Сайт бўлимлари
ТЎРГА ТУШГАН БАЛИҚ — СИЗНИКИ ёхуд балиқ овлаш ҳақида
- Подробности
- Бўлим: Эркаклар учун
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Юртимиз ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсининг бойлиги билан ҳам жаннатмакон жой саналади. Айниқса, ов ишқибозлари мавсумда ҳар қандай об-ҳавога қарамасдан, ўз машғулотларидан воз кечмайдилар. Хусусан, балиқ овловчилар...
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 80 га яқин балиқ турлари мавжуд. Ов мавсуми куз ойларидан бошлаб, март-апрелгача давом этади. Чунки бу даврда сувнинг ҳарорати 14 даражадан паст бўлиб, балиқлар ортиқча озиқланмай, истеъмол учун яроқли ҳолга келади. Йилнинг қолган қисми эса балиқларнинг урчиш даври ҳисобланади. Бу даврда балиқ овлаш таъқиқланган.
Балиқ овининг турлари
Балиқ овининг турлари жуда кўп бўлиб, уларнинг бари қизиқарли: пўкакли, доночли, карпли (карп-фишинг), фидерли, спиннинг, троллинг ва ҳоказо. Эндигина балиқ овлашни бошлаганлар пўкакли қармоқдан фойдаланганлари маъқул. Чунки бу тўрга ҳар қандай турдаги балиқ илиниши мумкин — йиртқичлари ҳам, хонакилари ҳам. Қолаверса, балиқ овининг бу тури жуда оддий, кишига завқ ва қувват беради. Шу боис узоқ йиллардан бери балиқ овлаш билан шуғулланиб келган балиқчилар ҳам пўкакли қармоқдан воз кеча олишмайди.
Республикамизда балиқ овлаш учун алоҳида рухсатнома талаб қилинмайди. Рухсатномалар фақат қўриқхоналар, махсус балиқчилик хўжаликлари ҳудудида ов қилиш учун керак. Агар балиқчи ҳаваскор бўлса, истаган пайтида пўкакли қармоқ билан ов қилавериши мумкин.
Агар сиз балиқчилик хўжалиги табиий сув ҳавзаси ёки унинг участкасини ижарага олмоқчи бўлсангиз, қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
* балиқчилик хўжалиги раҳбари номига ариза;
* юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;
* балиқ овлаш учун зарур ашёларнинг мавжудлиги тўғрисида маълумот.
Маълумот учун:
*** Республикамизда 600 минг гектардан ошиқ кўллар ва сув ҳавзалари мавжуд.
*** Ўтган 2011 йилда юртимизда жами 16882,1 тонна, шундан 10677,2 тоннаси сунъий сув ҳавзаларида ва 6204,9 тоннаси табиий кўлларда балиқ овланди.
*** Ҳозирда республикамиз шароитида ҳар кубометр сувда 40 килограммдан ортиқ балиқ етиштириш имкони мавжуд.
Қаерда ов қилган маъқул?
Республикамизда мавжуд ҳар бир сув ҳавзаси ва кўллар балиқ ови ишқибозлари учун бир-биридан ажойиб ва қадрли. Уларни бу яхши, бу ёмон, дейиш фикридан йироқмиз. Лекин ов ишқибозлари учун айримларини айтиб ўтмасак бўлмас. Маълумки, Сирдарё — балиққа бой дарё ҳисобланади, баҳор-куз ойларида енгил автомобиллар билан у ерларга бориб бўлмайди. Бу даврда сув сатҳи бир неча метрга кўтарилиб, атроф сув билан қопланади. Натижада кўлмак ва ботқоқликлар пайдо бўлади. Иложи борича, овга иқлимга мос автомашина билан борганингиз маъқул.
Тошкент вилоятида эса балиқнинг йиртқич турлари ҳам овланади. Масалан, троегуб. У йирик танали бўлгани учун “кашалот” деган “лақаб” ҳам олган. Бу балиқ Роҳат кўлида, Тошкентдаги Япон боғи сув ҳавзасида ҳам учрайди. Ов учун энг мақбул жой, бу ҳеч шубҳасиз — Чорвоқ сув омбори. Бу ерда йирик пелядь, зоғорабалиқ, толстолоб ва ҳатто форель ҳам овлаш мумкин. Бўзсув каналида вазни 6 килограммгача бўлган лаққа балиқлар учрайди. ТошГРЭС сув омборида эса 15 килограммлик зоғорабалиқларни қармоққа тутиш мумкин.
МЕН УЧУН ОВ ЖАРАЁНИ МУҲИМ...
Сардор Мўминов (ҳаваскор овчи)
Кўпчилик балиқ овига чиққанида қармоққа илинавермаса, хуноб бўлади. Баъзилар учун эса овда қанча кўп балиқ овласа, шунча яхши. Лекин мен учун балиқ ови аввало, ҳордиқ. Соҳил бўйида сувга қармоқ ташлаб ўтириш бир томондан, одамга яхши кайфият бағишлайди. Дилингиздаги ғуборни чиқаради. Бунисига нима етсин!
УНУТМАНГ:
• Ҳеч қачон керагидан ортиқ балиқ овламанг.
• Сув ҳавзаси ва атроф-муҳитни ифлослантирманг.
• Балиқ овлаш ва қайиқ бошқариш йўриқномасини диққат билан ўрганиб чиққандан сўнг, машғулотни бошлашингиз мумкин.
• Бошқа балиқ овловчиларнинг ҳам ҳуқуқини ҳурмат қилинг.
• Унутманг: тўр ва электроқармоқдан фойдаланиш балиқларга қирон келтиради.
Бозордан харид қиладиганлар учун...
СИФАТИ ҚАНДАЙ АНИҚЛАНАДИ?
Жозил Шукуров, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги паррандачилик, балиқчилик ва асалчилик бошқармаси бош мутахассиси:
Бозордан ёки балиқ сотилувчи махсус дўконлардан балиқ харид қилаётганда, сифатига шубҳа туғилса, аввало сотувчидан балиқчилик хўжалиги томонидан берилган рухсатнома ва ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси хулосасини сўранг.
Балиқнинг сифати бузилмаслиги учун, у музлатгичда ёки муз солинган идишларда сақланиши шарт. Шунингдек, янги балиқни жабрасининг қизиллиги ва тиниқлигидан билиш мумкин. Эскирган балиқнинг жабраси рангсиз ва буришган бўлади. Агар қилтаноғи камроқ бўлсин десангиз, катта балиқни танланг. Лаққа, гулмоҳи ва зоғорабалиқларнинг йирикларида қилтаноқни бемалол ажратиш мумкин.
ТИББИЙ ХУЛОСА
Илҳом Саъдуллаев, (шифокор)
Балиқни бежиз “луқмаи ҳалол” деб аташмайди. Чунки етиштириладиган балиқларнинг аксарияти озиқ-овқатга ишлатилади. Бундан ташқари, балиқдан турли ёғлар, дармондорилар тайёрланади. Аввало, таом сифатида балиқ фойдали ва парҳезбопдир. Унинг таркибида инсон учун қимматли бўлган оқсил моддаси кўп.
Инсон организми соғлом ривожланиши учун йил давомида 6-8 килограмм балиқ маҳсулотларини истеъмол қилиши зарур. Агар ушбу меъёр таъминланмаса, организмда фойдали витаминлар (йод, кальций, оқсил ва бошқалар) тақчиллиги кузатилади.
Фойдали маслаҳатлар
Балиқ овига отланганда ўзингиз билан ҳеч қачон ҳеч қандай балиқ (консервалар, қовурилган, дудланган ва ҳоказо) олманг — акс ҳолда қайтишда балиқни дўкондан олишингизга тўғри келади. Чунки овда фақат қармоққа илинган балиқ — сизники!
Биринчи балиқ қармоққа илинмагунча махсус тўрва халтани ишлатманг. Шунингдек, ов тугамагунча уларни йиғиштиришга шошилманг.
Сарвар САФАРОВ тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 114 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар