1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Заҳардан қутилинг (Келинларга маслаҳат)

Қадимги Хитойда турмушга чиққан қиз эрининг уйида яшаб, унга ва унинг онасига хизмат қилиши керак эди. Шундай урф-одатларга мувофиқ турмуш ўртоғининг хонадонида яшаб келаётган бир қиз тўйдан кейин қайнонасининг гиналарига чидай олмабди. Шу боис ундан қутулишга қарор қилибди. Қиз дадасининг табиб ўртоғини олдига бориб, унга: – Қайнонам билан бошқа яшай олмайман. У мени яқинда ақлдан оздиради. Ёрдам бера оласизми? Бунинг эвазига яхшигина ҳақ бераман, – дебди.
– Сенга қандай ёрдам беришим мумкин? – дея сўрабди табиб.

– Заҳар тайёрлаб беришингизни истайман. Қайнонамни заҳарлаб, барча кулфатларимдан халос бўлмоқчиман. Узоқ ўйга толган табиб шундай дебди: – Майли ёрдам бераман. Бироқ икки нарсани тушунишинг керак бўлади. Биринчидан, қайнонангни дарҳол заҳарлай олмайсан. Чунки одамлар буни сен қилганингни пайқаб қолишади. Сенга аста-секин ўлдирадиган заҳар тайёрлаб бераман. Ўшанда уни сен заҳарлаб ўлдирганинг ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Иккинчидан, одамлар гумонлардан бутунлай халос бўлиши учун сен жаҳлингни жиловлашни, уни ҳурмат қилишни, яхши кўришни, сўзларига қулоқ солишни ва сабр қилишни ўрганишинг керак бўлади. Шундагина қайнонангнинг ўлимида ҳеч ким сендан гумон қилмайди.

Қиз барчасига рози бўлиб гиёҳни олади ва қайнонасининг таомига қўшиб боради. Бундан ташқари, у ўзини назорат қилиб, қайнонасининг сўзларига қулоқ солиб, уни ҳурмат қилишни бошлайди. Келинининг унга бўлган муносабатини кўрган қайнона қизни бутун қалби билан яхши кўриб қолади. У қизни ҳаммага орзу қилиш мумкин бўлган энг яхши келин, дея мақтаб юради. Ярим йил ўтгач уларнинг муносабатлари худди туғишган она-боладек бўлиб кетади.

Орадан маълум вақт ўтиб қиз табибнинг олдига келиб, илтимос билан: – Худо учун илтимос қиламан, қайнонамни қутқаринг. Уни ўлдиришни истамайман. У энг яхши қайнонага айланди. Мен уни яхши кўраман, – дебди.

Табиб эса: – Хавотир олма, сенга заҳар эмас, оддий зираворлар бергандим. Заҳар сенинг каллангда эди. Ниҳоят ундан халос бўлибсан, – дея кулиб қўйибди.

Абу Муслим таржимаси

Ҳозир сайтимизда 814 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ