1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

И

Ибниислом, Ibniislom(ар.) – Ислом ўғли, Ислом фарзанди; бутун ҳаётини Исломга бағишлаган банда (Салмон ал-Хойр Абу Абдуллоҳ ибн Ислом ал-Форисий ўзини “Ибниислом” деб эълон қилган, чунки унинг ота-онаси зардўштийлар бўлиб, мусулмон бўлгач, уларнинг номини эслашни хоҳламаган).

Ибнииймон, Ibniiymon(ар.) – иймон-эътиқодли банда.

Ибо, Ibo(ар.), (а.и.) – ҳаёли, иболи, иффатли; ор-номусли (“Ҳаё” исмининг маънодош шакли).

Ибодат, Ibodat(ар.) – Аллоҳга ибодат қилиш; Аллоҳга ибодат қилувчи банда.

Ибодуллоҳ, Ibodulloh(ар.) – Аллоҳнинг қуллари – бандаларидан бири.

Ибрат, Ibrat(ар.), (э.и.) – намуна, ўрнак, ибрат (бошқаларга ибрат бўларли солиҳ мўминлардан бўлсин).

Иброҳим, Ibrohim (қад.яҳ.) – миллатлар отаси, халқлар имоми (“Иброҳим” исмининг кичрайтирилган шакли “Убайроҳ” саналади. Шунингдек, “Абраҳа” исми “Иброҳим”нинг ҳабашча шаклидир) * 1) Иброҳим ибн Тасоруҳ ибн Ноҳур ибн Соруғ ибн Роъав ибн Фолиғ ибн Обир ... ибн Сом ибн Нуҳ алайҳис салом (Аллоҳ таолонинг улул азм пайғамбарларидан, сахий, карами кенг, қўли очиқ бўлгани сабаб “меҳмонлар отаси” лақаби билан аталган), 2) Иброҳим ибн Язид ибн Қайс ибн Асвад Абу Имрон ан-Нахаъий (машҳур тобеин, аҳли солиҳлардан, кучли ва ишончли ҳадис ровийси), 3) Иброҳим ибн Абу Мусо (катта тобеин), 4) Иброҳим ибн Абдураҳмон ибн Авф Абу Исҳоқ ал-Қуроший аз-Зуҳрий (катта тобеин), 5) Иброҳим ибн Саъд ибн Абу Ваққос ал-Қуроший аз-Зуҳрий ал-Маданий (тобеин), 6) Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Маъбад ибн Аббос ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ал-Қуроший ал-Ҳошимий (тобеин), 7) Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Талҳа ибн Убайдуллоҳ Абу Исҳоқ ал-Қуроший ат-Таймий (тобеин), 8) Иброҳим ибн Адҳам ибн Мансур ибн Язид ибн Жобир Абу Исҳоқ ал-Балхий (машҳур табаа тобеин, зоҳид ва ўта тақводор зотлардан бўлган).

Ибтиҳож, Ibtihoj(ар.), (а.и.) – хурсанд, шод, қувноқ.

Идрис, Idris (қад.яҳ.) – ўқувчи, таълим олувчи; тиришқоқ, билимга чанқоқ * 1) Идрис ибн Йорид ибн Маҳлойил ибн Қайнон ибн Ануш ибн Шис ибн Одам алайҳис салом (Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан бири. Айтилишича, Таврот ва Инжилда унинг исми “Хунух” тарзида келтирилган. Идрис алайҳис салом ҳақида Қуръони каримнинг биргина жойида, яъни Марям сурасининг 56-57 оятларида маълумот берилган, холос), 2) Идрис ибн Синон Абу Илёс ал-Йамоний (катта табаа тобеин, Ваҳб ибн Мунаббиҳнинг жияни, Абдулмунъим ибн Идриснинг отаси), 3) Идрис ибн Субайҳ ал-Авдий (катта табаа тобеин), 4) Идрис ибн Язид ибн Абдураҳмон Абу Абдуллоҳ ал-Авдий аз-Заъофирий (катта табаа тобеин).

Идрок, Idrok(ар.) – бирон нарсанинг маъносига тушиниб етувчи фаҳм-фаросатли банда.

Иёз, Iyoz (ар.) – бадал қилиш, ўрнига бериш * 1) Иёз ибн Ҳимор ат-Тамимий ал-Мужошиъий (саҳобий), 2) Иёз ибн Амр ал-Ашъарий (саҳобий), 3) Иёз ибн Халифа (катта тобеин), 4) Иёз ибн Ғутайф (катта тобеин), 5) Иёз ибн Абу Зуҳайр ал-Фиҳрий (тобеин), 6) Иёз ибн Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ ал-Қуроший ал-Омирий ал-Маккий (тобеин), 7) Иёз ибн Ҳилол ал-Ансорий (тобеин).

Ижобат, Ijobat(ар.), (а.и.) – ижобат, мақбул, қабул қилиниш (дуоси қабул бўладиган банда).

Издиҳор, Izdihor(ар.), (а.и.) – гуллаб-яшнайдиган, ривожланувчи, ўсувчи.

Иззат, Izzat(ар.) – ҳурмат, эҳтиром, шараф (обрўъ-эътиборли банда).

Иззатуллоҳ, Izzatulloh (ар.) – Аллоҳнинг иззати, қудрати, шарафи.

Иззуддин, Izzuddin (ар.) – Ислом Динининг қуввати; Ислом Динининг шарафи, мавқеи * Иззуддин ибн Абдусалом ибн Абулқосим (шайхул Ислом, шофеъий мазҳабининг фақиҳи, Ибн Асокирдан фиқҳ илмини ўрганган, ижтиҳод қилиш мартабасига етишган, “Султонул уламо” (“Олимлар султони”) мақомини олган).

Изофат, Izofat(ар.), (а.и.) – кўпайиш, зиёда бўлиш, ўсиш, униш (“Зиёда” исмининг маънодош шакли).

Изҳор, Izhor(ар.), (а.и.) – қалбидаги ният ва мақсадини ифодаловчи.

Иймон, Iymon(ар.) – ишонч, ишониш; эътиқод; ибодат қилиш, сиғиниш; иймони мустаҳкам банда (“Ислом” исмининг маънодош шакли).

Икмол, Ikmol (ар.) – камолга етган, етук банда.

Икрима, Ikrima (ар.) – кабутар (қуш тури) * 1) Икрима ибн Абу Жаҳл (Амр) ибн Ҳишом ибн Муғийра ал-Қуроший ал-Махзумий (саҳобий), 2) Икрима Абу Абдуллоҳ ал-Қуроший ал-Ҳошимий (машҳур тобеин, Абдуллоҳ ибн Аббоснинг шогирди, катта фақиҳ, муфассирлардан бўлган), 3) Икрима ибн Холид ибн Ос ибн Ҳишом ибн Муғийра ал-Қуроший ал-Махзумий (тобеин), 4) Икрима ибн Аммор Абу Аммор ал-Ижлий (кичик тобеин).

Икром, Ikrom(ар.) – ҳурмат-эътиборли; сахий, карамли.

Икрома, Ikroma(ар.) – “Икром” исмининг муаннас шакли.

Илёс, Ilyos (қад яҳ.) – Аллоҳнинг қудрати; ҳурматли, қадрли * Илёс ибн Фанҳос ибн Ийзор ибн Ҳорун алайҳис салом (Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан бири, насаби Иброҳим алайҳис саломга бориб етади).

Илмиддин, Ilmiddin(ар.) – Ислом динининг илми, Шариат илми; Шариат илмидан хабардор банда.

Илтифот, Iltifot(ар.), (а.и.) – илтифот, яхшилик, мурувват кўрсатувчи; бирон муҳим нарсага эътибор берувчи.

Илҳом, Ilhom(ар.) – ҳаракатчан, илҳомли, ғайратли банда.

Илҳома, Ilhoma– “Илҳом”нинг муаннас шакли.

Имдод, Imdod(ар.) – ёрдам, кўмак.

Имдодуллоҳ, Imdodulloh(ар.) – Аллоҳнинг ёрдами, кўмагига сазовор банда (“Насруллоҳ” ва “Авнуллоҳ” исмларининг маънодош шакли).

Имод, Imod (ар.) – устун, асос; таянч, тиргак; Ислом динининг устуни.

Имодуддин, Imoduddin (ар.) – Ислом диннинг устуни (машҳур муфассир Исмоил ибн Умар ибн Касир Абул Фидо ал-Қуроший ад-Димашқийнинг лақаби).

Имом, Imom(ар.) – раҳбар, пешво, имом; намозда кишиларга имомлик қилувчи (Бу ўз-ўзидан ўша кишининг ҳам қироат жиҳатидан бошқалардан кўра устун эканига, ҳам намоз ҳукмларини яхши билишига далолат қилади).

Имомали, Imomali(ар.) – “Имом” ва “Али” исмларининг бирикмаси.

Имомиддин, Imomiddin(ар.) – Ислом динининг бошлиғи, дин пешвоси.

Имомназар, Imomnazar(ар.) – “Имом” ва “Назар” исмларининг бирикмаси.

Имрон, Imron (ар.) – умр кўриш, тириклик, барҳаётлик; узоқ умр кўрувчи; кучли, қувватли * 1) Имрон ибн Ҳусойн ибн Убайд ибн Халаф Абу Нажид ал-Хузоъий (машҳур саҳобий, 180 та ҳадис ривоят қилган, ўз вақтида Басра шаҳрининг қозиси бўлган), 2) Имрон ибн Талҳа ибн Убайдуллоҳ ал-Қуроший ат-Таймий (саҳобий), 3) Имрон ибн Осим Абу Умаро аз-Зубаъий ал-Басрий (катта тобеин), 4) Имрон ибн Ҳусойн аз-Зоббий (тобеин).

Имтисол, Imtisol(ар.), (а.и.) – бўйсунувчи, итоат этувчи, итоаткор.

Иноб, Inob(ар.) – тавба қилиш, Аллоҳга қайтиш, гуноҳ содир этгач, ундан тавба қилиш, Аллоҳнинг ибодатига қайтиш; тавба қилувчи, Аллоҳнинг ибодатига қайтувчи банда.

Инобат, Inobat(ар.) – “Иноб”нинг муаннас шакли.

Иноят, Inoyat(ар.), (а.и.) – эътибор, илтифот, диққат; эътиборли, муҳим нарсаларга аҳамият берувчи.

Иноятуллоҳ, Inoyatulloh(ар.) – Аллоҳнинг илтифоти, эътибори; Аллоҳнинг илтифотига муяссар бўлган банда.

Иноғом, Inog’om– совға, туҳфа, ҳадя (“Инъом” исмининг бузилган шакли).

Инсон, Inson(ар.) – одам, киши, башар (“Башар” ва “Одам” исмларининг маънодош шакли).

Инсоф, Insof(ар.) – инсоф, виждон; адолат; инсофли ва виждонли – иймонли банда.

Интизом, Intizom(ар.), (а.и.) – интизомли, тартибли; одобли, ахлоқли.

Интизор, Intizor(ар.), (а.и.) – орзиқиб, интизор бўлиб кутувчи; намоз вақтини илғақ бўлиб кутиб турувчи (“Мунтазир” исми билан маънодош).

Интисор, Intisor(ар.), (а.и.) – нусратга эришувчи, ғалаба қозонувчи.

Инъом, In’om(ар.) – совға, туҳфа, инъом (“Инъом” исми бизда кўпинча шакли ўзгарган ҳолда “Иноғом” тарзида ишлатилади).

Инъома, In’oma(ар.) – “Инъом”нинг муаннас шакли.

Инъомуллоҳ, In’omulloh(ар.) – Аллоҳнинг туҳфаси, инъоми.

Ирода, Iroda(ар.) – хоҳиш, истак; талаб, илтижо.

Иродатуллоҳ, Irodatulloh(ар.), (э.и.) – Аллоҳнинг иродаси, хоҳиши, амри; Аллоҳнинг иродасига бутунлай таслим бўлувчи, рози бўлувчи банда (Зеро, Аллоҳ бирон нарсани хоҳласа, у албатта содир бўлади, У Зот: “Бўл!” деса кифоя. Бу маънода ояти карималар жуда кўп).

Иршод, Irshod(ар.) – тўғри йўлдан юрувчи, ҳақ йўлга бошловчи.

Иршода, Irshoda(ар.) – “Иршод”нинг муаннас шакли.

Ислом, Islom(ар.) – Ислом дини; ўзини Аллоҳга топшириш, таслим бўлиш, ҳою-ҳавасини Аллоҳ ризолиги учун таслим қилиш; ҳақиқий мусулмон банда.

Исломия, Islomiya(ар.) – “Ислом” (аслида “Исломий”) исмининг муаннас шакли.

Исломмурод, Islommurod(ар.) – “Ислом” ва “Мурод” исмларининг бирикмаси.

Исломнур, Islomnur(ар.) – “Ислом” ва “Нур” исмларининг бирикмаси.

Исмат, Ismat (ар.), (э.и.) – покиза, озода; тақводор, сақланган; Аллоҳнинг ҳимоясига олинган * 1) Исмат ибн Молик ал-Ансорий ал-Хотмий (саҳобий), 2) Исмат ибн Рошид аш-Шомий (катта табаа тобеин), 3) Исмат ибн Абу Исмат Абу Толиб ал-Укбарий (ҳанбалий фақиҳи, Имом Аҳмад билан суҳбатдош бўлган ва ундан бир неча масалаларга оид ҳукмларни ривоят қилган).

Исматуллоҳ, Ismatulloh (ар.) – Аллоҳ таолонинг паноҳ бериши, Ўз ҳимосига олиши; Аллоҳ ҳимоясидаги банда.

Исмоил, Ismoil (қад.яҳ.) – Аллоҳдан сўраб олинган, Аллоҳ инъом этган фарзанд * 1) Исмоил ибн Иброҳим ибн Тасоруҳ ибн Ноҳур ибн Соруғ ибн Роъав ибн Фолиғ ибн Обир ... ибн Сом ибн Нуҳ алайҳис салом (Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан, Иброҳим алайҳис саломнинг ўғли), 2) Исмоил ал-Қуроший ас-Саҳмий (тобеин, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оснинг мавлоси), 3) Исмоил ибн Абу Идрис (тобеин), 4) Исмоил ибн Абу Холиб ал-Фадкий (тобеин), 5) Исмоил ибн Башир ал-Ансорий ал-Маданий (тобеин), 6) Исмоил ибн Ражоъ ибн Робийъа Абу Исҳоқ аз-Зубайдий (кичик тобеин), 7) Исмоил ибн Умар ибн Касир Абул Фидо ал-Қуроший ад-Димашқий (машҳур муфассир, “Тафсирул қуръанил ъазийм”, “Ал-Бидайа ван-ниҳайа” ва бошқа кўплаб асарлар муаллифи).

Исо, Iso (қад. яҳ.) – Аллоҳнинг лутфи-карами; Аллоҳнинг мадади, кўмаги * 1) Исо ибн Марям бинти Имрон (Аллоҳ таолонинг улул азм пайғамбарларидан), 2) Исо ибн Талҳа ибн Убайдуллоҳ Абу Муҳаммад ал-Қуроший ат-Таймий (тобеин), 3) Исо ибн Абдуллоҳ ибн Унайс ал-Ансорий ал-Ҳижозий (тобеин), 4) Исо ибн Масъуд ибн Ҳакам ал-Ансорий аз-Зуроқий (тобеин), 5) Исо ибн Умар Абу Сулаймон ас-Сақофий ал-Басрий (катта луғатшунос олим, наҳв илмининг энг донгдор вакиллари саналмиш Халил ибн Аҳмад, Сибавайҳ ва Ибн Алоъларнинг устози).

Исобат, Isobat(ар.), (а.и.) – тўғрилик, ростлик; мўлжалга аниқ текказиш, мақсадга етиш; одил ва ўз мақсадига етувчи.

Исроил, Isroil (қад. яҳ.) – Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилувчи, Аллоҳ йўлида курашувчи (Яъқуб алайҳис саломнинг иккинчи номи, Қуръони каримнинг икки ўрнида – Оли Имрон сурасининг 93-ояти ва Марям сурасининг 58-оятларида унинг исми “Исроил” тарзида келтирилган) * 1) Исроил ибн Мусо Абу Мусо ал-Басрий (кичик тобеин), 2) Исроил ибн Юнус ибн Абу Исҳоқ Абу Юсуф ас-Субайъий ал-Ҳамдоний (катта табаа тобеин).

Истак, Istak(ўз.), (а.и.)– хоҳлаш; талаб қилиш (“Ирода” исмининг ўзбекча шакли).

Исҳоқ, Ishoq (қад.яҳ.) – хурсанд, шод-хуррам; кулувчи, табассум қилувчи (“Заҳҳок” исмининг қадимги яҳудийча шакли) * 1) Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Тасоруҳ ибн Ноҳур ибн Соруғ ибн Роъав ибн Фолиғ ибн Обир ... ибн Сом ибн Нуҳ алайҳис салом (Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан), 2) Исҳоқ ибн Саъд ибн Убода Ансорий ал-Хазражий ал-Маданий (катта тобеин), 3) Исҳоқ ибн Талҳа ибн Убайдуллоҳ ал-Қуроший ат-Таймий (тобеин, Исмоил ибн Талҳа ва Яъқуб ибн Талҳаларнинг туғишган биродари), 4) Исҳоқ ибн Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Навфал ибн Ҳорис ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим Абу Яъқуб ал-Қуроший ал-Ҳошимий ан-Навфалий (тобеин), 5) Исҳоқ ибн Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ал-Қуроший ал-Ҳошимий (тобеин), 6) Исҳоқ ибн Абдуллоҳ Абу Абдуллоҳ ал-Маданий (тобеин), 7) Исҳоқ ибн Рошид (тобеин), 8) Исҳоқ ибн Сувайд ибн Ҳубайра ал-Адавий ат-Таймий ал-Басрий (тобеин).

Итоат, Itoat(ар.), (а.и.) – эргашиш, бўйсуниш, итоат этиш; Аллоҳ ва Расулининг амрига итоат этувчи.

Иффат, Iffat(ар.), (а.и.) – покиза; ҳаёли, иболи; бокира, маъсума (“Ибо” исмининг маънодош шакли).

Ихлос, Ixlos(ар.) – самимий, соф, ҳақиқий; фақат Аллоҳ таоло розилигини истаб амал қилувчи банда.

Ихлоса, Ixlosa(ар.) – “Ихлос”нинг муаннас шакли.

Ихлосиддин, Ixlosiddin(ар.) – Ислом динига ихлоси баланд, Аллоҳга ихлос билан ибодат қилувчи.

Ихтиёр, Ixtiyor(ар.) – эрки ўзида бўлган озод банда (бандаларга қарам бўлмаган, фақат Аллоҳга тобеъ бўлган банда).

Иқбол, Iqbol(ар.) – юзланиш, одимлаш; бахт-саодат; келажаги порлоқ ва Охирати обод бўладиган солиҳ банда.

Иқбола, Iqbola– “Иқбол”нинг муаннас шакли.

Иқболмирза, Iqbolmirza(ар.-фт.)– “Иқбол” ва “Мирза” исмларининг бирикмаси.

Иқрор, Iqror(ар.) – тасдиқловчи, иқрор бўлувчи; Ислом динининг ҳақ дин эканини тасдиқловчи.

Иқрора, Iqrora (ар.) – “Иқрор”нинг муаннас шакли.

Иқрориддин, Iqroriddin(ар.) – “Иқрор” исмининг хос шакли.

Ҳозир сайтимизда 399 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ