1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Аёл макри – яхшиликми ёки зарар?

Нимагадир кўпчилигимиз “аёл макри” ва ҳар хил “хотин ҳийлалари”ни – эрнинг мойиллигига эришиш, унинг муносабатини ўзгартириш, оилавий келишмовчиликларда ғолиб бўлиш ва сувдан қуруқ чиқишнинг асосий усули деб ҳисоблаймиз. Шишган лаблар, сукунат ўйинлари ёки айнан қалбга йўналтирилган ўткир ўқ каби илгаридан тайёрланган иборалар – келинг, мулоҳаза юритиб кўрайликчи, эрларимизга аёлларнинг найранги қанчалар таъсир ўтказар экан. 

 1 – Аёл макри – “Айбсиз айбдор”

Эҳтимол, энг кўп тарқалган аёл ҳийлаларидан бири – уйда асосий мақсади эрнинг раҳмини келтириш бўлган томоша уюштириш. Биз кўз ёш тўкамиз, хўрсиниб йиғлаймиз, “Аҳволим қанчалар ёмонлигига қаранг!” каби луқмалар ташлаймиз, ҳақиқий кичик фожеани ижро этамиз. Хўш, бизнинг жуфтимизга биргаликдаги ҳаётнинг дастлабки ойларида бундай спектакль балки таъсир қилар. Лекин жуда тез кунларда суюкли хотинининг сабабсиз кўз ёшлари унинг ғашига тега бошлайди. Энг аянчлиси эса – биз ҳақиқатда хафа бўлганимизда, эримиз буни манфаатларимизга эришишнинг одатий ҳийла – найранги деб тушуниши мумкин.

 2 – Аёл макри – “Бурчлимисан - мулойимсан”, “Ҳақиқий эркак МАЖБУР...”, “Агарда сен мени ҳақиқатда яхши кўрсанг, сен  ҚИЛИШИНГ КЕРАК”...

Ҳа, биз маккора аёллар, воқеликни бошқача тасвирлаш санъатига эгамизки, эримиз унда доим ўзини мажбур ҳис қилади. Шу билан бирга, биз усталик билан ўз мажбуриятларимиздан кўз юмиб, бутун диққат – эътиборимизни унинг кичкинагина бўлсада хатоларига қаратамиз. Шак – шубҳасиз, ҳар бир эркак уйланишидан олдин, Исломда оила нима эканлигини аниқ англаши лозим. Лекин ҳаммамиз ҳам нуқсонсиз эмасмиз. Шунинг учун, келинг, севган инсонимизга қандайдир мажбуриятларни бажармаганлиги учун таъна қилавермасдан, энг яхши эр бўлишига кўмаклашайлик. Қандай дейсизми? Шунчаки унинг учун энг яхши хотин бўлиб.

 3- Аёл макри – “Қўшнимиз эса аёлига бриллиант маржон совға қилибди...”, “Қаранг, амакиваччангиз, оиласи учун қанақа данғиллама уй қурибди...”, “Дугоналаримнинг барида айфон 7, мен эса халиям 5ни тутиб юрибман...”

Аёл қандайдир хоҳиш - истак ўтида ёна бошлар экан, унинг айёрлиги глобал доирда ҳаракат қила бошлайди. Одатда, бир марта рад жавобини олгач, биз эримиздан ниманидир тўғридан – тўғри сўрамаймиз, ишора йўлларидан борамиз ва бунда унинг эркаклик иззат нафсига нозик, лекин сезиларли ниш урамиз, нафсониятига тегамиз.

Лекин, хонимлар, биз ҳам иззат – нафсдан маҳрум қилинмаганмизку, ва эркакларда бизнинг “бошимиздан тожни ечишнинг” ажойиб усули бор – шунчаки яна бир марта уйланиш. Ана ўшанда солиштирма тахлиллар билан сиз эмас, балки сизнинг жуфти ҳалолингиз шуғулланади. Шунинг учун, келинг, боримизга шукр қилайлик.

 4 – Аёл макри – “Мен жажжи қизалоқман”

Аёллар орасида кўп йиллардан бери, эркаклар аёл инфантиллигига мафтун деган уйдирма кенг тарқалган. Уларни шунчаки бол билан боқма, балки болаларга хос одатлари бўлган инжиқ кимсани бер. Ва биз тамомила оқила аёл бўлганимиз ҳолда, эримиз орзусини гавдалантириш учун, “инжиқлик” ниқобини кийиб оламиз. Айнан мана шу фурсатдан бошлаб, бизнинг ҳийламиз юз фоиз тентакликка айланади. Ҳеч ким ҳар доим қатъий ақлли хоним бўлиш керак деяётгани йўқ. Ўзимизда иложи борича узоқроқ сақлашимиз керак бўлган ёшликнинг жўшқинлигини, “маликалик пижамаси” билан бирга бола хонасида қолдиришимиз керак бўлган болаларча қилиқлар билан адаштирманг.

 5 – Аёл макри – “Ким мақтаса, у ҳаммадан яхши”

Бу аёл макр – ҳийласи турмуш ўртоғимиз билан бўладиган муносабатда бизга халақит бермаса керак. Эркаклар хушомадни яхши кўради, уларни мақташ керак, лекин ҳис – туйғу билан, асослаб, жой – жойига қўйиб. Унутманг: айнан мана шундай сезгир, меҳрибон ва кучли инсон сизнинг турмуш ўртоғингиз эканлиги учун Аллоҳ Таолога беадад миннатдорчилик ва хурсандчилигингизни билдирган ҳолда, яқин кишингизга меҳр – муҳаббатингизни акс эттирувчи сўзларни айтар экансиз, муносабатларингиз янада мустаҳкам бўлади ва эрингизнинг қалби исийди. Лекин буларнинг ҳунук тилёғлама хушомад билан ҳеч қандай умумийлиги йўқ. Бундай ҳолат борлиги тўғрисида умрбод унутиш керак.

Хулоса: камроқ макр ҳийла, кўпроқ – донолик... Теран аёл донолиги – бизга жуда ҳам етишмаётган жиҳат. Агарда биз доно бўлишни ўргана олсак, маккоралик ҳақида унутишимиз мумкин.

 P.S. Шахсан мен аёл донолигига эга бўлишни орзу қиламан! Қадрли ўқувчилар, сизларга ҳам мана шу санъатни ўрганишда давом этишни таклиф этаман.

 Сафия Фокина

Шахноза Олимбой қизи таржимаси

Ҳозир сайтимизда 860 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ