Сайт бўлимлари
Тавбанг қабул бўлмас сани...
- Подробности
- Бўлим: Муаммолар
- Чиққан санаси: 02 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Оила- тарбия маскани. Унда ўзаро ҳурмат, меҳр-муҳаббат, ишонч, ҳалоллик ва поклик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик каби инсоний фазилатлар шаклланади, авлоддан авлодга етказилади. Айниқса, оилавий тарбия ижтимоий тарбиянинг асосини ташкил қилади. Киши асосий тарбияни оилада кўради ва шахс сифатида оилада камол топади. Инсоният пайдо бўлибдики, фарзанд тарбияси энг долзарб ва муҳим масалалалардан бири бўлиб келмоқда. Ҳар қандай жамият, тузум ва даврда келажак авлод тарбияси бирламчи вазифалардан ҳисобланган. Инсон аслида бахт ва эзгулик учун дунёга келади, шу орзу-умид билан яшайди. Фақат орзу билангина билан иш битмайди, у шу ниятига етиши учун интилиши, ғайрат кўрсатиши, яхшилик кўриши учун яхшилик қилиши лозим. Инсоннинг шаклланиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши, эл-юрт ичида иззат-ҳурматга сазовор бўлиши, юксак ахлоқ-одоб қоидаларини ўзида мужассам этишида оила асосий ўринни эгаллайди. Лекин ҳамма оилада ҳам фарзандга тўғри тарбия бериладими? Катталар тарбия деганда нимани тушунишадилар? Нега айрим ота-оналар фарзандини ҳаддан ортиқ эркалатиб, тантиқ қилиб ўстиришади-да, кейин ўз фарзандидан нолиб-ёзғириб юришади? Аксарият ҳолларда қийинчилик кўрмай ўсган болаларнинг тарбиясида салбий қусурлар кўзга ташланишининг сабаби нимада?
Бугун айни мулоҳазалар атрофида мушоҳада қиламиз.
Воқеа: Оила бошлиғи мансабдор эди. Анча йиллар юқори лавозимларда ишлади. Бир қиз, икки ўғил фарзандларини ҳеч кимдан кам қилмай ўстирди. Болаларнинг айтгани айтган, дегани деган бўлди. Хоҳлаганини кийиб, хоҳлаганини еган болалар катталарга ҳурматсиз, худбин бўлиб улғайишди. На ўғиллар, на қиз келажак ҳаётда ўзи учун зарур бўладиган касб-ҳунар ўрганиш ҳақида ўйлади. Гўёки, бир умр отаси амалдор. Гўёки, бир умр отасининг қўли худди ҳозиргидек узун, истаган ерига етади. Кексалар невараларининг ҳадсиз тантиқлиги яхшиликка эмаслигига ишора қилиб, ўғилларига насиҳат қилмоқчи бўлгандилар, бойвачча ўғил- пулдор отакатталарнинг насиҳатига қарата энса қотирди:
- Болаларимнинг қийинчилик кўрмай улғайишини истайман! Мен кўрган муҳтожликларни болаларим кўрмасин дейман!..- Бу кескин эътироз, иддао кеса ота-онанинг юрак бағрини ўртаб юборди. “Қўявер, онаси, мен ўғлингдай амалдор эмасдим, қўл узатган жойимдан бир нимани узиб олишга имконим етмасди. Мен уларни меҳнатга ўргатгандим. Меҳнат қилиб топилган луқманинг ширин бўлишини ўргатгандим. Демак, менинг тарбиям хато экан. Уни қийнаб ўстирган эканман...”
Орадан йиллар ўтди. Болалар катта бўлди. Амалдор ота қариди. Энди аввалгидек ошиғи олчи эмасди. Бунинг устига инсульт деган касаллик унга ҳамроҳ бўлди. Ўғиллар қандайдир диний оқимга аралашиб кетишди. Қиз ҳам акаларига эргашиб, мутассиб гуруҳлардан “иш” топди. Меҳнат қилмай, машаққат чекмай еб ўрганган болаларнинг мўмай даромад илинжида жиноий тўдаларга қўшилиб, ҳатто ўз ота-онасига қўл кўтаришгача боришини она шўрлик кўтаролмади. Бу юзқароликдан қабр остида паноҳ топишни маъқул кўрди. Ўғиллар қамалиб кетди. Қиз эса отасидан ҳеч йўқ йилда бир бора хабар олмайди. Бир пайтлари болаларини бировдан кам бўлмаслигини истаб, уларни ҳаддан ортиқ эркалаб, етарлича одобу тарбия беролмаган ота айни пайтда оқибатсиз фарзандларнинг муруввати ва эътиборига зор бўлиб бир ўзи ҳайҳотдек ҳовлида яшаяпти...
Мулоҳаза
Фарзанд киши дунёқарашини ўзгартириб юборади. Инсон боласи туғилгач, ўзини унутиб фақат фарзандининг келажаги, унинг бахту истиқболи учун яшайди. Айниқса ўзбек халқи учун бу ёзилмаган қонунга айланган ва қон-қонимизга сингиб кетган. Биз ҳар неники яхшиси бўлса, фарзандимга деймиз. Болам яхши яшасин. Болам муҳтож бўлмасин. Болам ўксимасин. Болам ҳеч кимдан кам бўлмасин. Бу ўзбек халқининг кўнглидаги ният. Фарзандларимизнинг бекаму кўст яшашлари учун шунчалик берилиб ишлаймизки, ҳатто уларга ҳаёт учун асқотадиган инсоний фазилатлардан сабоқ бериш ҳам хаёлимиздан фаромуш бўлади. Бора-бора ҳамма нарсага осонлик билан эришган болада енгил ҳаётга орзумандлик пайдо бўлади. Улғайгач ҳам мустақил бир ишни эплолмайдиган, осмондан чалпак ёғишини интиқ кутиб ётадиган ялқовга айланиб қолишади, гўдаклигидан бировга нафи тегмаган, эркатой болалар. Қариб кучдан қолган ота-онага аллақачон улғайиб ўз аравасини ўзи тортиши керак бўлган боласининг дангасалиги оғир ботади кейин. Тарбияда ҳар ким экканини ўради. Текинтомоқ, ялқов болаларнинг бемалолхўжалигига аслида унинг ота-онаси айбдор эмасмикан?..
Болага ён берган сари, у Ота-онага ҳукмдор
бўла бошлайди. Ҳатто бундай ҳолатларда болани итоат эттириш учун ҳам дақиқа сайин унинг айтганига кўнишга тўғри келади.Кўриб турибсизки, ўз-ўзидан бола эркатой, такасалтанг бўлиб ўсади. Ён- атрофидагилардан фақат меҳр ва эътибор кўриб яшаган бола келгусида ўзига қаратилган меҳрга жавоб бериш кераклиги ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмайди. Бу худбинлик пировардида бегоналар тугул, ҳатто ўз яқинларининг ҳам кўнглини оғритиши тайин. Энг ачинарлиси, эрта-тантиқ ўсган бола катта бўлгач, ўзидаги салбий хусусиятлардан хижолат чекиш, уларни тўғрилаш ўрнига фақат ўзини ҳақ деб биладиган, ҳамма унга қуллуқ қилиб туришини истайдиган манқуртлигидан ифтихор туяди.
- Қайнота-қайнонам эримни болалигидан жуда эркалатиб ўстирганлар, - дейди Нозигул исмли жувон.- Оила аъзолари эримнинг кўнглига қараб, унинг хоҳишидан ташқари бир оғиз сўз гапирмай папалаб қараган. Энди уларнинг нотўғри тарбияси жабрини мен чекяпман. Эримнинг ишлагиси келмайди. Меҳнат қилгиси, жон койитгиси келмайди. Ҳамма унга бўйинсуниши, унинг кўнглига қараб муомала қилиши керакмиш. Чўнтагида ҳемири йўқни, ким ҳам ҳурмат қиларди?! Ота-онаси ҳам нима бўлса биттаю битта ўғлимга бўлсин, қуёш чиқса ҳам, кун чиқса ҳам шу ўғлимга бўлсин, деб қизларининг топган-тутганига, меҳнатига раҳм қилмай ўғлини катта ўқишларда ўқитган. Энди на ота-она роҳат кўряпти, на опалар ва на мен билан болаларим. Бир куни қайнонам уялмай-нетмай менга “Биз ўзимиз емай- киймай, шу ўғлимиз катта одам бўлсин деб, эрингизни ўқитганмиз, қора қозонни сувга солиб, ўғлимни яхши кийинтирганман, ўқишида бойваччалар ўқийди, деб тагига мошина олиб берганман, ўғлим одам бўлсин деб, боримни шунга сарфладим, опаларини меҳнатидан укаси учун фойдаланиб, қизларимни сеп-сидирғасиз узатиб юборганман...” деб ўғлига қилганларини миннат қилса борми?! Худди улар қийналиб ўқитган ўғиллари мени боқяпти, гўёки уларнинг заҳматлари роҳатини мен кўряпман. Эрка-тантиқ ўғилларидан ҳеч ким барака топмаётганини, тарбияларининг натижасидан улар қаторида мен ва фарзандларимиз ҳам азият чекаётганини қайнота-қайнонам ўйламасмикан, дейман? Бир пайтлари эримнинг қилиқларига кулиб-қувониб, “эркатойим мени” деб севинган ота-онаси, энди ўғли отасига қўл кўтарса, онасини жеркиб ташласа кўз ёш қилишади. Тўғриси, мен бу нарсада эримни айбламайман. Айб – боласига қул бўлган қайнота-қайнонамда...
Мулоҳаза
Фарзандни толесиз қилишнинга сосий омили — у нима деса, ҳаммасига “хўп” дейиш. Боланинг пошшолик даври бўлади, албатта. Аммо ўша пошшолик даврида ҳам унга итоаткорона муносабатда бўлиш мақсадга мувофиқ эмас. Ҳар қандай ҳолат ва вазиятнинг моҳиятини бола ҳали кичиклигиданоқ, ёшидан келиб чиқиб тушунтириш яхши самара бериши тарбияда синалган усул эканини психологлар таъкидлайдилар.
Бахтсизликлар илдизи
“Кўпдан-кўп бахтсизликларнинг илдизи шундаки, ёшликданоқ болани хоҳишларини тизгинлашга, бу ишни қилиш мумкин, бунисини албатта қилиш керак, буни қилиш эса мумкин эмас, деган тушунчаларга тўғри ёндашишга ўргатилмайди”,- деган эди файласуфлардан бири. Жумлага аҳамият бериб ўқисангиз, фикр эгасининг нечоғли ҳақ эканига ишонч ҳосил қиласиз.
Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ҳамда ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, хоҳлаган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта бу савобга унинг ота-онаси, муаллими ва тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонликлар ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки болани шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади.
Ота-она фарзанди тақдирига масъул. Аммо айрим ота-оналар ана шу масъуллик масъулиятини англаб етмайди. Болага яхши-ёмонни, оқ-қорани ўргатиш, унга ҳаёт ҳақиқатларини англашида ёрдам бериш ота-онанинг вазифасидир. Кўпчилигимиз зиммамиздаги шу масъулият юкининг тўла англаб етолмаганимиз оқибатида ҳам ўзимизга ва ҳам фарзандимизга жабр қиламиз.
“Тўқликка шўхлик”
дейди эл. Мулоҳаза қилинса, нақлда ёстиқдай китобга жо бўлгулик ҳикмат мужассам. Тўқчилик- бебошлик, ношукрлик, оқибатсизлик, меҳрсизлик, тошбағирлик каби қусурларни авж олишга имкон берса, йўқчилик кишиларни янада бир-бирига яқинлаштиради. Очарчилик, қаҳатчилик пайтларини ўқиганмиз, эшитганмиз. Бир-бирига моддий ёрдам беришга қурби етмаган одамлар маънавий кўмак, кўнгил кўтариш, ўзаро меҳр-оқибат билан атрофидагиларни қўллаб турган.Тўкин- фаровон оилада, ота-онанинг арзанда-эркатойи бўлиб ўсган бола одам қадрини, ўзига сарфланаётган неъматлар қадрини қайдан билсин? Катта бўлганида ҳам ундай одамдан меҳр-оқибат кутиш маҳол. Бу ҳаётда ўз аксини кўп маротаба кўрсатган ҳақиқат.
Айрим ҳолларда боланинг оилада ота-онаси томонидан кўрсатилаётган ортиқча ҳайриҳоҳлик, эркалашлар, унинг ҳоҳиш истагига кўра талабларини қондиришлари атрофдаги тенгдошлари билан муносабатларида тафовутларга олиб келаётганлиги сир эмас.Тарбияни тўғри йўлга қўйишнинг асосий воситаси боланинг маънавий оламида эътиқодни шакллантиришдир.
“Ҳаётдан тўла завқланиш, яъни бахтга эришмоқ учун — болаларда “буюк муҳаббат” уйғотиш — ватанга, миллатга, инсониятга, тафаккур қудратига ишонишга, инсон қалбининг гўзалликлари олдида ҳайратланишга ўргатмоққа қодир бўлган нарса фақатгина инсонга, шахсга нисбатан жонли ва ҳаётбахш ҳурмат ҳисларини туғдира билишдир”,- деган эди буюк рус адиби М. Горький.
ТАВБАНГ ҚАБУЛ БЎЛМАС САНИ...
Даврий нашрлардан бирини варақлай туриб, аллақайси “юлдуз” хонанданинг (ҳозир уч отарчидан иккитаси “юлдуз” бўляпти!) “Мен отамни кечирдим” сарлавҳали “эксклюзив” интервьюсини ўқиб қолдим. Билмадим, балки ақлим шу ўринда бироз панд бергандир-у, аммо фарзанд қандай қилиб отасини айбдор қилиши ва гуноҳини бўйнига қўйиб, охири раҳм-шафқат назари билан қараган ҳолда кечириб юбориши тўғрисида ўйланиб қолдим. Иттифоқо, бир ҳикоят ёдимга тушди. Донишманддан, “Отангиз сизга қандай яхшиликлар қилган?”, деб сўрашганида, “Падари бузрукворимнинг менга қилган энг буюк яхшилиги — мени дунёга келтиргани. Мен жонимни фидо қилиб, отамнинг қарзини узишга уринсам-да, ана шу биргина илтифоти олдида ожиз қоламан”, деб жавоб қилган экан. Ривоятдаги ҳидоят лўнда: Ота — буюк зот!
Мазкур ҳикмат мағзини шоҳ Машраб ҳам ифодалаган:
Ер юзига қанча минг масжид бино гар қилса ул,
Ҳам яна кўприк- работу, мадраса кўп қилса ул,
Кунда юз минг оч-яланғочларга либосу нон берса ул,
Илмли ҳолу, илму қол кашфу каромат қилса ул,
Ҳар кишининг ота-онаси гар рози эмас,
Ҳазратим уммат демас, ҳам Худо бандам демас...
Фарзанд учун бу дунёда унга ҳақли бўлган кишилар — ота-онасини айбдор қилиш, камига “майли-да, мен сизни кечирдим!” деб иддао қилиш, бу ҳам етмагандек, газета орқали уни бутун оммага ошкор қилиш... Водариғ, бу не кўргулик?!.. “Ёш-да”, дерсиз. Бироқ ёшлик, бу қандай маънавий ҳуқуқки, у ўз падари бузрукворини эл-улус олдида шармисор этишга изн берса? У қандай ваколатки, ундан фойдаланган ҳолда сени дунёга келтирган қиблагоҳингни қайсидир гуноҳидан ўтишдек ваколат яратса?!
Тўғриси, ўша мақолани ўқигим ҳам келмади. Назаримда, газетада чоп этилган ўша суҳбатни ўқисам, гуноҳга ботиб қоладиганга ўхшадим. Дарҳақиқат, ота-онани айбдор қилиш, уларни камситиш — гуноҳи азим ҳисобланади. Қуввайи ҳофизам, абгор қалбимга малҳам излаб яна “Шоҳ Машраб” қиссасидан мана бу байтларни топди:
Аз амри худо баландтар аст амри падар,
Бе амри падар касе бажое нарасад,
Жаннат, ки ризойи модарон аст,
Зери қадамони модарона аст.
Яъниким:
Худонинг амридан отанинг амри юқори туради,
Отанинг амрисиз киши ҳеч қаерга етолмайди.
Бизнинг ризолигимиз бўлган жаннат,
Оналар қадамлари остидадир.
Буюкларимиз ота-оналарига эътиром кўрсатиб, уларнинг пойи қадамларини тавоф қилиб юксак мартабаларга етганлар. Биз эса иккита шеър ёзиб ёки учта “хит” қўшиқ куйлаб, ўзимиздан кетяпмиз. Боз устига отамизга оталик қилиб, уни кечирсак ва ўз кечиримлилигимизни эл аро кўз-кўз этишдан уялмасак, бу не разолат бўлди?!
Ёшларнинг феъл-атворидаги қусурлар, енгил ҳаётга ўчлик, оқибатсизликлар ҳақида гап кетса, дарровгина, “тарбия-да, ҳозирги ота-оналар тарбияга бефарқ бўлиб қолган”, деб қўя қоламиз. Қайсидир маънода бу фикр ҳам тўғридир. Аммо, бу хилдаги кескин мушоҳада бир томонлама қараш эмасмикин? Маҳалламизда ёши улуғ отахон яшарди. Кексайиб, илкидан қувват кетгунларича уста-дурадгорлик қилиб, элнинг корига ярадилар. Тўрт ўғил, беш қизни вояга етказиб уйли-жойли қилдилар. Аммо...
Гап шундаки ота қазосидан аввал бироз муддат бемор бўлиб ётдилар. Бошлари ёстиққа тегиб, бир қошиқ овқат, бир қултум сувга муҳтож бўлганларида фарзандларнинг ҳеч бири жонга оро кирмади. Майли, қизларни бировнинг ҳасми, турмуш ўртоғи, қайнона-қайнотасининг измидан ўтолмайди, десак, ўғилларга-чи, ўғилларга нима бўлган?! Аччиқ, аммо очиқ саволга элнинг ўзи жавоб топди: “Худодан қайтди устага!-деди одамлар,- У ҳам бир пайтлар хотинининг измидан чиқолмай, мункиллаб қолган отасининг корига ярамаган экан. Бир кун келиб унинг ўғиллари ҳам шу кўргуликка гирифтор бўлади!” Ана шунақа, халқнинг гапи ҳақ, ҳақники аччиқ бўларкан.
Ҳар бир ўғил-қизнинг ота-онаси олдидаги қарзи, фарзандлик бурчи-ку, юқоридаги хизматлар. Нега ўткинчи дунё васвасаларидан ошиниб, бизни бор қилган, яхши яшаб, элдан кам бўлмаслигимизни истаб, роҳатидан кечган азизларимизнинг меҳнатини, ҳақини адо этиш биз гумроҳ болаларга малол келади?!
Бир пайтлари обрўли амалдорлардан бўлган отахон ўзи яшаб турган уйини қўшнисига хатлаб бергани ҳақида эшитиб ҳайратим ошди:
— Отанинг ўғил-қизлари, неваралари бор эди, шекилли?- суҳбатдошимга тикилдим.
— Ҳа, икки ўғил, бир қизлари бор. Ўғиллари эътиборли кишилар, кўпчиликнинг даврасида юради. Қизлариям ўқитувчи. Туман марказида истиқомат қилади. Саккизта неваралари бор.
— Унда нимага уйларини қўшниларига...- чайналаман…
— Э сўраманг,- суҳбатдошим афсусланганнамо қўл силтайди. — Аёли вафот этгач, ота хор бўлди. Аввалига қизи келиб, кир-чири, ош-овқатига қараб юрди, лекин унинг ҳам рўзғори, бола-чақаси бор. Уйи ота ҳовлисидан анча олисда бўлса. Ўғиллар эртадан кечгача ишда, келинлар бир пиёла иссиқ чой тутиб қайнотани йўқюламайди. Отахонни қўни-қўшни, савобталаб инсонлар ёши ўтинқираб қолган бир аёлга уйлалаб қўйишди. Болалари, тўғрироғи ўғиллари билан келинлар ўша камнинг ҳам бошига кўп кўргуликларни солди. Охири ота, “менинг тинчлигимни бузадиган сизлардай фарзандим йўқ. Энди остона ҳатлаб уйимга қадам босманглар. Ўлсам ўлигим кўчада қолмас”, деб, ўғилларидан қаттиқ ранжибдилар. Қаричилик, касал бўлиб ётиб қолганларида, фарзандлари бирров кириб хабар олмабди ҳам. Бола ўз отасидан ҳам хафа бўларканми?! Икки кун шу алфозда ётиб касаллари оғирлашиб қолганидан хабар топган қўшнилари дарҳол отахонни касалхонага ётқизибди. То тузалиб оёққа турганларича, эр-хотин иккаловлари отадан бохабар бўлиб туришибди. Энг ачинарлиси, оталари йигирма кун касалхонада ётгану ўғиллар бир маротаба ҳам ҳол сўраб йўқлашмаган. Касалхонадан уйга қайтган отахон қўшниларини чақириб, ўзлари яшаб турган ҳовлиларини бутунлай уларга хатлаб берибдилар. Ҳозир ҳам ўша қўшнилари чол-кампирнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб туришади. Фарзанд деймиз, бола деймиз, оч қолмасин, юпун юрмасин, товонига ниш кирмасин, озор топмасин деймиз, охири улардан олган мукофотимиз шу бўларкан-да...
Суҳбатдошимнинг дарднок чеҳрасига қараб юрагимнинг туб-тубида дард симиллайди. Болаларининг оқибатсизлигини тарбияга тўнкайверамиз, ахир энг ёвуз кимсалар ҳам боласига “меҳрсиз, оқибатсиз, тошбағр бўл” демайди-ку...
Эй, ОТА! Воҳ, ОНА! Қандай “оқибат”ли фарзандларинг бор-а?! Тунов куни фалончининг ошида қулоғимга астагина шипшиди. “Мана шу қазо қилган киши отам билан тенг. Демак, менинг дадам ҳам қариб қолибдилар-да, -деди у,- беш кунликлари бор-йўқ, энди у кишини ўзим парваришлайман. Қабрга ўзим қўяман”.
Қара, қандай “оқибат”ли, “ғамхўр” ўғлинг бор; сенинг қазойингни ўйлаб ташвиш тортяпти. Ўкинма ота. Аслида оқибат деганлари ана шундай икки хил бўлади. Ота боламнинг камолини кўрай, деб оқибат қилади. Бола эса... Майли, Худо хайрини берсин ФАРЗАНДЛАРИМИЗни. Омон бўлишсин. Орқамизда қолишсин.
Кўнглимдан кечган бу ўйларни қоғозга тушириш ниятим йўқ эди. Ўқувчидан, “жуда кўп ёзилган, эскирган мавзу” деган маломатни эшитишдан чўчидим. Бироз фурсат мушоҳада юритиб, ота-онага бўлган меҳр-муҳаббат, оқибат туйғулари ҳамиша ўз оҳорида туришига ишонч ҳосил қилдим ва мулоҳазаларимни сиз азиз муштарийга илиндим. Ўйлайманки, каминангиз қаламга олган мавзу зукко газетхоннинг эътиборидан четда қолмайди. Сўзларим интиҳосида яна шоҳ ва девона шоир Бобораҳим Машраб ҳазратларининг ушбу пур ҳикмат сатрларини келтириб ўтмоқликни лозим топдим:
Эй кўзимнинг шаъмию ҳам нури дийдам равшани,
Одамий имонга етмай ҳеч вақт бўлмас ғани.
Мардумозори қилиб, бўлма Худонинг душмани,
Осмонга етса бошинг қилмагил моумани,
То отанг рози эмас тавбанг қабул бўлмас сани...
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 825 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар