир хусусда мурожаат қиламан. Жавоб беришда шошилмаслигингни хоҳлайман, ота-онанг билан ҳам маслаҳатлашгандан сўнг жавоб бергин». У хусус нима, эй Аллоҳнинг Расули? деб сўради. Пайғамбаримиз ушбу оятни тиловат қилдилар. Буни тинглагач, Ҳазрати Ойша: «Ота-онамга бу хусусда маслаҳатлашармидим?! Мен, албатта, Аллоҳни, Расулини ва охират юртини танлайман!» деди. Сўзининг давомида ҳаққоният билан: «Ё Расулуллоҳ! Барча аёлларингиз мен билан бир хил нарсани айтишади!» деди.
Манбаларимизда шундай воқеа гавдаланади:
Бир ерда дастурхон тузалади ва Ойша онамиз чақирилади. Дастурхонга ўтиради ва йиғлашни бошлайди. Сабаби сўралганида эса Ойша онамиз шундай дедилар: «Аллоҳнинг Расули битта дастурхонда учта косадаги овқатни биргаликда турганини ҳеч ҳам кўрмади!»
Ойша онамиз шундай яшади. Оятлардан оладиган хулосасини олди ва ҳаётини шу тарзда тар-тибга қўйди. Қолган оналаримиз ҳам Ойша онамиз каби ҳаёт кечирдилар. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.

Муҳаммад Амин Йилдиримнинг
"Никоҳ аҳлоқи" китобидан

 

Ҳозир сайтимизда 70 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ