Сайт бўлимлари
Хотиннинг бурчлари
- Подробности
- Бўлим: Эркаклар учун
- Чиққан санаси: 16 Апрель 2014
- (Нашр қилинган санаси)
1. Хотиннинг эрга итоат қилмоғи.
Исломда аёлнинг эрига итоат қилиши шариатга итоат қилишидир. Шунинг учун ҳам, шариатга хилоф ишларда аёлнинг ўз эрига итоат қилмасликка тўла ҳаққи бор.
Маълумки, ҳар бир жамиятнинг ўз раҳбари бўлади. Раҳбари бўлмаган жамиятнинг жамиятлиги қолмайди. Оила ҳам кичик бир жамият. Унда жамиятнинг барча белгилари митти кўринишда мавжуддир.
Оила ҳаётида бошлиқ вазифасини эр адо этишини бугунги кунда барча халқлар бир овоздан тасдиқламоқдалар. Исломда эрнинг оиладаги бу раҳбарлигига «масъулият» деб қаралади. Лекин «оила бошлиғи» дегани, баъзилар хаёл қилганидек, оиланинг бошқа аъзоларига жабр-зулм ўтказиш, «айтганим-айтган, деганим-деган» йўсинида «ҳокими мутлақ» бўлиш эмас. Балки бу ‒ эрнинг ўз оиласининг ҳамма тарафдан баркамол бўлиб, саодатли, тинч-омон яшашига оила бошлиғи сифатида масъул бўлишидир.
Оила кичик бир жамият. Унинг раҳбари эркакдир. Бинобарин, оиланинг саодатли бўлишининг шартларидан бири эрга итоатдир.
Баъзи эркаклар буни мутлақ ҳокимлик деб англайдилар. «Мен нимани хоҳласам, шу бўлиши керак» деб, шаръий ҳуқуқларини суйистеъмол қиладилар, ҳатто аёлларга зулм қилиш даражасигача етадилар ва буни, ўзларича, «шариат ҳукми» деб талқин қиладилар.
Баъзи аёллар эса, аксинча, эрга итоат қилишни хору-зорлик, ўзини пастга уриш, мутеълик деб тушунадилар-да, уни тан олмайдилар. Ана шундай саркашликлар натижасида орада тушунмовчиликлар келиб чиқади.
Аслида эса ундай эмас. Аввало, бу итоат чекланган, чунки шариат қоидаси бўйича, Аллоҳ гуноҳ деб ҳисоблаган ишларда бандага итоат қилиб бўлмайди.
Масалан, ота-онами, эрми, бошлиқми, ким бўлмасин, ҳаром, гуноҳ ишга буюрса, унга ҳеч ким бўйсунмайди. Қолаверса, оиладаги итоат эрнинг оила раҳбари сифатидаги ҳурмати юзасидан бўладиган итоатдир. Шунинг учун бу савобли иш оилавий ҳаёт доирасида ва ақл-идрок билан адо этилиши шарт.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида, эрига итоаткор аёлларнинг мақтовида қуйидагиларни айтади:
«Солиҳа аёллар итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир». (34-оят)
Яъни мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатида эрига итоаткорлик бордир. Биз «итоаткорлик» деб таржима қилаётган сўз ояти каримада «қонитаатун» лафзи ила келган. Бу сўз ўз иродаси, рағбати ва муҳаббати ила давомий итоат қилиш маъносини англатади. Демак, мўмина, солиҳа аёлнинг ўз эрига итоат қилиши қўрққанидан, мажбурликдан ёки бошқа бирор боисдан эмас, балки ўз масъулиятини тушунганлигидан келиб чиққан бўлади. Бу итоат ўзини тушунган, ҳаётдаги ўрнини, вазифаси ва масъулиятини ҳис этган оқил инсоннинг итоатидир.
Мўмина, солиҳа аёлларнинг ажойиб табиатларидан яна бири, улар:
«Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир.»
Яъни, эрлари ёнларида турган пайтлардагина эмас, бирор сабаб билан оиладан узокда бўлган чоғларида ҳам уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, обрў-эътиборларини, мол-мулкларини муҳофаза қиладилар. Муҳофаза қилишлари ҳавои нафсга мувофиқ ёки ўз фикрларича ёҳуд эрларининг талабига биноан бўлмайди. Балки, бу борада ягона ҳоким, ҳуқуқ ва бурчларни энг тўғри белгилаб берувчи олий ҳакам – Аллоҳ таоло бор. Шунинг учун ҳам, оятда «Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича», дейилмоқда. Бундай аёллар Аллоҳ таоло ҳифз қилинишини амр қилган нарсаларни муҳофаза қиладилар.
Имом Ибн Жарир Табарий ва Ибн Абу Ҳотим раҳимаҳуллоҳлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоат этадиган ва ғойиб бўлсанг, ўз нафсида ва молингда сени муҳофаза қиладиганидир», – деганлар.
Имом Аҳмад Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Агар қайси бир аёл беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер», дейилади», – деганлар.
Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳийрага борганимда уларнинг ўз марзубонларига сажда қилаётганларини кўрдим. Ўзимча, бундай қилишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақлироқлар, дедим.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, буни у зотга айтдим. Шунда у зот:
«Айт-чи, қабримнинг олдидан ўтсанг, унга сажда қилар¬мидинг?» – дедилар.
«Йўқ», – дедим.
«Ундай қилманглар! Агар бирор кишини бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлганимда, хотинларни – Аллоҳ уларга аёллари устидан берган ҳақнинг сабабидан – эрларига сажда қилишларига амр қилган бўлур эдим», – дедилар».
Абу Довуд, Ҳоким ва Термизий ривоят қилишган.
Термизийнинг лафзида:
«Агар бирор кишини бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлганимда, хотинни эрига сажда қилишга амр қилган бўлур эдим», дейилган.
Эр – оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади.
Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса, оиланинг бузилишига, бошқа кўплаб ноқулайликларга сабаб бўлади. Ушбу ҳақийқатни ҳар бир мусулмон оиланинг ҳар бир аъзоси яхшилаб тушуниб олмоғи зарур. Шу билан бирга, Аллоҳ таолога гуноҳ бўладиган ишларда эрга ҳам, ундан бошқага ҳам итоат қилиш йўқлиги умумий қоида эканлигини ҳам доимо ёдда тутиш керак.
2. Ҳузурида эри бор вақтда аёл киши эрнинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги лозим.
Аёлнинг ўз эри олдидаги ушбу бурчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан олинган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёл киши учун эри борида унинг изнисиз рўза тутмоғи ва унинг изнисиз уйига бировни киритмоғи ҳалол эмас», – дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Аёл кишининг фарз рўза тутиши учун ҳеч кимнинг изни керак эмас, лекин ҳузурида эри бор вақтда эрнинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги лозим. Эр ғойиблигида тутса, бўлаверади. Чунки, ҳар қандай пайтда эри у билан бирга бўлишга рағбат қилиб қолиши мумкин. Нафл рўза эса, бу ишга тўсиқ бўлади. Аёл киши эрининг изнисиз нафл рўза тутиб олган бўлса, эр бундан бехабар, аёли билан бирга бўлиш истагида ёнса-ю, мақсадга эриша олмаса, орада келишмовчилик, уриш-жанжал чиқиши мумкин. Бу нарсанинг бир неча марта такрорланиши эса, ёмон оқибатларга олиб бориши турган гап.
Қаранг, Исломда турмуш ўртоғининг шаръий ҳаққи нафл ибодатдан устун қўйилмоқда! Бу ҳақийқатни мусулмонлар жуда яхши тушуниб етмоқлари ва унга оғишмай амал қилмоқлари лозим.
3. Аёл киши эрининг рухсатисиз бегона одамни уйига киритмаслиги шарт.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёл киши учун эри борида унинг изнисиз рўза тутмоғи ва унинг изнисиз уйига бировни киритмоғи ҳалол эмас», – дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Аёл кишининг бегона одамни эрининг рухсатисиз уйига киритмаслиги ҳам эрнинг аёлдаги ҳақларидан биридир. Чунки, эри йўқлигида унинг уйига кирган одам туфайли оилага катта зарарлар етиши мумкин. Ўша одам ёмон одам бўлса, ёлғиз аёлга ёмон кўз билан қараши ёки тажовуз қилиши, оиланинг сирларини ташқарига олиб чиқиши ёхуд ўша одам эрига мутлақо ёқмайдиган, унга душман одам бўлиши мумкин.
Ўзини билган ҳар қандай муассаса ва ташкилот ҳам бошлиғининг изнисиз ўзининг ҳурматли жойларига ҳар кимни киритавермайди. Оиланинг муҳтарам маскани бўлмиш хонадонга, оила бошлиғининг изнисиз, тўғри келган одамни киритавериш ҳам эрга нисбатан ҳурматсизлик бўлади.
4. Аёл киши эри хоҳлаган вақтда, шаръий узр бўлмаса, унинг жинсий эҳтиёжини қондириши керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон эр хотинини ўз тўшагига чақирса-ю, у келишдан бош тортса, уни фаришталар тонг отгунча лаънатлаб чиқурлар», – дедилар».
Учовлари ривоят қилишган.
«Шаръий узр» дейилганда, фарз рўза тутган, ҳайз ёки нифос кўрган ҳолатга ўхшаш, динда жинсий алоқа манъ қилинган ҳолатлар кўзда тутилади. Эрдир, аёлдир, хоҳлаган вақтида ўз жуфти ҳалоли билан, оила доирасида, шаръий никоҳда, ҳалол-пок йўл билан жинсий эҳтиёжларини қондириш имкониятига эга бўлиши лозим. Зотан, эр-хотин бўлиб, оила қуриб яшашнинг имтиёзларидан бири ҳам шудир.
Аёл киши эри уни тўшакка чақирган пайтда бош тортса, ана ўша асосий мақсадлардан бирини бажаришдан бош тортган бўлади. Бу эса, аста-секин соғлик, меҳр-муҳаббат, ижтимоий ва бошқа тарафлардан зарарлар етишига, бора-бора оилада келишмовчилик келтириб чиқариши, ҳатто унинг бузилишига олиб бориши ҳам мумкин.
Шунинг учун ҳам, бу иш Ислом шариатида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган иш сифатида баҳоланган. Бу маънони ҳозирги замонда тибшунос, руҳшунос ва жамиятшунос мутахассислар ҳам тасдиқламоқда.
5. Аёл киши эри ёмон кўрадиган кишиларни уйга киритмаслиги ва унинг тўшагига ўтиргизмаслиги керак.
Амр ибн Аҳвас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Огоҳ бўлинглар! Албатта, сизнинг хотинларингизда ҳаққингиз бордир ва хотинларингизнинг сизда ҳақлари бордир. Сизнинг хотинингиздаги ҳаққингиздан – тўшагингизни сиз ёқтирмаган кишиларга бостирмасликлари ва сиз ёқтирмайдиган кишиларнинг уйингизга киришига изн бермасликларидир.
Огоҳ бўлинглар! Уларнинг сиздаги ҳақларидан – уларнинг кийим-кечакларини ва емоқ-ичмоқларини яхшилаб қўйишингиз¬дир», – дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Бу ишларнинг алоҳида таъкидланишининг боиси, кўпчилик наздида арзимас бўлиб кўринган мазкур нарсалар оилада уриш-жанжаллар келиб чиқишига, оиланинг бузилиб кетишига сабаб бўлиб келганлигидир.
Бировни ёмон кўриб қолиш – кўнгил иши. Эркак одам жуфти ҳалоли, ёстиқдоши томонидан ўзи ёмон кўрган одамга илтифот кўрсатилишидан ранжиши, буни кўнглидан чиқара олмаслиги турган гап. Шунинг учун ҳам, Ислом шариати аёлларга бу масалани алоҳида таъкидлаб уқтиради. Бу нарсани эрнинг энг муҳим ҳақларидан бири, деб тушунтиради.
6. Эрга нисбатан барча ишларда яхши муомалада бўлмоқ.
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг ҳури ийндан бўлган хотини: «Унга озор берма! Аллоҳ ҳалок қилсин сени! У сенинг олдингда келгинди бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб, биз томон жўнайди», – дейди», – дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шариф ҳам аёл киши ўз эри билан доимо яхши муомалада бўлиши кераклигига, эри ундан озор тортмаслик ҳаққига эга эканлигига далилдир. Ушбу ҳақни яхшилаб тушуниб олиш ва уни поймол қилмасликка ҳаракат қилиш жуда ҳам зарурдир.
7. Эри учун ўзини сақлаши.
Бунда аёл кишининг эрига итоатда бўлиш ва унинг ғазабини чиқармаслик учун ўзини турли нарсалардан сақлаб туриши кўзда тутилади.
Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида марҳамат қилади:
«Уйингизда қарор топинг. Илгариги жоҳилият¬нинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг». (33-оят)
Албатта, ҳар бир муслима ўз уйида қарор топмоғи лозим. Шунинг учун уларга виқорларини сақлаб, уйларида ўтириш амр қилинмоқда. Бундан «Аёллар уйдан чиқишлари мумкин эмас экан» деган фикр тушунилмайди. Ушбу ояти карималар нозил бўлганидан кейин ҳам муслима аёллар уйларидан чиққанлар. Нафақат уйдан чиққанлар, балки узоқ-узоқ сафарларга ҳам борганлар. Бу оятда аёл кишининг асосий жойи унинг уйи бўлиши керак¬лигига ишора қилинмоқда.
«Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг».
Жоҳилият вақтида аёллар очилиб-сочилиб, ясан-тусан қи¬либ, эркакларнинг эътиборини ўзига тортишга интилар эдилар. Ўзларини бозорга солиб, таналари ва зебу зийнатларини кўз-кўз қилар эдилар. Бундай очилиб-сочилиб юриш «табарруж» дейи¬лади. Аллоҳ таоло муслима аёлларни жоҳилият тузумининг аёл¬лари каби очиқ-сочиқ юрмасликка амр этмоқда. Бу амр ҳар бир муслима аёлга тегишлидир.
8. Шофеъий ва Моликий мазҳабларида ҳайз, нифос ва жунубликдан кейин ғусл қилиш хотиннинг бурчларидандир.
Чунки, хотин ҳайз ва нифосдан кейин ғусл қилмаса, эр унга яқинлашиши мумкин эмас. Шунинг учун у хотинини ғусл қилишга мажбурлаш ҳаққига эга. Жунуб аёл эса, тезроқ ғусл қилиб, намоз ўқиши лозим.
9. Эр маҳри муъажжални адо қилган бўлса, хотинини ўзи билан сафар қилишга таклиф қилса, у билан сафар қилиш хотиннинг бурчидир.
Яъни, аввал беришга келишилган маҳрни хотинга бериш билан эрнинг уни ўзи билан сафарга олиб кетиш ҳаққи ҳам собит бўлади.
10. Хотин ҳар бир нарсани эридан сўраб қилиши зарур.
Ҳар бир жойда ҳам раҳбардан изн сўраш жорий қоида бўлгани каби, шариатда аёл учун эрнинг ҳаққи улуғлигидан, у ҳар бир нарсани эридан изн олиб қилиши лозимдир. Эр оиланинг раҳбари бўлганидан кейин, аёл бирор иш қилмоқчи бўлса, аввал эрга изҳор қилиб, сўнг ишга қўл уриши икки тарафга ҳам яхшилик келтириши турган гап. Зотан, эр хотин учун энг ҳаққи улуғ инсон ҳисобланади.
Оиша розияллоҳу анҳадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Одамларнинг аёл кишида ҳаққи энг улуғи қайси?» – деб сўрадим.
«Эрининг», – дедилар».
Насаий ривоят қилган.
Аввал ўтган баъзи ҳадисларда аёлнинг эридан изн сўрайдиган нарсалари ичида нафл рўза тутиш ҳам борлигини кўрдик. Аллоҳга ибодат қилишда ҳам, баъзи ҳолатларда, эрдан изн сўраш кераклиги шундан кўриниб турибди.
Аллоҳ таоло эркак ва аёл бандаларидан имкон топганларига умрида бир марта ҳаж қилишни фарз қилган, нафл ҳаж қиладиган аёлга эса, эрининг рухсати ҳам шарт қилинган. Шунингдек, аёл киши садақа қилишда, уйдан чиқишда ва шунга ўхшаш нарсаларда эридан рухсат сўраши лозим.
Фақат соғ-саломатлик ҳолатида ота-онанинг зиёратига бир ҳафтада бир марта эр рухсат бермаса ҳам боришга, агар улар бемор бўлсалар, керагича боришга аёлнинг шаръий ҳаққи бор.
11. Эрга ёрдам бериш ва унинг риоясини қилиш.
Солиҳа аёл оила ишларининг барчасида эрига ёрдамчи бўлиши, унинг хизматини қилиши, унинг молини, обрўсини ва болаларини муҳофаза қилиши лозим. Ҳаётнинг иссиқ-совуқларида эрига ҳамдард ва ёрдамчи бўлиши матлубдир.
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Фотима алайҳассалом Набий соллаллоҳу алайҳи васал¬ламнинг ҳузурларига қўл тегирмонидан қўлига ета¬диган қийинчиликдан шикоят қилиш учун келди. Унга у Зотнинг ҳузурига қуллар келганлиги ҳақида хабар етган эди. Бас, унга улардан бирортаси тегмади. У буни Оишага зикр қилди. У Зот келганларида Оиша бу хабарни етказди.
У Зот биз уйқуга ёнбошлаб олганимизда олдимизга келдилар. Биз ўрнимиздан тура бошлаган эдик:
«Икковингиз маконингизда тураверинг», дедилар-да, мен билан у(Фотима)нинг орасига ўтирдилар. Ҳаттоки мен қорнимда у Зотнинг оёқларининг совуғини ҳис этдим.
Шунда у Зот:
«Икковингизни сўраган нарсангиздан кўра яхшироқ нарсага далолат қилайми? Қачон ёнбошларингизни олсангиз, ўттиз уч марта тасбеҳ айтинг, ўттиз уч марта ҳамд айтинг ва ўттиз тўрт марта такбир айтинг. Ана ўша иккингиз учун ходимдан кўра яхшироқдир», – дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо ким эканликлари сир эмас. У зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жигаргўшалари, бутун оламлар аёлларининг саййидаси, ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳунинг жуфти ҳалоллари. У киши ўз уйларидаги хизматларни ўзлари қилар эдилар.
Бошқа ривоятларда келганидек, уй супуриб кийимлари чанг бўлган, сув ташиб бўйинларига мешкобнинг ипи ботган, қозонга ўт ёқиб вужудларини тутун босган, қўл тегирмонда ун тортиб қўллари қаварган эди. Уй ишлари машаққатидан қийналиб кетган Фотима розияллоҳу анҳо бир куни оталари ‒ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қуллар келгани, уларни кишиларга хизматчи қилиб бўлиб бераётганларини эшитиб қолдилар.
Бошқалар хизматчи тутганда, бизда ҳам бир хизматчи бўлса нима қилибди, деган фикр билан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қўл тегирмон тортавериб қўллари қавариб кетганидан шикоят қилгани бордилар. У зот уйда йўқ эканлар, Фотима розияллоҳу анҳо шикоятларини Оиша онамизга айтаётиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қуллар келганлиги ҳақидаги хабар ўзларига етганини ҳам эслатиб қўйдилар. Сўнгра яна уй хизмати билан машғул бўлиш учун ортларига қайтдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга қайтиб келганларида Оиша онамиз бўлиб ўтган хабарни у зотга етказдилар. У зот, кеч бўлишига қарамай, Алий ва Фотима розияллоҳу анҳумонинг масканлари томон йўл олдилар. Кечқурун тушиб қолгани учун, икковлари жойларини солиб, ётиб олишган эди.
Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келганларини билиб, ўринларидан тура бошлаган эдилар, У зот қўймадилар. Жойингизда ётаверинг, деб ораларига келиб ўтирдилар ва бирдан мақсадга ўтдилар: «Мен сизларга икковингиз сўраган ходимдан кўра яхшироқ нарсани айтиб берайми? Ҳар кеч ўрнингизга ётганингизда ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳи», ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳи» ва ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар» десангиз, ана ўша сиз учун ходимдан кўра яхшироқ», – дедилар.
Ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб олган баъзи уламоларимиз: «Аёл кишининг уй хизматларини қилиши вожибдир», дейдилар. Бошқа бирлари эса: «Эрининг имкони бўлса, хизматчи олиб берса ҳам бўлади», дейдилар.
Имом Бухорий ва Имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳилар қилган ривоятда Абу Бакр Сиддиқнинг қизлари Асмо розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар:
«Зубайр менга уйланганида унинг моли ҳам, қули ҳам ёки бирор нарсаси ҳам йўқ эди. Фақатгина минадиган оти ва сув тортиб чиқарадиган ҳайвони бор эди. Мен унинг отига ем берар ва унга керакли бошқа ишларни ҳам қилар эдим. Шунингдек, сув тортадиган ҳайвонига ҳам ем-сув бериб, бошқа ишларни қилар, жумладан, хамир ҳам қорар эдим. Уч фарсахлик масофадан бошимда шох-шабба кўтариб келардим. Абу Бакр менга бир чўри юборди. У отга қарашга кифоя қилди. Мен худди чўриликдан озод бўлгандек бўлдим».
Адолат юзасидан айтишимиз лозимки, бу борада ҳаддидан ошганлар ҳам йўқ эмас. Хотинни чўри ўрнида кўрадиганлар ҳам талайгина. Баъзи қайноналарнинг келинларга қарата: «Менга чўри бўлсанг, юрасан, бўлмаса, кетасан», деганлари ҳам сир эмас. Албатта, бу даражага етиб бориш мутлақо ножоиздир.
Баъзи Ҳанафий уламолар: «Хотин эрининг хизматини қилиши вожиб», деганлар ҳам.
Демак, аёл ҳам, эркак ҳам бу масалада ўзи ташаббус кўрсатиши лозим. Бир-бирига ёрдам бериб, ўзаро ҳамкорликда рўзғор тебратишлари керак бўлади.
12. Эрнинг оила аъзоларига яхшилик қилиш.
Хотиннинг ўз эрига яхшилик қилиши сирасига унинг ота-онасига ва бошқа қариндошларига яхшилик қилиши ҳам киради. Зотан, эрнинг уларга яхшилик қилиши шариатнинг талабидир. Ота-онага яхшилик қилиш ва қариндошларга силаи раҳм қилиш қанчалик аҳамиятга эга эканлигини ҳар бир мусулмон яхши билади.
Юқорида зикр қилинган ишлар хотиннинг ўз эри олдидаги шариат белгилаган бурчларидир. Бу бурчларни адо этиш ҳар бир муслима аёл учун шараф ва савобдир.
Аёлнинг эрига нисбатан риоя қиладиган одоблари:
1. Муслима аёл Аллоҳ таолога маъсият бўлмаган барча нарсада эрининг розилигини топишга ҳаракат қилади.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир хотин ўлса-ю, эри ундан рози бўлса, у жаннатга киради», – дедилар».
Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.
2. Ҳаётдаги энг гўзал фазийлат қаноатдир. Рисоладаги хотин ўзини бу фазийлат билан зийнатламоғи даркор. Турли ҳою ҳавас деб, зеб-зийнат талаб қилиб, эрни қийин аҳволга солиш яхши эмас.
Аввалги момоларимиз ризқ-рўз топиш учун жўнаб кетаётган эрларига: «Ҳаром касб қилманг. Аллоҳдан қўрқинг. Биз очлик-ночорликка чидаймиз, лекин дўзахнинг азобига чидай олмаймиз», дер эканлар.
3. Эрга ихлос билан хизмат қилиш ҳам аёлларнинг юксак одобларидан биридир.
Улуғ имомлардан бири бўлмиш Жаъфар Содиқ раҳимаҳуллоҳ: «Бир солиҳа аёл ўз эрига етти кун хизмат қилса, Аллоҳ унинг қаршисидаги дўзахнинг етти эшигини ёпади ва жаннатнинг саккиз эшигини очади», – деган эдилар.
4. Хотин оилада чиройли амалларга одатланмоғи лозим. Қуръон ўқиш, китоб мутолаа қилиш, ахборотлардан хабардор бўлиш, ҳақийқатни ҳимоя қилиш шулар жумласидандир. Чунки, оқила ва маърифатли аёл ҳамиша эъзозда, эътиборда бўлади.
5. Уйнинг содда, саранжом-саришта бўлиши ҳам асосан хотин кишига боғлиқ. Уйнинг зийнати нақш-нигору аёлларда эмас, балки саришталик, тотувлик ва меҳр-муҳаббатда эканли¬гини ҳеч қачон унутмаслик керак.
6. Хотин киши эрининг виждонига айланиб, уни гуноҳдан, ёмон ишлардан қайтаради, савобга, яхши ишларга ундаб туради.
Бундай аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин банда Аллоҳга бўлган иймондан сўнг эришган энг яхши нарса солиҳа хотиндир, унга қараса, хурсанд қилади ва Аллоҳнинг амрини бажаришда ёрдам беради», деб мақтаган аёллар қаторига кирадилар.
7. Солиҳа хотин енгиллик пайтида ҳам, оғирчилик пайтида ҳам эри учун энг яқин киши, дардкаш, маслаҳатчи бўлади. Уни сабр-чидамга даъват қилади, тушкун кунларида кўнглини чўктирмай, доимо олдинга интилишга ундайди.
8. Солиҳа аёл ўз эрининг яқин ёрдамчиси, ишончли кишиси бўлиб, ҳамма нарсаларни тартибга солиб туради. Унинг қилмоқчи бўлган ишларига ҳурмат билан қараб, ваъда ва учрашувларини ўз вақтида ўтказишига ёрдам бериб боради. Бу ҳолат, албатта, эрни уйга боғлайди. Чунки у бу ерда роҳат-фароғат, ҳузур-ҳаловат топади.
9. Аёл киши эри ҳузурида ширинсухан, хушмуомала бўлиш билан бирга, тоза, чиройли кийинган, зийнатланган ҳолда бўлиши керак. Чунки бу нарса эр қалбига хурсандчилик, руҳига сокинлик киритади, қалбига қувонч бағишлайди.
10. Рисоладаги хотин эрининг олдида ҳам, ортидан ҳам обрўсини, молини сақлайди, шарафини муҳофаза қилади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 349 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар