Сайт бўлимлари
Оталар ва болалар
- Подробности
- Бўлим: Ота-она
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ҳозирги замонда «оталар ва болалар муаммоси» деган гап чиқиб қолган. Эмишки, замонавий оилаларда катталар ва кичикларнинг, яъни оталар ва болаларнинг, оналар ва қизларнинг муросаси келишмас эмиш, улар бир том остида аҳил, тотув яшай олишмас эмиш. Бунга эса уларнинг ёши ўртасидаги фарқ туфайли дунёқарашларининг мос келмаслиги сабаб бўлар эмиш. Ғарб олами «авлодлар тўқнашуви» ёки келишмовчилигининг азиятини кўпдан буён тортади. Бу мавзу билан бир неча илмий-тадқиқот муассасалари, қанчалаб номдор олим ва мутахассислар шуғулланаётганига қарамай, икки авлодни «муросага келтирадиган» куч ёки омил ҳанузгача топилмаган, шекилли.
Шарқ оилаларида бу муаммонинг бўлиши мумкин эмас. Чунки, бизда болалар кичиклигиданоқ катталарни ҳурмат қилиш, уларнинг айтганига дарров кўниш, гап қайтармаслик, ҳар бир ишда маслаҳат сўраш руҳида тарбия қилинади. Одобимизда ота-она чақирганда ҳар қандай ишни ташлаб, «лаббай» деб бориш, нима буюришса ҳам «уф»тортмай бажариш, қариб ёрдамга муҳтож бўлишганида ҳар томонлама меҳр-муҳаббат кўрсатиш, ҳатто даврада улардан юқорига чиқмаслик, берухсат сўзламаслик, кўчада олдиларига тушиб юрмаслик талаб этилади.
Ахлоқимизда «Боланинг ўзи ҳам, моли ҳам отаникидир», деган ажойиб қоида бор. Бу дегани агар ота муҳтож бўлиб қолса, фарзанди топган мол-мулкдан бемалол, ҳатто сўраб ўтирмай фойдаланишга ҳақли, дегани. Айни пайтда бу – ота ўзи етарли мол-дунёга эга бўлса-да бу қоидани рўкач қилиб, ўғлининг бор-будини тортиб олсин, дегани эмас.
Ана шу қоидага амал қилинган жойларда қариб-қартайиб, пул топишга ярамай қолган кексалар тиланчилик қилиб ёки ахлат титиб емиш излашга мажбур бўлишмайди. Бошпанасиз қолиб, кўчаларда, деворлар тагида тунаб юришмайди. «Қариялар уйлари»да ёлғизликда, болаларини соғиниб яшашга маҳкум бўлишмайди.
Ахлоқли фарзандлар ота-оналарини ҳамиша бошга кўтаришади, айтганларини муҳайё қилишади, иззат-икром қилиб дуоларини олишади. Чунки, бу «қайтар дунё» эканини яхши билишади, ота-онага қилган яхшиликлари эртага фарзандларидан ўн чандон бўлиб ўзларига қайтишидан умид қилишади, ёмонлик қайтиб қолмаслиги чораларини кўришади.
Ғарб маданияти таъсирида улғайган кимларгадир булар боланинг «ҳурриятини бўғиш», «эркига тажовуз» бўлиб туюлиши мумкин. Аммо катталар ва кичиклар ўртасида йўқ ердан муаммо ясаб олган Ғарб бугун биздаги оталар ва болалар ўртасидаги яхши муносабат ва меҳр-оқибатни кўриб, ҳавас қилишдан ўзга чора тополмай юрибди. Масалан, Франсияда ўтказилган тадқиқотларга кўра, бу ердаги ота-оналарнинг 75 фоизи фарзандларига уй-жой сотиб олишда молиявий ёрдам кўрсатиш истагида бўлса, фарзандларнинг эса бор йўғи 23 фоизи кексайган ота-онасига ўз уйидан бошпана беришга рози бўлар экан. Бу ҳолат бизларга нақадар эриш туюлмасин, Ғарбда бу каби воқеалар одатга айланиб кетган.
Ғарб мамлакатларида бўлганимизда болаларнинг ота-оналарини менсимай, қўполлик билан муомала қилганини, ҳақоратлаш, ҳатто уришгача борганини, жамоат транспортида катталарга жой бермай сурбетларча бақрайиб турганини, алоҳида рўзғор юритаётган ўғил-қизларнинг бир шаҳарда туриб ота-онадан йиллаб хабар олмагани каби нохуш воқеаларга кўп марта дуч келганмиз.
Аммо, минг таассуфки, бизда ҳам минг йиллик одобимиз талабларидан чекинилган, оилада «замонавий муносабатлар»ни жорий этишга уринилаётган хонадонларда бўй етиб қолган болаларини йўлга сололмай, ҳар куни фиғони фалакка чиқаётган, «тарбияси негадир яхши чиқмаганидан» ҳасратини кимга айтишни билмай, изтироб чекаётган, пушти камаридан бўлган фарзандининг ноқобиллигидан барвақт қариб ёки хасталаниб қолаётган кишиларнинг борлиги ҳам рост.
Кунларнинг бирида пойтахтимизнинг Сирғали туманида яшайдиган ҳамкасбимизникидаги меҳмондорчиликдан қайтаётиб нохуш воқеанинг шоҳиди бўлдик. Кўп қаватли уйлардан бирининг йўлагида бир онахон ўн саккиз-йигирма ёшлардаги бир қиз (афтидан қизи бўлса керак) билан ғижиллашиб туришарди. Она уни уйга қайтаришга ҳаркат қилар, қиз эса дугоналари билан қаергадир «танса»га бораман, деб тихирлик қиларди. Охири ноилож қолган она қарғанишга тушди: «сани туғмай ман ўлай, ташлаб кетган отангни уйи куйсин». Қиз бунга жавобан «қарғишинг ўзингга урсин», дедию ўрисчалаб сўкиниб «танса»сига жўнаворди.
Эҳтимол, бу аянчли воқеа ўзбекона тарбия топган кишилар учун ишончсиздай туюлар? Лекин айрим хонадонларда бундан-да фожиали муносабатларнинг қарор топгани ҳам бор гап. Кимнингдир фарзанди ота-онага умуман буйсунмай қўйган: «али» деса, «бали» дейди, айтганига кирмайди. Бошқасининг фарзанди ота-онани сўкиш уёқда қолиб, ҳатто қўл кўтаришгача борган. Бировининг боласи ичкиликка ёки гиёҳвандликка мубтало. Яна кимнингдир ёлғиз фарзанди ўғирлик ёки бошқа бир жиноят қилиб қамалган. Яна бири уларнинг умр бўйи йиғиб топган мол-дунёсини қиморда ютқазиб қўйган.
Бу аянчли воқеаларда ким айбдор? Айбни она сути оғзидан кетмаган ёшларга ёки бола тарбиясини ўз ҳолига, кўчадаги муҳитга ташлаб қўйган ота ёки онага тўнкаб қўяқолса ҳам бўлади. Ёки айримларга ўхшаб буни мактаб муаллимларининг масъулиятсизлигига йўйиш ҳам мумкин. Ёхуд баъзилар каби «ҳа, энди замона бузилиб кетди-да» қабилидаги тасалли билан овунса ҳам бўлади.
Бола билан ота-онанинг муросаси бузилишига кўп жиҳатдан катталарнинг ўзлари айбли. Улар фарзандларини ёшлигида эркалатиб юборишган, айтганини дарров муҳайё қилишган, илтимосини ўйлаб ҳам ўтирмай бажо қилишган. Бундай «айтганини қилдириб», гапи рад этилмай улғайган бола катта бўлгач ҳам ана шу кайфиятида қолади. Энди қўл қисқалигиданми, ёки бошқа сабаб билан унинг тинмай ошиб бораётган моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондира олмай қолган ота-она ва фарзанд ўртасида аввал можаро, кейинроқ катта жанжал ва ўнгланмас зиддиятлар келиб чиқаверади.
Кўпинча йиғин ва давраларда суҳбатдошларнинг бола тарбияси ҳақидаги баҳс-мунозараларини эшитишга тўғри келиб қолади. Фарзандлар тарбиясининг яхши бўлиши омилларини ҳар ким ўзича ҳар хил шарҳлайди: кимдир болага ёшлигидан улуғ педагоглар тавсиясига кўра тарбия беришни тавсия этади, бошқаси энг аввало ота-она ўз ибрати билан тарбиялаши лозим, деб ҳисоблайди, биров боғча ва мактабдаги тарбия тизимини фойдали деб билса, яна кимдир болани ёмон улфат ва муҳитдан ҳимоя қилишни бу соҳадаги асосий масала дейди. Лекин ҳеч ким боланинг солиҳ, эс-ҳушли, тарбияли, итоатгўй бўлиб улғайишининг бош сабаблари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.
Юқоридаги омиллар ҳам керак, лекин болангизга у ҳали туғилмасдан туриб ҳалол-пок луқма бермас экансиз, унинг яхши тарбия топишидан умид қилмасангиз ҳам бўлади. Ҳаром йўллар билан топилган луқма еб катта бўлган болани ҳар қандай улуғ тарбиячи энг замонавий таълимот асосида тарбияламасин, кўзланган мақсадга эришиш амри маҳол! Аксинча ҳалол нафақа билан улғайган болани тарбиялаш осон кечади, бундай оилаларда ҳеч қачон «авлодлар ихтилофи» деган шармандали вазият юзага келмайди.
Катталар ва болалар ўртасида ҳаётда маълум келишмовчиликлар, бир-бирини тушунмаслик, бир-бирига «ғайирлик» каби ҳолатларнинг бўлиши табиий. Чунки кўп ҳолларда уларнинг ёши ва ҳаётий тажрибаси борасидаги кескин фарқ «ўз ҳукмини ўтказиб» туради. Ота ҳаётда эришган тажрибаси, мавқеи, билими доирасида фикр юритиб, боласидан ҳам шунга муносиб бўлишни талаб қилади. Бола эса ҳали ғўр, тажрибасиз бўлганидан отанинг насиҳатини ўз эркига тажовуз сифатида қабул қилади. Ота ўргатганларининг аксини бажаргиси қилади. Фитратидан келиб чиқиб отанинг хатосини у ҳам ўзи билмаган ва хоҳламаган тарзда такрорлашга мажбур бўлади. Отанинг ўз фарзанди ҳам «бу хатоларни такрорламаслиги учун» жон куйдириши самарасиз кетади. Бунда унинг жиғибийрон бўлгани ҳам, бошини чангаллагани, юрагини сийпагани ҳам иш бермайди.
Чунки бу ҳаёт қонуни. Ҳар ким хатолар қилиб, курашиб, мағлуб бўлиб тажриба орттиради, ҳаётдаги ўз йўлини топади. Ахир, ўзингиз ҳам унинг ёшида шундай ғўр, тажрибасиз бўлган, отангиз сўзини инобатга олмаган эдингиз-ку! Фақат болангизнинг ҳақ йўлдан тойилиб кетмаслигига, руҳий асослардан чекинмаслигига ҳушёр бўлиб турсангиз, кифоя!
Ёш ва замон орасидаги фарқ туфайли катталар ва болаларнинг дунёқараши, қизиқишлари, қадриятлари, турмушга муносабатлари ҳам турлича бўлиши табиий. Ҳатто кийиниш, муомала, овқатланиш каби оддий ҳолатларда ҳам икки томон кескин фарқланиши мумкин. Бир қарашда арзимас кўринган бу ҳолатлар ҳам баъзан «авлодлар келишмовчилиги» деган тўқнашувлар омилига айланиб кетади.
Фарзандингиз сиз истагандай кийинмаслиги, сиз ёқтирган овқатни емаслиги, сиз берилиб эшитиб турган мусиқани хоҳламай, «бошқа шўхроғига олайлик» деб илтимос қилиши мумкин. Бу боланинг инжиқлиги ёки «бузилиб кетаётгани» ёхуд қайсарлиги ва итоатсизлиги белгиси эмас, балки унинг ёши ва у яшаётган даврнинг ўзига хос эҳтиёжидир.
Ҳаётда кўпни кўрган кишилар билан суҳбатлашсангиз, бир нарсани такрор-такрор эслатишади: ҳамма даврда ҳам катталар ёшларнинг «бузилиб кетаётганидан, ҳаётни тушунмаслигидан, катталар билан муносабатларда бетгачопарлик, қайсарлик қилишидан» нолиб ўтишади. Гап албатта «ҳа, биззи давримиз бошқача эди, ёшлар одобли бўларди, катталардан ҳайиқиб турар эди» деган надомат тўла оҳангларда якунланади. Ёшларга қулоқ солсангиз, улар ҳам ўз навбатида катталарни қолоқликда, даврни ва ёшларни тушунмасликда, ўз ҳукмини ўтказишга уринишда айблашади. Улар ҳам гапни «ҳозирги ёшларга қийин бўлаётгани» ҳақидаги таассуфлар билан якунлашади.
Шу нарса кундай равшанки, фарзанд учун ота онадан садоқатлироқ, ота-онадан фидойироқ, улардан меҳрибонроқ бошқа дўст ёки улфат топиш қийин. Ўғил ёки қизнинг бошига бир мусибат ёки бало келганида ҳамма ундан воз кечиб ёки ташлаб кетиши мумкин. Фақат ота-она бундай қилолмайди: фарзанди билан баб-баравар қайғуради, фиғон чекади, ярасига малҳам қўяди.
Аммо бу садоқат ва фидокорлик ҳам айрим фарзандларга кўп ҳолларда ёқмайди, уларнинг ортиқча меҳрибончилигидан жаҳли чиқади. Гўё уни ёш бола санаб ортиқча илтифот кўрсатишаётгандек туюлади. Бошидан мусибати ариши биланоқ яна эски «дўст»ларини излашга тушади. Ота-она эса фарзандининг бу қилиғидан заррача хафа бўлмай, илгаригидан ҳам зўрроқ садоқат ва илтифот кўрсатаверади.
Ота-оналар фарзандлар билан муроса қилиш, уларнинг «кўнглини топиш»да яна бир жиҳатга аҳамият беришлари керак бўлади. Яратганнинг ҳар бир бандасини маълум ёш орасида синов-имтиҳонга солиши бор. Масалан, йигирма ёшгача камбағаллик, ўттиз ёшгача фарзанддан қисиш, қирққача ҳаётда ўрнини тополмаслик, элликда бирор касаллик ёки бирор ахлоқсизлик билан имтиҳон қилиши мумкин. Ёхуд энг суюмли фарзандингиз сизнинг бутун қилган яхшиликларингизга жавобан бирор «исён» ёхуд дилхиралик билан жавоб қайтариши мумкин. Чунки у ҳамма нарсага ўз ақли, дунёқараши, феъл-атворига қараб муносабатда бўлади, фикр юритади.
Ана шундай нозик пайтларда бўлиб ўтаётган ишлардан ё бошга тушган мусибатлардан дарров фожиа ясамай, сабр қилишни ўрганинг. Болангизнинг итоатсизлигини ёки қўрслигини шов-шув қилмай, ундан душман ясамай ётиғи билан таҳлил этинг. Фиғонингиз фалакка ўрламасин, ҳасратингиз дунёга сиғмай қолмасин. У билан «дўппини олиб қўйиб» дилдан, самимий «гаплашиб олиш»га урининг. Унинг қалбидаги ҳис-туйғулар, ёшлик пўртаналари билан қизиқиб кўринг. Эҳтимол, аҳвол сиз ўйлаганчалик, ноўрин гумон қилаётганингиздай ваҳимали эмасдир?
Баъзилар боласи ҳали икки-уч ёшга кирмай туриб унинг тарбияси «нобоп»лигидан шикоят қилишни бошлаб юборишади. Норасида гўдакни худди катталардан талаб қилинадиган «қолип»ларга солишга, унинг одоб-ахлоқини «ўнглаш»га ҳаракатлар бошланади.
Бу ҳам хато йўл. Чунки ҳали суяги қотмаган, яхши ва ёмон нималигини англамаган ёш болани ҳадеб тергайвериш, уни турли қолипларга солишга уриниш, кучи ва иқтидори етмайдиган машғулотларга мажбурлаш унинг иродасини синдириши, руҳига салбий таъсир кўрсатиши, кейинчалик ҳамма нарсага бефарқ ва лоқайд қарайдиган қилиб қўйиши мумкин.
Мутахассисилар тавсиясига кўра, болалар мактабга боргунича уларга худди подшоҳлар каби муомала қилинади, яъни рисоладаги барча илтимослари сўзсиз бажарилади, шўхлик ва эркаликлардан қайтарилмайди. Шундан сўнг аста-секин унга тушунтириш, катталарнинг ўзи ибрат бўлиши орқали тарбия бериш бошланади.
Тарбия эса бир неча томондан олиб борилади. Ақлий тарбиясини ўнглаш учун унга турли китоблар ўқиб берилади, ривоят ва ибратли ҳикоятлар сўзлаб берилади ёки у ақл-заковатини ўстирадиган ўйинлар, машғулотларга жалб қилинади. Руҳий тарбиясини яхшилаш учун ҳаёт ва ўлим, яхшилик ва ёмонлик, ахлоқ ва одоб каби боқий мавзуларда содда, бола руҳиятига мос суҳбат ва тушунтириш олиб борилади. Жисмоний тарбия бериш учун эса уни бирор фойдали меҳнатга жалб қилиш, сузиш, мерганлик, чавандозлик каби машғулотларни ўргатиш мумкин.
Фарзандлари қалбига йўл топа олмаётган, улар билан муросалари келишмаётган ота-она аввало ўзларини унинг ўрнига қўйиб кўришса, ана шу фарзандлари ёшида ўзлари қандай фикрлашган ва қандай иш тутишган бўлур эди, шу ҳақда жиндай мулоҳаза юритишса, ҳамма нарса жойига тушади. Бунинг устига давр, замон орасидаги фарқни ҳам унутмаслик керак: замон ҳеч қачон бир жойда қотиб турмайди. У ўзгариб, тараққий этиб туради. Кечагина ардоқланган нарса бугун эътибордан қолиши, ёки аксинча кеча қадри бўлмаган бир қадрият бугун энг қийматли нарсага айланиши мумкин.
Агар ана шу омиллар эътиборга олинмаса, «ҳозирги ёшларга қойил қолмадим, бизнинг давримизда бундоқ қилардик, бизлар мана бундоқ эдик» каби маломат ва надоматлар кўпаяверади, катталар ва болалар ўртасидаги зиддият-тўқнашувлар авжга минаверади.
Бола улғайиш жараёнида ҳамма нарсани асосан атрофидаги катталардан ўрганади. Улардан ибрат олишга, уларга тақлид қилишга интилиб ҳаётий тажриба орттиради. Энди ўзингиз қўпол ва бадхулқ бўлсангизу, болангизни чиройли хулқли ва одобли қилиб тарбиялайман, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Агар ўзингиз чексангиз ёки ичсангизу, фарзандингизни бу ёмон иллатлардан қайтараман десангиз, умидингиз ва ҳаракатларингиз пучга чиқади. Агар ўзингиз ёлғон гапирсангиз ёки алдоқчи бўлсангиз, болангиздан ростгўйлик ва омонатдорлик кутиб овора бўлманг.
«Қасосли дунё, қайтар дунё» деган гаплар бор. Ўзингиз ота-онангизга ёки бошқа яқинларингизга қандай муомала-муносабатда бўлган экансиз, бу нарсани фарзандларингиздан албатта кўрасиз. Ўз навбатида фарзандингиз сизга қандай беодоблик қилган ёки алам ўтказган бўлса, у ҳам фарзандидан албатта тортади. Занжир халқалари каби бу нарса даврлар оша бир-бирига боғланиб кетаверади. Келажакда фарзандингиз ҳам сиз каби «авлодлар тўқнашуви» азобини тортиб юрмасин десангиз, ана шу занжир халқаларини узиб ташлашингизга тўғри келади.
Бу борадаги ажойиб ривоятларни ҳам кўп эшитгансиз: «Бир йигит отасининг соқолидан тутамлаб ураётганига маҳалла-кўй шоҳид бўлиб қаттиқ изтиробга тушибди, «инсон фарзанди отасини ҳам урадими» деб қайғу чекибди. Шунда кўпни кўрган бир отахон: «Бунга ажабланмасангиз ҳам бўлади, ҳозир хўрлик кўраётган киши ёшлигида отасини худди ҳозиргидай соқолидан тортиб урган эди, мана энди ўзига қайтди», деган экан.
Ёки узоқ умр кўриб, фарзандларига малоли келиб қолган отасини ўғил хотинининг маслаҳати билан шаҳар ташқарисига ташлаб келиш учун йўлга чиқибди. Чарчаб, бир дарахт соясида дам олишга тўхтаганида отаси негадир жилмайиб қўйибди. Ўғли бунинг сабабини сўраса, «бундан кўп йиллар муқаддам мен ҳам отамни адирга ташлаб келиш учун йўлга чиққанимда худди шу ерда тўхтаб дам олган эдим» деб жавоб қилган экан.
Замондош олимларимиздан бири ёзганидай, «Барча нарса асли билан боғланган бўлса мустаҳкам бўлади, аслидан узилган ҳар бир нарса хорлик ва харобликка маҳкум. Кишининг асли ота-онасидир. Чунки унинг ўсиб-улғайиб камолга етиши уларга боғлиқ. Ота-онасидан узилган бирор кимсанинг толеи-бахти ҳануз баланд бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Ота-онасидан ёки уларнинг биридан узилган, ажралган кимса «оқ» деб аталади. Ота-онадан узилиш уларни ранжитишдир. Уларнинг қалбига озор етказган, норози қилган ўғил ёки қиз «оқ»дир ва қаттиқ гуноҳкордир».
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 70 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар