1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Саккизинчи гурунг: Ёмонликлар онаси

 

 

 

Куёв тўра, ваъдага биноан майхўрликка доир сўзларимизда давом эттирамиз. Мавзуни алоҳида айириб олишимизга сабаб, тенгдошларингиз орасида бу иллатга чалинганлар кўпга ўхшаб кўринади бизга.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом, «Хамр (яъни ақлни олғувчи ҳар бир нарса) ёмонликлар онасидир», деганлар. Яна марҳамат қилиб дедиларким: «Хамрдан сақлан. Унинг дарахти бошқа дарахтлардан ошиб ўтгани каби, гуноҳлари ҳам бошқа гуноҳлардан ошиб тушади». Майхўрликнинг Аллоҳ томонидан ҳаром қилингани (таъқиқлангани)ни, бу ҳақда Қуръони Каримда оятлар мавжудлигини кўпчилик билади. Яна билишимиз жоизки, ҳатто Тавротнинг саҳифаларида ҳам «Шароб шарманда этади, мускир жанжалкашга айлантиради. Унга мубтало бўлган ақлли эмасдир», дейилган.
Минг афсуслар бўлсинким, асли мусулмонобод бўлган юртимизда, асли мусулмоншева бўлган одамларнинг фарзандлари орасида ўз насабларини унутиб, ёмонликлар онасининг фарзандига айланиб қолаётганлар бор. Майхўрликка қарши гапириш, майхўрларни инсофга чақириш — шамолга қарши ҳайқириш каби бесамар кетяпти. Уламоларимиз, имомларимиз гапиргудек бўлишса, «Сен майнинг қадрини қаердан билардинг?» деган маънода афтларини бужмайтирадилар.
Бир куни камина ҳам майхўрликка қарши сўз айтган эдим, «Ҳадеб ароқни ёмонлайверасизми, ўзингиз ҳечам ичмаганмисиз?» деб таъна қилишди. Тўғрисини айтдим. Аллоҳга тавбалар қилганим ҳолда, ўша қилмишларимни лаънатлаганим ҳолда, ичганларимни яширмайман. Мен кўп ичмаганман. Лекин кам ичдинг нима-ю, кўп ичдинг нима, фарқсиз — игна ҳам, йўғон қозиқнинг учи ҳам кўзга кирар бўлса, барибир кўр қилади. Менга таъна қилган жамоатга қараб дедимки: «Сиз бутун дунё бўйича бир одамни топинг. Агар у: «илгари касал эдим, шу ароқни ичиб тузалдим, илгари камбағал эдим, шу ароқни ичиб бойиб кетдим, илгари хор эдим, шу ароқни ичганимдан кейин обрў топдим, шарафландим», деса, сизларни ичкилик билан ўзим таъминлаб тураман. Шундай одамни топа олмайсиз. Чунки ароқ (ароқ деганда барча маст қилувчи ичимликларни — шайтоннинг сийдигини назарда тутяпмиз) соғлом одамни касал қилиши, бойни камбағалликка гирифтор этиши, шарафли одамни эса хорлик жарига судрашини ҳамма билади. Аммо нафс олдида мағлуб ҳолда тураверадилар.
Мени бир нарса ажаблантиради: айтайлик, телевизор сотиб олдик. Дарров қўлланмасини ўқиймиз. Телевизорни яратган олимлар, усталар бизларни огоҳлантиришади: 220 волтли токка уланг, иситиш ускунасидан нарироқда турсин... Буни билиб, биз ҳеч қачон телевизоримизни 380 волтли токка уламаймиз, телевизорнинг бузилишига йўл қўймаймиз. Қўлланмага амал қилмасак пулга куямиз. Ҳолбуки, Инсонни яратган Аллоҳ Одам болаларига тўғри яшаш йўлларини ўргатувчи қўлланма — илоҳий китобларни туширди, тўғри йўлга бошловчи элчиларни юборди. «Қўлланма»нинг энг улуғи, шубҳасиз, Қуръони Каримдир. Элчиларнинг энг шарафлиси, шубҳасиз, бизнинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломдирлар. «Мўъминлар учун насиҳат, кофирлар учун ҳасрат» бўлмиш Қуръони Карим одамларга қарата: ичма, бу дунёда хор бўласан, у дунёда азобга қоласан, деб турса-ю, биз эшитмагандек, билмагандек ичаверсак. Бу дунё азобига дуч келганимизда, айтайлик, тузалмас хасталикка чалиниб, тўшакка михланганимизда ёки фарзандларимиз ёмон хулқлари билан куйдира бошлаганида «Эй Худо, мен Сенга нима ёмонлик қилувдимки, менга шунча ғам-алам берасан», деб нолалар қиламиз, кўз ёшлар тўкамиз. Фиръавннинг имон келтириши каби кечиккан бу ҳасратларимиздан фойда бўлармикин?
Кечагина «Ичманг, биродар», дегани учун кўзимизга ёмон кўринган имомни чақиртириб: «Бир ўқиб қўйинг», деймиз. Мулла қирқ марта «Ёсин» сурасини ўқиса, у дунёга гўё гуноҳлардан холи бўлиб кетиладигандай туюлади. Кошки эди, буларнинг фойдасизлигини билсак. Юқори кучланишли токка уланган телевизор куйгани каби охиратимиз куйиб бўлганини англамаймиз. Телевизор куйса, пулимизга ачинамиз. Умримизнинг энг гўзал онлари куйиб адо бўлаётганини эса, фаҳмламаймиз.
Ароқ одамнинг ўзигагина ёмон таъсир қилса, чидаш мумкиндир балки. Ароқнинг зурриёдга таъсири-чи? Мажруҳ туғилаётган болалар, туғилмаёқ ўлаётган болалар-чи?! Бирор кишини беҳос уриб ёки туртиб юбориб, оёғини ёки қўлини майиб қилиб олсангиз, қонун олдида жазоланасиз. Лекин қўл-оёқсиз ёки ақлсиз туғилаётган болаларнинг мажруҳлигига сабабчи ота ёки онани жазоламаймиз. Тўғри, бу дунё қонуни жазоламайди, аммо Қиёматдаги жазо тайин-ку, қўрқмаймизми?
Куёв бола, биларсиз, ҳуқуқбузарлар ҳамиша милиция назоратида бўлишади. Булар “профилактик ҳисобда турувчилар”, деб номланади. Ана шу ҳисобда турувчиларнинг 46 фоизини ашаддий майхўрлар, 31 фоизини муқаддам судланганлар, 15 фоизини гиёҳвандлар, 8 фоизини руҳий хасталар ташкил этади. Муқаддам судланганларнинг кўпчилиги ичкиликка ружу қўйганини инобатга олсак, биринчи тоифанинг нақадар кўплиги аён бўлади.
Ароқхўрлик ҳақида гапирилса, европаликлар бузди бизларни, деймиз. Бу гапда жон бор. Лекин улар ҳар биримизни ётқизиб олиб, оғзимизга зўрлаб ароқ қуймадилар-ку? Европаликларнинг маданиятга оид дуруст одатларини олмаганимиз ҳолда нима учун фақат бузуқликларини маъқул кўриб қолдик? Яна ҳақиқат шуки, европаликлар келгунига қадар ҳам майхўрликлар, бўзахўрликлар, нашавандликлар... бўлган. Европаликларнинг келиши яширин гуноҳларни ошкора қилиш дарвозасини очиб берди. Олдин атрофдагилардан уялиб ёки қўрқиб ичишган, чекишган бўлишса, энди қўрқув ҳам, уят ҳам йўқ. Авваллари фақат эркаклар ичиб-чекишган бўлишса, энди у гуноҳкорлар сафида аёлларни ҳам кўрамиз. Тўйларда дастурхон тўрини эгаллаб, ичишади. Бундан ташқари ўзларининг “гап” деб аталмиш хос зиёфатлари ҳам бор. Майхўрлиги учун оналик ҳуқуқидан маҳрум этилаётганлар ҳам учраб турибди, тўғрими? Бир йили Рамазон ойида ҳориж сафарига отландик. Ҳали  учишга тайёргарлик кўрилаётган онда ифторликни учоқ ичида қилдик. Учоқ осмонга кўтарилгач, аввал мусаллас тарқатилди, сўнг таом берилди. Олдинги ўриндиқларда аёллар ўтиришиб эди. Мусалласни ичиб, таомни еб олишгач, учоқ бекаси пулга сотиш учун олиб чиққан қимматбаҳо ароқдан бир шиша олдилар. Сўнг сумкаларидан пиширилган товуқ, нон ва яна аллақанча нарсалар олиб, зиёфатларини бошладилар. Зиёфат қарийб уч соат давом этди. Шунда ҳамроҳим ажабланиб, “Бу ердан қиммат ароқ олгандан кўра шаҳардан ола қолишса бўлмасмиди?” деб ажабланди. Шунда дедимки, “кузатувчилар орасида эрлари борлигига эътибор қилмабсиз-да, ахир эрлари учун улар баодоб, ҳаёли хотинлар-ку?”  Ҳорижда уларни бир неча эркаклар кутиб олишди. “Ўйнашлари” дея олмаймиз, чунки бузуқликларини ўз кўзимиз билан кўрганимиз йўқ. Лекин йўл-йўлакай ичиб, маст ҳолда келган жувонларни одобли эркаклар кутиб олишмаса керак? Кейинроқ шунга ўхшаш воқеани Бишкек орқали Теҳронга учганимизда ҳам кузатдим. Ундаги ширакайф аёллар этаги калта, енгсиз кўйлакда ўтирган эдилар. Учоқ қўнишга шайланган дамда ҳожатхонга кириб, узун кўйлак кийиб, бошларига рўмол ўраб “муслима”га айландилар. “Аёл кишининг макри қирқта туяга юк бўлади” дейилганда балки шу каби аёллар назарда тутилгандир?
Биз ичганда ҳам гўё маданийча ичишга ўрганганмиз. Яъни «тамада» деганни сайлаб оламиз. (Бу сўзни ўзбекчага айнан таржима қила олмадим, рамзий маънода «Шайтоннинг бош ёрдамчиси», десам ранжимасинлар.) Чиройли сўзлар, яъни, «тост» айтамиз. Тилаклар тилаймиз. Соғлиқ, омад, бахт... Кимдан тилаймиз? Албатта Худодан тилаймиз. Ўйламаймизки, яратган Тангри «ичма, бу ҳаромдир», деб қўйибди. Шу ҳаромни ича туриб, Ундан яна бахт сўрасак, берармикан шу бахтни! (Мазкур фикрни аввал ҳам айтиб эдик, такрор этаётганимиз бежиз эмас).
Баъзан ичкилик қўйилган давраларда ўтиришга мажбур бўламиз. Шунда айримлар сал истиҳола қилган бўлиб: «Чарчоқни кўтаради, ижозат берсангиз, озгина-озгина ичсак», дейишади. Шунда: «Рухсатни мендан сўраманг, чунки буни мен ҳаром қилган эмасман», деган мазмунда жавоб бераман. Баъзиларга шу гап таъсир қилади, бошқалар: «Худонинг ўзи кечиради», деб ичаверишади. Худди Худо уларга «Тўйиб ичиб олаверларинг, кейин сенларни кечираман», деб тилхат бергандай ёки вахий юборгандай ишонч билан гапиришади.
Бир неча йил бурун Туркистон шаҳрида, ҳазрат Аҳмад Яссавий мақбараларидан бир чақиримча нарида аянчли бир даврада ўтиришимга тўғри келган эди. Воқеа тўйнинг эртасига содир бўлди. Дастурхон атрофида турли ёшлардаги одамлар ўтирибмиз. Айтишим жоизки, шундай муқаддас ва шарафли шаҳарда яшовчи, ўзини мусулмон деб атовчилар ароқхўрликда «чемпион» эканлар. Хуллас, мендан «тост» айтишимни илтимос қилишди. Дастлаб рад этдим. Талаблар такрорланавергач, дедимки: «Хўп, гапираман, аммо ранжимайсизлар. Ҳозир сизларга, «ичманг», деганим билан ёқмайман. Лекин бир нарсани ўйлаб кўринглар: мана бу йигит ўғлингиз экан, ота билан ўғил нима деган одам бўлдиларинг энди?! Мана бу йигит сизнинг куёвингиз экан, сиз билан ичиб, маст бўлиб, уйга боргач хотинини, яъни қизингизни урса, қизингиз додини кимга айтади? Сўнг эса сиз додингизни кимга айтасиз?»
Бу гапдан кейин ўғил ва куёв чиқиб кетишди. Бир-икки киши гапимни маъқуллаб, ароқ қуйилган пиёлани нари суриб қўйишди. Бошқалар эса «Худо кечиради», деб ичишни давом эттираверишди. Бундай одамларни «эш-шакдай қайсар», дейишади. Йўқ, азизлар, эшакларни ранжитманг, эшаклар уларга ўхшамайди, чунки эшакни тарбия қилса бўлади: «иш-ш» десангиз тўхтайди. Бундай одамлар эса тўхташмайди. Ҳазрат Навоийнинг бир байтларида (мазмуни) «ичувчилар ўзларини шер деб тасаввур қилганлари билан нафс ити олдида забундирлар (мағлубдирлар)», дейилади. Яъниким, бадмаст одамлик доирасидан чиқади-ю ҳатто ота-онаси, ака-укалари, дўстларига қараб акиллайди, ҳатто уларни қопишдан ҳам қайтмайди. У ҳатто ит ётишга ҳазар қиладиган ерларда ҳам ётиб қолаверади.
Ароқхўрлик қанча-қанча улуғларни хорлик ботқоғига ботирди. Жуда кўп истеъдод эгалари бу бало оқибатида умрларини ҳам, қобилиятларини ҳам бой бердилар.
Шу ўринда ҳазрат Бобур Мирзонинг бир фармонларини эсга олсак, фойдадан ҳоли бўлмас. Милодий ҳисобда 1525 йили имзоланган мазкур фармонга биноан майқатағон (сухой закон) эълон қилинган эди:
«Башар нафси ёмонликка майл этишдан узоқ эмас, «нафсимни поклай олмадим, чунки нафс ёмонликка амр этувчидир.» Ундан қайтиш бағишловчи Маликнинг лутф-марҳаматидан бошқа мумкин эмас. «Бу Аллоҳнинг эҳсонидир, кимга хоҳласа, бахш этади. Аллоҳ катта эҳсон эгасидир.» — Бу сўзларни ифодалашдан ва бу гапларни баён қилишдан ғараз шуки, инсонлик тақозоси, подшоҳлар расм-русми, подшоҳлик лавозими, мансабдорлар одати бўйича шоҳдан тортиб сипоҳийгача гўзал ёшлик кунларида шариат манъ қилган баъзи нарсаларга ва айрим ўйин-кулгуларга ружуъ қилинарди. Бир қанча вақтдан кейин пушаймонлик кунлари келиб, уларни битта-битта тарк қилинар ва чин тавба билан уларга қайтиш эшиги ёпилар эди. Аммо мақсад ва матлабларнинг муҳими ва буюги бўлган ичкиликдан қайтиш тавбаси «ҳар иш ўз вақтига боғлиқ» деган парда остига беркиниб, юзини кўрсатмас эди, токи бу яхши соатда зўр ғайрат билан уруш эҳромини боғлаб, шавкатли Ислом аскарлари ёрдамида кофирларга қарши жангга киришганимизда ғайб Илҳомчиси ва ҳақиқат Жарчисидан «Иймон келтирганларга вақт келмадимики, қалбларини Аллоҳнинг зикри билан юмшатсалар?» мазмуни эшитилиб, гуноҳ ва саркашлик асбобини илдизидан қўпориб ташлаб, тавба эшикларини тўлиқ жиддият билан қоқдик. Тавфиқ йўлловчиси «Кимки астойдил эшик қоқса, киради», мазмунига мувофиқ иқбол эшигини очди ва бу урушни нафсга қаршилик кўрсатишдан иборат бўлган зўр уруш билан бошлашни буюрди. Алқисса, «Эй Роббим, нафсларимизга зулм қилдик»ни ихлос тилига келтириб, «Сенинг олдингда тавба қилдим ва мен мусулмонларнинг биринчисиман», деган гапни дил лавҳига нақш қилдик. Кўнгил хазинасида махфий қолган ичкиликдан қайтиш тавбаси истагини юзага чиқардик...»
Тарихдан маълумки, Бобур Мирзо ҳазратларининг асосий ғалабалари айнан шу фармондан — майқатағондан сўнг қўлга киритилган. Яна тарихдан маълумки, Ҳусайн Бойқаро бошқарган мамлакатни айни шу ичкилик барбод қилган. Айни шу ичкилик (уни «чоғир» деб атаганлар) умидли ва суюмли набира Мўъмин Мирзонинг бошини узган.
Ароқ инсонни жиноятга бошлайди. Ривоят бор, бир одамнинг йўлини тўсиб дедиларки, ё ароқни ичасан ё бу бузуқ аёл билан зино қиласан ёки мана бу гўдакнинг бошини узасан. У одам ўйлай-ўйлай бир қарорга келди: “Ароқ ичганим гуноҳ, лекин каттароқ икки гуноҳдан қутулгайман”. Ароқни ичди... сўнг унинг кайфида зино ҳам қилди, гўдакни ҳам ўлдирди.
Қадимдан машҳур бўлган шайх Санъон воқеаси ибрат жиҳатидан жуда муҳимдир. Ўн биринчи - ўн иккинчи асрларда яшаган шайх Санъон (ибн Саққо)нинг оташин севгиси ҳақидаги қисса дунёга машҳурдир. Бадиий адабиётда бу қиссани биринчи бўлиб Фаридиддин Аттор 1221 йилда «Мантиқут-тайр» асарларида назмда берганлар. Биз ҳазрат Алишер Навоий ижод йўлларининг якуни ҳисобланмиш «Лисонут-тайр» достонларининг бугунги тилга мослаштирилган насрий баёнидан қисқа тарзда, майга тегишли сатрларидангина фойдаланамиз.
“Шайх Санъон даргоҳга етишганлардан бўлиб, кўнгиллари ғайб сирларидан огоҳ эди. У зот Каъбада авлиё кишилар ва қавмни етакловчилар орасида худди пайғамбар алайҳиссалом ўз саҳобалари билан тургандек турардилар. Халойиққа тўғри йўл кўрсатувчилардан бири бўлиб, Каъбадаги барча шайхларнинг шайхи эдилар. Бирон бир ғамгин киши ҳаққига дуо қилмоқчи бўлсалар, малоикалар қўл очиб, «омин» дерди”.
Аллоҳ бу зотни имтиҳонга тортди. Тушида бир тарсо (христиан) қизни кўриб, унга ошиқ бўлди. Бу қандай сир эканини аниқламоқ учун қиз яшайдиган шаҳарга йўл олди. Тарсо қизи унинг изҳори дилини эшитиб ғазабланди, масхара қилди. Шайх ишқини баён этавергач, охири, тўрт шарт қўйди. Шайх бу шартларга кўнди.
“Оламда ҳеч қачон бу янглиғ разил иш бўлган эмасди. Кашишлар (христиан динидаги таркидунё қилганлар) ҳар тарафдан саф тортиб ўтиришарди. Огоҳ муршиддан Қуръонни сўрадилар, оташгоҳдан ўт олиб келиб қўйдилар. Зуннор ва салиб (хоч, яъни христианлар бўйинларига осиб юрадиган крест) муҳайё этилгач, тарсо қизи юз афсун билан ўрнидан турди. Тахтдан тушиб, Шайх олдига келди. Унинг ёнига ўтириб, қадаҳ тўла майни ичди. Сўнг қадаҳни лиммо-лим тўлдириб, Шайхга тутди-да, деди:
- Охиригача ич, эй олижаноб киши! Билки, бир томчи қолса ҳам ҳисобга ўтмайди!
Ишққа берилиш оқибатида айни дамда ислом ва имондан чекинган Шайх беихтиёр равишда дилнавоз узатган қадаҳни олиб, майни ичар эканлар, кўзларидан ёш думаларди. Шундай ичдиларки, бошларидан дуд чиқиб, май ўтида бутун борлиқлари кул бўлди. Яна бир неча марта май тутганларидан сўнг ул зотнинг ишқлари ақлларига жабр эта бошлади. Бода ҳушларини янада ўтмас қилиб қўйгач, қизга васлдан муддао изҳор этдилар.
Тарсо қизи эса унга: «Шошилма, сен шартлардан биринигина бажардинг», - деб куфр элининг олий табақасига ишора қилди. Куфр элининг ишлари соҳасида моҳир бўлмиш бу кишилар Шайх имонларини куфрга тақдим этдилар ва ул зотни ўз динларига киритдлар. Ул зотнинг хирқаларини ечиб, яланғочладилар, сўнг эса май ҳовузига солиб чўмилтирдилар... Кейин ўз кийимларини кийдирдилар. Шайх бут олдида сажда қилдилар, хирқаларини оловда куйдирдилар ва ниҳоят... Каломуллоҳни ҳам ўтга ташладилар. Гардун ул зотнинг бошига солмаган ҳеч бир расволик қолмади. Улар Шайхга кеча-кундуз май ичириб, масхаралайвердилар. Ул зот бир сахар афғон қилиб, фарёд уриб, қиздан васл талаб қилганларида у шўх шартни охиригача бажаришни, яъни бир йил давомида кундузлари чўчқа боқиб, тунлари оташхонада ўт ёқишни талаб қилди.
Шайх талабни бажара бошладилар. Тунлари куфр ўтини равшанроқ ёқиш билан вақт ўтказиб, тонгда тўнғизларга рўпара бўлардилар...”
Орадан ойлар ўтиб, Аллоҳ шайх шогирдларининг муножотни қабул этади, Шайх ҳидоятга қайтади, Тарсо қизи эса исломни қабул этади. Ҳикоятнинг Аллоҳ ишқига доир ҳикматлари бошқа мавзу, биз диқққатингизни май тақво эгасини ҳам йиқиши мумкинлигига қаратмоқчи бўлдик.
Баъзи биродарларимиз айтадиларки: «Ароқ бировларники бўлгани учун ҳаром қилинган». Йўқ, азизлар, ароқ, чўчқа гўшти бошқалар истеъмол қилгани учун эмас, одамга зарар бергани учун ҳаром қилинганини яна таъкидлаймиз. Агар у биродарларимиз айтгандай бўлганида эди, бировлар ейдиган мол ёки қўй гўшти ҳам, бошқа неъматлар ҳам ҳаром қилинар эди. Яна ўйлайлик, нима учун айнан ароқ ва чўчқа гўшти ҳаром қилинди? Нега мураббо ёки қовун-тарвуз ҳаром қилинмади?
Ароққа қарши бутун насоро олами ҳам курашган. Урушдан аввал ҳатто АҚШда ҳам майқатағон эълон қилинган. Болшевиклар замонида ҳам бир-икки уруниш бўлди. Охиргиси эсингиздадир, «қайта қуриш», деб аталган замонда ҳам ичкиликка қарши курашилди. Биз бу курашни жону дилимиз билан қувватлаш ўрнига норози бўлдик, ўзимизча найранглар ўйлаб топдик. «Тўйларда ичкилик қўйилмасин», дейилди. Хўп дедиг-у, баъзиларимиз битта самоворга сув қуйиб қайнатдик, иккинчисини ароқ билан тўлдириб, чойнакда тарқатдик ва бу «ихтиро» билан фахрландик. Бундан ортиқ нодонлик бўлармикин? (Тўйдаги майхўрлик ҳақида иккинчи гурунгимизда сўз юритиб эдик, ёдингиздами?) Ана ўшалар ва ўшалар кабилар ҳазрати Анаснинг (р.а.) Расулуллоҳдан (с. а. в.) ривоят қилган бу ҳадисларидан хабардормикинлар: «Аллоҳ шаробни, уни ичганни, қуйиб берганни, сотганни ва сотиб олганни, сиқиб тайёрлаганни ва тайёрлатганни, олиб келганни ва олиб келтирганни ҳамда ундан келган даромадни еганни лаънатлайди».
Ароққа берилган одамнинг бу йўлдан қайтиши қийин бўлади. Чунки бу ҳам Аллоҳнинг имтиҳонларидан бири. Кимки нафсини жиловлай олса, имтиҳондан ўтади. Аллоҳ кимга марҳамат қилса, нафсни енга олади. Аммо одам деган Худонинг марҳаматига эришмоқ учун жон куйдириши ҳам керак. Нафсга қарши уруш очиш учун ўзида куч топа олмаган, иродасига қувват бера олмаган одам бу марҳаматга ета олармикин, валлоҳу аълам?
Бир тақводор дебдики: “Қудуқ ичига ичкиликдан (масалан, ароқ) бир томчи тушса, қудуқ сувини поклаш учун ташқарига чиқариб тўксалар, сув тўкилган ерда ўт-ўлан ўсиб чиқса, шу ўт-ўланларни еган қўй-сигирнинг гўштини емайман”. Бу ерда муболаға, бўрттириш бор.  Муболағадан мақсад – одамларни “арзимас ҳаром” деган тушунчадан эҳтиёт қилиш. Қабристонда ўсган ўт-ўланни молга бермаслик тавсия этилади. Чунки юқумли касаллик билан вафот этган одамнинг мурдасидан тарқалган микроблар ўт орқали сут ва гўштга ўтиши мумкин.
Бир кишига дедингизки: “Чўчқа гўштидан е!” Шубҳасиз, у дерки: “Емайман, бу гўшт ҳаром!” Баракалла, бу киши ҳаром-ҳалолнинг фарқига борар экан, деб қувонасиз. Аммо қарайсизки, у ароқнинг ҳаромлигини билса ҳам ичади, зинодан ҳам қайтмайди, тарозидан ҳам уради... “Булар ҳам ҳаром-ку, билмайсизми?” деб ажабланасиз, ҳатто ғазабланасиз. У эса ишонч билан: “Билишга биламан, гуноҳимни Худонинг Ўзи кечиради”, дейди. Ажабки, гўё Аллоҳ таоло унга гуноҳини кечиришга ваъда берган. Чўчқа гўштини жуда зарур ҳолатда, дейлик, ўлиб қолмаслик учун маълум миқдорда истеъмол қилишга ижозат бор. Аммо ўлиб қолмаслик учун ароқ ичишга, зино қилишга, пора олишга... мутлақо ижозат йўқ! Яна бир гап: биров чўчқани етаклаб келиб, бир-икки кун ҳовлингизда тура турсин, деса унамайсиз, лекин тўйга атаб олинган беш-ўн қути ароқ уйингизда тура турсин, деса рад этолмайсиз. Бунга нима дейсиз?
Ресторан қоровули ичкарига кириб қолган  итни ушлаб олиб, ураётган экан. Бечора итнинг вангиллашини эшитиб, кўчадан ўтаётган бир одам эшикни очибди. Ит қоровулнинг қўлидан чиқиб қочибди. Шунда кўчадаги у киши дебди:
-Э биродар, сен итдан ранжима. Жониворнинг ақли йўқ, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай кириб қолган. Бизнинг эс-ҳушимиз жойида, шунинг учун бундай жойга кирмаймиз...
Худога шукр, атрофимизда эс-ҳуши жойида бўлганлар кўп. Лекин бузуқ ошёнларнинг оҳанрабоси кучига нафси дош беролмаётганлар-чи? Қўшниларимиз орасида борми? Бор! Қариндошлар орасида борми? Бор! Ҳамкасблар орасида борми? Бор! Хонадонимизда борми?.. Ресторанларни четлаб ўтишимиз яхши, лекин ҳаромдан ҳазар қилмайдиганларни ҳам ҳоли қўйганимиз-чи? Қудсий ҳадисда айтилган: “Э Одам фарзанди! Дунёдаги жами нарсалар уч тоифага бўлинади: бири Менга хосдир, иккинчиси Мен билан сенинг ўртамиздадир ва яна бири – сендадир. Сендан бўладигани дуодир ва Мендан бўладигани ижобат қилмоқдир. Бас, ҳаром емасанг, дуойинг тўсилиб қолмас”. Расулуллоҳ (с.а.в.) ароқ ичган одамнинг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмаслигини таъкидлаганлар. Яқинларимизнинг дуолари қабул бўлмаслиги бизларни нечун қайғуга солмайди?
Ҳаром дунёсидаги энг қабиҳ иллат – ичкиликбозлик ҳақида, энди гиёҳвандлик ҳақида уламолар ҳам, дунёвий олимлар ҳам тинмай гапиришади. Раҳбарият томонидан чоралар белгиланади. Лекин, ижобий натижадан ҳали узоқмиз. Чунки бу иллатни ҳукумат қарорлари билангина тузатиб бўлмайди. Уламоларнинг насиҳатлари ҳам кифоя эмас. Қачонки, ҳар бир муслим  биродарини ҳаромлик ботқоғидан суғуриб олишга киришмас экан, “ичкилик туфайли жиноятчилик кўпайиб кетди, ёшларимиз бузилиб кетишяпти”, деб войвойлаб юраверамиз.   Ҳозир ресторанлар, дискотекалар... кўпайгандан кўпайди. Мени икки нарса ажаблантиради: биринчиси, ресторанда кечқурун ароқхўрлик, маишат қилинади, тонгда эса амри маъруф, наҳйи мункар? Иккинчидан, ресторанларнинг номлари ҳам ғоят жозибали: “Улуғбек”, “Ҳувайдо”, “Беруний”, “Меърож”, “Кавсар”... Ҳаром ичимликка “Умар Ҳайём” номининг берилиши-чи? Менингча, ҳар нарсага ўзига муносиб ном берилгани яхши. Масалан, мен маст қилувчи ҳаром ичимликларга “Шайтонсув”, “Иблис тупуги”,  “Шайтон муҳаббати”, “Буюк алкаш” каби номларни, маишатхоналарга эса “Дўзахга йўл”, “Дўзахнинг оташин боғи”, “Вайл”, “Самум” сингари номларни тавсия этган бўлардим. Шу маишатхоналарнинг хўжайинлари майхўр шоирларга илтимос қилишса, “Дўзахда бирга бўлурмиз то абад” деган яллама-ёримларни ёзиб беришади.
Бу кунларимизда айрим биродарларимизнинг Европага интилишлари кучайди. Тўғри, Европадан ўрганадиган нарсаларимиз бор, масалан, илмга муносабат... Лекин маънавият ва маданият бобида бу ҳаракатдан сақланганимиз дуруст. Бу ҳақиқатни ўтган асрлардаёқ донишмандлар англаб етганлар. Ҳинд адиби Рабиндранат Тҳакур 1941 йилда ёзган эди: “Бир кун келарки, тақдир карвонининг бурилиш пайти инглизларни ўзларига қарашли Ҳиндистон империясини ташлаб кетишга мажбур қилар. Лекин уларнинг қолдириб кетадиган Ҳиндистони қандай Ҳиндистон бўларкин? Улар қандай мудҳиш қашшоқликни мерос қолдираркинлар? Уларнинг бир асрдан кўпроқ давом қилган ҳукмронлик тўлқинлари пасайганда қанча балчиғу қанча вайроналар қоларкин? Ёшлик чоғимда мен маданият бешиги бўлиш Европа пешонасига ёзилган, деб астойдил ишониб юрардим. Лекин бугун ҳаёт билан видолашаётган кунларимда бу ишончим йўқолди... Ҳозир мен сўнгги саёҳатимга тайёргарлик кўряпман. Мен ўзимдан кейин нималарни қолдираман? Кулбаи вайроналар, бир замонлар ғурур манбаи бўлган маданият қолдиқлариними? Лекин инсонга ишонмаслик жуда катта гуноҳ, бинобарин, бундай гуноҳ ишга қўлим бормайди! Катаклизмдан кейин, муҳит тозалангандан кейин доғ тегмаган янги тарих саҳифаси бошланишига ва тонг Шарқдан, қуёш чиқадиган жойдан бошланишига иймоним комил”.
Ичкилик ва гиёҳвандлик вабоси дунёни еб адо қиляпти. Қаранг-а, бир йилда Европада 105 миллиард АҚШ доллари маст қилувчи ичимликларга сарфланар экан.  Бу Ер юзидаги барча аҳолининг тоза ичимлик сув билан таъминланиши учун сарфланаётган маблағдан  ўн марта кўп демакдир. 2009 йилдаги иқтисодий буҳрон чоғида Европадаги сармоядорлар пиво ичиш камайганидан ғоят ташвишланишди. У томонларнинг инсофга киришига кўзимиз етмайди. Ўзимизга қараб, болаларни, ёшларни тўғри тарбиялашга кўпроқ аҳамият бермасак, Европа аҳволига тушиб қолишимиз ҳеч гап эмас (Аллоҳ сақласин!!). Маълумотларга қараганда, спиртли ичимлик ичиш бўйича Ўзбекистон Европадан анча орқада экан. Сиёсатчилар тили билан айтганда, Ўзбекистон ҳушёр мамлакат саналаркан. (Худога шукр!) Европада спиртли ичимлик бир кишига йилда 14 литр атрофида, Ўзбекистонда эса 2 литр атрофида тўғри келар экан. Бу рақамни янада пастга туширсак, юртимиз янада тараққий этади, янада обод бўлади.
Ичкилик ва қиморга мубтало бўлганлар ўзига ўзи суиқасд қиладилар. Маст ҳолда фалокатга учраб ўлган кишиларга жаноза ўқилмаслигига айрим уламоларимиз фатво берганлар.
Аҳли ҳикмат дейдики, шароб ичган – заҳар ичгандир, ким хамр (маст қилувчи барча ичимликлар) сотишни ўзига ҳалол қилиб олса, тўнғиз гўштини ейишни ўзига ҳалол қилибди. Қорин ҳаром ичкилик билан тўлса, дунё муҳаббати устун келиб, ғофилликда яшайди.
Иймонни бир муаззам сарой десак, унинг ичига кирмоқ учун юриб бориш керак, балки тиконзорни яланг оёқ кечиб ўтишга тўғри келар. Иймон саройига ҳам сизни биров кўтариб олиб кирмайди. Бобур Мирзо таъкид этганларидек, эшикни астойдил қоққан одамларгина кирадилар. Асалариларнинг қўриқчилари ёмон жойга қўнган асалариларни уяга қўймас эканлар. Шунга кўра, иймон саройига оғзидан ароқ ҳиди гупуриб турганлар қўйилмайдилар. Уларнинг жойлари иймон саройи эмас, шайтон кулбаси бўлиб қолади. Расулуллоҳнинг ҳадисларида айтилишича: «Давомли хамр ичган киши бутга топингувчи кабидир. Ўлса, Аллоҳнинг ҳузурига бутпараст каби боради.» Аллоҳ асрасин! Дуо қилайлик: барча майпарастларни бу йўлдан қайтариб, ҳидоят берсин!
Нафсларимизни тарбиялашнинг энг биринчи шарти — тавбадир. Тавбалар ижобат бўлмоғини Аллоҳ насиб этсин.
Иймон саройига кирмоқ мушкул, аммо ундан чиқиш осондир. «Ёмонликлар онаси»дан юз ўгириб, ҳидоят онасига фарзанд бўлмоқликни Аллоҳ барчаларимизга насиб этсин.
Куёв тўра, сиз ҳалол билан ҳаромнинг фарқига борасиз, нафсингизга беклик қила олгувчи иродангиз бор экан, ёмонликлар онасига ҳеч қачон фарзанд бўлмайсиз, деб умид қиламиз-да, кейинги гурунгимизни бошлаймиз..

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 838 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ