1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Болага пул бериш керакми?

Навбатдаги мунозарамизда фарзанд тарбиясидаги асосий бўғинлардан саналган молиявий масалага эътибор қаратдик. Суҳбатдошларимиз  «Бола пулни нимага ишлатади?», «Болага пул бериш шартми?» деган саволларимизга қуйидагича жавоб қайтардилар:
Зиёда Эгамбердиева, 29 ёш, чевар: - Иккита фарзандим бор. Иккаласи ҳам бошлан¬ғич синфда ўқишади. Фарзандларим ёш, ўқув муассасаси узоқ бўлгани учун уларни ҳар куни ўзим мактабга олиб бориб, олиб келаман. Болаларимга пул бермайман. Овқатланиши учун алоҳида идишларда овқат ёки бутербродлар қилиб бераман. Эрталаб нонуштасига тўқ тутадиган таомлар тайёрлайман. Пул берсам, кўча-куйдан ҳар хил нарсаларни олиб ейишади. Кўчадаги егуликларни ҳаммасининг ҳам сифати яхшилигига ишонмайман.  Қолаверса, боланинг қўлига пул тушса, ҳар хил болаларга қўшилиб, компьютер ўйинларига бориши мумкин ёки пулни ортиқча нарсаларга сарфлаши мумкин. Мен болага пул бериш шарт эмас, деб ўйлайман.
Аҳрор Акромов, 40 ёш, шифокор: - Болаларимнинг ёшига қараб - катталарига уч минг сўмдан, кичикларига минг-бир ярим минг сўм атрофида пул бераман. Бола эрталабдан кечгача мактабда, машғулотларда бўлади. Овқатланиши керак. Лекин овқат пулидан «уриб», «сотка»сига сарфлайдиган болалар ҳам йўқ эмас. Ота-онасидан овқат учун олган пулларини жамлаб, қўл телефони сотиб оладиган болалар бор. Лекин барибир, болага пул бермасангиз, тенгдошлари олдида кўнгли ўксиб қолади. Наилож, кўпдан чиқолмайсиз-да...
Озода Султонова, 16 ёш, коллеж талабаси: - Ота-онам бир ҳафтада менга йигирма-йигирма беш минг сўм беришади. Йўл кирам, тушлигим ва қўл телефонимга ҳозирча шу етиб турибди. Ортиқча пул сўраб ота-онамни қийнамайман.
Дилафрўз Жўраева, 17 ёш, коллеж талабаси: -  Мен ота-онамдан фақат йўл кирамга пул оламан. Қўл телефони ишлатмайман. Чунки ҳали қўл телефони ишлатадиган даражада бирор ишни қойиллатиб қўйганим йўқ. Ота-онасининг машаққат билан топган пулларини телефонда валақлашиш учун сарфлайдиган болаларни ҳеч тушунмайман-да... Тушлигимга уйдан егулик олиб келаман.
Тўғри, курсдошларим, бадавлат оилаларнинг қизлари устимдан кулишади, масхара қилишади, аммо менга уларни фикрларининг қизиғи йўқ. Онажоним, бола қанча зориқиб улғайса, шунча меҳнатсевар бўлади, одам қадрини биладиган бўлади, дейдилар. Тўкин ўсаётган айрим дугоналаримнинг юриш-туришини, катталарга, ўқитувчиларга, ота-оналарига беписанд муносабатини кўрганимда, онажонимнинг гаплари қанчалик тўғри эканига ишонч ҳосил қиламан.
Сирожиддин Муҳиддинов, 12 ёш, мактаб ўқувчиси: - Мен ёзги таътилда ишлайман. Амакиларим билан одамларникида ғишт қуйишга қарашаман, мева тергани бораман. Хуллас, ёз бўйи ишлаб топган пулимни ота-онамга бераман ва ўша пулдан ўқиш мобайнида ота-онам эҳтиёжимга қараб бериб туришади. Ҳатто мактаб формасини ҳам шу йили ўз пулимга сотиб олдим. Кап-катта боланинг ота-онасидан пул сўрашини уят ҳисоблайман...
Бу масалада ўқитувчилар нима дейишади?
Набия Тўраева, педагогика фанлар номзоди, доцент: - Болаларга  ортиқча ва назоратсиз пул берилишини буткул қоралайман! Фақат овқатланиши учун, мактаб ёки коллеж, лицейига зарурат туғилганда пул берилиши керак. Лекин айрим ота-оналар болаларига мақсадсиз пул беришади. Бола қўлидаги пул билан кўнгли истаган ишни қилмоқчи бўлади. Ҳозир аксарият болалар  пулни қўл телефонига, компьютер ўйинларига сарф¬лашади. Нима ҳам дердик, гап яна айланиб-айланиб тарбияга бориб тақаляпти. Майли, қўл телефони олиб беришсин, бу болани назорат қилиш учун керак бўлиши мумкин, аммо аксарият болалар телефондан бошқа мақсадларда фойдаланадилар-да. Ҳозир ёш болаларнинг қўлидаги телефонлар хотирасида турган суратлар, клипларни кўрсангиз, ёқангизни ушлаб қоласиз. Ўқитувчи шуни гапирса, танбеҳ берса, кўп ота-оналарнинг ғазаби қўзийди...
Дилбар Субҳонова: - Бола тарбиясида меъёрий қаттиққўллик зарур. Нафақат пул беришда, балки ҳамма нарсада назорат кучли бўлиши шарт. Бола бош тарбияни оилада олади. Пул мақсадли берилиши керак. Ва ана шу берилган пулни назорат  қилиш ҳам керак: бола ота-онасидан олган пулни нимага сарфлаяпти, унга нима учун пул керак бўляпти, ота-она ҳаммасидан хабардор бўлиши шарт.
Болалигимизда ота-онамиз бизга умуман пул беришмаган. Нимага эҳтиёжимиз бўлса, ўзлари муҳайё қилишарди. Қолаверса, у пайтлари биз ҳозирги болалардек қимматбаҳо қўл телефонлари, компьютер ўйинлари ёки энг сўнгги урфдаги кийимларга эмас, фақат ва фақат китобларга эҳтиёж сезардик. 
Ҳабиба Юсупова: - Кўпчилик ота-оналар нимага кераклигини суриштирмай, боласига пул бераверади. Болалар бор пулини сарфлаётган қўл телефонлари эса уларнинг тарбиясига, ўқишига халақит бериб, йўлдан чалғитяпти. Пул борасида ота-она боласини албатта назорат қилиши керак.
Хуршида Тойирова: - Болага пул нимага керак ўзи?! Мен бу борада мактаб ўқувчиларини назарда тутяпман. Тушликкача ўқийдиган бола бемалол уйига бориб овқатланса бўлади-ку?
Биз ўқувчилик давримизда ёшимизга мос китобларни мук тушиб ўқирдик. Ҳозирги болалар интернет қаршисида мук тушишади. Уларнинг интернет орқали фақат фойдали маълумотларни олишига ишониш қийин.
Мен китоб ўқимайдиган болаларнинг келажагидан хавотирдаман. Қанийди, болалар қўлларига тушган пулга китоб сотиб олишса... Китоб олиб беринг, деб ота-оналарини ҳол-жонига қўйишмаса...
Азиз муштарий, бу борада сизнинг мулоҳазаларингиз қандай?

Рухшона ФАРРУХ тайёрлади.

Ҳозир сайтимизда 868 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ