Сайт бўлимлари
Замонавий муслиманинг мўътадилиги
- Подробности
- Бўлим: Бекажон
- Чиққан санаси: 13 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ашаддий феминизм ҳам эмас, ошхона билан чекланиб қолиш ҳам эмас
Бугунги кунда жамиятда эркакларнинг ва эркакча қадриятларнинг ўрни номуносиб тарзда пасайиб кетди, айни пайтда эркаклар учун хотинчалишлик ва аёллар учун эркакшодалик фаол тарғиб қилина бошлади. Муҳташам бутикларда янги бичимдаги гулдор шимларнинг матоларини соатлаб муҳокама қилиб турадиган ноз-карашмали, мулойим супурги, сочлари анвойи рангларга бўялиб, турфа хил турмакланган йигитчалар ҳамда калласига қуйиб қўйилган «мен ўзим» деган тамойилга ҳамда «ҳамма эркаклар бир гўр» деган аҳмоқона фикрга жон-жаҳди билан ёпишиб олган дағал, бетгачопар, очкўз, такаббур тадбиркор «хонимлар» бугунги кунимизнинг одатий ҳолига айланиб улгурди. Бунинг оқибатида аёллар ўзларига ярашмаган ҳолда жамиятда, оилада ва мактабда пешқадамликни ишғол қилдилар.
Бундай «оналар» балоғатга етай деб қолган арзандаларини ўз йўлига юргазиб, кап-катта болаларини ҳали кассеталар, гитаралар, сақичлар, латта-путталар билан эркалатиб, уларнинг «олтин болалик даври»ни узайтирмоқдалар ва уларнинг ҳаётдаги ўз ўрни, мавқеи ва масъулиятини тушуниб етадиган эркакларга айланишига ҳалақит бермоқдалар.
Мактабларда ўсмир йигитларни ҳаётдан безган ўқитувчи аёллар кутиб туришибди. Улар балоғатга етиб қолган бу йигитчаларга ўзларининг ҳулқ-атворларини сингдириш пайидан бўладилар. Оммавий ахборот воситалари ва кино санъати эса бўлғуси эркакларга таннозликни, бўш-баёвликни сингдирмоқда.
Иккинчи томондан, қизларга ҳеч кимдан тап тортмасликни, ҳаётга енгил қарашни, севгини эса қовоқ каллали, лекин чўнтаги яшил қоғозлар билан қаппайган, атир сепиб, сочини бўяб, лаклаб олган ҳомийларга илиқиб юриш билан алмаштириш тарғиб қилинмоқда.
Алвон рангларда товланувчи, ҳаммаёғига бўёқ чапланган нусхаларнинг суратлари билан тўлиб тошган таблоидлар эса ёш қизларга аёл киши учун энг муҳими - ноз-карашма ва бошқа барча воситалар ёрдамида мансаб пиллапояларидан яшин тезлигида кўтарилиб бориш ва кетворган (машҳур кутюрье ва ўртаҳол мода мутахассисларининг тили билан) ташқи кўриниш эканлигини тинмай уқтирмоқда.
Турли туман қимматбаҳо ва хушбўй косметик воситалар бир қаторда аёлнинг эркакка нисбатан устунлик ва истеъмолчилик муносабатда бўлиши реклама қилинмоқда. Дарвоқе, бундай тарғиботни янги кинода ҳам учратиш мумкин - машҳур фильмларнинг номлари ёки улардаги машҳур жумлаларни эслаб кўриш кифоя: «Ҳамма эркаклар - аблаҳлар», «эркакларни кўрарга кўзим йўқ», «пулни эркаклардан олиш керак» ва ҳоказо…
Эркак тирикчилик учун керак бўлган нарсаларни қўлга киритиш ҳамда кўнгил ёзишда керак бўладиган қандайдир ёрдамчи восита деб қабул қилинади. Хуллас, эркаклар - янги чиққан электр чойнак, ойналари қорайтирилган, ялтираб турган қимматбаҳо автомобиль ва яна алланималарнинг қоришмасидир.
Аёллар орзу қилган, банкда валюта ҳисоб рақами, замш этиги бор эркак эса қармоққа илинтириш, йўлдан уриш, пулини «соғиш» (саёҳатлар, ресторанлар) керак бўлган рақиб деб қабул қилинади. Агар бундай саъй-ҳаракатлар фойда бермаса, «замонавий леди»нинг кўзларида ўша эркак «аммамнинг бузоғи» деган ном олади.
Эндиликда эркакларга мутлақо жангчи (энг кенг маънода), ҳомий, ҳимоячи, зиммасига масъулият юкланган ва ҳурматга сазовор инсон деб қаралмайди. Умуман, сингдирилаётган феъл-атвор маданияти, оммавий ахборот воситаларида тарғиб қилинаётган турмуш тарзи эркакларнинг ўз жинсига номуносиб, хотинчалиш, сочлари бўялган, плеер кўтариб юрадиган бир мавжудотга айланиб кетишига қаратилган.
Афсуски, буларнинг барчаси бугунги ёш авлоднинг ҳақиқий эркак ва ҳақиқий аёлларга айланишига мутлақо имкон бермайди. Албатта, алҳамдулиллаҳ, соғлом муҳитли оилалар, ёппасига бузилиб бораётган қадриятларни йўқотмаган намунали эркаклар ва аёлларимиз ҳали кўп.
Бироқ, умумий манзара жуда аянчли. Юқорида бироз бўрттириб тасвирланган тенденциялар замонавий жамиятимизда жиддий муаммолар борлигини кўрсатади. Хотинчалиш эркаклар ва уларни ўз йўлига юргазиб, улардан устунлик қилаётган эркакшода аёлларнинг пайдо бўлиши - шунинг ўзи меъёрдан четлашишдир.
Бу ерда Ислом гендер масалаларига, оила ва жамиятда эркак ва аёлларнинг роли ва масъулиятларига бундай қарашни кескин инкор қилиши ҳақида айтиб ҳам ўтирмаймиз. Қуръони Каримда ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида аёлларнинг эркаклардаги, эркакларнинг аёллардаги ҳақлари ҳақидаги мукаммал Ислом таълимоти очиқ баён қилинган, бир жинснинг қарама-қарши жинсга ҳатто ўхшашга ҳаракат қилиши эса лаънатланган.
Бугунги кундаги аҳвол, эркак ва аёлларнинг ҳатти-ҳаракат ва феъл-атвор стереотиплари ушбу илоҳий қоидалар мутлақо зиддир. Бугунги кунда эркакларга аёлларга хос қилиқлар, заифлик мақоми, истеъмолчилик ва моддапарастликдан иборат турмуш тарзи зимдан сингдирилмоқда.
Ислом зинҳор аёлларни эркакларга ўхшашга чақирмайди. Исломий қадриятларни амалда қабул қилиш мусулмон эркакнинг бурчи ва масъулиятларига самимий ҳурмат билан қараш, муслималарнинг эса шариат буюрган ишларда эрларига итоаткор бўлишлари, эркак ва аёл фарзандларни Ислом руҳида тайёрлашда бир-бирларини сидқидилдан қўллаб-қувватлашларини англатади.
Ислом аёлларга ҳаётнинг ижтимоий, маданий, сиёсий ва иқтисодий жабҳаларида фаол иштирок этиш ҳуқуқини берган ҳолда, бунинг нозик чегарасини белгилаб берган бўлиб, уларнинг дағал, қўпол, эркактабиат хотинларга айланишининг олдини олади. Моддий талаблари чексиз, молиявий иштаҳалари карнай бўлган бундай келинлар банкдаги валюта ҳисоб рақамлари, данғиллама уй, автомобиль ва камида йилига икки марта ҳашаматли курортларда дам олишни ўз ичига оладиган ақл бовар қилмас маҳрларни талаб қиладилар.
Кўпчилик мусулмон мамлакатларда тадбиркор «хўжайин» хонимлар лаганбардорлик билан қўл қовуштириб турган эрлари устидан ҳукмронлик қилиб, уларни таҳқирлаб, ҳақоратлайдилар, сўнг ажрашиб, шариат қоидаларига зид равишда собиқ эрларидан мўмайгина пулларни ундириб оладилар. Буларнинг бари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳрни кўп сўрамасликни буюрган, очкўзлик, таъмагирликни қоралаган муборак суннатларига мутлақо зиддир.
Шу билан бир қаторда том маънодаги носоғлом феминистик ҳолатлар ҳам тобора кўпроқ учрамоқда. Улар анъанавий турмуш тарзини инкор этиб, шариат барпо этган тўсиқларни айланиб ўтмоқдалар. Мусулмон аёл турмушга чиқмаса ҳам бўлади, нуфузли таълим муассасаларида ўқиши, ишда лавозим пиллапояларидан юқори кўтарилиши ҳам муҳимдир деган шубҳали фикрлар тобора қулоққа кўпроқ чалинмоқда. Бундай «тўғри» фикрларга эса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари, қизлари ва ўша даврнинг саҳобия аёлларининг ҳаётини мисол қилиб кўрсатишгача боришмоқда.
Ҳа, дарҳақиқат Ислом аёлнинг ҳаётини ошхона билан чегаралаб, унинг зиммасига фақат овқат пишириш, кир ювиш ва бошқа рўзғор ишларнигина юклаб қўймаган. Аксинча, Ислом эркакни ҳам, аёлни ҳам маънавий, маърифий, ижодий камолотга ундайди, ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги фаолликни рағбатлантиради.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи завжаи мутоҳҳаралари, Хадижа онамиз розияллоҳу анҳо шижоатли ва тақводор аёл бўлганлар, савдо илмини жуда яхши билганлар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳа ҳам фиқҳий илм мажлисларида иштирок этганлар, ҳатто ҳарбга чиқиб, ярадорларга ҳамшира бўлганлар. Энг содиқ саҳобиялардан Умму Салим розияллоҳу анҳа эса Уҳуд жангида эркаклар билан тенгма-тенг жанг қилганлар.
Аммо бу ибратли намуналарнинг бирортаси «Исломий феминисткалар» деган сафсатага ҳатто яқин ҳам келмайди. Зеро, Ислом таълимотига кўра, мусулмон аёлнинг тафаккури ҳар қанча тараққий этган бўлмасин, умматга ҳар қанча кўп ижтимоий фойда келтирмасин, унинг учун ҳаётда энг муҳим нарса ҳар доим оила бўлиб қолаверади. «Аёл учун энг афзал жиҳод - ўз эрини рози қилишдир» деган маънодаги ҳадиси шариф бежиз айтилмаган. Табиийки, аёл киши Аллоҳнинг розилигини бошқа йўллар билан ҳам топиши мумкинлиги ўз-ўзидан маълумдир.
Умуман олганда, айтиш мумкинки, Ислом нуқтаи назаридан эркаксиз аёл ҳам, аёлсиз эркак ҳам мақбул эмасдир. Бироқ, бунда кўпинча ўзига муносиб эркак топа олмаётган вазиятлар ва шароитлар ҳисобга олинади, албатта. Аммо Ислом бундай қийинчиликларга Аллоҳнинг бир синови деб қарайди.
Албатта, мусулмон аёл учун эркак ва унга бўлган севги тоғутга, илоҳга айланиб кетмаслиги керак. Аллоҳ сақласин, баъзан Ислом йўлида ўз шахсий ҳаётидан ҳам воз кечишга тўғри келиб қоладиган вазиятлар ҳам бўлиб туради. Масалан, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари Маймуна розияллоҳу анҳа ва юқорида исмлари зикр қилинган Умму Салим розияллоҳу анҳа ўзлари севган турмуш ўртоқларини Исломдан бош тортганликлари учун тарк қилишга мажбур бўлганлар.
Аммо эр мусулмон аёлнинг ҳаётида ғоятда муҳим ўрин тутади, чунки ҳар бир муслима Қуръони Каримда марҳамат қилинганидек, айнан эри туфайли умматнинг аъзоси бўлади. Алоҳида-алоҳида эркаклар ва аёллар жамоатлари мавжуд бўлади, деган фикр хатодир.
Эркаклардан алоҳида бўлган аёллар жамоат ўз-ўзича, алоҳида ҳолда бирор маънога эга бўлмайди. Бунинг сабаби эркак ва аёллар руҳиятидаги тафовутдадир. Эркаклар ягона мақсадга қаратилган, биродарларча жамоалар ташкил қилишга кўпроқ даражада мойил бўладилар. Аёлларда эса жамоа руҳияти камроқ бўлади, улар камроқ даражада интизомли бўлиб, шу сабабдан уларнинг вазифаси ўз эрларини парвариш қилиш, уларга ва умуман эркаклар жамоатига ўз имкониятлари ва қобилиятлари даражасида кўмаклашишдир.
Шахсий ва ижтимоий ҳаётда ўтакетган феминизм ёки ошхонадан чиқмай ўтириш томонига оғиб кетмасдан, бунинг мўътадил мувозанатини топа билиш - бугунги кундаги мусулмон аёлларнинг вазифасидир.
Абу Муслим тайёрлаган
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 853 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар