1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Сувимиз айнимасин

Ҳақиқатан ҳам ота-оналар болаларига жиддий эътибор қаратишлари лозим. Аммо уларнинг ўзлари ҳам кашандалик балосидан бутунлай қутулган бўлишлари даркор. Ахир, ўзи қилаётган ишни бировга қилма, дейилганида қандай жавоб янграшини биласиз-ку!!! Хуллас, донишмандлар айтганларидек, тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлмоғи керак бу масалада.
Энди ана шу ота-оналарга қизиқ бир маълумотни бермоқчимиз. Бу маълумот бугунги куннинг энг катта кашфиётларидан бири сифатида баҳоланмоқда. Кашфиёт соҳиби Нобел мукофоти билан тақдирланиш арафасида турибди. Оламшумул ҳодисанинг баёни билан озгина танишинг-да, сизга нима демоқчи бўлганимизни кейин айтамиз.
Япон олими Масару Эмото 12 йиллик изланишлари ва катта тадқиқотлари натижасида сув мавзусида ғаройиб кашфиётларни қўлга киритди. У шунчалик содда кашфиёт бўлиб чиқдики, кейинчалик оддий бола ҳам буни ўзида текшириб кўрмоқда. Яъниким, жуда кўп хислатларга, хусусан, қаттиқ ҳолатга ўтганда — музлаганда оғирлиги кичраядиган, ўзи эса кенгаядиган ягона модда бўлган СУВ бошқа бошқа хусусиятга эга экани маълум бўлди. Япониялик олим сувнинг хоссаси одамлар томонидан гапириладиган сўзларга қараб ўзгариши мумкинлигини кашф қилди. Ишонгингиз келмаяпти-а? Биз ҳам ҳайрон қолдик. Аммо инсон Худонинг ишларига кўниккунигача ҳамиша шу ҳолатга тушиб туради. Кейин эса бу ҳолат оддий бўлиб туюла бошлайди.
Хуллас, олим ҳар хил идишларга бир хил ҳолатдаги сувларни солиб чиққан ва бир неча кун уларга турлича сўзларни эшиттириб турган. Текширувлар натижасида яхши  сўзларни эшитган идишдаги сув моддаси гўзал кўриниш ҳосил қилган. Тепасидан тинмай ёмон сўзлар ёғилиб турган идишдаги сув эса ачиб-бижғиб кетган.
Бу кашфиёт бутун дунёни карахт аҳволга солиб қўйди. Турли давлатларда турли тилларда текширувлар бошланди. Қизиғи шундаки, чиройли сўзлар инглизча бўладими, немисча бўладими, фарқи йўқ, сувни гўзаллаштираверади. Ёмон сўзлар эса фасоҳатли арабчада янграйдими, жозибали туркчада янграйдими, бир хил манзара тақдим этаверади.
Япониялик олим бу кашфиётини кутилмаганда бошқачароқ, аниқроғи илмий эмас, балки афсонавийроқ йўл билан изоҳлайди. «Бу ишга киришишимга тасодиф ёки тушимда кўрган бир воқеа таъсир қилмади. Балки мен сув бошқача бир неъмат эканини билардим. Қадимий китобларимизни жиддий ўқиганимда инсон танасининг тўртдан уч қисмини ташкил этадиган сувда кўп хусусиятлар борлигини кўрган эдим. Бу сўзлар сафсата эмаслигини билардим ва буни амалда исботладим», дейди Масару Эмото журналистларга берган интервьюсида.
Энди оддий таҳлил. Японларнинг қадимий китобларида ёзилган сўзлар наҳот бизнинг буюк меросимиз саналмиш муқаддас китобларимиздан жой олмаган? Йўқ, Асло шошила кўрманг, яхшилаб эсланг: ёшлигимизда бобо-момоларимиз сувга туфламасликни қаттиқ таъкидлашмасмиди? Пиёлага қуйилган чойни пуфламасдан ич, болам, дейишмасмиди? Сувни исроф қилишни катта гуноҳлардан бири деб ҳисоблашмасмиди? Бетобларга даво сифатида, янги келин-куёвларга эса суннат сифатида дам солиб ичиришни тавсия қилишмасмиди? Эсладингиз-а? Мазкур кашфиёт замирида буюк ҳақиқатлар яна бир бор кўз очгандек бўляпти.
Ўйлаб кўрилса, инсон танасининг тўртдан уч қисми сув. Демакки, баданимизни асосан сув ушлаб туради. Қадимгиларнинг китобларига унчалик рўйхушлик бермайдиганлар ҳам XXI аср кашфиётидан ўзларига ажойиб бир ибратни қабул қилишлари мумкин. Хитоб тахминан шундай: Эй Одам боласи, вужудингнинг асоси бўлган СУВни покиза сақла. У оддий бир «Ташаккур!» деган сўзга гўзал кўриниш ҳосил қилиб, оддийгина «Сен аҳмоқсан!» деган дашномга рангини бузиб юборар экан. Демак, таомлару ичимликларнинг таъсирини тасаввур қилавер. Даҳшат! Вужудингни тутиб турган сув оддий сўзга моддасидаги шаклини ўзгартираётган бўлса, ҳар кун ичингга оловдек пуркалаётган ТУТУНдан қандай ҳолга келиб қолган экан?!
Ароққа ўтмасак ҳам бўлади, наркомания деган иллатларни гапирмасак ҳам бўлади. У ёғига бечора сувимиз дош бера олмай, ҳаттоки сувлик моддасини ҳам бошқача бир суюқликка алмаштириб қўяётгандир.
Наркомания+табокамания=ўлим! Диққат!!! Бу иллатлар кетида фақат сизни ўлим кутади, буни ёдда тутинг!!! ШУ боис, азизлар, япониялик, олимнинг тадқиқоти бизни яна бир бора сергак бўлишга чақирмоқда. Ўзимизни ўнглашга, вужудимизнинг тўртдан уч қисмини ташкил этган сувимизни покиза тутмоққа даъват этмоқда. Огоҳ бўлайлик!

«Чекишни ташлашни хоҳлайсизми?» китобидан

Ҳозир сайтимизда 845 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ