1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Эпли хотин арпа ундан ош қилар...

Оила мустаҳкамланиши, бахтли турмуш қуриш учун  аёл кишидан эркак кишига нисбатан кўпроқ масъулият талаб қилинади. Эркак кишининг ҳурматини баланд тутиш, унга далда бўлиб, хайрли ишларга бошлаб туриш аёлнинг вазифаси. Эрнинг топишига қараб ҳурматқиладиган аёллар бора-бора ўз бахтларини, насибаларини бой берадилар. Эр ризқ берувчи эмас, ризқни Аллоҳ беради! Ана шу оддий, лекин муҳим қоидаларни унутмаган аёлнинг оиласи мустаҳкам, кўнгли хотиржам бўлади. Аммо таассуфки, айрим аёллар бахтли оиланинг бундай оддий тамойилини  айни вақтида англаб етмайдилар. Оила муҳитининг соғломлиги асосан аёлга боғлиқ, десангиз, кўп аёллар “Фақат аёлларга ҳамма айбни ағдарараверасизлар. Аёлларни айбдор қилиш осон-да», дея норози бўлишади. Лекин истаймизми, йўқми, бу ҳақиқат! Элда:
Эпли хотин арпа ундан ош қилади,
Кал эрини маҳаллага бош қилади.
Эпсиз хотин уй супурса, чангитади,
Мирзо эрни ҳар кўчада гангитади,
деган гап бор. Айрим аёлларнинг юриш-туриши, рўзғор тутутими, гап-сўзию  ўзини тутишига разм солиб, халқнинг сўзи ҳақ эканига ишонч ҳосил қиласан, киши.
Аёл сариштали, эпли-шудли бўлса, эркакнинг топган-тутганига барака бўлади. Агар акси бўлса...
“Ўғри” келин
Ўғри деб бировларнинг насибасига, мол-мулкига кўз олайтирадиганларга қарата айтилади. Энди шундай қабиҳликни киши ўз рўзғорида қилса, яъни эрининг машаққат билан топиб келганларини қизлик уйига, ака-укаларига ташиса, оила ғазнасини “тешса” бу ўғриликнинг қандай турига киради?
-    Ўғлим Россияга ишлагани кетганди. Маълум вақт ўтиб, уйга қайтган заҳоти хотинини ҳайдаб юборди,- дейди таҳририятга мактуб йўллаган бухоролик қайнона.- Маълум бўлишича, ўғлим икки йил давомида хотинига Россияда ишлаб топган пулларини жўнатиб турган экан. Келин бўлса уялмай – нетмай ўғлим иссиғу совуқда қийналиб топган пулларни онасиникига ташиб юрган экан. Ўғлим роса таъзирини берса “Акам уй тиклади, уйда пул бўла туриб қараб туролмадим. Укам мошина олди, акамга қарашиб, уни ажратиб қўёлмадим. Қарзга берганман, яқинда қайтаришади” дебди. Ўғлимнинг ҳисобича икки йилда юборган пули рўзғордан орттирганда камида 10-12 минг Ақш доллари миқдорида бўлиши керакмиш, хотинининг қўлида эса 1500 доллар пул бормиш. Ўғлим “ажрашаман, яшамайман бунақа ўттизимни тўққиз қиладиган хотин билан” деб роса жанжал кўтариб, келинни уйдан ҳайдаворди. Оиласи бузилиб кетмасин деб, ўғлимга ялиниб-ёлвориб келинни уйга қайтардим. Ахир ўртада иккита бола бор! Онаси- қудамга ҳам ҳайронман. Қандай она эканки, уч-тўрт сўм пулни қизининг тинчлигидан устун қўйса?! Она дегани қизи эрининг уйидан пул ташиса “қўй бу номаъқулчилигингни, менинг уйимдан сенга фойда йўқ. Сенинг ҳақиқий уйинг, рўзғоринг – эр уйида. Бошқасидан сенга наф йўқ!” қизини тартибга чақирмайдими?! Худо кўрсатмасин, турмуши бузилиб кетганида нима бўларди? Келин уйга қайтгани билан  ҳалигача ўғлим ундан ранжиган, икки гапнинг бирида “аканг қачон пулимни қилиб беради, уканг қачон пулимни қайтаради” деб кўз очирмайди...
Аёл кишига фақат эр уйидан бахт топиш тақдир қилинган. Бошқачасига унинг бахт топиши маҳол. Нега баъзи аёллар охирини ўйламай иш кўриб ўз бахтига ўзлари зомин бўладилар?
“Юриши бойвачча, турмуши...”
-    Акам қўшни туманда ишлайди,- дейди дугонам.- Ўзи ишлаётган туман марказидан икки хонали уйни ижарага олиб, оиласини кўчиртириб кетганига ҳам ўн йилча бўлиб қолди. Акамнинг иши, топиши яхши. Янгамнинг ўрнида бошқа аёл бўлганида аллақачонлар уй-жой қилиб, тинчиб кетишарди. Аммо рўзғор уқувидан бехабар янгамнинг ҳою ҳавасларга ўчлиги сабабли, ҳозиргача акам оиласи билан ижарама ижара санғиб юрибди. Хотин бўлмиш бундоқ сарфу сариштанинг илмини олган, рўзғорнинг камини тўлдириб, кемтигини бутлашга уринадиган бўлмайдими? Озиб-ёзиб бир куни акамнинг ижара уйига меҳмонга бордим. Коридор эшиги олдида тизилиб турган аёллар пойафзалларини кўриб, акамникида бирор йиғин бўляптимикан, деб ўйлабман. Кейин хабар топсам, янгам ҳар бир мавсумга тўрт-бешта кўйлак ва шу кийимига мос пойафзал, соч тўғноғичу сумка харид қиларкан. Тавба, ким ҳам хоҳламайди чиройли кийиниб юришни, Ҳаммага ҳам ёқади. Лекин аввал рўзғорини, уйини бадастир қилиб қўймайдими? Турмуш қуришганига ўн йил бўлди, шу вақтдан бери ижарада яшаётганидан уялмайдими, дейман шунақа қиммат кийимларни кийиб кўча кезаётганида?! Эссиз, акам бечоранинг топган-тутгани, меҳнатию машаққати! Янгамнинг юриши бойвачча юришу, турмуши хароб! Хотин киши эркакнинг топганини тежаб-тергаб сарфламаса, рўзғорда барака бўлармиди?..
Ҳамма гап...
Бизнинг тамойилда қизалоқлар жуда кичкиналигидан рўзғор ва оила муҳитига мос равишда тарбияланади. Кичкина қизалоқнинг жажжи қўлчаларига ошхона анжомларини тутқазиб, дастурхонга олиб бориши, қўғирчоғининг кўйлакчасини ёки дастрўмолчасини ювиб қўйишни ўргатиш шулар жумласидан. Аксар қизлар балоғатга етгунига қадар уй-рўзғор ишларининг уқувини олган бўлишади. Аммо аёллик, рафиқалик илми фақат пишир-куйдир, супур-сидирдан иборат эмас! Аёл киши рўзғор ишларини бажариш билан бирга тадбиркор, тежамкор ва уй-жойини ўйлайдиган, рўзғорга қайишадиганва албатта эрини катта ишларга ундаб, ҳалол меҳнат билан ризқ топишга даъват этадиган бўлиши керак. Бир сўз билан айтганда, оилада, фарзандлар тарбияси ва эркакнинг эл ичидаги иззат – обрў топиши ҳар жиҳатдан аёлга боғлиқ масъулият. Ҳамма гап аёл кишининг ана шу масъулиятини англаши ва шунинг баробарида масъулиятини бажаришида!
Эпсиз хотиннинг касрига...
-    Маҳалламизда бир оила бўларди,- дейдилар айни мавзуда мулоҳазаларини билдирган сурхондарёлик муштарийимиз Шаҳодат опа Исмоилова.- Оила бошлиғи- эркак жуда уддабурро, топармон-тутармон эди, раҳматли. Собиқ шўролар пайтида ҳам боғидаги узумини майиз қилиб чет элда сотишнинг эвини қиларди. Эр топармон-тутармон бўлгани билан аёл сарфу сариштани эпламаса қийин экан.Эркак ҳар қанча тиришиб меҳнат қилмасин, рўзғорида ҳеч барака йўқ эди. Сабаби хотини эридан яширинча уйидаги пулларни, эри олиб келган озиқ-овқатларни ота уйига таширди. Ўзининг рўзғорини кемтик қилиб ака-укаларига “қарашиб” турарди. Ҳатто,одамлар аёлнинг эри сотишга деб қўйган майизларидан халтага ўмариб, қўшнисига чиқариб бериб, қўшниси эрига сотиб чиқса, пулини олиб ота уйига чопиши ҳақида ҳам гапиришарди. Гапни чўзишнинг кераги йўқ, алалоқибат эпсиз хотиннинг касрига ўша рўзғор хорликка юз тутди. Эркак бечора қариганида бир бурда нонга зор бўлиб дунёдан ўтди. Ўғиллари ҳам онасидан қолишмайдиган, бир ишнин тайин келтириб бажаролмайдиган чиқди...
Айтмоқчимизки,
Мавзуга оид бу каби ҳаётий мисолларни жуда кўп келтириш мумкин. Афсуски, кўп аёллар юқоридаги ҳолатларни кўриб, эшитиб, хунук оқибатларига гувоҳ бўлсалар-да, оилавий ҳаётнинг айни оғриқ нуқтаси борасида камдан кам мулоҳаза қиладилар. Юқорида оила мустаҳкамлиги, жуфтларнинг бахтиёрлиги, турмушнинг ободлиги ва рўзғорнинг фаровонлиги кўп ҳолларда аёлларга боғлиқ эканини таъкидладик. Мулоҳазаларимизни эса хулосалашга шошилмаймиз. Муштарийларимиз орасида кўпни кўрган, ҳаёт аччиқ-чучугини тотган юртдошларимиз анчани ташкил этишади. Демак, айни мавзу борасида уларнинг ҳам ҳаётий тажрибаларга асосланган фикрларини кутиб қоламиз.

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 147 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ