1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Аёллар содда эмас-у…

Кўпинча, оммавий ахборот воситаларида ёки у ер-бу ерда аёллар ҳақида гап кетганда «заиф жинс вакиллари» (представительницы слабого пола) деган ибора ишлатилади. Бунга ҳамма ўрганиб қолган. Бирорта аёл «Нега бизни «заиф ёки заифа» деб камситяпсан?» деган жанжални қилмаган. Чунки бу иборанинг ростлигини улар тан олишади. Бироқ… аёллар содда бўлмаса ҳам…
—«Сиз гўзалсиз, сизни мен ҳаммадан ортиқ яхши кўраман» деб хушомад қилган, гуллар берган кишининг ҳийласига осонгина учиб, бор дунёсини ва жисму жонини унга бағишлаб юбориши ҳам мумкин…;
—Ёстиқдош эрининг сирларини билиб олгач, унга кенг дунёни тор қилиб юбориши мумкин, лекин бошқанинг эмас, шахсан ўзининг, ўз оиласининг ҳаловатини ўз кирдикори орқали бузаётганини, ўз бахтига ўзи болта ураётганини билмайди;
—Ўз эрига қўпол муомала қилиши мумкин, лекин бошқалардан, бегоналардан табассумни дариғ тутмайди. Ваҳоланки, хоҳ эр киши учун бўлсин, хоҳ аёл киши учун бўлсин, бир умрлик йўлдошни ранжитиш яхши эмас;
—Арзимаган латта учун, тақинчоқ учун ва яна қандайдир арзон матоҳ учун энг қиммат бойлик ҳисобланадиган оилавий тинчлигини бузадиган аёллар қанча? Улар аҳмоқ эмас, содда ҳам эмас, бироқ, барибир, қандай қилиб жанжал чиқарганларини ўзлари ҳам билмай қолишади. Кейин яна афсус қилувчи ҳам ўзлари бўлиб чиқади. «Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кетади» деган мақолни ҳисобга олсак, ҳар бир ойда бир марта жанжал чиқаверган хонадондан барака бутунлай кўтарилиб кетиши ҳам мумкин. Кимга фойда-ю, кимга зиён? Бу ерда мақсад насиҳатгўйлик қилиш эмас, балки ҳаётда ҳар бир нарсанинг қадрига ўз вақтида етиш кераклигини эслатиб ўтиш, холос;
—«Фалон вақтда фалон жойда гўзаллик танлови ўтказилади» дейилса, соддалик ва дўлворлик билан бу мусобақада қатнашиш учун ҳаракат қиладиган қанчалаб аёллар бор. «Би-ир ғолиб чиқиб, дунёни ўзимга қаратай, душманларимнинг ичи куйсин» деб режа қилган аёллар ўзларига ҳомий қидиришади. «Мушук текинга офтобга чиқмайди», ҳомийликка рози бўлган мардак ҳам у аёлдан нималардир умидвор бўлиб ҳомийлик қилади. Бу мусобақанинг ташкилотчилари босқичма-босқич ҳаммадан гўзал бўлиш дағдағаси билан «ёнаётган» қиз ва аёлларни бирма-бир териб, ўзларининг айтганларини қилдириб, ҳар хил қилиқ ва найранглар билан синашади, чўмилиш кийимида чиқиш шартини қўйишади, банданларини обдон томоша қилишгач, зиёфатларга таклиф қилишади, рақсга тушиш, вальсга тушиш орқали ўзларига янаям яқин қилиб олишгандан кейин балки тўшакларига таклиф қилишса ҳам эҳтимол, чунки ғолиба бўлиш истагидагилар бу «синов»ни ҳам табиий деб қабул қилишади.
Ва нечтадир қизлар пастки поғоналарда қолиб кетишади ва нечтасидир юқорироқ ўринларни забт этишади. Мусобақада қатнашиш «бахти»дан маст бўлган қизлар кейинчалик катта ҳисобда ютқазишганини, яхшигина «чув» тушишганини билиб қолишади. Лекин ўзларидан ўтганиниг ўзларидан бошқа ҳеч ким билмайди. Шу ҳолатда ҳам лақма бўлиб қолганликларига тан бергиси келмайди. Аслида эса дунёда ёки фалон мамлакатда ёки фалон шаҳарда якка гўзал бўлишнинг иложи йўқ, чунки бу ўта нисбий гап, аёлларни гиж-гижлайдиган «топилма», мақтанчоқлар учун тузоқ. Ўша мусобақаларда кимларнингдир «…(дунё, фалон мамлакат, фалон шаҳар) гўзали» деб эълон қилиниши мусобақа ташкил қилингани ва унда кимнингдир ғолиб чиқиши шарт эканлигидандир, лекин у ҳеч қачон ҳақиқий эътироф бўла олмайди. Қолаверса, ички ва ташқи гўзаллик саналади. Бунақа гўзаллик эгаси бўлган инсон эса ўзини ҳеч қачон бошқаларга «кўз-кўз» қилмайди;
—мода саноатини бошқарадиган бошандалар аёллар қалбини забт этишнинг янгидан-янги усуллари ва шаклларини ўйлаб чиқиш устида кечаю кундуз бош қотирадилар. Бир-биридан шарманда, очиқ-сочиқ кийимлар, соч турмаклари, косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, баданнинг у ер-бу ерига турли ишловлар бериш орқали шаҳвонийликни ошириш,, янги-янги сўзлар ўйлаб топиш уларнинг асосий қуролларидир. Бу қуроллар аёлларнинг қалбларига ташланадиган қармоқларга «хўрак» вазифасини бажаради. Қайси аёл бу хўракни ютса, қармоқнинг измига бўйсуниб кетаверади. Камоли соддаликларидан ўзларинниг бу қилаётган ишларига ўзлари ҳам тушунмайди. «Мода менинг жону дилим» деб ҳисоблашганидан шундай бўлади;
—агар пардоз-андоз қилишгандан кейин «Сиз гўзалсиз, жуда очилиб кетибсиз» деб кўнгли учун бир оғиз айтиб қўйса, ростакамига ишониб кетишади.
Йигирма йилча олдин Фарҳод бозорида бир неча қиморбоз товламачилар бир ўрта ёш рус аёлини чув туширишган эди. Улар ўйинни шундай ташкил қилишар эканки, озроқ-озроқ пул бериб, кейинги босқичларга оснгина ўтаётган қатнашчилар ўртадаги катта ютуқдан умидвор бўлиб янада қаттиқ киришганини ўзлари ҳам билмай қолар экан. Охирида иккита қатнашчи қолар экан. (Тахминан сезиш мумкин эдики, улардан биттаси товламачиларнинг сафидан эди. Табиийки, унинг берган пули қайтариб берилади, бунинг устига, нариги аёлдан ютиб олинган пулда унинг ҳам ҳиссаси бор) Иккаласи ҳам оз-оздан беравериб, кўп пул бериб қўйишди. Орқага қайтишнинг иложи йўқ, чунки, биринчидан, берилган пул қайтарилмайди, иккинчидан, рақиби кўп пул олиб кетишига чидаш қийин. Ёзнинг куни, иккита аёл терлаб-пишиб, минг иккиланиш билан пул чиқариб ўйинда давом этишяпти. Товламачи эса нариги бегона аёлни тез-тез гапга тутиб турар эди. Баъзан эса, унга қараб «Оленька, вы красивая женщина!» деб мақтаб қўярди. Аёл эса минг бир хижолат тери билан «Спасибо!» деб қўярди.
Ўшанда Оленька қанча пул ютқазган, кейин нима бўлган — номаълум. Ҳар ҳолда, бозорлик учун олиб чиққан пулини фирибгарларга «ташлаб» кетган бўлса ажаб эмас. Чунки фирибгар кечгача бўлса ҳам ўйинни чўзаверади, унга фарқи йўқ. Ёки бўлмаса, бирор жойдан милиция келиб қолади-да, ўйнаётганлар яшин тезлигида тарқалишиб кетади. Чунки милицияга ҳам озгина улуш берилади.
Бу воқеани келтиришдан мақсад нима эди? Ўша аёл — Оленьканинг «Сиз чиройлисиз»,  деган мақтовга учганлигини, яна бунинг устига назокатли бўлиб «Раҳмат» айтганлигини, устига устак, пулидан ажралганлигини мисол келтириш эди. У аёл асло сода эмас эди, у кўп пул ютмоқчи эди, «Мен алданмайман, мени алдашолмайди», деган ишончи бор эди. Ҳеч бўлмаганда, озгина ўйнаб, обрўйининг борида кетса ҳам бўларди, лекин ғурури йўқ қўймади. Аммо… барибир, соддалик қилди, шундай товламачиларни ютиш учун ўйинга киришди, ютқазди, ғурури топталди, алами келди. Ундан кейин уйига бориб, эридан гап эшитган бўлиши ҳам мумкин, балки содда эрини алдаган бўлиши ҳам мумкин. У ёғи бизга муҳим эмас, аммо ибрат учун сабоқ бўлишга арзийди.

Бахтиёр МУҲАММАДАМИН

Ҳозир сайтимизда 872 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ