1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Четдаги аёл...

Бувилардан бирининг деганлари
“Бурунгилар қаноатли, оқибатли бўлишган. Энди айтсанг, у гаплар эски замонлар ҳикоясидай, янаям тўғриси, эртакдай туюлади. Аммо ҳаммаси бўлган ишлар. Мана, масалан, оиласида эр киши бўлмаган аёллар бўшаган челагини дарвоза олдига чиқариб қўйган. Буни кўрган эркак зоти борки, хонадоннинг эҳтиёжини англаб, челакни сувга тўлдириб, жойига қайтариб қўйиб кетган. Ҳозиргилар “Ростанми?” дейишади ҳайратланиб. Ўша пайтда эса одамлар буни ҳар кунги вазифаларидек бажаришган. “Эркак ҳайбатли бўлса, аёл иффатли бўлади”, деган эди бобом бир суҳбатда. Ҳақ гап экан. Аёлини четга жўнатиб қўйиб, ундан келган пулга уй солаётган, рўзғор камларини бутлаб ўтирган эрларни кўрсам, шуни ўйлайман. Неварам айтиб қолди, бир таниши болаларини қайнонасига ташлаб, хотини билан хорижга ишлагани кетган экан. Анчагина йиғинишгач, эр қайтиш ҳаракатига тушибди. Хотини “энди ўрнашганимизда, кетиб қолганимиз яхшимас-да”, дебди. Шунда эрнинг гапини эшитиб, ҳайрон қолдим: “Ростанам ўзимизнинг жойдек бўпқолди, таниш-билишларам бор. Мен кетаман, хоҳласанг, бирпас ишлаб, кейин боравер. Ҳарна рўзғорга қўр бўлади...” Олти ойча бўлибди, эри хотинининг топганини рўзғорга қўр қилиб ўтирибди экан. Аёлнинг иффати қайда қолди-ю, эркакнинг ҳайбати қайга йўқолди? Бобом раҳматлининг яна бир гаплари бўларди: “Қаноати бўлмаган одамнинг ҳаловати бўлмайди”. Балки ҳозиргилар учун эски гапдир, аслида, ҳеч эскирмайдиган гап шу...”
Аёллардан бирининг деганлари
“Кечаги кун маҳаллада катта йиғилиш бўлди. Аёлларнинг хорижга бориб ишлаши, одам савдосига қарши кураш ҳақида гапиришди. Алданганлар, сотилиб, кейин бир амаллаб қайтиб келганлар ҳам кўп экан-да! Лекин, фикримча, ўша алданганлар ҳам у даражада содда бўлмаса керак, чунки ҳозир ҳамма анча қув бўлиб кетган. Йиғилишда ҳам айтишди, кўпчилик кўра-била туриб кетаркан. Бўлмаса, телевизорда, матбуотда неча марта огоҳлантириляпти. Хаёлим эримга кетди, шунча кетманг десам ҳам, синглимнинг тўйига пул йиғмасак бўлмайди, деди. Бир нарса десанг, қайнсингиллар: “Укамнинг бизга қилганларидан дарров ғашланяпсизми?” деб жанжал қилишади. Индамадим, кетди. Бўлмаса, рўзғоримиз жуда тўкин бўлмаса ҳам, тирикчилик ўтиб турувди. Мен-ку, қаноат қилавераман-а, қайнсингиллар қўйишмади-да. Кетганига бир ой бўлгани йўғ-у, кўчада болаларини етаклаб кетаётган оталарни кўрсам, юрагим эзилади. Болалар дадасини соғинишади, турмушда ҳар хил кун бор, эримнинг далдаларига эҳтиёж сезаман. Шом бўлгани сари болалар ҳам, ўзим ҳам дарвозага қарайверамиз. Шу керакмиди, дейман ўзимга-ўзим. Очин-тўқин яшасак ҳам майли, бирга, оила бўлиб яшаш муҳиммасми? Мана, бир танишимиз четга кетувди, ишлади, пешма-пеш пул юборди, данғиллама уйлар солишди, кейин эса... ўлигини олиб келишди. Ёшгина хотини иккита бола билан қолди. Энди у уй, у иморатлар кўнглига сиғадими? Шунақа десам, қайнсингилларим юмма талашди, ниятимни яхши қилай экан, уни ўрнига дуо қилай экан. Дуо қилмасмидим, уларнинг акаси бўлса, менинг эрим, болаларимнинг отаси-ку! Ёмон ният қилмадим, бор гапни айтдим, холос.
Хотинлар шу-да, гапни йиғилишдан бошловдим, ўзимнинг дардимга чалғиб кетибман. Сўзга чиққанлар аёлларга анча насиҳат қилишди. Ўз ихтиёрларинг билан алданманглар, хорижда ҳам боришингиз билан катта пулни қўлингизга тутқазиб қўйишмайди, ҳаракат қилсангиз, шу ерда ҳам топиш мумкин, дейишди. Ёнимдаги бир аёл тўнғиллади: “Э, бу ерда ҳаммага ақл ўргатишади, тирикчиликнинг нималигини билармикан шулар? Четга кетаётган аёллар ҳам ҳавасга кетмаётгандир, ҳеч тўлмайдиган рўзғор, ейман-ичаман деган болалар, уй солиш, тўй қилиш...” Ёнимизда ўтирган онахон эса мийиғида кулиб, менга қаради: “Қаноатсизлик, орти кўринмайдиган орзу-ҳаваслар бизни шу куйга солди. Бежиз айтишмаган: “Аёлнинг топгани юзга етсаям, тузга етмайди”. Эркакнинг топганида барака бор. Эрининг, оиласи эркакларининг риоясини қилган аёл аёллигида туради, сабр қилади. Ҳозирги хотинларнинг нолишлари қулоқни ёради. Мундоқ қарасанг, ҳеч бўлмаганда ҳаммасининг қулоғида битта тилла сирғаси, қўлида битта олтин узуги бор. Ҳатто очарчилик пайтидаям одамлар бунчалик шикоят қилмаган. Бир нарса десанг, орзу-ҳавасдан, яхши яшашдан, бахтдан гапиришади. Тушунмайман, яхши яшаш, бахт деганда нимани тушунар экан булар?”
Онахон ҳақ, майли, эркаклар-ку, рўзғор тебратишлари керак, лекин аёллар-чи? Яқинда ёнимиздаги гўзаллик салонида ишлайдиган аёл четга кетаман, деб қолди. Ҳайрон бўлдим, чунки ҳар куни қўлига кам деганда 30-35 минг тушишини ўзи айтувди. Кийиниши, пул сарфлаши ҳам яхшигина. Шуларни айтсам: “Мана шу ҳаётга овуниб юравермайман-ку, одам атрофга қараб, яхши яшагиси келади-да”, деди.
Вақти келса, битта картошка, битта сабзи, озгина гуруч ёки макарондан овқат қиламан. Шуни ўйлаб туриб, онахоннинг саволига хаёлан жавоб бердим: бир аёлнинг бахти оиласида. Яхши яшаш эса... Бош суқадиган бошпананг, ҳалолу пок топилган обиёвғон ва дастурхон устида кулишиб, яйраб ўтирган оила аъзоларинг. Асосийси ҳаётдан нолимайдиган тил, борига шукр қиладиган ҳузурли қалб... Моддиятми? У жудаям етишиб бўлмайдиган нарса эмас, Худойим бераман деса, Ўзига осон”.
Синглимнинг деганлари
“Биз билан бирга ишлайдиган турмушидан ажралган опа бор эди. Чет элга ишлагани кетди. Бир неча кун ўтар-ўтмас, ишхонага кириб келаётганини кўриб, ҳайрон бўлдик. Билсак, кетганини эшитган тоғасининг ори келиб, борибди-да, олдига солиб қайтариб олиб келибди. Бир оғиз сўз айтибди: “Худога шукр, биз тирикмиз, ўлганимиз йўқ. Ўлган тақдиримизда ҳам бир гапимни қулоғингга қуйиб ол: аёл – номус дегани, хонадони эркакларининг ори дегани. Шундай бўлгач, бизнинг номусимиз, оримиз билан ўйнашма!”
Менинг деганларим
Эшитганларимни борича келтирдим, улардан ошириб бир нарса деёлмасам керак. Хулоса чиқариш ўзимизга ҳавола...

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи

Ҳозир сайтимизда 845 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ