1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Шифобахш чой ичинг!

 

 

 

Турли гиёҳлар ва доривор воситалар қўшиб дамланган чой дардлардан халос бўлишга ёрдам беради. Шифобахш чойни қандай дамлаш кераклигини билиб олсангиз, бас!

Мурчли чой. Ярим литрли чойнакка кичкина қошиқда олий навли қуруқ чой, ярим чой қошиқ туйилган мурч ёки доналаридан 15 дона солиб, устидан қайноқ сув қуйилади ва 4-5 дақиқа сочиққа ўраб дам едирилади. Халқ табобатида мурчли чой шамоллаб йўталганда, бронхиал астмага чалинганда, гриппда терлатувчи ва пешоб ҳайдовчи вочита сифатида қўлланилади. Қора мурч аъзоларни тозалаш, қизитиш, заҳарларга қарши курашиш хосиятларига эга. Илон, қорақурт ёки чаён чаққанида мурчли чой бир неча марта қайта-қайта ичирилган ва шу орқали заҳарнинг кучи қирқилиб, беморнинг ҳолати яхшиланган. Мурч ошқозон ва жигар фаолиятини ҳам мустаҳкамлайди. Абу Али ибн Синонинг ёзишича, мурч мушак нервларини шундай қиздирадики, бу ишда ҳеч нима унга тенг келмайди. Мурча йўтал ва кўкрак оғриқларига фойда қилади. Асал билан қўшиб, танглайга суртилса, томоқ оғриғига фойда қилади ва ўпкани тозалайди.

Мурч ва асалли чой. Хосиятлари худди юқо­рида айтилганидек, фақат дамлашда унга донадор мурч солиб, асал қўшилади. Бу бемор болаларга аталган. 300 граммли чойнакка ярим чой қошиқ олий навли қора чой, 10 дона мурч ва 2 чой қошиқ асал солиб, устидан қайноқ сув қуйилади-да, сочиққа ўраб, 4-5 дақиқа дам едирилгандан кейин ичирилади.

Заъфаронли чой. Заъфарон савсаргулдошлар оиласига мансуб субтропик ўсимлик оналигининг қуритилган тивитларидир. Халқ табобатида заъфаронли чой юраги заиф ва нафаси қисадиган касалларга ичирилган. Заъфарон тўғрисида Ибн Синонинг фикри қуйидагича: «Буриштирувчи ва эритувчидир. Бунда буриштириш ва елимлар хусусияти бўлганидан етилтирувчи ҳамдир. Иссиқлиги мўъ­тадил бўлиб, тиқилмаларни очади. Сасишни тузатиб, ички аъзоларни кучайтиради. Заъфарон ичиш рангни чиройли, кўзни равшан, юракни қувватли қилади. Балғам кўчишини осонлаштиради ва нафас аъзоларини кучли қилади».
Ярим литрли чойнакка 15-20 тивит (пичоқ учида олинган) заъфарон, 1 чой қошиқ олий навли кўк ёки қора чой солиб, устидан қайноқ сув қуйилади. Сочиққа ўраб, 4-5 дақиқа дам едирилади, шунда у яхши шира беради. Чой оз-оздан ҳўплаб ичлади.

Қалампирмунчоқли чой. Қалампирмунчоқ – чиннигулдошлар оиласига мансуб тропик дарахтнинг очилмаган ғунчаси. Кучли ёғимли ҳиди ва ўткир мазаси таркибидаги ифори мой билан боғлиқ. Чой қуйидаги тартибда тайёрланади: ярим литрли чойнакка 4-5 дона қалампирмунчоқнинг қуритилган ғунчаси, 1 чой қошиқ кўк чой солиб, қайноқ сув қуйилади. 4-5 дақиқа чўққа қўйиб дам едирилади.
Бундай чой халқ табобатида ошқозони заифлашган, овқат ҳазми ёмонлашган беморларга ичирилган.

Седанали чой. Ибн Сино шундай ёзади: «Седана балғамни кўчирувчидир, тозаловчи, ел ва дамни шимдирувчидир. Хусусан, унинг тозалаш хосияти етарли даражададир. Седана тумовга фойда қилади. Уни асал ва иссиқ сувга қўшиб ичилса, қовуқ ва буйракдаги тошларга фойда қилади, уларни чиқаради». Седанали чой қуйидагича дамланади: ярим литрли чойнакка 1 чой қошиқ қора ёки кўк чой, 20-25 дона седана солиб, қайноқ сув қуйилади ва 3-4 дақиқа чўққа қўйиб дам едирилгандан кейин ширинликлар билан ичилади, асал қўшилса, жуда фойдали неъматга айланади.

Райҳонли чой қуйидагича дамланади: ярим литрли чойнакка 1 ош қошиқ қора ёки кўк чой, 7-10 дона райҳон барги солиниб, қайноқ сув қуйилади. 5 дақиқа чўғ ёнида дам едирилгач, дастурхонга тортилади. Қишда эса қуритиб, уқалангани ишлатилади (ярим чой қошиқ). Бундай чой халқ табобатида совуқ мизожли кишиларга жигари ва томирларидаги тиқилмаларни очадиган дори сифатида ичирилган. Райҳонли чой балғам кўчиради, шунингдек, уни бўғимлар шамоллаганда, асабийлашганда, сафро ҳайдовчи восита сифатида тавсия этишган.

Зирали чой қуйидагича дамланади: ярим литрли чойнакка 1 чой қошиқ зира, худди шунча олий навли кўк ёки қора чой солиниб, қайноқ сув қуйилади. 5-7 дақиқа дам едирилгач, иссиғида ичилади. Халқ табобатида зирали чой қон босими ошган кишиларга тавсия этилган.

Кийикўтли чой. Халқ табобатида кийикўтли чой томоқ қирилганда, ўпка ва юрак хасталикларида, қон босими кўтарилганда тавсия этилган. У жигарни мустаҳкамлаш ва пешоб ҳайдаш хусусиятига эга. Тоғлардан териб келинган кийикўтни ювиб, сояда қуритилади. Ишлатганда кафтлар орасида уқалаб олинади. Ярим литрли чойнакка битта кичкина қошиқда олий навли кўк чой, 1 чой қо­шиқ қуритилган кийикўт солинади ва қайноқ сув қуйиб, чўққа 5 дақиқага қўйиб дам едирилади.

Ялпизли чой халқ табобатида юракни бақувват қиладиган, кайфиятни созлайдиган дори сифатида қўлланилган. Ялпиз бош оғриғини қолдиради, барги чайналса, оғизни шамол юргандек қилади ва чанқоқни қолдиради. У тиш оғриғига ҳам даво. Ялпизли чой шундай тайёрланади: ярим литрли чойнакка кичкина қошиқда қора ёки кўк чой, тўртта ялпиз барги солинади-да, қайноқ сув қуйилади. Чўғ ёнида 5 дақиқа дам едирилади. Унга асал ва новвот солиҳ ҳам мумкин.
Қишда кўланкада қуритилган ялпиз барглари ишлатилади.

Лимонўтли чой. Халқ табобатида лимонўтли чой юрак, мия ва сезги аъзоларини қувватли қилувчи дори сифатида ичирилган. Чиндан ҳам бундай чой ақлни пешлайди, жигар ва ошқозонга фойдаси катта. Одам бирон нарсадан қўрқиб кетса, безовталанса ёки уйқуси қочса, шу чой дармон бўлади. Лимонўт қоринда, буйракда ва бошқа ички аъзоларда пайдо бўладиган санчиқни қолдиради. Оғиз ҳидларини кетказади. Юракни кучайтиради, ҳазмга ёрдам беради ва ҳиқичоқда фойда қилади.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 55 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ