Сайт бўлимлари
Биби сешанбанинг «жаннат» кавуши
Энди бу хурофий одат асли одамлар орасига қаердан кириб қолганлигини ва бу амал ширк эканлигини илмий тарзда тарихий манбаларни ўрганиш орқали ечим топишга ҳаракат қиламиз. Беш-ўнта кичик сураларни ёдлаб олиб, беш вақт намозини масжидда ўқиб, қолган вақтини чойхонада нард ўйнаб ўтказадиган киши ўзини «мўъмин» деб ҳисобласа янглишади. Бобораҳим Машрабнинг бир байти бор, унда шундай дейилади:
Майсиз ва бодасиз Маккага бормоқ не керак,
Иброҳимдан қолғон ул эски дўконни на қилай.
Бу даҳрийлар талқинида, «Маккага ароғу мусаллас олиб бориш керак экан-да», деган аҳмақона маъно чиқади. Бобораҳим Машраб бу билан нима демоқчи, агар илм эгалламаган бўлсам, илм орқали Аллоҳни танимаган бўлсам, Маккага борганимдан нима фойда? Жоҳиллик билан борилса Каъба муқаддас даргоҳ сифатида рўпарангизда қад ростламайди. Балки жоҳил учун Каъба Аллоҳнинг уйи эмас, Иброҳим алайҳиссалом деган киши бир вақтлар қуриб кетган иморатдир. Ҳа, жоҳиллик билан Аллоҳни таниб бўлмайди.
Аллоҳга беадад ҳамд ва шукрлар бўлсинки, давлатимиз мустақилликка эришгандан сўнг диний қадриятларимизга кенг йўл очилди. Аллоҳни танишда тўғри йўл кўрсатадиган илмий китоб¬лар анча кўпайди. Бугун китоб рас¬таларига қараб кўз қувонади. Лекин шу билан бир қаторда бу китоблардан ташқари инсонларни эътиқодий масалаларда тўғри йўлдан адаштирадиган, чалғитадиган адабиётлар ҳам учраб турибди. Бу каби асоссиз, таг-туги номаълум адабиётлар одамлар орасида ҳар хил хурофий бидъат, урф-одатларни келтириб чиқармоқда. Шундай адабиётлардан бири «Мушкул Кушод» маросими учун асос бўлаётган «Қиссаи Биби Сешанба» ҳақидаги китоблар.
«Мушкул Кушод» каби хурофий бидъат амаллар ҳали ҳануз одамлар орасида кезиб юрганига сабабчиларидан бири бу мавзулардаги «соҳта» адабиётларни сотувчилар ва бу маросимларни уюштирувчи «соҳта» отин ойилардир (бу маросим асосан аёллар томонидан ўтказилади). Бу маросимни ўтказиш шариатимизда йўқлигини тушунтирмоқчи бўлганингизда улар сизни эшитишни ҳам хоҳламайдилар, асоссиз таг-туги номаълум бўлган адабиётларни сизга асос қилиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар.
Энди бу адабиётларда кўрсатилган маълумотлар қанчалик хақиқатга яқин эканини билиш учун «Қиссаи Биби Сешанба» китобчасидаги (агар шуни китоб дейиш мумкин бўлса) баъзи бир маълумотлар билан танишиб чиқсак.
Ҳаммамиз ҳам ёшлигимизда «Зумрад ва Қиммат» ёки «Золушка» эртагини ўқиганмиз ёки эшитганмиз. Бу эртакларни сизга эслатишимиздан мақсад «Қиссаи Биби Сешанба» қиссаси шу эртаклар асосида тўқиб чиқарилган, эмишки бир етим қиз ўгай онасининг қўлида азобланиб юрган бўлади. Кунлардан бир куни қизнинг сигири йўқолиб қолади, қиз сигирини истаб бир ғорга кириб қолади, ғорда бир Биби бўлиб (бу шахс Золушка эртагидаги Феянинг айнан ўзи), у қизнинг мушкулларини осонлаштирибди, ўша етим қиз кунлардан бир куни ўша шаҳар каттаси (акобири)нинг тўйига бормоқчи бўлганда Биби жаннатга қўл узатиб жаннатдан кийим кечаклар олиб берибди, тўйда ўгай онасини кўриб қолиб, у ердан чиққанда кавуши тушиб қолади, кавушини топиб олган акобир кимга бу кавуш тўғри келса унга уйланишини айтади. Хуллас ковуш қизга тўғри келади ва шундай қилиб қизга уйланади. Бу қиссани ёзган шахс шу эртаклардан олганми ёки шу эртакларни ёзганлар шу қиссадан олганми, нима бўлганда ҳам бу бир мантиқсиз асос замирида ёзилган қиссалар бўлиб, мусулмонларни диннинг асоси бўлган тавҳиддан узоқлаштириш мақсадида дин душманлари томонидан одамлар орасига чалғитиш учун киритилган бузуқ эътиқод ҳисобланади.
Китоб фақат ўқиш учун эмас, балки ундан маъно ва мазмунни уқиш ҳамда ҳақиқатни билиш учун ёзилмаганми? Қўлимизга китоб шаклида нима тушса, унга кўр-кўрона эргашиб кетавериш, ҳақиқий ҳожатлардан беҳожат зот Аллоҳ қолиб, тўқима, йўқ ердаги шахслар ёки ўлиб кетган, суяклари ҳам чириб битган зотларни шафоатчи қилиб олиш на шариатга тўғри келади, на мантиққа. Ахир бутпарастлик ҳам жоҳилият даврида одамлар орасида бутларни Аллоҳ билан бандалар ўртасида шафоатчи қилиб олиш оқибатида келиб чиқмаганми?
Энди бу хурофий одат асли одамлар орасига қаердан кириб қолганлигини ва бу амал ширк эканлигини илмий тарзда тарихий манбаларни ўрганиш орқали ечим топишга ҳаракат қиламиз.
«Биби сешанба» келиб чиқиш моҳиятига кўра маъбуда рамзи бўлиб, унинг илдизи Ўрта Осиё ва Ўрта Шарқда Ислом дини келгунига қадар кенг ёйилган маъбуда Анахита (Нахид)га бориб тақалади. Анахита деҳқончилик ва чорвачилик, ҳосилдорлик ва пишиқчилик маъбудаси ҳисобланиб, гўё унинг қудратига инсон ва ҳайвонлар, қушлар ва барча жониворлар ҳам бўйсунган, деб ҳисобланар эди. Ана шу хурофий ишонч — зардуштийлик дини сарқити мусулмон одамлар орасида «Биби мушкул кушод», яъни кишини ҳар қандай мушкулдан халос этувчи Она образига айланди. Қадимда унинг шахсини тарғиб қилувчилар «Биби Халфа» номи билан юритилган. Ҳозирда эса бу бирон-бир диний маълумотга эга бўлмаган соҳта «отин ойилар» томонидан тарғиб қилиниб келинмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ақл эгалари учун бундан ортиқ ҳужжат келтиришга ҳожат бўлмаса керак. Энди мен Аллоҳнинг қулиман деган муслим ва муслималар Аллоҳнинг ўзидан бошга тушган қийинчиликни, мушкулини осон қилишини сўраши керак. Бу тўғрида аниқ ва ишончли манбалар бор. Уларни топиб, ўқиб, амал қилишга ҳаракат қилмоғимиз шарт.
Муроджон Абдулҳамидов
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 867 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар