1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари

Аллоҳ таоло инсон болаларини залолатдан ҳидоятга чиқариш учун юборган сўнгги пайғамбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари Муҳаммад эканини биз яхши биламиз, нари борса баъзиларимиз у зот бундан ташқари Аҳмад исми билан ҳам юритилишларидан хабардормиз. Аммо Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда у зотнинг яна кўплаб исмлари ва сифатлари келтирилган.

Жубайр ибн Мутъим розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга бешта исмни айтдилар: “Мен “Муҳаммад”ман, Мен “Аҳмад”ман, Аллоҳ мен билан куфрни йўқ қилувчи “Моҳий”ман, мен “Ҳошир”ман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдида одамларни ҳашр қилади. Мен “Оқиб”ман”, дедилар” (Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).

Абу Мусо Ашъарий розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини (қуйидаги) исмлар билан номлаганлар: “Мен “Муҳаммад”, “Аҳмад”, “Муқаффий”, “Ҳошир”, “Набиййут тавба” ва “Набиййур роҳма”ман” (Муслим ривояти).

Қуйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исм ва сифатларини шарҳлаб ўтамиз.

Муҳаммад – “доимий суратда мақталиб турилувчи, тинимсиз ҳамд айтилувчи”.

Мазкур исм “фаъала” бобининг мажҳул нисбатдаги исму фоли ҳисобланади, яъни у “муфаъал” вазнида ясалган. “Фаъала” боби бирон иш ёки ҳаракатни тез-тез ёки шиддат билан бажариш маъносини ҳам англатади.

Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оналари Омина у зотга ҳомиладорлик чоғларида туш кўрадилар. Ана ўша тушларида туғилажак фарзандини “Муҳаммад” деб номлаш лозимлиги айтилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг боболари Абдулмуттолибнинг ҳам кўнглига туғилажак неварасини “Муҳаммад” деб номлаш илҳом қилинади. Хуллас, шу ва бошқа омиллар сабаб бўлиб,Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилганларида, боболарини у зотни “Муҳамад” деб номладилар. Бундан олдин арабларда мазкур исм деярли учрамасди. Шу сабаб қавми Абдулмуттолибнинг бу ишидан, яъни набирасига “Муҳаммад” деб исм қўйишидан ҳайрон қолдилар. Аммо оламлар Рабби Ўз Ҳабибининг исми шундай бўлишини хоҳлаган экан, бунга ҳеч ким ва ҳеч қандай омил тўсқинлик қила олмасди.

Маҳмуд – мазкур исм ҳам “ҳамд” ўзагидан ясалган бўлиб, “мақталган, улуғланган, ҳамд айтилган” маъноларини англатади.

Аҳмад – худди юқоридаги икки исм каби “Аҳмад” ҳам “ҳамд” ўзагидан ясалган. Унинг маъноси “махлуқотлар ичида мақтов айтилинишга энг муносиб зот” деганидир. Аввалги савмовий КитоблардаПайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари айнан “Аҳмад” шаклида учрайди. Хусусан, Исо ибн Марям алайҳис салом Бани Исроил қавмига ўзидан кейин келувчи “Аҳмад” исмли пайғамбар ҳақида хушхабар берган (Қаранг: Софф сураси, 6-оят).

Моҳий – мазкур исм “маҳаа-йамҳув” феълидан ясалган бўлиб, “ўчириб ташловчи, йўқ қилувчи, барҳам берувчи” маъноларини англатади. Юқорида келган ҳадисда ҳамПайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари “Моҳий” исмини шарҳлаб берганлар. Яъни, бу исм “куфр, ширк ва бутпарастликни йўқ қилувчи, ҳаром ишларга чек қўювчи” каби маъноларни англатади. Ҳақиқатан ҳам, Аллоҳ таоло Ўз Ҳабибини юбориб, кўплаб бузуқ эътиқод ва нопок ишларга чек қўйди.

Ҳошир – мазкур сўз аслида “тўпловчи, жамловчи” каби маъноларни англатади. Шарҳ китобларида эса ушбу исмнинг бир неча хил маъноларга эга экани айтиб ўтилган. Уларнинг биринчиси, “Қиёмат кунида энг биринчи тирилтирилувчи”. Бу ҳақида кўплаб ривоятлар бор. Ўша ривоятларнинг бирида у зот: “Менинг устимдан биринчи бўлиб Ер ёрилади”, деганлар. Иккинчи маъноси эса, “Набий ва Расулларнинг охиргиси, бутун инсониятни ўз ҳидояти ва шариатида тўпловчи” деганидир. Ҳақиқатан ҳам,Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча инс ва жин тоифаларига юборилганлар ва улар у зотга эргашишлари лозим.

Оқиб – ушбу сўзнинг ҳам икки хил маъноси бор: 1) ҳар бир нарсанинг охири, ниҳояловчиси; 2) бирон нарсанинг кетидан келувчиси, ортидан келувчи. Демак,Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг энг охиргисидирлар.

Муқаффий – мазкур исм ҳам “охирги келувчи; кетидан келувчи” каби маъноларни ифодалайди.

Набиййут тавба – “тавба пайғамбари”. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига токи нафаслари кириб-чиқиб турар экан, тавба қилиб, Аллоҳ таолога ҳақиқий банда бўлиш, ўша гуноҳ ишни бошқа қайтармаса, барча гуноҳларидан фориғ бўлиш каби улуғ неъматни берган. Бу бошқа умматларда кузатилмайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг умматларига енгил ва осон йўл билан тавба қилиш имконини берди. Бунда бандадан фақат кучли азму қарор талаб қилинади, холос. Бошқа умматларда тавба қилиши учун ўзини ўлдириш ва яна турлича қийин ишларни бажариш тавба қилганлик белгиси саналган. Бизларга бу неъматни берган Аллоҳ таоло доимо ҳамду санолар айтиб юришимиз лозимдир.

Набиййур роҳма – “раҳмат пайғамбари”. Аллоҳ таоло айтади: (Эй Муҳаммад), Албатта Биз Сизни (барча) оламларга раҳмат (яъни, Аллоҳнинг раҳматига, У Зотнинг розилигига етакловчи) қилиб юбордик” (Анбиё, 107).

Набиййул малҳама – кофирлар ва Дин душманларига қарши қаттиқ курашувчи пайғамбар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Набиййул малҳама” сифатига эга бўлсалар-да, шу ҳолатда ҳам ўзларининг “раҳмат пайғамбари” эканликларини зинҳор унутмаганлар. Мисол тариқасига йигирма йилдан зиёд вақт давомида Ислом ва мусулмонларга тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатиб, Исломни Ер юзидан бутунлай йўқ қилиб ташламоқчи бўлган Қурайш мушрикларидан Макка шаҳри фатҳ қилинган куни муносиб жазо олишлари мумкин эди. Лекин у зот бундай қилмадилар, балки уларни авф этдилар. Бу ҳолни кўриб мушрикларнинг ўзлари ҳам ҳайрон қолишган. Охир-оқибат уларнинг аксарияти мусулсон бўлган.

Фотиҳ – куфр ва ширк диёрларини фатҳ қилиб, Ислом нурини киритувчи.

Мутаваккил – Аллоҳ таолога таваккул қилувчи. Аллоҳ таоло бир неча сураларда Ўз Ҳабибини фақат Ўзигагина таваккул қилишга амр қилади. Жумладан, Оли Имрон сурасининг 159 оятида: (Эй Муҳаммад,) агар (бирон ишни содир этишга) азму қарор қилсангиз, бас, Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта Аллоҳ (Ўзига) таваккул қилувчиларни яхши кўради”, дейилган (Яна қаранг: Нисо, 81; Анфол, 61; Ҳуд, 123; Фурқон, 58; Шуаро 217; Намл, 79; Аҳзоб,3; Аҳзоб, 48).

Амийн – ишончли; омонатдор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳали рисолат нозил бўлмасидан аввал ҳам ушбу исм билан “Муҳаммад амийн” деб чақирилар эдилар. Ҳамма у кишига ишонарди, пул ва омонатдор нарсаларини у зотга ишониб топширарди. Бирон мунозара чиқиб қоладиган бўлса, у зот адолатли ҳукм қилишлари талаб этиларди.

Шоҳид – гувоҳлик берувчи. Аллоҳ таоло айтади: (Эй Муҳаммад,) Биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана ўшаларнинг (барчалари) устида гувоҳ қилганимизда (инсонларнинг ҳоли) қандоқ бўлур?!” (Нисо, 41).

Мубашшир – башорат берувчи.

Назийр – огоҳлантирувчи.

Даъий илаллоҳ – одамларни Аллоҳнинг Йўлига, Аллоҳнинг Динига даъват қилувчи.

Сирожул мунийр – нурли, ёритувчи чироқ. Аллоҳ таоло айтади: “Эй Пайғамбар, албатта Биз Сизни (Қиёмат кунида барча умматлар устида) гувоҳлик берувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) башорат берувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантирувчи ҳамда Аллоҳнинг иродаси билан У Зотга (яъни, Унинг Динига) даъват қилувчи қилиб ва (Ҳақ Йўлни кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб юборганмиз!” (Аҳзоб, 45-46).

Эътибор берадиган бўлсак, ушбу икки оятда юқорида саналган бешта исм келтирилмоқда.

Башийр – кўп башорат берувчи. Бу ҳақида Қуръони каримда хабарлар келган. (Қаранг: Бақара, 119; Сабаъ, 28; Фотир, 24). Шунингдек, “Башийр” ва “Назийр” исмлари Қуръони каримнинг ҳам сифатларидан саналади. Қаранг: Фуссилат сураси, 4-оят.

Тоҳа – Икрима ва Заҳҳоклар: “Тоҳа набатий тилида “эй инсон” маъносини англатади”, дейишган. Ибн Аббос эса: “Тоҳа ҳабаш тилида худди “эй Муҳаммад” дегани кабидир”, деган. Ҳадисларнинг бирида: “Албатта Аллоҳ Қуръонда мени етти исм билан номлаган: Муҳаммад, Аҳмад, Тоҳа, Ёсин, Муззаммил, Муддассир ва Абдуллоҳ”, дейилган.

Ёсин – “Ёсин” сўзи ҳақида ҳам турли хил фикрлар бор. Баъзилар: “Ёсин ҳабаш тилида “эй инсон” маъносини англатади”, деганлар. Яна баъзилар: “Ёсин Қуръон исмларидан биридир”, дейишган. Аммо Заҳҳок, Саид ибн Жубайр, Ибн Ҳанафийя ва бошқалар: “Ёсин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмларидан биридир”, дейишган. Аксарият уламолар шу фикрга иттифоқ қилишган. Шунингдек, Ибн Мурдавайҳ Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилишича, у ҳам: “Ёсин “эй Муҳаммад” деган маънони англатади”, деб айтган. Абу Бакр ал-Варроқ: “Ёсин” сўзи “эй инсоният саййиди” деганидир”, деб айтган.

Қосим – тақсимловчи, бўлувчи; адолатли ҳукм қилувчи. Саҳиҳ ҳадисларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Мен Қосимман, ўрталарингизда (ўлжа) тақсимлайман (ёки адолатли ҳукм қиламан)”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти).

Абдуллоҳ – Аллоҳнинг бандаси. Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Жин сурасида “Абдуллоҳ” деб атаган. У Зот айтади: “Қачонки Аллоҳнинг бандаси ( – Абдуллоҳ, яъни Муҳаммад) У Зотга дуо қилган ҳолида турганида, улар (яъни жинлар Қуръон эшитиш учун) унинг устига ғуж-ғуж бўлиб ёпирилишга яқин бўлдилар” (Жин, 19).

Саййиду валади Одам – Одам боласининг саййиди. Луғат китобларида “саййид” сўзининг “жаноб, бошлиқ, раҳбар, итоат этилиши лозим бўлган киши” каби маънолари келтирилган. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳуНабий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қиёмат кунида мен Одам боласининг саййидидирман” (Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Саййидул мурсалийн – пайғамбарлар саййиди. Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Фахр эмаску, Қиёмат кунида мен набийларнинг имоми, хатиби ва шафоатлари соҳиби бўламан” (Имом Термизий ривояти. Ҳадиснинг санади ҳасан-саҳиҳ-ғариб).

Соҳибу ливаил ҳамд – ҳамд байроғининг эгаси. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: “Қиёмат кунида қўлимда ҳамд байроғи бўлади. Ҳар бир набий, одам (боласи) ва улардан бошқаси менинг байроғим остида бўлади”, деганлар.

Соҳибул мақомил маҳмуд – мақтовли мақом соҳиби. Аллоҳ таоло айтади: “Кечанинг (бир қисмида) уйғониб, ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўқинг! Шоядки, Парвардигорингиз Сизни (Қиёмат Кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирур” (Исро, 79).

Содиқ – доимо рост гапирувчи.

Масдуқ – ростгўй деб тан олинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари рост гапиришлари билан бир қаторда одамлар томонидан ҳам ростгўй деб тан олинганлар. Ўз умматлари у ёқда турсин, ҳатто душманлари ҳам, хусусан Макка мушриклари ҳам у зотни ростгўй, тўғрисўз, амин деб тан олганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу чақалоқнинг она қорнида ривожланиш босқичлари, унинг умри, ризқи – тақдири ёзилиши ҳақидаги ҳадисни ривоят қилишдан олдин: “Содиқул масдуқ бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар”, дейди (Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Ҳарийс – бутун инсониятнинг, хусусан қавмининг иймонга келишига ўта ҳарисманд бўлган.

Рауф – марҳаматли.

Раҳийм – умматларига ўта меҳрибон, уларнинг Аллоҳ розилигига эришишлари учун доимо ҳаракат қилувчи, умматим деб қайғурувчи. Аллоҳ таоло айтади: (Эй инсонлар,) ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (Тўғри Йўл – Ҳақ Динга келишингизга) ҳарис – ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир Пайғамбар келди-ку!” (Тавба, 128).

Хотам – пайғамбарларнинг охиргиси, сўнггиси. Аллоҳ таоло айтади: (Эй мўминлар), Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир” (Аҳзоб, 40).

Расул – элчи.

Набий – пайғамбар.

Мурсал – Аллоҳ таоло томонидан одамларни Ҳақ Динга чақириш учун юборилган пайғамбар.

Маҳдий – ҳидоят топган, ҳидоятга бошланган.

Холийл – Аллоҳнинг яқин дўсти.

Ҳабийб – Аллоҳ таолонинг суюкли пайғамбари.

Мустафо – бошқалардан фазилатли қилинган; танлаб олинган. Имом Аҳмад Авф ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Набий (с.а.в) ўзлари ҳақида: “Мен “Ҳошир”ман, мен “Оқиб”ман, мен Мустафо Пайғамбардирман”, деганлар.

Восила ибн Асқоъ розийаллоҳу анҳуНабий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Албатта Аллоҳ Исмоил болаларидан Кинонани танлаб олди. Кинонадан Қурайшни танлаб олди. Қурайшдан Бани Ҳошимни танлаб олди. Бани Ҳошимдан мени танлаб олди” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Мужтаба – танлаб олинган. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбарликка танлаб олди. Шунингдек, у зотни инсониятнинг энг афзали қилиб танлаб олди. Қуръони каримда бир неча пайғамбар ушбу сифатлар билан зикр қилинади (Қаранг: Наҳл, 122; Тоҳа, 122; Қалам, 50; Оли Имрон, 179; Юсуф, 6).

Мухтор – танлаб олинган.

Муртазо – рози бўлинган. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг содиқ саҳобаларидан рози бўлди.

Мубийн – мазкур исмнинг икки хил маъноси бор: 1) баён қилувчи, тушунарсиз нарсаларнинг асл моҳиятини очиб берувчи; 2) аниқ, равшан, ҳеч шубҳа бўлмаган.

Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига кўплаб масалаларни, ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, яхши-ёмон каби нарсаларни туб моҳиятини тушинтириб берганлар. Қолаверса, у зотнинг бутун инсониятга очиқ насиҳатгўй, рост пайғамбар этиб юборилганларида шубҳа йўқдир.

Шофеъ ёки Шафийъ – Қиёмат Кунида умматлари ичидан катта гуноҳ содир этиб, тавба қилмай ўтиб кетганларни шафоат қилувчи, ўз шафоатига олувчи.

Мушаффаъ – умматлари ҳақида қилган шафоати қабул қилинадиган. Абу Ҳарайра розийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен энг биринчи шафоат қилувчи ва энг биринчи шафоати қабул қилинувчиман”, деганлар (Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Муҳаллил – Аллоҳнинг изни билан асли пок ва тоза нарсаларни ҳалол қилувчи.

Муҳаррим – Аллоҳнинг изни билан нопок нарсаларни ҳаром қилувчи.

Амирун бил маъруф – яхши, савобли ишларга йўлловчи.

Наҳий анил мункар – ёмон, гуноҳ ва маъсият ишлардан қайтарувчи. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларини келтира туриб шундай дейди: “У (Пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади” (Аъроф, 157).

Шакур – ҳам қалби, ҳам тили, ҳам бадани билан Аллоҳ таолога кўп шукр қилувчи, У Зот берган неъматларни эътироф этиб, Аллоҳга хушуъ ва ихлос билан ибодат қилувчи.

Имом Бухорий, Имом Муслим, Термизийлар Муғийра ибн Шуъба розийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунлари таҳажжуд намозларида бедор бўлганларидан икки товонлари ёрилиб кетарди, шунда у зотга: “Аллоҳ сизнинг аввалги ва охирги гуноҳларингизни кечириб юборган бўлса, нега энди ўзингизга бундай қийин ибодатларни лозим тутасиз?” деб сўралганида, у зот: “Шакур (яъни, кўп шукр қилувчи) банда бўлмайинми?!” деб жавоб қайтарганлар.

Муззаммил – либосларига бурканиб олган.

Муддассир – кийимига ўраниб олган. Мазкур икки сўз – “Муззаммил” ва “Муддассир”нинг маъноси бир хил.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳиро ғорида эканларида Жаброил у зотга биринчи ваҳийни олиб тушади, бу ғайриоддий воқеадан жуда қўрқиб кетган Пайғамбаримиз титраган ҳолларида уйларига келиб: “Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар!” деганлар. У зот шу ҳолда ётганларида, Жароил алайҳис салом келиб: “Эй либосларига ўраниб олган зот...” деб нидо қилди. Шу зайл Муззаммил сурасининг илк оятлари нозил бўлди. Қуръони каримнинг Муззаммил ва Муддассир сураларининг аввалида бу ҳақида айтиб ўтилган. Икки суранинг илк оятлари бир-бирига маъно жиҳатидан жуда яқин. Муззаммил сурасида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга туриб, туннинг маълум қисмида таҳажжуд намозини ўқиш, Қуръонни тиловат қилиш, Аллоҳни зикр қилиш айтилган бўлса, Муддассир сурасида эса ўрниларидан туриб одамларни огоҳлантириш, Аллоҳни такбир айтиш, кийимларини пок тутиш, бут-санамларга ибодат қилишдан йироқ юриш, Аллоҳнинг тоатида бўлиш жараёнида сабр қилиш лозимлиги таъкидланган.

Ҳозир сайтимизда 833 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ