1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Сизга стресс ҳужум қиляптими?

Яқинда хорижий телеканалларнинг бирида эри билан қаттиқ уришиб қолиб, стрессга тушган аёлнинг икки нафар гўдагини кўпқаватли уйнинг  юқори қаватларидан ташлаб юборгани ҳақида телекўрсатув намойиш этилди. Кўрсатувни томоша қила туриб, глобаллашув жараёнларида юз бераётган шиддатли ривожланиш инсонларда руҳий стресс ҳужумини кучайтиряптимикан, деган мулоҳаза уйғонади кишида.
Ҳақиқатан ҳам ён атрофимиздаги одамларга ва улар билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларга теранроқ назар ташласак, жамиятимиз аъзоларининг ўта асабий ва сержаҳл бўлиб қолганини фаҳмлаш қийин эмас. Хўш,  бунчалик
Торфеълликнинг сабаби нимада?
—    Кўча-куйда одамларнинг бир-бирига нисбатан ўзаро муомала-муносабатини кўриб юрагинг зирқиррайди,- дейди ҳамкасбларимиздан бири.- Гўёки бошқалар еб улар қуруқ қолгандек, бир-бирларга жуда қўпол муносабатда бўлишади. Ҳатто оддийгина сўров-саволларда ҳам жаҳлдорлик, серзардалик сезилиб туради. Яқинда ишга бораётиб автобусга чиқдим. Тиғиз пайт бўлгани учун автобус жуда тирбанд эди. Бир бекатдан ёшгина жувон икки-уч яшар болачаси ва ёшига етмаган гўдагини кўтариб автобусга чиқди. Ўриндиқда ўтирган ёши каттароқ аёллардан бири жувоннинг болачасини қучоғига олиб, уни ширин сўзлар билан эркалай бошлади. Шу пайт кейинги бекатда автобус тўхтаб, йўловчиларни тушириб юбориш учун эшик олдидаг гўдагини кўтариб турган жувон пастга тушганди, онаси  кўзидан узоқлашгани учун қаттиқ қўрқиб кетган, ҳалиги йўловчи аёлнинг бағрида ўтирган болакай зўр бериб йиғлашга тушди. Йўловчилар болачани овутиб, онаси шу атрофдагилигини, уни ташлаб ҳеч қаерга кетмаслигини айтиб, эркалаб-суйиб бошлашди. Ҳартугул бекатдан йўловчилар тезгина тушиб, жувон яна салонга чиқволди. Лекин болачаси қаттиқ қўрққан экан шекилли, онасини кўриб ҳам овунмади. Шу пайт бежирим кийнган, зиёлинамо бир аёл бутун бошли автобусни бошига кўтарганча ҳалиги норасида гўдакка бақира кетди:
—    Нега бунча қичқирасан?! Эрталабдан ҳамманинг кайфиятини бузиб, асабига тегдинг. Бақирма, қичқирма деяпман сенга! Ўчир овозингни, тарбиясиз!- Хонимнинг қаҳр-ғазаб ёғилиб турган овозидан  қаттиқ қўрқувга тушган болакай, овозини чиқармай бўғриқиб-тўлиқиб йиғлашда давом этди. Бу ҳолдан қаттиқ таъсирланган бир-икки ёши катталар, зиёли хонимга танбеҳ бердилар, аммо у гўёки ёвуз махлуқ билан олишаётгандек юз-кўзидан жаҳл ёғдириб  мурғаккина болачага бақиришдан тўхтамади. Охири бошқа бир йўловчи аёл хонимга қарата:
—    У ҳали гапиришни ҳам билмайдиган кичкина гўдак бўлса, тарбиясизликни қайдан билсин, асаббузарликни нима билсин? Онаси тушиб қолганида қўрқиб кетди, бола бўлганидан кейин йиғлайди-да. Сиз тарбиялимисиз ёш болага бақириб эрталабдан ҳамманинг асабини бузган?! Кайфиятингиз бўлмаса, уйингизда жимгина ўтиринг, кўчага чиқиб бошқаларнинг ҳам кайфиятини туширинг, дегани эмас бу!- деди.
Шу пайт менинг тушадиган бекатим яқинлашиб, автобусдан тушдим. Ҳалиги хоним ўзининг кайфияти бўлмагани учун автобусдаги ҳамма йўловчиларнинг асабини буздими ё индамай кетдими, энди буниси менга қоронғу.
Ҳамкасбимиз гувоҳ бўлган воқеага ўхшаш ҳолатларга кўпчилигимиз, деярли ҳар куни дуч келамиз. Чиндан ҳам асабийлик, қўполлик ва серзардалик жамиятимизда тобора авж олиб бормоқда.  Юртдошларимизнинг айни ҳолат юзасидан фикрларини билиш учун уларни суҳбатга тортдик.  Эътиборингизга жавоблардан айримларини ҳавол этамиз:

Савол: Нега бугунги кунда стресс, депрессия, тушкунлик деган иборалар кўп ишлатиляпти? Ҳаттоки ёш гўдакларда ҳам бу иллатлар кузатилаётганини тиббиёт далолат қилмоқда? Бу ҳолатга асосий сабаб нима деб ўйлайсиз?

Жавоблар:

Ғанишер, 31 ёш, халқаро иқтисодий муносабатлар бўйича мутахассис:  —  Ривожланиш  кишилардан шиддаткорликни талаб қиляпти. Шиддаткорлик эса вақтида ухламаслик, дам олмаслик, ҳордиқ чиқармаслик ва ҳоказоларни тақозо қиляпти. Натижада кишиларда стресс ва руҳий тушкунлик авж оляпти. Стресс ёки депрессиядан фақат боқибеғамлар ҳимояланган.

Гулноз, 25 ёш, журналист: — Бунинг сабаби фақат инсонларнинг ўзида. Арзимаган нарсаларни кўнгилга яқин олиб, майда-чуйда дилхираликлардан фожиа ясашнинг нима кераги бор? Бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи. Шундай экан ғам –ташвишларни унутиб, фақат яхшиликларни ўйлаш керак. Ўйлаган, сиқилган билан ўша ташвишлар ҳал бўла қолса қанийди. Соғликдан улкан бойлик йўқ. Ана шуни унутмасак, ҳеч қандай стресс ва руҳий ҳаяжон бизга таъсир кўрсатолмайди...

Маъмура ая, пенсионер: — Болам, сен айтаётган нарсаларнинг ҳаммасига сабаб қилиб бир нарсани кўрсатаман, у ҳам бўлса ношукрлик! Ҳозирги одамлар жуда ҳам ношукр бўлиб кетган. Қўлига мол-дунё, давлат киргани билан яна бўлсин, деб ўзини унутади. Бугун кечаги кунидан бир сўм камроқ даромад қилса, шу туни кўзига уйқу келмайди, бошининг оғриғи босилмайди. Одамларимиз кенгликни унутиб қўйганлар, болам. Бекорга кенгга кенг дунё, торга тор дунё, демайдиларда...

Дилфуза опа, 40 ёш, ўқитувчи: — Одамни ҳасад қаритади. Стресс, руҳий ҳаяжон ва депрессиянинг ҳам асосий сабабларидан бири — ҳасад, деб биламан. Ҳасад эгаллаган юракда яхшиликка ишонч, муҳаббат, самимият, ҳавасга жой қолмайди. Инсонни умид тарк этади. Умиди йўқ киши эса тушкунликка тушиб қолади. Қўпол қилиб айтганда умидсиз киши билан ўликнинг фарқи биргина — ноумид одамнинг юраги тепиб турганида. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, юрак кишининг тириклигини таъминлаб турувчи аъзоси бўлсаю, у мутассил ҳасад ва кўролмасликдан зўриқиб турса қандай кўпга чидаши мумкин? “Нега унда бор менда йўқ”, “Нега унда ҳаммаси яхши, менинг ишларим юришмаяпти”, “Нега фақат фалончининг омади юришади, мен қийналиб юраман” ва ҳоказо ва ҳоказолардан тиқилиб қолган юрак, асабга таъсир қилади ва оқибатда стресс кишига осонгина ҳужум уюштира олади.

Ҳамидулла ака, 45 ёш, тадбиркор: — Стрессга замонавий техника, сериаллар, дангасалик ҳам сабаб бўлади, синглим. Айниқса қўл телефонлари ва комьпютерларнинг бу борадаги хизмати жуда катта. Тиббиёт ходимлари қўл телефонлар ва комьпютерларнинг асабга кучли салбий таъсири ҳақида тез-тез огоҳлантиришяпти. Лекин шунга қарамай у матоҳлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган.  Сериаллар эса турган-битгани зарар. Уларнинг зараридан аксарият ҳолларда аёллар азият чекадилар. Ўзларига алоқаси бўлмаган, ҳаётда бўлмаган ва балким умуман бўлмайдиган воқеа –ҳодисаларнинг давомини кутиб, аслида йўқ одамларнинг муаммоларини ўйлаб ўзининг ҳам эрию болаларининг ҳам асабини бузиб юрган хотинлар ҳам орамизда кўплаб топилади. Излайман десангиз сиз айтган касалликларнинг сабабини ҳаётдан истаганча топиш мумкин. Лекин бундай олганда сабабларнинг бари арзимас ва кераксиз нарсалардир.

Хўш, бу борада мутахассис фикри қандай?

Ривожланиш шиддат билан юксалаётган  айни пайтда кишиларга стресс ҳужумининг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Умуман олганда стресс ўзи нима? Ундан қандай ҳимояланиш мумкин? Стрееcга тушган пайтда инсон ўта оғир жиноятларни, ҳаттоки қотилликка қўл уриши ва ўша пайтда вазиятнинг асл моҳиятини англамаслиги ҳақиқатми? Саволларимизга Тошкент Тиббиёт Академияси   Асаб касалликлари кафедраси ассистенти Атаниязов Мақсуджон Камаладдиновичнинг жавоби қуйидагича бўлди:
—    Стрес ҳақида гапиришдан аввал бу атаманинг келиб чиқишига эътибор қаратсак. “Стресс” сўзи инглиз тилидан таржима қилинганда, диққатнинг фақат бир нарсага қаратилиши,сиқилиш, қийналиш, руҳий мувозанатнинг кескинлашуви, тушкунликка тушиш маъноларини асослайди.
Стресс —киши кишининг шахсий ҳаёти, иши ва атрофидаги кишилар билан муносабатларининг кескинлашувидан келиб чиқадиган руҳий ҳолат. Стресс ҳолатида киши диққатини бир жойга жамлай олмайди,  организмда номутаносибликлар кузатилиб, харктерда агерссивлик, инжиқлик, жаҳлдорлик ва тушкунликка мойиллик уйғонади. Умуман олганда стресс асаблар зўриқишидан юзага келади.
Стресс узоқ вақт давом этса кишида бош оғриғининг кучайиши ва уйқусизлик, қон босимининг кўтарилиши, қандли диабет ва жинсий ожизлик хасталикларининг пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Шуни ёдда сақлаш керакки, агар киши оптимист бўлса, ҳар қандай қийинчиликдан ҳам ҳикмат излашга уринади, пессимистик кайфиятдаги киши эса ҳар қандай қувончли ҳолатдан ҳам қийинчилик излаб топади.
Стрессдан узоқ юриш кўп ҳолларда ўзимизга боғлиқ. Ўй-хаёлларимиз дўстимиз ёки душманимиз бўлиши мумкин.  Шундай экан, яхши нарсалар, муваффақият ва бахт, омад ва қувонч ҳақида ўйлаш керак. Ташвишли ҳолатлар, кўнгилни хира қиладиган воқеаларни имкони даражасида унутиш керак. Ҳеч қачон бўлиб ўтган хунук воқеаларнинг таҳлили билан вақт ўтказманг.
Шунингдек, соҳа мутахссислари тушкунликка тушган пайтда инсонга “антистресс” егуликларни истеъмол қилишни тавсия этадилар. Бундай маҳсулотларга энг аввало музқаймоқ киради. Музқаймоқ стрессдан халос этувчи ажойиб егулик ҳисобланар экан. Шунинг учун ҳам кўпчилик музқаймоқ ейишни хуш кўради. Сут ва қаймоқ таркибидаги типтофан- фойдали табиий асабни тинчлантирувчи моддаси мавжуд бўлиб у асаб тизимини тинчлантириш билан бирга, уйқусизликни енгиш ва кайфиятни кўтаришда яхшигина наф беради. Шунингдек шоколад ҳам бу борада фойдали ҳисобланади. У мияга дам бериш билан бирга унинг фаоллигини ҳам оширади. Гречиха, сули ва банан маҳсулотларида ҳам “бахт гормон”лари яширинганини олимлар аллақачон таъкидлашган. 
Аввало стресс ҳужумига йўлиқмаслик учун кўп ғазабланманг, жаҳлдорликни йиғиштиринг, дейишади тиббиётчилар. Жаҳл инсон учун жуда хавфли бўлиб, у кўпгина касалликларга “доя”лик қилади. Ўзингизни севинг, ўзингиз ҳақингизда ҳамиша қайғуринг. Соғлигингизга, айниқса асабингизга бефарқ бўлманг. Ана шунда стресс сизга хавф солмайди.

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 702 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ