1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Умр йўлдошини танлаш

 

 

 

Бўлажак умр йўлдошини танлашда турли қавмлар турли ўлчовларга асосланадилар. Кимдир келин танлашда унинг чиройини ўлчов қилиб олади, бошқаси бўлажак келиннинг молига қизиқади, учинчиси ҳасаб ва насабига эътибор беради ва ҳоказо. Шунингдек, куёв танлашда ҳам гоҳида куёвнинг мансабига, гоҳида бойлигига, баъзилар қуч-қуввати ёки чиройига қизиқадилар. Бунинг устига жамиятларда замон ва маконга қараб, бу каби ўлчовлар ва эътиборлар ўзгариб ҳам туради. Бир даврлар ва жамиятларда олий маълумотли умр йўлдоши танлаш урф бўлса, бошқаларида ундан бошқа сифатли умр йўлдошини танлаш одатга айланиши мумкин.
Кўпчилик бу ўта нозик масала бўйича нима қилишини билмай, боши қотади. Ота-оналар билан фарзандлар ўртасида, қавми қариндошлар ўртасида худди шу бобда турли тортишувлар, келишмовчиликлар, ҳатто жанжаллар ҳам бўлади. Ҳар ким ўзининг билимидан ёки тажрибасидан келиб чиқиб иш кўрмоқчи бўлади.
Мусулмон инсон учун эса бошқа масалалар қатори, бу масала – умр йўлдошини танлаш масаласи ҳам аллақачон ҳал этилган. Ҳал этилганда ҳам, ҳар бир нарсани ўта аниқлик билан биладиган, ҳар бир нарсада ўта хабардор бўлган Зот – Аллоҳ таолонинг шариати таълимотлари ила ҳал этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида умр йўлдошини танлаш ажойиб тарзда баён қилиб берилган.
Оила қурмоқчи бўлган тарафлар ана шу тайёр ва ўта ишончли манбага мурожаат қилсалар ҳамда уларни ўрганиб, амал қилсалар, ортиқча оворагарчилик ва бош қотиришга ўрин қолмайди.
Келинг, ҳаммамиз биргаликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари бўйича муносиб келин ва муносиб куёв танлашни ўрганиб чиқайлик. Авваламбор ишни муносиб келин танлашни ўрганишдан бошлайлик. Чунки одатда куёв тараф келин излаши ва совчилик қилиши урф бўлган. Лекин совчилик қилишдан олдин мулоҳаза қилиниши лозим бўлган муҳим масалалар бор.
Аввало, совчи қўйилиши кўзланаётган аёл совчи қўймоқчи бўлган эркакка никоҳи шариатда ҳаром қилинмаган бўлиши керак. Никоҳи ҳаром қилинган аёллар қуйидагилардир:

НИКОҲИ ҲАРОМ ҚИЛИНГАН АЁЛЛАР

Совчи қўйишга тайёрланаётган одам ўзи танлайдиган аёлнинг никоҳи ўзига шаръий равишда ҳалол бўлиши кераклигини аниқлаши лозим. Аллоҳ таоло турли сабаб ва ҳикматларга кўра, ҳар бир эркакка бир неча тоифа аёлларнинг никоҳини ҳаром қилган, эр киши уларга уйланиши мумкин эмас, бундай қилиши ҳаром ҳисобланади. Ким шу ишни қилса, гуноҳкор бўлади. Мазкур гуноҳга қолмаслик учун ҳар бир мусулмон бу масалани яхшилаб тушуниб олмоғи керак.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида марҳамат қилади:

«Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари ҳаром қилинди. Агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз (қизларига уйланишингизда) гуноҳ йўқ. Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари, опа-сингилни қўшиб олмоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимли Зотдир.
Қўлингизга мулк бўлиб тушганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди). Бу сизларга Аллоҳнинг ёзганидир», (23-, 24-оятлар).
Исломдан бошқа дийн ва жамиятларнинг ҳам ушбу масалада ўз таълимотлари ва ҳукмлари бор. Уларнинг баъзилари Исломники билан тўғри келса, кўплари нотўғридир. Баъзи тузумларда Аллоҳ ҳаром қилган тоифадаги аёлларнинг никоҳини ҳалол қилишган. Ҳатто онасига уйланишга ҳам рухсат берилган. Бошқа бир тузумларда эса қабиласи бошқа, танасининг ранги бошқа, табақаси бошқа ёки шунга ўхшаш бошқа шартлар билан аёлларнинг никоҳи ҳаром қилинган.
Ислом эса улкан ҳикматларни эътиборга олиб, насаб алоқаси, эмикдошлик алоқаси ва қудачилик алоқаси туфайли маълум тоифа аёлларнинг никоҳини маълум тоифа эркакларга ҳаром қилган. Буни бирма-бир ўрганиб чиқайлик.
Насаб алоқаси туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар:
«Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари» ҳаром қилинди.
1. Никоҳи ҳаром қилинган аёллар тоифаси ояти каримада «оналар»дан бошланган.
Онага момолар, яъни ота-онанинг оналарига эркакнинг никоҳи ҳаромдир. Буни шарҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Ўз онасига эрлик қилиш нафақат инсонга, балки ваҳший ҳайвонлар табиатига ҳам зиддир. Ахир у онасининг бир парчаси ҳисобланади.
Бунинг устига, насаб жиҳатидан яқин бўлган кишиларнинг никоҳи икки томон соғлиғи учун ҳам зарар эканлиги ҳаммага маълум. Улардан бўлган фарзандлар нимжон, касалманд ва ногирон бўлиб туғилиши аниқланган.
2. Кейинги тоифа «қизларингиз»дир.
Бунга кишининг ўзидан тарқалган зурриётлари, жумладан, набира қизлари ва улардан кейинги табақалар ҳам киради.
Ўз жигаргўшаси бўлмиш қизининг эри бўлишни ўзига эп кўриш учун инсон инсонликдан чиқиши керак! Бу иш инсоний табиатга мутлақо зид бўлганлиги учун ҳам Ислом шариатида ҳаром қилинган.
3. «Опа-сингилларингиз».
Туғишган бўлса ҳам, ота бир, она бошқа ёки она бир, ота бошқа бўлса ҳам, опа-сингилларнинг никоҳлари ҳаромдир.
Аввало буларнинг асллари бир – бир қондан, бир қоринда пайдо бўлиб, бир хил сутдан катта бўлганлар. Инсонийлик табиатининг ўзи уларнинг эру хотин бўлишини кўтармайди. Уларнинг никоҳларидан келадиган тиббий зарарлардан ташқари, ижтимоий зарарлари ҳам кўп.
Агар мазкур шахслар орасида никоҳ жоиз бўлса, улар бир оила аъзолари сифатида бирга яшаш ва инсоний алоқаларда бўлиш имконига эга бўлмай қоладилар. Чунки никоҳи жоиз эркак-аёл бир жойда туриши, ёлғиз қолиши кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Хотин эрини унинг опа-сингилларидан ҳам қизғанадиган бўлиб қолади. Бу мулоҳаза бошқа тоифаларга ҳам жорийдир.
4. «Аммаларингиз ва холаларингиз».
Булар билан ҳам насаб алоқалари бўлиб, бу одамлар ҳам юқорида зикр қилинган тоифаларга ўхшашдир. Амма-холалар, одатда онанинг ўрнига ўтадиган, ота ва она тарафнинг вакиллари ҳисобланадилар. Улар билан никоҳда бўлиш, соғлиқ, ахлоқ-одоб ва қариндошлик жиҳатларидан катта зарарлар келтиради.
5. «Ака-укаларингизнинг қизлари ва опа-сингилларин¬гизнинг қизлари».
Булар ҳам насаб томонидан алоқадор бўлиб, аввалги зикр қилинган ва яна Аллоҳнинг Ўзи биладиган бошқа ҳикматлар учун улар орасида никоҳ ҳаром қилинган.
Эмизиш туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар:
6. «...эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларин¬гиз»нинг никоҳи ҳаром қилинди.
Бу жумлада эмиш орқали никоҳи ҳаром бўлган аёллар зикр қилинмоқда. Ояти каримада фақат икки тоифа – эмиш туфайли аслга айланган, яъни она бўлганлар ва уларнинг шоҳобчалари бўлмиш эмикдош опа-сингилларгина зикр қилинмоқда.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса бу борада «Насаб жиҳатидан (никоҳи) ҳаром бўлганлар эмиш жиҳатидан ҳам ҳаром бўладилар», деганлар. Яъни насаб жиҳатидан қайси тоифадаги аёлларга никоҳланиш ҳаром бўлса, сут қардошлик туфайли ҳам ўша тоифаларнинг никоҳи ҳаром бўлади.
Бундай ҳукмлар остига кирадиган эмиш шуки, икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг онасидан бошқа сутли аёлни тўйиб эмишидир. Ана ўшанда у аёл боланинг онасига, эри эса отасига, болалари ака-укаси ва опа-сингилларига айланадилар. Шунингдек, бошқа қариндошлари ҳам эмган болага хеш бўладилар. Бу ҳукмнинг ҳикмати тўлалигича Аллоҳнинг Ўзига маълум. Аммо баъзи ҳикматлари ушбу ояти карима нозил бўлганидан бир неча асрлар ўтиб, маълум бўлди. Гўдакнинг суяги ва эти она сутидан шаклланар экан. Бир онанинг сутини эмиб катта бўлган инсонларнинг физиологик хусусиятлари бир хил шаклланганлиги туфайли улар орасида никоҳ алоқаси бўлса, ўзларига ҳам, улардан бўлган болаларга ҳам катта зарар етади. Буни мусулмонлардан бошқалар энди-энди тушуниб келмоқдалар.
Қудачилик асосида никоҳи ҳаром қилинган аёллар:
«...хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари ҳаром қи¬линди. Агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, (қиз¬ларига уйланишингизда) гуноҳ йўқ. Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари, опа-сингилни қўшиб олмо¬ғингиз ҳаром қилинди. Магар агар аввал ўтган бўлса, май¬ли. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимли Зотдир».
7. «Хотинларингизнинг оналари».
Қайноналар ва катта қайноналарга (қайнота тарафдан бўлса ҳам, қайнона тарафдан бўлса ҳам) уйланиш куёв учун ҳаром. Булар қудачилик алоқалари туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар тоифасига кирадилар. Қайнона ҳам она, унга уйланиш ҳеч мумкин эмас. Қизи билан бўлган оилавий ҳаётнинг ҳурмати бор. Қолаверса, агар қайнонага уйланиш мумкин бўлса, қизи эрини ундан қизғаниб, она-боланинг орасидаги алоқалар ҳам бузилиши табиий.
8. «Ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиз¬даги қизлари».
Шариат ҳукми бўйича эркак ва аёл рози бўлиб, ақду никоҳ ўтиши билан эру хотинга айланадилар. Уларннг бирга эр-хотинлик қилиб яшашлари араб тилида «духул бўлди», дейилади. Аммо ақду никоҳдан сўнг бирга яшамасдан турган ҳоллари ҳам бўлиши мумкин. Бу икки ҳолатнинг ўзига хос ҳукмлари бор. Ушбу ҳолатларни биз таржимада «қовушган» ёки «қовушмаган» деб зикр қилдик.
Ана ўша ҳолатларга тегишли ҳукмлардан бири никоҳи ҳаром бўлган аёллар масаласида ҳам келмоқда. Яъни бир одам аёл киши билан никоҳ ақдини ўтказиб, қовушган бўлса, ўша хотиннинг аввалги эридан бўлган қизи бу эркакка ҳаром бўлади.
Ояти каримада «қарамоғингиздаги қизлари» дейилиши кўпинча одатни эътиборга олиб айтилган. Аслида ўгай қиз ўгай отасининг қарамоғида бўлмаса ҳам, унга никоҳи ҳаром бўлаверади. Бу ҳукмнинг ҳикмати ҳам аниқ кўриниб турибди. Агар эркак кишига ўгай қизига уйланишга рухсат берилса, у қизнинг ўз онаси билан муносабатлари қийинлашади. Қолавер¬са, ўгай қиз ҳам қиз ўрнида. Аммо юқоридаги шартга кўра, ақду никоҳи бўлган-у, ҳали қовушмаган аёл билан ажрашса, унинг қизига уйланса бўлади.
9. «Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинла¬ри».
Яъни келинлар. Бу ерда «пуштингиздан бўлган ўғилла¬рингиз» деб қайд қилиш билан бирга, тутинган ўғиллар бу ҳукмга кирмаслиги аён бўлмоқда. Келинларга уйланишни ман қилишда ахлоқий, инсоний эътиборлар билан бирга, худди юқоридаги ҳолатларга ўхшаб, қариндошлик алоқаларини эҳтиётлаш ҳикмати ҳам бор.
Мазкур тоифаларнинг никоҳи абадий ҳаромдир.
10. «Опа-сингилни қўшиб олмоғингиз ҳаром қилинди».
Яъни бир киши ўз никоҳида турган хотинининг опа-синглисига уйланиши мумкин эмас. Бундай никоҳнинг ҳаромлиги вақтинчадир. Агар никоҳида турган опа ёки сингил билан никоҳ алоқаси узилса, у ҳолда унинг опаси ёки синглисига уйланса бўлаверади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл билан унинг аммасини ёки холасини қўшиб хотин қилишни ман қилганлар. Бундай никоҳлар қариндош хотинлар орасидаги муносабатларни бузади, шунинг учун ҳаром қилинган.
Оятнинг охирида:
«Магар аввал ўтган бўлса, майли», дейилмоқда.
Яъни Исломнинг ушбу ҳукми тушган пайтгача бунга ўхшаш никоҳлар бўлган бўлса, кечирилади. Чунки ҳукм жорий қилинмасдан олдин эски урф-одатга биноан қилинган, деб ҳисобланади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Заҳҳок ибн Феруздан, у киши отасидан қилган ривоятда:
«Мусулмон бўлганимда икки хотиним бир-бирига опа-сингил эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан бирини талоқ қилишимни буюрдилар», дейди.
11. «Қўлингизга мулк бўлиб тушганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди)».
Демак, эри бор аёлга уйланиш ҳаром. Эри ўлиб ёки эридан ажрашиб, идда ўтирган аёллар ҳам, идда муддати ичида эрли аёллар қаторига киради. Буларнинг никоҳи ҳам вақтинча ҳаромдир.
Сўнгра оятда:
«Бу сизларга Аллоҳнинг ёзганидир», дейилади.
Яъни мазкур ҳукмлар Аллоҳнинг амридир, бошқа бировники эмас. Шунинг учун ҳам унга амал қилиш – барчанинг бурчи. Бурчни адо этмаганлар жазога лойиқдир.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида марҳамат қилади:

Оталарингиз ўз никоҳига олган аёлларни сиз ўз никоҳингизга олманг! Аввал ўтган бўлса, майли. Бу иш, албатта, фоҳиша, ғазабнок иш ва қандай ёмон йўлдир!» (22-оят).
Жоҳилият даврида ўгай онага уйланиш одати бор эди. Бу кўпинча «азл»га – аёлларни зулм ила беҳуда тутиб туришга ҳам сабаб бўлар эди. Чунки аксар пайтда боланинг катта бўлиб вояга етишини, сўнгра отасининг хотинига – ўгай онасига уйланишини кутишга тўғри келар эди. Агар ўғли отаси ўлган пайтда вояга етган бўлса, ўгай онаси унга мерос тариқасида хотин бўлиб қолар эди. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилиб, бу ишни ҳаром этди.
«Оталарингиз ўз никоҳларига олган аёлларни сиз ўз никоҳингизга олманг! Аввал ўтган бўлса, майли».
Яъни ушбу ояти карима нозил бўлгандан кейин отанинг никоҳида бўлган аёлга ўғил никоҳланиши тамоман ҳаром этилди. Бу иш ояти карима нозил бўлишидан олдин, жоҳилият одати бўйича содир этилган бўлса, кечирилади. Аллоҳ таоло мусулмонларга ўз оталари уйланган аёлга уйланишни шу йўл ила ҳаром этди. Ҳаром этганда ҳам, отанинг никоҳида бўлган аёлларга ўғилнинг уйланиши мумкин эмаслигини эълон қилиб қўйиш билан кифояланмай, бу ишнинг ғазабнок эканлигини ҳам айтди, Аллоҳнинг ғазабини чиқарадиган иш нақадар ёмон йўл, деб таърифлади:
«Бу иш, албатта, фоҳиша, ғазабнок иш ва қандай ҳам ёмон йўлдир!»
Ҳақийқатдан ҳам бу иш инсонгарчиликка тўғри келмайди. Чунки ота билан муқаддас алоқада бўлган аёл ўғилга она ҳисобланади. Отанинг ҳурмати бор, ахир! Иккинчидан, одатда эр ўз хотинининг биринчи эрини ёмон кўради. Агар ўғил отасининг хотинига уйланса, марҳум отасига муносабати қандай бўлади? Оятнинг бу ишни ғоят катта разолат деб таърифлашининг боиси ҳам шу. Бу ишни қилган одамга нисбатан кўриладиган чора ҳам ниҳоятда қаттиқ, ким шундай разолатга ботса, дийнидан қайтган ҳисобланади. Ўзи ўлдирилади, молу мулки мусулмонларнинг байтул молига қўшилади.
Имом Аҳмад ва «Сунан» соҳиблари Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан, у киши тоғалари Абу Бурдадан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини отасидан кейин ўгай онасига уйланган бир одамга юбориб, уни ўлдириб, молини олиб келишга амр қилганлар.
Имом Аҳмад ривоят қиладилар:
«Баро ибн Озиб айтади:
«Олдимдан амаким (Ҳорис ибн Умайр) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам берган байроқни кўтариб ўтиб қолди. Унга:
«Ҳа, амаки, Набий алайҳиссалом сизни қаёққа юбордилар?» деб сўрадим. У киши:
«Отасининг хотинига уйланган кишига юбордилар. Унинг калласини олишга амр қилдилар», деди».
Кўриниб турибдики, Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан келган ривоят икки хил бўлиб, бири тоғалари Абу Бурдадан, иккинчиси амакилари Ҳорис ибн Умайрдан экан.

Оиша розияллоҳу анҳадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Туғилиш туфайли ҳаром бўлганлар эмизиш туфайли ҳам ҳаром бўлади», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Туғишганлик, яъни насаб алоқаси бўйича қайси тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмизиш орқали, яъни бировнинг боласини бегона аёл эмизиши туфайли содир бўладиган эмикдошлик яқинлиги туфайли ҳам ўша тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлади.
Мисол учун, туққан онасининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмизган онасининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади. Туғишган синглисининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмикдош синглисининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади ва ҳоказо.
Никоҳи ҳаром қилинган аёллар ҳақидаги далиллар ўрганиб чиқилганидан сўнг уламоларимиз уларни бир неча гуруҳларга тақсим қилганлар:
1. Никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар.
2. Никоҳи вақтинча ҳаром қилинган аёллар.
Никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар уч хил бўлади:
а) Насаб йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар.
б) Эмизиш йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар.
в) Қудачилик асосида никоҳи абадий ҳаром бўлган аёллар.
Насаб йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар қуйидагилар:
1. Она
2. Қиз.
3. Опа-сингиллар.
4. Аммалар.
5. Холалар.
6. Ака-укаларнинг, опа-сингилларнинг қизлари.
Эмизиш йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар қуйидагилар:
1. Эмизган она. Бунга момолар ҳам киради.
2. Эмикдош қиз.
3. Эмикдош опа-сингиллар.
Бу хилдаги опа-сингилларда эмиш йўли билан турли ҳолатлар юзага келиши мумкин:
а) Бир боланинг онасини бегона қиз эмса, улар орасида эмикдошлик – опа-сингиллик ёки опа-укалик пайдо бўлади.
б) Бир бола бегона аёлни эмса, аёлнинг туққан қизлари боланинг опа-сингилларига айланади.
в) Бир бола ва бир қиз бошқа бир аёлни эмсалар ҳам эмикдош ака-сингил бўладилар.
4. Эмикдош аммалар.
Бир ўғил бола бегона аёлни эмса, ўша аёлнинг эрининг опа-сингиллари унга эмикдош аммаларига айланадилар ва боланинг уларга уйланиши ҳаром бўлади.
5. Эмикдош холалар.
Бир ўғил бола бегона аёлни эмса, ўша аёлнинг опа-сингиллари мазкур болага эмикдош холаларига айланадилар ва уларга уйланиши ҳаром бўлади.
6. Эмикдош ака-укаларнинг қизлари.
Бола ўз онасини эмган бегона болалар билан, ўзини эмизган бегона аёлнинг болалари билан ва ўзи билан бирга бошқа бегона аёлни эмишган болалар билан эмикдош ака-укага айланадилар. Ана ўша эмикдош ака-укаларга бир-бирларининг қизларига уйланишлари ҳаром бўлади.
7. Эмикдош опа-сингилларнинг қизлари.
Эмикдош опа-сингиллар ким эканлигини аввалда айтиб ўтдик. Уларнинг қизларига уйланиш ҳам ҳаромдир.
8. Эмикдош қайноналар.
Бунда хотинининг эмизган онаси ва момоси кўзда тутилган. У хотин ақди никоҳ қилиши билан, худди насаб жиҳатидан унга она ва момо бўлган аёллар унинг эрига ҳаром бўлганидек, аёлнинг эмикдош она ва момолари ҳам ҳаром бўладилар.
9. Эмикдошлик бўйича ўгай она ва момолари.
Бошқача қилиб айтганда, бир кишига уни эмизган аёлнинг эрининг бошқа хотинлари ва уларнинг оналари ҳам ҳаром бўлади.
10. Эмикдош фарзандларнинг хотинлари.
Бир одамнинг хотини эмизган боланинг хотини унинг эрига ҳаром бўлади. Чунки бу ҳолда эмикдошлик ўғилнинг хотини, у эркакка эмикдош келин бўлади. Насабий келинга уйланиш абадий ҳаром бўлгандек, эмикдош келинга уйланиш ҳам абадий ҳаромдир.
11. Хотинининг эмизган қизи.
Бир киши хотин олди. У хотин бошқа эридалик чоғида бир қизни эмизган эди. Ўша қиз янги эрга эмикдошлик бўйича ўгай қиз бўлади. Агар эркак хотин билан эр-хотин бўлиб, қовушиб яшаган бўлса, қиз унга абадий ҳаром бўлади. Агар хотинга никоҳ ақди қилиб, бирга яшамай, ажрашса, унинг эмизган қизига уйланса бўлади. Зотан, насаб масаласи ҳам шунга ўхшаш.
Эмикдош қариндошлар билан никоҳда бўлишнинг ҳаром қилинишининг тўла ҳикмати, бошқа ҳукмларнинг тўла ҳикмати каби фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум.
Аммо бу ҳукмнинг ҳозирча бизга маълум бўлган ҳикматлари ҳам бор. Гўдак фарзанднинг суяги ва эти она сути туфайли шаклланади. Бу инсоннинг бутун вужудида унинг эмган сутининг доимий таъсири бўлади, деганидир. Чунки суяк ва эт инсонда умр бўйи қоладиган ва ҳар лаҳзада вужудга ўз таъсирини ўтказиб турадиган нарсалардир.
Ана шундай таъсирга эга бўлган бир хил сутдан эмиб, катта бўлган кишиларнинг никоҳ алоқасида бўлишлари ўта зарарли бўлади. Уларнинг соғлиқларига ҳам, улардан пайдо бўладиган зурриётга ҳам катта мусибат етиши мумкин. Бунинг устига аёл киши гўдакни эмизганида унга фақат сутинигина ўтказмайди, балки меҳр-муҳаббатини, ўзидаги ҳис-туйғуларни, руҳий-маънавий ҳолатларини ҳам ўтказади. Ана ўшандай нарсаларда шерик бўлган кишиларнинг никоҳ алоқасида бўлишлари яхши эмас.
Худодан юз ўгирганлар ҳам бу ҳақийқатни энди-энди тушуниб келмоқдалар. Улар она сутидаги хислатларни тан олмоқдалар ва бир кун келиб, Исломнинг бу ҳукмини ҳам тан олишлари турган гап.
Қудачилик асосида никоҳи абадий ҳаром бўлган аёллар:
1. Ўгай оналар.
2. Фарзандларнинг хотинлари.
3. Қайноналар.
4. Ўгай қизлар.
Яъни хотиннинг бошқа эридан бўлган қизи ҳам эрга ҳаром бўлади. Бунга ўгай қиз набиралар ҳам киради. Ушбу масалада Қуръони Каримда бошқа тоифалардан фарқли равишда тафсилот келган.
Бир киши бир аёлга никоҳ ақди қилсаю бирга эр хотин бўлиб яшамай, қовушмай ажрашган бўлса, у аёлнинг бошқа эридан бўлган қизига уйланса бўлади. Аммо ақди никоҳдан кейин эр-хотин бўлиб яшаган, қовушган бўлса, унинг бошқа эридан бўлган қизига уйланиб бўлмайди. Чунки онасини хотин қилганидан кейин у аёлнинг қизи ҳам эркакка худди ўз қизидек бўлиб қолади. Агар онаси билан никоҳда бўлганидан кейин, у билан ажрашиб, қизини олиш мумкин бўлса, она билан қизнинг орасидаги алоқаларга футур етади. Она ўзининг иккинчи эрини бошқа эридан бўлган қизидан рашк қиладиган бўлиб қолади.
Уламоларимиз шу маънодаги масалада бир қоида ишлаб чиққанлар. У қоидада:
«Қизларга ақди никоҳ қилиш оналарни ҳаром қилади. Оналар билан қовушиш қизларни ҳаром қилади», дейилади.
Баъзи уламолар ушбу қоидага биноан, «Бир одам аёл киши билан фосид никоҳ орқали ёки зино йўли билан қовушган бўлса ҳам ўша аёлнинг қизи у эркакка ҳаром бўлади», деганлар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қудачилик алоқалари туфайли баъзи аёлларнинг никоҳи абадий ҳаром қилиниши ҳам Ислом шариатининг бошқа ҳукмлари каби улкан ҳикматларга асослангандир.
Аввало, қудачилик алоқалари Аллоҳ таоло томонидан берилган бир неъматдир. У орқали бир-бирига бегона кишилар қариндош бўладилар. Ана шундай Аллоҳнинг номи, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида ўрнатилган алоқанинг ўзига яраша ҳурмат-эҳтироми бўлиши керак.
Шунинг учун ҳам Исломда қудачилик алоқаси керакли нуқталарда насаб алоқасига тенглаштирилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида:
«Қудачилик яқинлиги ҳам худди насаб яқинлиги кабидир», деганлар.
Шунинг учун ҳам насаб йўли билан қайси тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаром қилинган бўлса, қудачилик йўли билан ҳам худди ўша тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаром қилинган.
Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Насабдан етти ва қудачиликдан ҳам етти (тоифа аёл) ҳаром қилинди», деганлар.
Шу билан бирга, қудачилик туфайли никоҳни ҳаром қилиш йўли билан шак-шубҳалардан холи бўлган ҳолда қариндошлик алоқаларини ривожлантиришга йўл очилган.
Никоҳи вақтинчалик ҳаром қилинган аёллар:
Бу ҳолда эр киши учун маълум бир аёлга уйланиш маълум бир сабабга биноан, вақтинчалик ҳаром бўлади. Агар ўша сабаб йўқ бўлса, у аёлга уйланса бўлаверади. Никоҳи вақтинчалик ҳаром бўлган аёллар қуйидагилар:
1. Ўзи уч талоқ қилган аёл.
Эр киши ўз аёлини бир талоқ ёки икки талоқ қилса, қайтадан ярашса бўлади. Аммо уч талоқ қилгандан кейин ўша эр учун у аёл вақтинчалик ҳаромга айланади. Қуръони Каримнинг ҳукмига биноан, у аёл бошқа эрга тегиб, бу эри билан табиий ҳолатда ўлим ёки талоқ туфайли ажрашгандан кейингина биринчи эрга никоҳи ҳалол бўлади. Бунинг учун албатта, иккинчи эр билан эр хотин бўлиб яшаши шарт. Иккинчи эр жинсий алоқага қодир эмас киши бўлса, аёл қайтадан биринчи эрга ҳалол бўлмайди. Никоҳ тўғри никоҳ бўлиши ҳам шарт қилинган.
2. Эри бор аёл.
Эри бор аёл ҳам, модомики эри билан никоҳ алоқаси бор экан, бошқа эркак учун никоҳи ҳаром бўлади. Аллоҳ таоло эрлик аёлларга уйланиш мумкин эмаслигини Қуръони Каримда баён қилган.
Эри бор аёлга никоҳ маъносида кўз тикиш ҳам жоиз эмас. У бировнинг ҳаққи ҳисобланади. Бу иш бировнинг ҳаққига нисбатан тажовузкорлик ҳисобланади. Агар ушбу ҳукм бўлмаса, оилаларнинг тинчи қолмайди, насаблар аралашиб кетади.
3. Идда ўтирган аёл.
Эридан талоқ ёки вафот туфайли ажршиб, идда ўтирган аёлга уйланиш ҳам ҳаром. Совчи қўйиш бобида ундай аёлга ҳатто совчи қўйиш ҳам ҳаром эканлиги ҳақида гапириб ўтган эдик. Бу ҳолда аввалги эрнинг ҳурматидан ўтирилаётган идда чиққунча кутиб туриш керак бўлади.
Идда ўтирган аёлга уйланувчи одам аввало, ўша ҳурматни оёқости қилган бўлади. Бу пайтда аёл аввалги эридан ҳомила бўлган-бўлмаганлигини аниқлаш учун ҳам идда ўтирган бўлади. Иддадаги аёлга уйланган одам наслу насабнинг бузилишига ҳам сабабчи бўлади.
4. Самовий динга эътиқод қилмайдиган аёл.
Бу мусулмон киши учун муслима, масиҳия ва яҳудия аёлдан бошқа аёлга уйланиб бўлмаслигини билдиради. Самовий дин деганда, Ислом, масиҳий ва яҳудий динлари тушунилади. Булардан бошқа ҳар қандай динга эътиқод қилувчи ёки умуман, динсиз, эътиқодсиз хотинга уйланиб бўлмайди.
Шунингдек, Исломдан юз ўгирган, муртад аёлга ҳам уйланиб бўлмайди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мусулмонларга мушрика аёлларга то улар иймонга келмагунларича уйланмасликни қаттиқ тайинлаган. Албатта, бу ҳукм ҳам беҳикмат эмас. Мушрика аёлнинг мусулмон кишига хотин бўлиши жуда ҳам қийин. Чунки ақидадаги ихтилоф катта ихтилофдир. Хотин киши доимо эрига таъсир ўтказиб туради. Бу эса мусулмон киши учун ўта хавфлидир. Самовий китоби йўқ, турли бидъат-хурофотларга эътиқод қиладиган, Аллоҳ ва Пайғамбар, Қиёмат, савоб ёки гуноҳ каби тушунчалардан йироқ бўлган аёл билан бир ёстиққа бош қўйиш турли-туман муаммоларни келтириб чиқаради. Болалар масаласида ҳам мушкулотлар келиб чиқади. Бундай никоҳ туфайли эру хотин орасида бирдамлик, хотиржамлик ва ўзаро ёрдам юзага чиқиши қийин. Эътиқоддаги йироқлик доимо ўзини кўрсатиб туради. Икки томон доимо бир-биридан чўчиб, ўзи ёқтирмаган ҳолни кутиб туради. Аллоҳга, Пайғамбарга, Қиёматга, ҳисоб-китобга ва шу каби нарсаларга иймони йўқ ёки нотўғри эътиқоддаги аёлдан яхшилик кутиб бўлмайди. У ҳар лаҳзада хиёнат қилиши мумкин.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мушриклар билан никоҳ алоқаси ўрнатмаслик ҳақидаги амрини билдирган оятдан кейинги оятда «Ана ўшалар дўзахга чақирурлар», деган.
Демак, мушрикага никоҳланиш билан мусулмон эркак дўзахга бўлган даъватга яқинлашган бўлади. Шунинг учун мусулмонман, деган одам бу ишни хаёлига ҳам келтирмаслиги керак.
Аллоҳ таоло мусулмонларга ғайридийн аёллардан фақат масиҳий ва яҳудий дийнига эътиқод қиладиганларига уйланишга рухсат берган, холос.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида марҳамат қилади:

«Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Ва китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Мўминаларнинг афийфалари ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган афийфалар ҳам», (5-оят).
Шу ояти кариманинг ҳукмига биноан, баъзи саҳобаи киромлар ҳам аҳли китоб – масиҳий ва яҳудий аёлларга уйланганлар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Ноила бинти Фироза ал-Калбия исмли масиҳий аёлга уйланганлар. У аёл кейин Ҳазрати Усмон билан яшаб туриб, мусулмон бўлган. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ҳам мадоинлик яҳудий аёлга уйланганлар.
Чунки масиҳий ва яҳудий динидаги аёлларнинг ҳам Аллоҳга, илоҳий китобга, Пайғамбарларга, Қиёматга, ўлгандан кейин қайта тирилишга, ҳисоб-китобга ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларга иймони бор бўлади. Бу маънолар уни Исломга бошқалардан кўра кўпроқ яқинлаштиради. Шунинг учун мусулмон эри билан яхшиликда яшаши мумкинлиги умид қилинади.
Шу билан бирга, барча мазҳаблар бўйича ҳам бундай никоҳ макруҳ ҳисобланади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам ўз даврларида аҳли китоб аёлларга уйланган кишиларга уларни талоқ қилишни амр қилганлар. Кишилар «Нима, уларга уйланиш ҳаромми?» деб сўрашганида «Йўқ, лекин мен улардан бузуқларига кўнгил бериб кетишингиздан қўрқдим», деганлар.
Дарҳақийқат, муслималарни қўйиб, масиҳий ва яҳудийларга уйланишда катта ижтимоий, миллий ва дийний зарарлар бор, дейдилар уламоларимиз. Ғайридийн аёлга уйланиш Ислом жамияти ичига бегона унсурни олиб кириш билан баробардир. Ундай хотинлар эрларини йўлдан уриб, дийндан чиқаришлари осон. Улар жамиятдаги бошқа аёлларга ҳам ёмон таъсир ўтказадилар. Болалар тарбиясида ҳам салбий оқибатлар келтириб чиқарадилар. Энг ёмон тарафларидан бири, Ислом жамиятидаги сир-асрорларни ўз юртига, элига олиб боради.
Юқорида айтиб ўтилган никоҳи ҳаром бўлган тоифаларга кирмайдиган ва совчилик қилиш мумкин бўлмаган бир тоифа аёллар бор. Совчилик қилмоқчи бўлганлар бу тоиафадаги аёллар кимлигини ҳам яхши билиб олишлари керак. Кўпинча, бу ишга аҳамият бермаслик оқибатида нохушликлар чиқиши ҳам бор.
Бу тоифа эса бошқа биров томонидан совчи қўйиб турилган қиз ёки аёлдир. Бундай аёл-қизларга ҳам совчи қўйиб бўлмайди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Киши ўз биродари совчилиги устига, то ундан олдинги совчи тарк қилгунча ёки унга изн бергунча совчи қўймас», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Биров совчи қўйиб турган жойга унинг устидан совчи қўйиш ҳаромдир. Фақат биринчи совчи қўйган одам келиша олмай, совчиликни тарк қилганидан сўнг ёки унинг ўзидан изн олгандан сўнггина, совчи қўйиш мумкин. Чунки бировнинг совчилиги устига совчилик қилиш биринчи совчининг ҳаққига тажовуз қилишдир. Бу иш туфайли кишилар ўртасида низо, хусумат, адоват ва уруш-жанжаллар чиқади.
Шу билан бирга, бирданига бир неча киши совчи қўйган, иш пишмай турган бўлиши мумкин. Улардан ҳеч бири билан жиддий муомала қилинмай, иккиланиш ва маслаҳат ҳолати бўлиши мумкин.
Имом Муслим келтирган ривоятда Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳага бирданига уч киши – Абу Жаҳм ибн Хузома, Муовия ва Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳум совчи қўйишган. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан маслаҳат сўраганларида «Абу Жаҳм асосини елкасидан туширмайди, Муовия камбағал, моли йўқ, Усома ибн Зайдга теккин», деганлар.

"Бахтиёр оила" китобидан

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 830 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ