Сайт бўлимлари
Болангизни тажовузлардан асранг!
- Подробности
- Бўлим: Фарзанд
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
...Яқин бир дўстим акаси билан боғлиқ воқеани гапириб берди. Унинг айтишича, акаси ҳали мактабга бормайдиган қизини эркалатиб, кўрпачага ётқизса, қизча эса: «Дада, нега мени ётқизиб олдингиз, ахир сизнинг севгилингиз эмасман-ку!..» – дебди. «Ҳаммасига сериаллар айбдор, – ёзғиради дўстим, – жиянларимнинг бари бир қарич бўйи билан сериал кўради, мана оқибати. Ёшим ўттизга яқинлашди, бола-чақам бор, лекин телевизорда йигит қизнинг қўлини ушласа, уйдагилардан хижолат бўлиб бошқа каналга оламан ёки ўрнимдан туриб чиқиб кетаман. Ҳозирги болалар эса охиригача кўради...»
Йигирма саккиз ёшимда ота бўлдим. Қизимнинг дунёга келиши юрагимга қанчалар шодлик, қувонч олиб кирганини билсангиз эди. Фарзанднинг бунчалар ширин, бунчалар азиз бўлишини олдинлари мутлақо тасаввур қила олмаган эканман. Ҳар куни ишдан келиб, уни қўлимга олиб ўйнатаман, қиқирлаб кулиши, беғубор қарашлари менга чексиз завқ бағишлайди. Қизалоғимнинг маъсума че³расига боқар эканман бир томондан бу бахтиёрликка шукроналар айтсам, бошқа томондан эса мени саволлар шодаси қийнайверади: унга қандай тарбия беришим керак? Ўзбек қизлари ҳаё билан уришиб, ибодан аразлаб қолган бу замонда дилбандимни тарбияни бузадиган қандай тажовуз ва таҳдидлардан ҳимоя қилишимга тўғри келади? Қандай йўл тутсам у менга ва онасига раҳмат келтирадиган, биз орзу қилаётгандек мастура қиз бўлиб етишади?..
Ушбу саволларга жавоб излар эканман, аввало оила ва оиладан ташқаридаги муҳитда бола тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган омиллар рўйхатини тузишга қарор қилдим. Улар билан сиз ҳам танишиб кўринг.
ЯНА ЎША СЕРИАЛЛАР
Нима учун телевизор эмас, айнан сериаллар ҳақида гапирмоқчи бўлганимни изоҳлаб ўтай: ҳар бир хонадон тўридан жой олган зангори экран бизни янгилик ва турли маълумотлардан воқиф этадиган муҳим ахборот воситаси ёки эртадан кечгача чакаги ўчмайдиган тарбиябузар сифатида хизмат қилиши мумкин. Қай бирини танлаш эса ўзимизга боғлиқ.
Охирги пайт сериаллар ҳақида кўп гапирилмоқда. Очиғи, ташвишга тушиб қолганимизча бор. Бемаъни сериалларни томоша қилишга шунчалик берилиб кетдикки (бу гап кўпроқ аёлларга тегишли), ҳатто эндигина тили чиқа бошлаган болаларимизнинг ҳам сафимизга келиб қўшилишганини сезмай қолибмиз. Бу ҳолат эса ҳали ижобий натижасини кўрсатгани йўқ, шахсан мен бундай бўлишига ишонмайман ҳам.
Ҳаётий мисол келтирай. Яқин бир дўстим акаси билан боғлиқ воқеани гапириб берди. Унинг айтишича, акаси ҳали мактабга бормайдиган қизини эркалатиб, кўрпачага ётқизса, қизча эса: «Дада, нега мени ётқизиб олдингиз, ахир сизнинг севгилингиз эмасман-ку!..» – дебди. «Ҳаммасига сериаллар айбдор, – ёзғиради дўстим, – жиянларимнинг бари бир қарич бўйи билан сериал кўради, мана оқибати. Ёшим ўттизга яқинлашди, бола-чақам бор, лекин телевизорда йигит қизнинг қўлини ушласа, уйдагилардан хижолат бўлиб бошқа каналга оламан ёки ўрнимдан туриб чиқиб кетаман. Ҳозирги болалар эса охиригача кўради...»
Бу ўринда айбни асосан аёлларимиз бўйнига юкламоқчиман. Улар фарзандларини кўздан қочиришни истамай, кўпинча тутуриқсиз севги можароларидан иборат сериални бирга томоша қилишади. Шу тариқа ҳали вояга етмаган боланинг онги билимларга эмас, севги қиссаларига тўлиб бораверади ва бу эса ўз навбатида ахлоқан айнишга олиб келиши ҳеч гап эмас. Мени ташвишга соладиган яна бир жиҳат сериалларнинг ёт маданият тарғиботчиси бўлиши мумкинлигидир. Турк киноижодкорларининг «Даниялик келин» филмида шундай эпизод бор: кичкинагина қизалоқ овқатдан олдин қўлларини жуфтлаган кўйи насронийча дуо ўқий бошлайди. Ундан нима қилаётганини сўрашса, «Фалончи сериалда шунақа қилишади-ку», – деб жавоб беради. Унутманг, бола кўрган нарсасини таҳлил қилиб ўтирмай, шундайлигича қабул қилаверади, сериал қаҳрамонларига ўхшагиси келади. Сиз билан бирга экранга михланиб ўтирган фарзандингиз Хуан Антониоми, Назарми ёки Раживга айланмасидан телевизорни ўчириб, унга эзгуликдан ҳикоя қилувчи кит
облар ўқиб беринг.
Яқинда миллий сериаллар стсенарийлари учун танлов эълон қилинганини эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Аллақачон шундай қилиш керак эди. Жанубий Американинг менталитетимизга мутлақо тўғри келмайдиган сериалларидан безиб, Шарққа мурожаат қилиб кўрдик. Лекин бу билан аҳвол яхшиланиб қолгани йўқ. «Муҳаббат дардлари» ва «Икки қалб»да зинонинг севги деб аталиши, корейс сериалларида қизларнинг ҳам ичиб-чекишини оқлаб бўлмайдиган ҳол деб ҳисоблайман.
МУЛТФИЛЬММИ ЁКИ…
Бир куни жиянларимга қўшилиб мултфилм (узр, номи эсимда йўқ) томоша қилдим. Томоша қилдиму ҳайратдан ёқа ушладим, бунақа мултфилмларни ким танлаб, намойишга тавсия қилади? Бир маҳал қаҳрамонлар, яъни йигит ва қиз... ўпишиб кетса бўладими? Тавба, биз болалигимизда қуёнчалар, айиқчалар, капалаклар ҳақида, дўстлик, катталарни ҳурмат қилиш ҳақида мултфилмлар кўрардик, ҳозиргилари эса...
Шу ўринда болаларимизга аталган миллий мултфилм ва бадиий филмларнинг ниҳоятда танқислигини алоҳида таъкидлашни истар эдим. «Зумрад ва Қиммат» ёки «Тилсимой»ни бир йилда неча марта кўрсатиш мумкин? Азбаройи ўзимизники йўқлигидан болаларимиз Голливуд маҳсулотларини томоша қилишга мажбур. Голливудда эса ҳатто ҳайвонлар ҳам бир-бирига севги изҳор қилади. Ёхуд «Покахонтас»га ўхшаш анимизмга эътиқод қилувчилар ҳақидаги мултфилм кичкинтойлар тасаввурига қанчалик путур етказишини ўйлаб кўрмаймизми? Ахир мултфилм ёки кино қилишга арзигулик эртакларимиз етарли-ку. Шунингдек, телевидениеда болалар учун аталган кўрсатувлар сони ва мавзусини кўпайтириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Жужуқларимиздан бир сўраб кўрайлик-чи, «Олтин тож» ёки «Даврнинг боласи»дан қанчалик зерикишди экан.
Мен эндигина дунёни таний бошлаётган фарзандларимизни ташқи оламдан узиш, ўзга халқлар маданияти билан таништирмаслик керак, деган фикрдан зинҳор йироқман. Лекин бу таништирув миллий қадриятларимиз, ўзбекона маданиятимизга терс келмайдиган маълумотлардан иборат бўлмоғи лозим, токи уларнинг мурғак эътиқодларига зарар етмасин.
КОМПЬЮТЕР ТУЗОҒИ
Зап ажойиб замонда яшаяпмиз-да, ҳар қадамда интернет кафе ёки компютер клуби. Ўзига тўқроқ оилалар эса фарзандларига компютер совға қилишяпти. Ачинарли томони эса ушбу замонавий техника ютуғини болаларимиз ўйин ўйнайдиган ёки кино кўрадиган восита сифатида қабул қилишади. Исталган компютерхонага киринг, ҳали мактабга бормайдиган миттивойлардан тортиб, дарсдан қочган «қуён»ларгача берилиб ўйин ўйнашаётган бўлишади. Алам қиладигани шуки, ўзбек боласи Америкадами, Цингапурдами ишлаб чиқарилган ўйинни ўйнайверади, турли дастурлардан фойдаланади, лекин ўзи ҳам компютер дастури яратиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмайди. Бу эса бизнинг нотўғри тарбиямиз натижасидан бошқа нарса эмас.
Энди компютер ўйинлари ҳақида. Шахсан ўзим уларнинг мухлиси эмасман, аммо ҳар сафар интернет кафега борганимда болалар ўйнаётган ўйинларга бир қур қараб ўтаман – даҳшатнинг ўзгинаси. Ўйинларнинг аксарият қисми жанговар руҳда бўлиб, мақсад рақибни қириш. Тиш-тирноғигача қуролланиб, ҳужум уюштириш ва душманнинг қизил қони ҳар томонга сачраши болаларга олам-олам завқ бағишлаяпти. Менимча, бундай ўйинлар бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатади, уни жиззаки ва агрессив қилиб қўйиши ҳеч гап эмас.
Интернет ўсмирларнинг севимли овунчоғига айланиб улгурди. Уларнинг назарида интернетда ишлаш чатда суҳбатлашишдан бошқа нарса эмас ёки...
Мазкур ахборот воситасининг бутун дунёни қамраб олганлиги ва деярли назорат қилинмаслиги эса турли номаъқул маълумотларнинг урчишига олиб келди. Айни пайтда интернетда ахлоқсизликнинг энг «олий» намуналарини учратиш мумкин. Энг хавотирлиси ҳам ана шунда. Фарзандингиз хонасига қамалволиб интернетдан соатлаб бош кўтармаётган экан, албатта унинг нималар билан бандлигини текшириб кўринг. Айнан интернет туфайли порнографига етишиш мутлақо муаммо туғдирмаслиги асло ёдингиздан кўтарилмасин.
Энг маъқул йўл – фарзандларимизда компютер ва интернетда ишлаш маданиятини шакллантириш, яхшини ёмондан ажрата билишни ўргатиш.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Ҳозирча шулар. Атиги уч банддан иборат рўйхатимга назар солсам, фақат ахборот воситалари ҳақида гапирибман. Зеро, инсонлар онгига жуда катта таъсир кўрсатадиган ҳам айнан шулардир.
Фарзанднинг жамиятга фойдаси тегадиган, комил инсон қилиб тарбиялаш ҳар бир ота-онанинг бурчи. Демакки, энг биринчи навбатда ота-онанинг ўзи тарбия кўрган, билимли ва дунёқараши кенг бўлиши даркор. Тан олиш керакки, биз кўпинча боланинг эндигина ўсиб келаётган қизиқишини, дунёни билишга бўлган истагини сўндириб қўямиз. Унинг «Манави нима?», «Нима учун?» цингари саволларига жавоб бериш ўрнига, тергашга тушиб кетамиз. Оқибатда эса фарзандимиз ўйламай қўяди, эндигина куртак отган қизиқишлари адои тамом бўлади.
Оиламизни қувончга тўлдириб дунёга келган болажон ўз-ўзидан вояга етиб қолмайди. Токи ўз аждодларини танимас, онги ва тафаккури ўзбекона маданият ва миллий қадриятларимиз билан чархланмас экан, ундай фарзанддан садоқат кутмай қўя қолайлик...
Аброр Адҳамзода
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 828 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар