1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ўзбек аёли

 

 

 

Ўзбек аёли маънавияти ҳақида мақола ёзиш осонмаслигини билсамда, унинг бунчалар қийин бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Ўзимча: «Аёл, айниқса, унинг маънавий олами ҳақида гапирмаган мутафаккир, куйламаган шоир йўқ.

Ўшаларнинг айтганларини ўз кузатишларим билан қўшиб бирор нарса чиқарарман», деб ўйлагандим. Аёл маънавияти ҳақида ёзиш нақадар қийинлиги қоғоз билан юзма-юз қолганда яққол билинди. Чунки энг зўр ва таъсирли гаплар айтиб қўйилган. Ўтмишдаги фақат ўз ўтбошиси (оиласи) эмас, балки бутун бошли салтанатлар тақдирини ўзгартириб юборган буюк аёллар ҳақида ҳам қайта-қайта ёзилган. Кейин бугун яшаётган одамларга ҳадеб кечадан гапиравериш ўринли эмасга ўхшайди. Ўтмишимиз қанчалар шарафли бўлмасин, унга маҳлиё бўлиш, ундан фахрланиш билангина чекланиш одамни олға юришдан чалғитадигандай туюлади. Тирик одамнинг бугуни, жуда бўлмаса, кечаги куни даражасида бўлиши керак. Бугуни кечасидан ёруғроқ бўлмаган қавмнинг эртаси бугунидан нурлироқ бўлишига ҳам ишониш қийин.

Отаси ўқиганнинг бири ўқийди, онаси ўқиганнинг бари

Менимча, миллат даражасини шу миллат аёлининг даражаси белгилайди. Чунки халқ аёлидан баланд бўлолмайди. Негаки, халқ аёлнинг маҳсулидир. Худдики, мева оғочидан ортиқ бўлолмаганидек, фарзанд ҳам онасидан узоққа кетолмайди. Ўзбекдаги: «Алпни ҳам, олимни ҳам она туғади», деган ҳикмат бежиз эмас. Аёлнинг ўзи-ку ҳар қаерда ҳам табиатнинг бир сирли хилқати, яратиғи. Лекин ўзбек аёли бугунлай сирлар пардаси тагида. У дунёдаги кўпгина халқларнинг аёлидан тамомила фарқ қилади. Ўзбек аёли ҳар қандай муҳит ва шароитда яшаб кета олади. Шу боис ҳам буткул нотаниш хонадонга келин бўлиб тушган қиз бир неча ойнинг ичида ўша ўтбошига сингишиб, бирини «ота», бирини «она» қилиб олади, бир умр шу уйда яшагандай уларнинг ўзини-ки бўлиб кетадигина эмас, балки бу уйдагиларни ўзиники қилиб олади ҳам. Энди бирор сабаб билан келинчагининг хонадони-да яшашга мажбур бўлган ҳар қандай эркак ҳолатини тасаввур қилинг. У умрининг охирига қадар ҳам бегона жойга сингишмайди, ўзининг «сиғинди» эканини бир дақиқа бўлсин унутолмайди.
Мен қуйида сиртдан қараганда нозиккина, аммо сирли қудратга эга ўзбек аёли маънавияти қирралари борасидаги қараш ва орзу-ўйларимни баён этишга ҳаракат қиламан.

Ожизликнинг кучи

Нима учун Шарқ аёллари азал-азалдан бутун дунё эътиборини тортиб келган? Унинг ечими йўқ тенглама, осон бошқ-ариладигандай туюлса-да, аслида бошқариш имконсиз бўлган мураккаб хилқат саналиши сабаби нимада?

Феминизатсиянинг оммавийлиги жинслар ўртасидаги мутлақ ҳуқуқий тенгликни таъминлаган Ботиш (Ғарб) оиласида эру хотин «қўш ҳўкиз» эмас, уларнинг муносабатида шахсий манфаат ва қонунга мувофиқлик биринчи ўринда туради. Мазкур тенглик қонун доирасида белгилангани ва унга амал қилиш ҳуқуқий муаммо бўлгани учун у ердаги аёлларнинг эрни «бошқариш»га уринишлари зуғум тусини олади. Зеро, тенг кучга эга томонларнинг хатти-ҳаракатларига фақат қонун ҳакамлик қилиши мумкин. Бу ўринда маънавий қарашлар тизими четга суриб қўйилади.

Ўзбек аёли эса қонунда белгилаб қўйилган тенгликнида даъво қилиб ўтирмайди, ўзига алоҳида эътибор кутмайди. Лекин эридан ҳеч нарсани талаб қилмагани ҳолда ҳамма соҳада унга ўз таъсирини ўтказа билади. Чунки аёлнинг мартабаси бизда юридик муаммо эмас, балки маънавий актдир. Шу боис ҳам ўзбек оиласида деярли ҳамиша аёлнинг айтгани бўлади. Чин эркак мавқе талашмаган, тенглик даъво қилмаган «ожиза» билан қонунлашиб юришни ўзига эп кўрмай, аёл айтганига кўниб қўяқолади. Ростдан ҳам, ожизлигини, заифлигини ўзи тан олиб турган одам билан тортишишнинг нима кераги бор? Қудратли саналган кишида ожизни аяш туйғуси кучли бўлади. Бу туйғу одамни юксалтиради.

Бутун куч-қудрати ожизлигида эканини яхши англагани туфайли ўзбек аёли ожиз кўрина олиш санъатини пухта эгаллашга ҳаракат қилади. Ва ўзбек аёли маънавиятининг айнан шу қирраси миллатдошларимиз ҳаётига ўзгача маъно, ўзаро муносабатларига ўзгача жозиба бахш этади. Шунинг учун ҳам айрим гендерчи фаоллар томонидан келинларнинг бирор жойга куёвларидан рухсат сўраб боришлари инсон ҳуқуқларининг топталиши тарзида талқин этилиб, оилада ҳеч ким ҳеч кимга бўйсунмаслиги кераклигини тарғиб этилиши миллий қадриятларни билмаслик, уни оёқ ости қилиб, миллий ўзига хосликни йўқотишга уриниш, ўзбек оиласи мустаҳкамлигига зарар етказишдан бошқа нарса эмас.

Ширин тил, лабдаги табассум, кўздаги ёш

Момоларимиз бир умр боболаримизни ширин тили, лабдаги табассуми, кўздаги ёши ёрдамида бошқариб келишган. Буни «Алпомиш» достонидан келтирилган қуйидаги парчадан ҳам билса бўлади:
...Хўжа келса, чиқар мурид назири,
Хотин бўлмасмикин эрнинг вазири?!
Эр деганнинг ақлин олмас бўлурми?
Алдаб-сулдаб йўлга солмас бўлурми?

Бу гапларни турмуш кўрган тажрибали аёл эмас, эндигина ўспирин ёшига ўтаётган Ойбарчин ўз онасига айтган. Уларда ўзбек ўтбошисидаги дипломатиянинг нозик ва сирли жиҳатлари яққол намоён бўлган. Оилавий муносабатларда азалдан момоларимиз қонида бор бўлган бу муомала тарзига бугунги кунда ҳам амал қилинаётир. Бугун ҳам тинч, бир-бирини аяб яшаётган оилаларнинг аёллари ўзларини эрларига тенг санамайдилар, балки айнан эрларнинг «етакчи»лиги, «бошлиқлиги»га урғу бериб, ўзларига билдирмай, уларни зимдан бошқаришни уддалайдилар. Зеро, оилапарвар ўзбек аёли учун ҳуқуқ тенглигига эришишдан кўра, ўтбошиси тинчлигини таъминлаш муҳимроқ саналади. Жисмнинг ожизлигидан қудрат юзага келтира олиш ўзбекаёли маънавиятидаги энг ўзига хос қирраларидан биридир.

Сўз юки

Ўзбек аёли маънавиятида сўзнинг аҳамияти беқиёсдир. Боболаримиз бежизга: «Одоб боши тил», дейишмаган. Чунки сўзда, айниқса, аёл сўзида унинг маънавиятидаги деярли барча қирралар намоён бўлади. Ўзбек азали сўзни жуда эҳтиёт бўлиб, ҳатто бир қадар қўрқиброқ ишлатади. Чунончи, бизда ёмонликни ифодаловчи сўзларнинг ўзбекчаси иложи борича қўлланилмайди. Шунинг учун ҳам «ўлди» деган ўзбекча сўз ўрнига «вафот этди», «қазо қилди» каби арабча вариантлар, «касал» сўзи ўрнига «тоби йўқ», «мазаси йўқ» тарзида маъноси юмшатилган иборалар ишлатилади. Негаки, ўзбекда ёмонликни аниқ ифо-даловчи сўз ёмонликнинг ўзини бошлаб келади, деб ҳисобланган. Шунинг учун ҳам «бўри», «илон», «чаён», «айиқ» сингари одамларга хавф туғдиргувчи жониворлар-нинг оти тилга олинмаган. Улар сўзлашувда «жондор», «чилвир», «гажакдор», «полвон» сингари му-лойим кўчимли атамалар билан алмаштирилган.

Ўзбек аёли ҳамиша ҳам ниятини очиқ айтавермайди. Дилидагисини пардалаб гапиришга уринади. Буни бош миллий достонимиз ««Алпомиш»даги бир қатор тасвирларда яққол кўриш мумкин. Чунончи, қалмоқларнинг тўқсон алпи зуғумида қолган Ойбарчиннинг Алпомишга ёзган хатида бу ҳолат ёрқин кўзга ташланади. Қизнинг битган хати соф ўзбекча: «Олтойчалик йўлга келдим, тўқсон алпга тойталашда қолдим, олти ойга муҳлат олдим, мендан умиди бўлса, Алпомиш келсин, бўлмаса жавобимни берсин». Ки-чиккина бу мактубда ҳам хавотир, ҳам ноз, ҳам иддао, ҳам истиғно, ҳам ғурур, ҳам умид, ҳам кўнгил майли акс этган. Ўзбекнинг қизи ҳақиқий маиший вазият билан эмас, кўнгли ҳолати билан яшай-ди. Бировга аташтирилган қиз жавобини олмаса, қаерда ва қан-ча бўлса ҳам, ўзини боши боғлиқ санайди, эгали деб билади. Чун-ки унга эгалисан, дейилган! Чун-ки у Яратганни ўртага қўйиб сўз берган! Ўзбекнинг қизи учун сўз шундай қудратли куч ҳисоблана-ди. У «Ҳа, энди, вазият шундай бўлиб қолди, бошқанинг этагини тутишимга тўғри келди», демай-ди. Деёлмайди. У ўзини ўқилган фотиҳа, аташтирилган одам ол-дида масъул сезади. Минг йилча олдин яратилган достонда ўзбек аёлининг маънавиятидаги сўз масъулиятини ҳис қилиши, одамнинг сўз олдидаги жавобгарлигини сезиши ёрқин кўриниб турибди.

Сўзлаш назокати

Бугунги аёлларимиз ҳам кўнгилларида ана шу туйғулар бўлишига эришишса, мақсадга мувофиқ бўлади. Улар сўзларни танлашдагина эмас, балки сўзлаш оҳангини тайин этишда ҳам аёлларгагина тегишли назокатга амал қилганлари маъқул. Чунки бир сўзнинг ўзини турли оҳангда айтиш ва турлича натижага эришиш мумкин. Ўзбек аёли имкон қадар холис оҳангда сўзлашишга интилгани маъқул. Негаки, қўполлик, тўпорилик хунук кўрингани сингари ортиқча «назокат», «ширинлик» ҳам хушомад каби тушунилиб, ғашни келтириши мумкин. Азалдан ўзбек қизининг фақат тили ва кўзи «гапиради». Кейинги вақтда бир ёқимсиз одат оммалашиб бораётганини кўриш мумкин. У ҳам бўлса, қизларимизнинг худди чет эл киноларидаги каби оғзи, қўли, кўзи, қоши, яъни бутун вужуди билан гапира бошлашганидир, Бу борада, айниқса, телевизордаги бошловчи қизларимиз «илғор-лик» қилишмоқца. Айрим қўшиқчи қизларнинг оғзини томоғига қадар йириб куйлаши ҳам ўзбекча гапириш йўсинига бутунлай ёт. Бизда оғизнинг кичиклиги қиз гўзаллиги-нинг юксак тимсоли саналган. Шоирларимиз камгап маъшуқаларининг оғзи қаерда эканини билолмай ёниб-куйишган. Қиз боланинг оғзини карракдай очиб, бутун аъзоларни ўйнатиб сўзлаши гапининг қийматини пасайтиради. Суҳбатдошларнинг бир-бирини тушунишини оғирлаштиради. Чунки барча мучаларини қимирлатиб сўзлаётган киши ўз оғзидан чиқаётган сўзларнинг маъносини керагидай идрок этолмайди. Зарур сўзни топиб қўллашда қийналади. Шеригини эса деярли эшитмайди дейиш мумкин.

Ўзбек аёли азалдан пастроқ товушда сўзлашга уринган. Шанғилик ҳар қандай сўзнинг кучини қирқади, таъсирини пасайтиради. Чунки баланд товуш қарғаники каби ёқимсиз, паст овоз булбулники сингари ҳузурбахш бўлади. Аёлнинг сийратини белгилашда товушининг баланд-пастлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади. Баланд овоз ҳар қандай сўзнинг таъсирини сусайтиради. Шунинг учун ҳам бугунги маданиятли ўзбек аёли овозни баландлатмай, шовқинламай сўзлашнинг ҳадисини олиши керак бўлади. Шунда унинг гапи болаларига ҳам, яқинларига ҳам ёқимли бўлади.

Тилнинг тозалиги

Ўзбек аёли миллат тилининг жозибадорлигини сақлашга ҳам масъулдир. Зотан, одамнинг табиий равишда беихтиёр чиқадиган тили «она тили» деб аталади. Ўз тилининг тоза, таъсирчан бўлишига биринчи навбатда она жавобгардир. Шунинг учун ҳам маданиятли аёл она тилини яхши билмоғи, айтаётган ҳар бир сўзининг маъносига етмоғи, оғзидан чиқаётган сўз миллатнинг ўзига хослиги, руҳияти ва маънавий қиёфасини шакллантиришга хизмат қилишини ёдда тутмоғи керак. Сўзлаш маданияти қолган барча маданиятларнинг, кенгроқ олганда, инсон маънавиятининг асосидир. Сўзга нописандлик, бепарволик кийимга, қилиққа, ҳатти-ҳаракатга бепарволикдан кўра зарарлироқдир. Чунки кийинишдаги, қилиқдаги, ҳатти-ҳаракатлардаги ўхшовсизлик шу одамнинг ўзигагина зиён етказса, сўзлашдаги хунуклик ҳам болаларга кўчиб ўтиши мумкинлиги, ҳам бошқаларни яралаши эҳтимоли борлиги билан зарарлидир. Онанинг билиб, ўринли ва чиройли гапира олиши, кам сўз билан кўп маъно ифодалай билиши ўз-ўзидан болаларига ўтади. Шунинг учун ҳам қизларнинг ўзбекча-ўрисчани аралаш-қуралаш сўзлаши унинг фаросат даражасинигина кўрсатиб қолмай, болаларининг эртасини ҳам заволли қилиши мумкин.

Сўздан эзгулик қидириш санъати

Бу дунёда одамзод учун бир-бирини тушунишдан қийинроқ машғулот йўқ. Шунинг учун ҳам одам, айниқса, аёл киши ҳар қандай сўздан, аввало, эзгу маъно топишга интилиши, ундан яхшилик излашга ўрганиши керак. Агар киши тирноқ тагидан кир қидириб, ҳар бир сўзга ёмон маъно юклашга уринаверса, ўзининг ҳам, атрофидагиларнинг ҳам ҳаётини тамуққа айлантириб юбориши ҳеч гап эмас.

Аждодларимиз балки ясан-тусан борасида илғор бўлмагандирлар, лекин топиб, ўрнида сўзлаш бобида нуктадон бўлганлари аниқ. Ва бугун ҳам бизнинг қонимизда ўринли сўзга чанқоқлик, унга интилиш сезилиб туради. Ўзбек ёшлари, айниқса, аёллар ўз сўзларида имкон қадар танмаҳрамларига муносабатларини сездирмасликка уринишган. Шу боис уларнинг тилида эр, хотин сингари сўзлар деярли ишлатилмаган. Улар «хўжайин», «ўғлингиз», «акангиз», «укангиз» ёки «қизингиз», «келинингиз», «синглингиз», «опангиз» сингари маънодошлари билан алмаштирилган. Чунки ўзбек ёшлари эрли ёки хотинли «тўкис» эканлигини кўз-кўз қилишдан ийманишган. Маълумки, халқимиз тўкислик билан мақтанишни одобсизлик ҳисоблайди. Ўзбек аёлларининг ана шу нозикликларга эътибор бериши бугунги миллий ҳаётимизнинг мазмунлироқ ва гўзалроқ бўлишига хизмат қилади.

Парданинг жозибаси Ўзбек аёлининг маънавий қиёфасида унинг кийиниш маданияти ҳал қилувчи ўрин тутади.
Чунки дунёнинг ўзга халқлари учун кийиниш шунчаки ташқи кўринишни зийнатлаш воситаси бўлса, ўзбек учун кийим ахлоқий қиёфани кўрсатиш йўсини, ички оламни намоён этиш омилидир. Шунинг учун ҳам азал-азалдан ўзбек халқи, айниқса, унинг аёллари пардалироқ кийинишга, вужуднинг диққат тортадиган ўринларини кўздан пана қилишга эътибор беришган. Ҳолбуки, Ботиш ўлкаларида ҳар бир аёл ўз жисмидаги ўзгалар диққатини тортиши мумкин бўлган жойларни бўрттириб, кўзга ташланадиган қилишга интилган. Бунда улар ҳеч қандай ахлоқсизлик кўрмайдилар. Худди аёлнинг бир вақтнинг ўзида бир қанча одам билан ишқий алоқада бўлиши эриш туюлмаганидай, унинг кийиниши (кийимсизлиги деса ҳам бўлаверади)даги ҳаддан ортиқлик ҳам атрофидагиларга ғайри ахлоқий кўринмайди. Лекин биз исломий эътиқодга эга ўзбек миллатига мансубмиз. Бинобарин, бизнинг кийиниш бобида ҳам ўз тутумларимиз борки, уларга амал қилмаслик миллатнинг ахлоқий ўлчамлари бузилишига олиб келади.

Бугун азбаройи бошқаларга ўхшаш учун вужуднинг энг яширин, кўзга ташланмайдиган сирли жойларини ҳам кўз-кўз қиладиган тор шим кийган, эгнига баданининг учдан биринида яшириш-га қодир бўлмаган «кўйлак» илган қизнинг маънавий олами ҳақида жиддий хавотирланишга ҳар бир ўзбек ҳақлигина эмас, балки бурчли ҳамдир. Ўзбекнинг оқила қизи Турсуной Содиқова ўзининг бир китобида қўйган «...тумонат халқ ичида ярим яланғоч кетаётган ...қиз шу кийими билан нима демоқчи?» деган дардли савол ҳар бир ўзбекни ўйлантириши керак.
Бошқа миллат вакиллари учун шунчаки имиж бўлган кийиниш биз учун ахлоқий тутум экан, нега ёшларимизнинг ўзгалар йўлидан кетишига томошабин бўлиб турибмиз? Ахир биз минглаб йиллардан буён ўзимизнинг маънавий-ахлоқий ўлчовларимиз билан яшаб келаётган халқмиз, Ё эътиқодимизни амалларимизга мослайлик, ё амалларимиз қарашларимиз доирасида бўлишига эришайлик. Масалан, дунёнинг кўплаб миллатлари учун қизларнинг бокиралиги ҳеч қандай ахлоқий маъно касб этмайдиган тиббий ҳолат. Лекин ўзбек учун бу йигирма биринчи асрда ҳам ҳаёт-мамот аҳамиятига эга ахлоқий муаммо бўлиб турибди. Демак, кийиниш бобидаги миллий консерваторлик замирида ҳам улкан афзаллик яшириниб ётибди. Бинобарин, нега биз ўз рўзғоримизни ўзгалар ўлчовига мослаб қайтадан қуришимиз керак?

Кийим кўнгилнинг ифодаси

Мана шу ўринда ўзбек аёли, она ўз сўзини айтиши лозим. Афсуски, ҳозирча айнан оналарнинг ҳайбаракалласи ва қўллаб-қувватлаши туфайли ўзбек қизларининг шармандали ечиниш (чунки кийиниш деб бўлмайди) жараёни шиддат билан кетмоқда. Ҳолбуки, эҳтиросли ўзбек йигитлари минглаб йиллар мобайнида қизлар танасининг бирор мучасини кўриб қолмоқ орзусида куйиб яшаганлар. Улар гўзал кийимлар ичига яширинган қизлар вужудидаги сирли назокатга маҳлиё бўлиб, унга интилишарди. Энди йигитлар интиладиган марралар қизларнинг ўзлари томонидан бекордан бекорга таклиф этилмоқда. Айрим ўта замонавий кишилар «Гап кийимдами, кўнгил тўғри бўлса бўлди-да?» тарзида савол қўйишади. Ҳолбуки, кийимнинг ўзи кўнгилнинг ифодаси. Кўздан яширилиши лозим бўлган мучани очишга, уни эътиборни тортадиганроқ ҳолатга солишда айнан кўнгил иштирок қилган. Кўнгилни айрим паст кўчаларга кириш истагидан ўз вақтида қайтариш ҳам баъзан миллат маънавияти учун зарурдир.

Андишасизлик, ўз вужудини кўз-кўз қилишга интилиш туйғуси ҳамма замонларда ҳам бўлган. Лекин улар ҳеч қачон ҳозиргидай умуммиллий кўлам касб этмаган. Андиша ва ахлоқ ҳозиргидай оёқости қилинмаган. Агар фақат кўнгил ҳисобга олинадиган бўлса, яланғоч юравериш ҳам мумкин-ку! Ўзбек учун либос табиий-эстетик заруриятгина эмас, балки ахлоқий-маънавий парда ҳамдир. Ҳар тонг эшик олдини супураётган келинларнинг кўпчилигига бир эътибор қилинг: уларнинг бир қўллари супургида бўлса, бир қўллари ҳамиша ёқасида. Келинлардаги ўзбекча ҳаё шайтоний назар тушмаслиги учун биров бор-йўғидан қатъий назар савқи табиий билан кўкракларини бекитишга ундайди. Бу ҳол уларнинг жозибасини оширади. Миллат шаънини ўткинчи модалардан устун қўйиб, ўзини бир қадар парда ортига олиши билан ўзбек аёли эҳтиромга сазовор бўлади. Ўз баданининг ҳар бир мучасини кўз-кўз қилиб турган яратиқлар эса бизнинг ахлоқимизга кўра, эркаклар ҳурматига лойиқ саналмайди.

Тўғри, одамзод давр билан бирга яшайдиган, унинг таъсиридан четда туролмайдиган ўткинчи хилқат. Ҳар қандай одам ҳам даврнинг ўзгаришларига бир қадар мослашиши лозим бўлади. Лекин бир қадар мослашиш билан тамомила ёт таъсирлар етовига тушиб қолиш бошқа-бошқа нарсаларки, маънавиятли ўзбек аёллари ҳали бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришлари керак бўлади. Чунки ўзбек қизлари минглаб йиллар давомида ўзи ва яқинларининг орини сақлашни энг юксак аъмол санаганлар.

Аёл номус, эркак номус қўрғони

Минглаб йиллар мобайнида ўзбек аёлининг шахсий ҳаёти деярли йўқ эди. У бир умр эркаклар ори дея яшарди. Шу боис ўзини эркакдан жуда кўп нарса кутиш ва талаб этишга ҳақдор биларди. Бизнинг аёллар ўз ҳаёти билан ҳеч қачон яшамаган. Қиз бола туғилган уйида отаси, ака-укаларига носоқ келтирмаслик, ўзи оила қургач, эри-ю фарзандларини уятга қўймаслик учунгина яшайверади. Шу яшайверишининг ўзи билан бир умр қаҳрамонлик кўрсатади. Чунки у ўзидан кечиб, ҳаётини ўзгаларга бахшида эта билган қудрат эгаси, номуснинг рамзи эди. Шу боис эркаклардан чин эркаклик талаб қилишга ҳаммадан ҳам қиз бола ҳақлироқ бўларди. Ўзбек қизининг ору номусни баланд қўйиб ҳаёт кечиргани «Алпомиш» достонида Қалдирғочнинг акасига айтган сўзларида ёрқин намоён бўлади:

Мард бўлиб майдонли кунда юрмаган,
Йилқичидан бедов сайлаб мин-маган,
Олмос пўлат белга қайраб чолмаган,
Тойталашда қолган ёрин ол-маган,
Нармодалар сендан ортиқ бўлами?
Бу сўзимни нега огир оласан,
Ёринг кетса, қандай элда юрасан?
Тирик юрмай, ака, сен ҳам ўласан...

Қалдирғочнинг Алпомишга айтган оғир сўзларидаги бир оз шаддодлик, бир қадар ўктамликни одобсизлик деб эмас, балки бир умр ору номус домида бўлган андишали ўзбек аёлининг кўнгил ҳолати сифатида баҳолаш жоиз. Сингил қалбини ўртаган, туйғуларини жунбушга келтирган номус алангаси оға вужудидаги лоқайдлик, хотиржамлик, эринчоқликни куйдириб юборади. Алпомишни эркакча ҳаракатлар, қаҳрамонликлар сари ундайди.

Бугунги ўзбек аёли зиммасида ҳам ана шу маънавий миссия бутун залвори билан турибди. Ўзини уятли ҳолатга солмаслик, айни вақтда, ота, оға-ини, умр йўлдоши ва фарзандларини номусга қўймаслик учун замонавий ўзбек аёли ҳам орини юксак тутиши билан миллати шаънини кўтариши мумкин. Албатта номус чақириғу даъватлар билан қўлга киритилиб, ушлаб туриладиган хислат эмас. У замон кишисидан адоқсиз фидойиликни талаб этади. Номуссиз бўлишдан осон нарса йўқ. Бунинг учун ҳеч нарса қилмасликнинг ўзи кифоядир. Номусли бўлиш эса ҳамиша, ҳар дақиқада нафс билан кураш олиб бориш демакдир. Номуснинг асосий душмани нафсдир. Қиммат-баҳо кийимлар, яхши емишлар, маиший қулайликлар, ўткинчи кайфу сафолар илинжида нафснинг етовига тушиш орни қўлдан бериш сари ташланган қадамлардир. Ҳиссиётли, ҳар нарсага тез берилувчан аёл зоти ана шундай алдамчи ҳолатларга асир бўлмасагина, ўз шаънини тоза сақлайди. Бинобарин, миллати юксаклигига сабаб бўлади.

Энг буюк тарбиячи

Миллатни асосан аёл тарбиялайди, шу боис миллат маънавиятининг қарор топишида аёл маънавиятининг қандайлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Болалардаги неки бор, яхши-ёмон жиҳатлар меъмори муҳтарама аёлдир. Чунки ўзбекда ота Ботиш ўлкаларидаги каби бола-лари билан дўст тутинмайди. Мунтазам равишда вақт ажратиб, фарзандлар билан шуғуллана олмайди. Ўзбекда оиласидаги демократизм, аъзоларнинг тенглиги тушунчаси ҳам ўзгача тамойиллар асосида шаклланган бўлади. Ботишдагидан кескин фарқланади.

Маълумки, тарбиянинг йўналиши ва даражаси миллатнинг даражасини тайин этади. Дунёнинг барча аёллари сингари ўзбек аёли ҳам табиатан тарбиячидир. Ўзбек аёли тарбиячилигининг бир ўзига хос жиҳати бор-ки, уни таъкидлаш ва ҳаётга татбиқ этиш миллатимизга хос асл сифатларни қайта тиклаш имконини беради. Серфарзанд ўзбек аёли ўзининг кўпсонли болаларини ўтбошидаги катта ёшли бошқа кишилар кўмагида ўзи тарбиялайди. Ўзбек оталари тарбия жараёнида бевосита деярли иштирок этмайдилар. Лекин аёлларимизнинг усталиги туфайли оталар деярли ҳамиша тарбия жараёнининг марказида бўлишади. Чунончи, ўзбек оиласида боланинг ҳар бир хатти-ҳаракати мумкин ёки мумкин эмаслиги билан эмас, балки отасига ёқиш ёки ёқмаслиги би-лан ўлчанади. Шунинг учун ҳам ёмон қилиқ қилган болани оналар деярли жазоламайдилар. Улар: «Отангга айтиб бераман», деган пўписа билан болаларига таъсир ўтказишади. «Отанг билиб қолмасин», «Ҳали шошмай тур, отанг келса, айтиб бериб бир таъзирингни бердирмасам», «Отанг билиб қолса, ўлди-ради», «Отангга айтиб бераман» сингари гаплар ўзбек аёли тарбиячилигида кунда неча ўн марталаб ишлатиладиган иборалардир. Шундан ҳам кўрина-дики, эркак тарбия жараёнида бевосита қатнашмаса-да, унда ҳамиша билвосита иштирок қилади.

Аслида ҳам энг яхши тарби-ячи мендан ўрнак олинглар, деб ўзини кўз-кўз қиладиган киши эмас, балки тарбияланувчилар-да ўзи назарда тутган эзгу сифатларни шакллантиришга эри-шишнинг энг осон йўлини топа олган инсондир. Отанинг шаксиз улуғ обрўсидан усталик билан фойдаланиб, болаларида шундай эзгу маънавий сифатларни қарор топдиришга эришаётганлиги ўзини ҳамиша панага оладиган ўзбек аёлининг буюк тарбиячи эканидан далолатдир.

Хуллас, ўзбек аёлининг маънавияти миллатнинг нафақат ўтмиши ва бугуни, балки кела-жагининг ҳам асосий ўлчови бўлади.

Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 818 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ