Сайт бўлимлари
Киндиги очилмаган қиз...
- Подробности
- Бўлим: Муаммолар
- Чиққан санаси: 02 Март 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Гапнинг рости қизларимизнинг ибо-ҳаёси, кийиниш маданиятию ўзларини тутиши тўғрисида фақат эринчоқ одамгина ёзмади ва нимадир демади. «Қиз асрагунча, туз асраган афзал» дейишган қадимгилар. Нега? Чунки қиз бола шу қадар нозик ҳисобланганки, у сал нарсага айниб кетиши мумкин. Топ-тоза оқ сутга бир томчи сиёҳ томса, қанчалик булғанса, қиз боланинг ташқи кўринишининг очилиб - сочилиб кетиши ҳам шунчалик унинг бутун борлиғу номусига доғ бўлиб тушадигандек. Бироқ ҳозир гап қиз бола тугул ҳатто ўғил болаларимизнинг кийиниш «маданияти» тўғрисида ҳам эмас, балки қандай кийинганидан, феъл атворининг кенгу торлигидан қатъи назар - кўз ўнгимизда ўз-ўзича шаклланиб келаётган бу одам нима эшитиб, нима кўриб улғаяётганлиги ҳақида. Бошиданоқ айтиб қўяйлик: қадрли ота-оналару азиз ва мўътабар устозлар бизни кечирсинлару, аммо тан олмай иложимиз йўқ - ҳозирги кунда фарзандларимиз тарбияни биздан эмас, интертелевидео аталмиш раҳнамосидан олиб ётгани бор гап. Бир қараганда шуниси ҳам яхшидек. Ахир биз уззукун ўғил-қизимизнинг тарбияси билан шуғулланадиган бўлсак, бола-чақани ким боқади?
Шу боисдан ҳам биз чарчаб-ҳориб ишдан келамиз, бир луқма овқатимизни наридан-бери еймиз, сўнг тўйгами, туғилган кунгами ё бошқа бир тирикчилигимизга отланамиз: «Болам, салом, болам, хайр. Пул керакми, ма, ол, болам. Ўтган йилги палтойинг калтайиб қолдими? Майли, янаги маошда янгисини оламиз. Мактабга бораяпсанми ўзи? Ҳа, баракалла. Новвосга қарадингми? Уйни йиғиштирдингми?» ва ҳоказо ва ... бўлди. Шу. Боламиз билан бўладиган энг узоқ ва «мазмунли» суҳбатимизнинг моҳияти фақат шулардангина иборат холос.
Интертелевидео эса унинг ҳам отаси, ҳам онаси, опаси, дугонаси, дўсти, тарбиячиси бўлиб қолганини шундан кейин ҳам тан олмай кўрингчи. Аммо бу «дўст»нинг болаларимизга ўргатаётган жуда кўп нарсаларини шу ёшга кириб, баъзан маҳрамингизга ҳам айтолмайсиз. Масалан, 7 ёшдаги қизалоқлар аёл киши боши айланиб, беҳол бўла бошладими, бу ҳомиладорликдан нишона эканлигини қаэрдан билади? 5 ёшдаги болакай эса чақалоқларни касалхонадан олиб келишмайди, уларни аялар худди мушукларга, бўри ёки тулкиларга ўхшаб «туғишию», катта болаларини эса «чақалоқни сотиб олдик» деб алдашларини ҳам ҳарҳолда уларга ўзимиз ёнимизга ўтирғизиб, эринмай, батафсил тушунтирмаган ёхуд бу ҳақда уларга боғча опаси махсус машғулот ўтиб гапириб бермагандир?
Бир танишимнинг қизи эса оддий мактабдан нуфузли гимназияга ўқишга қатнай бошлади. Эҳ қизлар, қизлар. Улар хоҳ етти ёшда бўлсин, хоҳ ўн еттида гаплашадиган мавзулари албатта мода ёки кийим-кечакдан бўлади. Нима гап ўтса ўтганки, янги келган қизалоқ дугоналари билан гурунглаша туриб ҳали умрида «топик» ( қориннинг тепасидан келадиган майкача) кийиб кўрмаганини айтиб қолади. Қизлар пиқирлашиб кулишган, «Вей, сени қараю, киндиги очилмаган қиз!» деб уни мазах қилишган. Буни қарангки, бу гаплар қизалоққа оғир ботади. Гўёки киндигини очиб юрмаслик - уятдек, хўрлиги келиб, ота-онасини ёзғиради: мана, сизларнинг тартиб-қоидаларингизни деб ўртоқларимга калака бўлдим! Ҳа, бу не гапки, эндиликда бор-йўғи бошқаларга нисбатан ахлоқли бўлиш ҳам айб ҳисоблансаю, жамоа ундайларнинг устидан кулса, янаям аниқроғи кийим кийишдаги оддий меъёрийликни табиий қабул қилолмасалар ?
Ҳа, болаларнинг кўзи тугул киндиги ҳам очилиб кетгани энди янгилик эмас. Улар мактаб дастуридан тўрт қатор шеърни билмаслиги мумкин, аммо ҳар бир маъни-маънисиз реклама роликларини тўтиқушдай ёддан такрорлайди:»Келтирдингми! Ҳа, шеф!» , «Сизни простата, аденома безовта қилаяптими?», «Лейкерс билан газни бос!», «Яхши кўрасанми?Жейк!» ва ҳоказо. Ҳомиладорликдан сақловчи воситалар рекламаси берилаётганда сиз-ку э, болам барибир ҳеч нарсани тушунмайдику, деб хотиржам ўтираверарсиз, аммо болалар бир-бирига зимдан кўз уриштириб, пиқир-пиқир кулишади. Бизнинг аҳмоқлигимизнинг устиданми ёки ўзларининг ақлли бўлиб кетганликлариданми, билмайсиз....
Булар ҳали ҳалвоси. Кабелли телевидениэ шарофати билан уззукун намойиш этилаётган филмларни-ку айтмай қўя қолайлик. Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор берсак: ўзбек дубляж санъатининг барибир бетакрорлигига шак келтирмаган ҳолда шуни қайд этиш мумкинки, баъзан бу бетакрорлик чет элнинг савияси паст филмларини оҳанраболи ва ёқимли овоз ҳамда талаффуз билан қизиқарли қилишга қодир бўлгани ҳолда, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган видеофилмларни аксинча, сунъий ва зерикарли, жонсиз, фақат стилистикага урғу бериб «гапиртириш»лари орқали шундоқ ҳам зерикарли сюжетларни янада мужмаллаштиришлари билан ажойиб. Бироқ шунга қарамай, тўрт кўз тугал - ТВ ники. Истаймизми йўқми биз улардан кўз узмаймиз. Бироқ билмаймизки, асосан тунги каналларда намойиш этиладиган кўплаб бадиий филмлар кундуз куни такрорий намойиш этилади. Яъни сиз тунда уйингизда болалар соатини жорий қилганингиз билан кундуз куни фарзандингиз сиз ўзингиз ухлаб қолиб кўролмаган эротик филмларни ҳам маза қилиб томоша қилади. Бу ҳали бор-йўғи уларнинг кўраётганлари. Рус тилини тушунадиган болаларнинг эшитаётган гаплари-чи? Бундай кинофилмлар табиийки асосан детектив ёки триллер жанрида булиб, ундаги сўз ва жумлалар ҳам шунга яраша - криминал ибора ва жаргонлардан иборат бўлади. Айрим шунақа филмлар борки, уларнинг оригиналлигини сақлаш мақсадида рус тилига қилинган таржималарида деярли ҳар бир сўзнинг орасида ўрисча «мат»нинг такрорланиб туриши, инглиз тилидан синхрон таржима қилинган филмларда эса истайсизми йўқми «фак оф» жумласи хам тез-тез қулоққа чалиниб қолиши табиий ҳол. Балки ёт тилдаги сўкинч сўзлар ўзимизнинг «ҳе, онагни»чалик қўпол эшитилмас. Аммо шуниси борки, айнан ўша инглизларнинг ўзида «фак оф» жумласини теле ёки кинода персонажлар тилидан қўлланилишига нисбатан жуда қаттиқ чора кўрилади. Масалан бир пайтлар машҳур «Шамолларда қолган ҳисларим» филмидаги «лаънати» -«дамн» деган биргина сўзнинг кетиб қолгани учун ҳам филм ижодкорлари жавобгарликка тортилган экан. Тўғри ўша даврлардан буён кўп вақт ўтиб кетган бўлсада, аммо ҳали ҳамон барибир ғарбда етмишинчи йиллардан кейингина вазиятнинг бироз юмшаганининг ўзиёқ Америка филмларини шу даражага олиб бориб қўйганки, кино қаҳрамонлари тилидан чиқадиган сўкинишларни тушунса борми, Тошпўлат тажангнинг ҳам уятдан лавлагиси чиқиб кетарди. Аммо шуниси эътиборлики, нақадар «демократлашиб» кетганига қарамай, АҚШда болалар учун чиқариладиган филмлардаги сўз тцензураси ниҳоятда қаттиқ олиб борилади. Биргина «Индиана Жонс» ёки «Гарри Поттер» филмларини мисол тариқасида кўриб ўтадиган бўлсак, у ерда ҳаттоки «шет» (ахлат) жумласи ҳам ишлатилмайди. Фаҳшу разолат авжига чиққан шу мамлакатда ҳам тцензурадан ташқари сўзларни ишлатиш, тананинг яланғоч қисмини кўрсатиш, зўравонлик ва наркотик воситаларни истеъмол қилиш мавзусини намойиш қилиш қатъиян тақиқланган. Ким бўлишидан қатъи назар бу қонун-қоидани бузган киши, катта миқдорда жарима тўлаши ва ҳаттоки жиноий жавобгарликка тортилиши ҳам шубҳасиздир. Тўғри бу сеҳрли аталмиш ўлкадаги ғирром тузумнинг ўзига хос найрангбозчилиги бўлиши мумкиндир, аммо шунга қарамай болалар масаласида чегарадан чиқиб кетиш, яъни болалар адабиётлари, филмлари, кўрсатувлар,шунингдек адабиётлар, мултфилмларда аҳлоққа зид жумлаларнинг ишлатилиши ёқи ғайритарбиявий кўринишларнинг намойиш этилишини қатъиян тақиқловчи қонуннинг барибир борлиги ижобий ҳол эмасми?
Энди биргина Россия канали орқали намойиш этилаётган «Бригада» филмининг такрори кундузги вақтда кўрсатилишига нима дейсиз!? Яланғоч хотинлару, кокаин ҳидлаётган бангиларми - буларнинг бари-барини рус тенгдошлари қатори бизнинг болалар ҳам кўриб ётишибди. Йўлдошли антенна орқали намойиш этиладиган филм ва кўрсатувларнинг аксарияти шу ва шунга ўхшаш филмлардан иборат бўлгандан кейин бизнинг ўзбек тижорат каналлари ҳам томошабин рейтингини ошириш учун қўшиқ эмас, «қийпанглаш»дан иборат клипларни айлантиришни авжига олдириб юборганидан ҳайратланмаса ҳам бўлади. Қолаверса, собиқ тузум даврида эстраданинг унчалик тараққий этмагани сабаб кўпчилик «Модерн Токинг», «Абба», «Бони-М»ларни эшитиб ўсган ва табиийки уларнинг бирорта ҳам сўзига тушунишмаган. Аслида эса жаҳонга машҳур бундай гуруҳларнинг айтаётган ашулаларида ҳам маъно мазмуннинг ўзи бўлмаган. Чунки Ғарбда энг муҳими оҳанг ҳисобланган. Буни ҳозирда инглиз тилини сизу биздан кўра яхшироқ ўзлаштириб бораётган болаларимиз билишмайдику. Аммо кошки улар ҳеч қурса ўз она тилида янграётган қўшиқларда ҳам тутуруқли жумлалар эшитишаётган бўлса. Ахир бизнинг эстрадамиз ҳам ғарб санъатига қараб юриб эмас, нақ югуриб кетмоқда. Шунинг учун ҳам фарзандларимиздаги кўриш, англаш , тушуниш каби ҳиссиётлар арзон-гаровига пала-партишига қабул қилишга айланиб қолган. Бундан бир неча йил илгари кино экранларимизда «Рамаяна» филми намойиш этилганда кичик ёшдаги барча болалар пайкон отишга берилиб кетгани каби, ҳозир ўсмир ёшидаги ўғил болалар ўз имиджини Шоҳрух ё Шоҳруххон ва Шаҳриёрга ўхшатишга уринишади. Биринчи синф қизалоқларнинг катта танаффус вақтида ойижонлари шоша-пиша нонларига бир бўлак сарёғ суриб, тайёрлаб берган «бутерброд»ларини кавшай туриб қизғин равишда муҳокама қиладиган мавзуси ҳам шунга ўхшаш: «Зердахонимнинг боласи туғиладими йўқми? Эсма Салимга тегадими Демиргами? Манга «Кечалар» қўшиғи ёқади, сангачи?» Ва ҳоказо.
Мана шунақа руҳда ўсиб улғаймоқда қизларимиз. Вояга етмоқда ўғилларимиз. Балки дерсиз : «Ўзбекистон» каналидан бошқасини кўришга рухсат бермай қўйинг болаларингизга. Ахир бир пайтлар сизга ҳам ота-онангиз фақат «Оталар сўзи - ақлнинг кўзи» кўрсатуви билан пахтакорларга бағишланган контсертлардан бошқасини томоша қилишга руҳсат беришмаганку.» Тўғрику-я, аммо бу каналда хам ишлар «чакки» эмас-да. Куни кеча ёш бир санъаткорнинг янги қўшиғининг клипи намойиш этилди. Қўшиқ-ку туппа-тузук, аммо клипдаги воқеани кўринг-а: Эр ва хотин сўрида ўтиришибди. 15-16 ёшлардаги қизи уларга чой олиб келиб қўйиб кетади. Она: «Дадаси, мана қизимизнинг ҳам бўйи етиб қолибди» дейди ҳе-бесиз. Ота ҳам биро-оз жим қолиб, жавоб бераяпти: «Ҳа... Ўзим ҳам а-анчадан бери сезиб юрибман.» Тавба , ҳеч замонда ота-она қизининг етилиб қолгани ҳақида ҳам шунақа оҳангда гаплашадими? Хўп, ана, қизининг «масаласи» тўғрисида шу тарзда ўз фикрини билдирадиган ота-оналар бордир. Аммо уларнинг телевидениэ орқали ибрат қилиб кўрсатадиган қандай жиҳати бор? Ота бўлмишнинг тамшаниб, қизининг етилиб қолганига анчадан бери зимдан назар солиб юрганини хотинига айтиб ўтириши кишида аллақандай шилимшиқ бир ҳис уйғотмайдими? Ва энг қизиғи, ниҳоят клипда қўшиқ янграгач, бошланади:
«Бў-ўй етиб,қўшни қиз...» деган жумлалардан кейин бўйи етган қўшни қизнинг деворидан бир «бўз» йигит ўғридай мўралайди. Бир йигитки, нақ ўттиз ёшнинг нари-берисида. Дарҳақиқат етилиб, пишиб ҳам бўлган.....
Бу клипми, майнабозчиликми ёки миллий ўзига хосликларнинг беўхшов карикатурасими, билолмайсиз. Шукр қиласиз: ҳарна ярим яланғоч бўлиб қийпанглашмаяптику, деб.
Сўзни мухтасар этадиган бўлсак, жазавага тушиб, бақириб-чақириш - ожизларнинг ишидир. Лекин юқорида қайд этилганларнинг барчасига жимгина қараб туравериш ҳам тўғри эмас. Биз демократик давлатда яшаяпмиз. Аммо, масалан Россияга Ироқ демократияси керак эмас экан, нега биз телеканалларимизда бошқа давлатларнинг демократияси ҳазм қиладиган ғояларни жимгина «эб» келаверишимиз керак? Бу билан жаҳон кино ва теле саноатида мавжуд дастурлар ва филмларнинг берилиши тақиқлансин демоқчи эмасмиз. Аксинча,кўпгина сифатли чет эл филмлари ўзининг ахлоқий-тарбиявий жиҳатлари билан бизга намуна бўлишга ҳам арзийди. Бироқ ўзбек томошабини, қолаверса, экранларга термулиб ўсаётган фарзандларимизнинг диди қачон ва қай тарзда шаклланишидаги муҳим бир лаҳзани қўлдан бой бериб қўймаслик учун нима қилмоқ керак? Жавоб тайёр: албатта, экран маҳсулотларининг сифатлиларини ўзимиз ишлаб чиқаришимиз ва намойиш этишимиз керак. Бироқ сифат ҳар доим кўп вақт ва катта пул талаб этиб қолади-да. Хўш, нима бўпти? Ахир давлат таъминоти шунинг учун ҳам мавжуд эмасми? Қолаверса, ишончимиз комилки, Ўзбекистонда тафаккур савияси юқори одамлар жуда кўп. Фақат афсуски, негадир ҳеч уларнинг фаоллиги кўринмайди. Балки улар ҳам сизу бизга ўхшаб, қизимиз киндиги ҳалигача очилмаганидан ўкиниб келганда, жиддий ташвишга тушиб қолишар?
Дилфуза Қўзиева,
журналист
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 873 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар