Сайт бўлимлари
“Менга нима?!” (Ўйлашга эринадиган оломон фалсафаси)
Бир куни Афанди кўча эшиги тагига чиқиб, нос чеки-и-иб ўтирса, бир одам ҳовлиқиб келиб қолибди.
-Мулла Насриддин! – дебди. – Кўча бошида бир арава келяпти. Ичи тўла ноз-неъматлар!
-Менга нима? – дебди Афанди пинагини бузмай.
-Қизиқмисиз? – дебди бояги одам. – Ўша ноз-неъматларни ҳоким тўра сизга юборибди!
-Унда сенга нима?! – дебди Афанди...
-Бу-ку, бир латифа. Лекин “Менга нима?”, “Сенга нима?” деган фалсафа айримларимизнинг қонимизга шу қадар сингиб кетганки, баъзан дод деб юборгинг келади. Қачондан бошлаб бу қадар лоқайд бўлиб қолдик? Кечами? Бугунми?
Ким билсин? Искандар Зулқарнайн лашкарлари юртимизни босиб олганида, Спитаменнинг боши хиёнаткорона кесилиб, душманга тантанавор тақдим этилганида ҳам “Менга нима?” деб, бир чеккага чиқиб турганлар оз бўлмагандир...
Ярим ёввойи мўғуллар гуллаган воҳаларни пакана отининг туёғи остида топтаганини кўриб туриб, чеккага чиққанлар қанча бўлганийкин? Тарихнинг гувоҳлик беришича, душман қўлига тушиб қолган бир аёл саҳройи босқинчилардан жон сақлаш умидида илтижо қилган экан. “Агар мени ўлдирмасанглар бир сирни айтаман. Мен ярим жаҳонга тенг гавҳарни ютиб юбордим. Сабр қилсанглар...” Шунда мўғуллар фақат ўша бечора аёлнинг эмас, атрофдаги жамики хотин-халажнинг қорнини ёриб, гавҳар излашган экан.Ўша паллада “Менга нима?” деб четга чиқиб турган ва бу ҳам етмагандек, халқига хиёнат қилган Маҳмуд Ялавочлар қанча бўлганийкин?
Ўн тўққизинчи асрнинг ўрталарида Россия аскарлар Оқ мачитни забт этди, деган хабар келганида Қўқон хони саройида базми жамшид қилиб ўтирган аъёнлар “Олса олибди-да, шу билан еримиз камайиб қолармиди?” деб қўл силтаб қўйишганига ишонмай илож йўқ. Акс ҳолда Тошкентда босқинчиларга қарши қонли жанглар кетаётганида, уёғи Қўқон, буёғи Марғилону Андижондан келган сарбозлар ҳарбир аслаҳалари жиҳатидан тенгсиз рақибга қарши жон олиб, жон бераётганида Бухоро амирлиги Қўқон хонлиги билан жиққамушт бўлмасди.
Қаддингни ур, амир! Баракалла, хон! Офарин, беклар! Ўртачароқ йўталсанг, овозинг сарҳад нарисига чиқиб кетади-ю, ҳар биринг ўзингча “шаҳаншоҳ” бўлгинг келади! Ўзингни осмонда сезасан! Тўғри қиласан! Бир-бирингни ур, ўлдир, бир-бирингнинг гўштингни хомлигича еб ётавер! Сенга нима?
Қодирий домланинг Юсуфбек ҳожиси “Остонанг тагида кимлар пайт пойлаб турибди-ю, сенлар бир-бирингнинг гўштингни ейишдан бўшамайсан, эсингни йиғсанг-чи, нодон оломон”, деб инграганида нақадар чуқур ҳақиқат бор эди.
Яна гувоҳлик беришларича, Тошкенгтни босиб олган Оқпошшо аскарлари шаҳарга “муждика чалиб” кириб келганмиш. Такяхонада ёнбошлаб ётган банги: “Вой-вой-ей, баччағарни карнай чалишини қаранг, одамни сел қилиб юборади-я, отангга раҳмат-е!” деб хитоб қилган эмиш... Сизларни билмадим-ку, мен бу гапга ҳам ишонаман. Такяхонада сасиб ётган бир бангига юрт Қамини ўйлашга не ҳожат? Бир чимдим наша, бир дамлам кўкнор кифоя. Унга деса шаҳар вайрон бўлмайдими? Эл қирилиб кетмайдими?
Астағфируллоҳ! Наҳот ҳаммамизнинг вужудимизда озми-кўпми бангилик қони оқса?!
...Бундан бир неча йил илгари Сочига дам олишга бордим. Мева-чева харид қилиш ниятида бозорга кирдим. Шляпа кийган, бўйинбоғ таққан зиёлинамо харидор саватга солиб қўйилган зарғалдоқ шафтолини бармоғи билан шшмай эзғилади.
-Қанчадан сотяпсан? – деди беписандлик билан.
Сотувчи озарми, арманими, гуржими (ҳар қалай, кавказлик) харидорнинг қўлига тушириб қолди.
-Торт қўлингни! – деди ғазаб билан. – Биринчидан, мен сенинг уканг эмасман, санчирама! Иккинчидан, шафтолини меҳнат билан етиштирганман. Дуч келган ислоқи эзғилашига йўл қўймайман!
Ажаб, харидор дарҳол ҳушёр тортди. Узр сўради...
...Сочида магнолия деган дарахт ўсади. Гуллари чинни пиёладек, нимпушти, нафис... Ольга Берггольц “Кундузги юлдузлар” китобида уни “жаннат гули” деб таърифлайди...
Санаторийда мени даволаган кекса ўрис дўхтир кўпни кўрган, собиқ жангчи экан. Устига-устак йигирманчи йиллар охирида Тошкентга келиб, бир неча йил яшаган экан. Қадрдон бўлиб кетдик. ҳатто Сочи телевидениесида биргалашиб суҳбат ҳам қилдик.
Уйга қайтаётганимда духтир ўз боғидан бир дона магнолия гулини совҚа қилди. Болаларингга олиб бор, деди.
Эртасига Адлер аэропортида мени Тошкентга учадиган самолётдан тушириб юборишларига бир баҳя қолди. Қонун бўйича Сочи набототини олиб чиқиб кетишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ экан!
Шу йил айни қулупнай пишиғида Тошкент ҳалқа йўлидан бораётиб, қаторлашиб тўхтаб турган машиналарга кўзим тушди. Қарасам, катта йўлнинг ўнг томони – қулупнай пайкаллари. Деҳқонлар шундоқ пайкалдан қулупнай териб чиқиб, сотяпти. ҳавасим келди. Яқин бордим... Лаб-лунжини бўяган, юзига беармон “шпаклёвка” суркаган, чапанича айтганда, “қулоғидаги сирғаси калласидан ўн ҳисса қиммат” хонимча ёши тахминан мен тенги деҳқон билан савдолашяпти.
-Эй, бабай! Қулупнайинг неча сўм?
-Олинг, сестра, олинг, йигирма сўм! – деди “бобой” илжайиб.
-Йигирма бешдан оламан. Бир соатдан кейин самолётга чиқишим керак. Аммо танлаб оламан.
-Пожалиста! Сиздек чиройли баришня оламан дейди-ю мен йўқ дейманми? – Қулупнайчи капгирча билан тарозига энди қулупнай солаётган эди, “баришня”нинг ипдек қоши таҳдидли чимирилди.
-Қўлингни торт! – деди жеркиб. – Ўзим танлайман. – Шундай деб энг сара қулупнайларни битта-батталаб тарозига қўя бошлади.
Қоним қайнаб кетди.
-Ҳой, инсон! Қизингиз тенги хоним сизни нега “сен” дейди-ю, сиз нега уни “сиз”лайсиз? Орият деган нарса борми ўзи?
“Бобой” киприкларини пирпиратди.
-Така бўлсин, сут берсин, домла! Йигирма бешдан оляпти-ку!
...Йиғлагим келди. Нима десам бўлади бу одамга? ҳой, барака топкур! Чайқовчи бўлсанг-ку, айтардим: ҳа, энди чайқовчи беш сўм учун иймонини сотмаса, чайқовчилиги қаёқда қолди, дердим. Сен деҳқонсан-ку, инсон! Худо берган ақл-идрок деган неъматни ишлатсанг-чи! Уч чақирим нарида шаҳарда яшайдиган синглингнинг болалари, акангнинг фарзандлари қулупнайга оғзи тегдими? Йў-ў –ўқ! Сенга барибир! Беш сўм ортиқроқ ҳақ берганнинг товонини ялайсан! Така бўлсин, сут берсин!..
Хонимча саватини тўлдириб жўнаб қолди.
- Менга беш кило! – дедим ғазабимни аранг босиб.
-Йигирма бешдан, домла... – Қулупнайчи тағин киприкларини пирпиратди. – Ўзингиз кўрдингиз, одамлар йигирма бешдан оляпти...
...“Шаҳар бедарвоза эмас”, деган гап бор. Бир замонлар Тошкентнинг ўн икки дарвозаси бўларкан.
Ҳозир ҳам Ўзбекистон божхонаси ходимлари кирди-чиқдини тартибга солиш учун уриниб ётишибди. Лекин бир эшикни ёпсанг, минг тешиги очилади. “Бобой” деҳқон ҳар кило қулупнайига ортиқча беш сўм олгани учун оғзи қулоғида. Вокзал, аэропорт, автовокзал деган дарвозаларда гоҳо шундайлар ҳам учрайдики, биров қўлига минг сўм тутқазса, миллион сўмлик неъматни бемалол юклаб беради! Унга нима! Киссасига чойчақа тушса бас!
Хўп майли... Бу – масаланинг моддий томони. Маънавий жиҳатдан-чи?
Яқинда болаликдан бирга ўсган дўстим Салоҳиддин ўғлини уйлантирди. Каминанинг “хизмати” шу бўлдики, холи бир хонага кириб ўртоғимнинг қайнотаси билан узоқ суҳбатлашдик.
Ёши етмишдан ошган отахоннинг қисматини бафуржа эшитсангиз, бутун бошли китоб ёзиш мумкин. Мунгли ва даҳшатли китоб...
-Отам машҳур кўнчи бўлганлар. “Қулоқ” қилиш бошланганида бор буд-шудимизни давлатга топширдилар. Терилар, отлар, туялар... Ўшанда тўрт-беш ёшлардаги бола эдим. ҳеч эсимдан чиқмайди. Битта қўзичоғим бўларди. Ишонсангиз, ёнимда олиб ётардим. Мени кўрса, дикир-дикир сакраб, чопиб келарди. Қўзичоқни олиб кетишаётганида дод солиб йиғладим. Ёдимда бор, кўклам эди, ёмғир ёғиб турувди, кўчага чиққанда “сельсовет амаки”нинг этагига осилиб ялиндим. “Жон амаки, қўзичоғимга тегманг”, дедим. Сельсовет: “Йўқол, унсурнинг боласи!” деди-да, ёқамдан олиб улоқтириб юборди. Лойга шалоплаб тушдим. (Ўша “амаки” ўзбек эди.) Қўшнилар бу ҳангомани бамайлихотир томоша қилиб туришарди...
Қозон шаҳрига “висилка” қилиндик... Фалакнинг гардиши билан қайтиб келгач, мактабда ўқидим. Аълочи эдим. “Эски турмуш иллатлари”га қарши фаол курашишни шиор деб билардим, “Бой-феодал” оиламиз адолатли жазоланганига чиппа-чин ишонардим. Ўша кезлари давлат арбоблари, ёзувчи ва шоирларга қарши “вос-вос” бошланди. Мактабда митинг бўлиб, “Халқ душманлариги ўлим!” деган қийқириқлар янгради. Мен ҳам кучим етганча чинқирдим. Фақат битта одам – адабиёт муаллимимиз бир чеккада ранги ўчиб турарди. ҳеч эсимдан чиқмайди. Индамай турди-турди-да, “ёлғон, туҳмат, ишонмайман”, деб инграб юборди... Орадан кўп ўтмай муаллим тўсатдан ғойиб бўлиб қолди...
Оқсоқолнинг гапига нимаям қўшиш мумкин? Ҳаммаси ҳақиқат. Аччиқ ва аламли ҳақиқат... Мустабид тузум одамларнинг оғзини боғлаб ташлангани, ғиринг десанг хонумонинг куйиб кетиши, “халқ душманлари” устидан олиб борилган “суд” моҳиятини тушуниб етган ва изтироб билан инграган адабиёт ўқитувчисининг бир кечада ғойиб бўлиши...
Лекин... Беш яшар бола “Қўзичоғимни ташлаб кетинг, жон амаки”, деб ёлбораётганини кўриб турган қўшнилар ўз ҳамқишлоғи, тобуткаши бўлмиш “сельсовет амаки”га бир оғиз айтиши мумкинмиди? “Қўйинг энди, биродар, бир ердаги одаммиз, шу норасидани чирқиллатманг”, деса бўлармиди? Билмайман... Назаримда, ўша паллада ҳам “Менга нима?” деган ақида устувор бўлган эса ажабмас.
Чамаси, бу ўринда зулм машинасининг оддий механизми ишга тушган. “Доҳий” Ленин “пайғамбарона” башорат қилган: “Биз ушбу жамиятнинг оддий винтчаларимиз!” Доҳийнинг яна бир башорати, тўғрироғи, башоратомуз ибораси бор: “Вайсақи интеллигентлар...”
Қаранг, нақадар оддий ҳақиқат. Шўролар юртида ҳар ким – винтча. Инсон эмас, темиртак! Муттасил айланиб туради. Хоҳласанг – у ёққа, хоҳласанг – бу ёққа. Ора-чора мойлаб турсанг – бас. Айлангиси келмаганини улоқтириб юборасан. Бизда нима кўп – винтлар кўп. Зиёлилар эса винтча бўлишни унчаям хоҳламайди. Олим, ёзувчи, шифокор, муаллим, инженер... ўйлайди. Шўрога эса ўйлайдиган “винтча” керакмас. Ўйламайдигани, “менга нима” дейдигани керак!
Тоталитаризмнинг кўҳна тарих чўнтагидан тушиб қолган эски “ҳунари” бор. Вақти-вақти билан “режали равишда” “калла олиб” турмаса, хумори тутади. (Мақсад аён: ҳаммани қўрқув исканжасида ушлаш.) Бу масалада шўронинг олдига тушадигани йўқ эди. Мустабид тузумнинг ўтган аср саксонинчи йилларидаги сўнгги ҳамласи ўзбекнинг чекига тушди. Бу ҳам обдон ўйланган “ўйин” эди.
Навбатдаги қатағон қурбони сифатида айнан Ўзбекистон танлангани бежиз эмас. Биринчидан, пахта маккажўхори эмас, қимматбаҳо стратегик хом ашё. Иккинчидан, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги энг нуфузли, обрўли республика. Одатда, оиладаги ҳурматли “бола”ни жазоласалар, бошқалари юрак олдириб қўяди. Учинчидан ўзбек халқи андишали...
Шундай бўлди! “Пахта иши”, “ўзбек иши” деган “аср сенсацияси” дунёга достон қилинди. Ўзбек “қўшиб ёзувчи” бўлди, “порахўр” бўлди, “боқиманда” бўлди... Ўша кезлари “қўшиб ёзишлар” бўлмаганмиди. Бўлганди! Аммо бу “ҳунар” фақат Ўзбекистонда эмас, собиқ Иттифоқнинг ҳамма республикаларида авж олганди. Модомики осмон баравар план “юқоридан” белгиланаркан, қўшиб ёзмай илож йўқ эди. Режани бажармаган хўжалик раҳбаридан тортиб, туман ва вилоят каттасигача жавобгар бўларди. Аввал режани бажармагани учун жазога мустаҳиқ қилинган бўлса, энди бажаргани учун қамоққа тиқила бошлади. Етмишинчи йиллар ўртасида ҳамма давраларда айтиладиган бир латифа урф бўлганди. Арман радиосидан сўрабдилар: “Нима учун арманнинг уч юлдузли коньяги халқаро конкурсда медаль олди-ю, беш юлдузлиси шимилдириқ ҳам ололмади, беш юлдузли коньяк уч юлдузлигидан яхши бўлади-ку?” Арман радиоси жавоб берибди. “Ва-а-а, ўзимиз ҳам ҳайронмиз, иккаласи ҳам битта бочкадан қуйилган эди-ку!” Бунинг оти кўзбўямачилик бўлмай нима?
Шундай бўлди! Олисдан “ишнинг кўзини биладиган “кристаллдек тоза” мутахассислар келди. Бири Тошкентдек шаҳри-азимга бошлиқ бўлиб олди. Умрида далага кирмаган, пахта деганда “вата”ни тушунадиган тағин бирови райком, обком котиби бўлиб, ўзбек деҳқонига “дарс бера бошлади”. Сатин, Дидоренко, Огорок, Нестеренко ва яна аллакимлар “айниб кетган” Ўзбекистонда “тартиб ўрнатиш”га киришди. Айниқса Гдлян, Иванов деган “қонун ҳимоячилари"ни айтинг! Биринчи кунданоқ "бизга чекланмаган ҳуқуқлар берилган", деб ўнлаб, юзлаб, минглаб бегуноҳ одамларнинг хонумонини куйдиришга киришди. Ҳолбуки, дунёнинг бирон ерида бирон кимсага “чекланмаган ҳуқуқ” берилган эмас. Чексиз ҳуқуқ фақат Парвардигордагина бўлиши мумкин. Қўли билагигача қонга ботган бу золимлар тўдаси кўнглига сиққанича номаъқулчилик қилди. Фалончига қарши “показание” бермасанг, умрингни турмада чиритаман, деган дўқ-пўписалар, уриб-сўкишлар билан инсон ҳуқуқини поймол қилди. “қуруғи”дан фалонча узатсанг эрингни (ўғлингни, акангни, укангни) чиқариб юборамиз”, деган ёлғон ваъдалар билан ҳибсга олинганларнинг оиласини талон-тарож қилди.
“Учта дипломат қўлга киритилди. Биттасида – тилла тангалар. 50-100 сўмлик совет пуллари, заргарлик буюмлари... Иккинчисида – заргарлик буюмлари, тилла тангалар. Учинчи дипломат катта суммадаги заём облигациялари билан тўла”. (Гдлянчилар гуруҳи тўлдирган актдан.)
ҳуқуқшуносликнниг кўчасига яқин келмаган одамда ҳам савол пайдо бўлади. Юрист деган жонивор расмий ҳужжатни шунақа тўлдирадими? Тилла тангалар қанча эди? Пул неча сўм эди? Заём қанча сўмлик эди. Заргарлик буюмлари нималар эди ва кимдан олинди? Бу виждонсизлар, ҳатто саксон ёшга борган кампирларнинг келинлигидан қолган момо мерос билакузугигача ситиб олиб, жазманига ҳадя этди. Бу ёққа битта дипломат кўтариб келиб, у ёққа одамлардан зўравонлик билан тортиб олинган, ҳеч қандай расмий рўйхат – “опись” қилинмаган бир вагон бойликни ўмариб кетди! Порахўр менми ёки сенми, текинхўр менми ёки сенми, деган саволга жавоб йўқ!
Гдлянчилар қилган хунрезликларнинг ақалли бир чеккасини текширган одамнинг қони қайнамай иложи йўқ! Москвалик таниқли, виждонли адлия ходими Виктор Илюхиннинг “Оборотни” (“Жодигарлар”) китобидаги бир-биридан жирканч далиллар лол қолдиради кишини. (Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти, 1993 йил.)
Муаллиф бу тўданинг “иш услуби” 30- ва 50-йиллардаги қатағонларнинг айнан такрори эканлигини, баъзан эса “жаллодлик усуллари” янада даҳшатли тус олганини қайд этади. Гуруҳ иши тафтиш қилинган дастлабки пайтдаёқ Гдлян қамоққа олган 200 кишидан фақатгина 40 нафари айбдор бўлгани, қолган 160 киши эса узоқ муддат бегуноҳдан-бегуноҳ азоб чекканлиги аниқланади.
Гдлян қўлида ишлаган терговчи А. Холодов иқрорида:
“терговчилар гуруҳида ўзимиз “тўқмоқлар” деб лақаб қўйиб олган бир гуруҳ бор эди. Дастлабки маълумотларни қўлга киритиш билан шуғулланувчи бу “тўқмоқлар” гуруҳи таркибига Карташян, Мавлонов, Абдураҳмоновлар... кирар эди. Шуни айтишим керакки, улар гувоҳлардан ўзларига маъқул маълумотларни ҳаммадан кўпроқ олар эдилар”.
Таҳқирланишлар, инсон нафсониятини оёқости қилишга қаратилган Гдлян гуруҳида тергов олиб боришнинг ваҳшиёни усуллари кўпларни ўз жонига қасд қилдирди. Тошкент вилояти Қибрай туманининг собиқ ички ишлар бўлими бошлиғи А. Ҳожимуродовнниг ўзини ўлдириш олдидан республика Бош Прокурори ва ўша пайтдаги Ўзкомпартия Марказкомига ёзган хатидан:
“1985 йилнинг 23-24 декабрь кунлари мени СССР ДХК ва Прокуратураси вакили Карташян ДХК биносига таклиф қилди. Мен келсам у билан яна бир киши бор экан. Улар икковлашиб мени ҳақоратлашиб, сўроқ давомида бўғиб қийнадилар. Улар биргина мени эмас, бутун бошли халқимизни ҳақоратладилар. Нуқул “Ўзбекларнинг ҳаммаси қўй, босмачи, фашист”, деб сўкинишарди... Мен бу азоб-уқубатлардан қутула олмаслигимни, бу йиртқичлар ҳали яна анча вақт мени таҳқирлашини кўнглим сези турибди...
Гдляннинг “ўнг қўли” Карташян баёнотидан:
“Ўзбекистонни тиканли симлар билан ўраб, минораларига соқчилар қўйиб қўйиш керак. Чунки бу ерда ўғрилар ва порахўрлар яшайди”.
Узоқ ҳибсда ётган Т.Қаҳрамонов хотирасидан:
“Агар қайсарлик қилаверсанг, пешонангга сиёҳ суркаймиз-да, қоқ миянгдан отиб ташлаймиз! Деди Иванов дағдаға қилиб”.
Кейинчалик Ўзбекистон Олий суди олиб борган тафтиш пайтида тасдиқланган ҳужжатдан:
“Шахсан Гдляннниг топшириғи билан 75 ёшли Туркменов, 70 ёшли Жўраев, 83 ёшли Жуманиёзова, 91 ёшли кампир кампир Иброҳимова уриб-сўкиб тергов қилинган... Эмизикли боласи бор А.Камолова 1988 йил 2 июндан 5 июнгача тўхтовсиз сўроқ қилинган. Кечалари болани атайлаб чирқиллатиб йиғлатганлар ва эмизишга бермаганлар”.
1984 йил 22 мартда ҳибсга олинган Бухоро вилоятининг собиқ ДАН хизмати алоҳида дивизион командири Видодил Иззатов хотирасидан:
“Иванов тўпланганларга қараб: “Танишинг, ўртоқлар, мана бу туркларнинг ёввойи ҳайвони, “иш” вақтида унга ҳеч қандай раҳм-шафқат қилинмаслиги керак”, деди... Яна бир сафар навбатдаги дўппослашдан кейин Иванов айтди: “Йигитлар, агар у айбини бўйнига олмай, ҳеч нима ёзиб бермаса, уни учинчи қаватдан ташлаб юборинглар, кейин ўзини ўзи ташлади, деб акт тузиб қўямиз”.
Ўзбекистон Олий Суди томонидан кейинчалик оқланган Ҳикматов кўрсатмасидан:
“терговчи Иванов менга бундай деди: “Сиз Ельцин билан Жабборовга пора бермаган бўлсангиз ҳам пора берганман, деб қўл қўйиб беринг. Ўзбекларнинг ҳаммаси порахўр эканлиги бизга яхши маълум”.
Рад жавобини олгач, Иванов яна ўз гапини маъқуллаб бундай деди: “Биз судни ҳам мажбур қиламиз. Судлар биз нима десак, шуни қилади!”
Ҳомиладор аёл Нуримбетова Аважон хотирасидан:
“Сени ҳозир турмага олиб кетадилар, сен болангни ўша ерда туғасан”, деб қўрқитдилар:
Жуманиёзова Зуҳра хотирасидан:
“Сўроқ вақтида терговчи бундай деди: “Агар Исмоиловга қарши гувоҳлик беришга рози бўлмасанг, қизларингни зўрлаймиз...”
Бундай мисолларни анча давом эттириш мумкин. Албатта, ноҳақликка қарши исён кўтарганлар ҳам, ўзининг жонига қасд қилганлар ҳам бўлди. Аммо уларнинг овози қаёққача етиб борарди?
Энг ўкинчлиси, ўша пайтдаги айрим “юрт ота”лари журъат топиб, “ҳой, барака топгурлар, бир ҳовуч нопок “қўшиб ёзса” уларнинг дастидан бутун халқ бадном бўлиши керакми?” деёлмади. Ўзбекистон номига бўлса-да, суверен республика, шундай экан, айб қилган одамларимизни ўзимиз жазолайлик, нега уларни бошқалар бунчалик хор-зор қилиши керак”, дейиш ҳам қўлларидан келмади. Қайси эс-ҳуши жойда одам хато ёки гуноҳ қилган боласини қўшнининг оёғи тагига ташлаб тепкилатади? Бунинг отини лоқайдликнниг қайси моддасига киритиш керак? Раҳбари лоқайд бўлган юртнинг фуқаросини топташдан осони борми?!
Ўзбекистонда рўй бераётган адолатсизликлар ҳар қандай чегарадан чиқиб кетгач, СССР Прокуратураси хунрезлик қилаётган гдлянчиларнинг “хурмача қилиқлари”ни кўриб чиқишни лозим топди.
К.А. Пирцхалава деган ашаддий жаллод “ўзбек иши”ни текшириш борасида шу қадар кўп жиноятларга йўл қўядики, тафтишлардан сўнг СССР Прокуратураси уни ҳибсга олишга мажбур бўлади. Шунда ғалати “томошалар” бошланади. Гдлян тарафдорлари оёққа туради. ҳатто Грузия Парламенти ҳам “бечора” Пирцхалавани ўз паноҳига олишга шошилади!
Грузия бош прокуроридан келган норозилик хати:
“...К.А.Пирцхалава зудлик билан қамоқдан озод қилинсин! Унга нисбатан қилинаётган жиноий таъқиблар тўхтатилсин... Бунда келтирилган талабларнинг рад этилиши республикадаги ижтимоий-сиёсий вазиятни жиддийлаштирибгина қолмай, балки бу ҳол... респулика ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан СССР Прокуратураси раҳбарлигига қарши бир қатор норозилик ҳаракатларининг бошланишига сабаб бўлиши ҳам назарда тутилсин”.
Қаранг-а! Грузия прокуратураси СССР Прокуратурасига дағдаға қиляпти! Агар шунча бегуноҳ инсонлар қонини ичган жаллод дарҳол озод қилинмаса Гуржистонда “сиёсий вазият кескинлашиб” кетармиш! Савол туғилади. Гуржи ҳуқуқшунослари қонунни билганда ўзбек адлия ходимлари билмасмиди? Биларди! Улар орасида рўй бераётган ашаддий қонунбузарликдан норизо бўлганлар ҳам, бундай ҳаром-харишга аралашишидан бош тортганлар ҳам, худди ўша Пирцхалавалар қўли билан қамоққа тиқилганлар ҳам бор эди. Афсуски, улар вақтида қовуша қолмадилар. (Эски “касал”) Бутун бошли миллатни ҳақоратлаш, хўрлаш, фашистдан баттар зулм қилиш Ўзбекистондаги сиёсий вазиятни кескинлаштириб юборади, деб ҳайқиришга журъат етишмади... Вужудимизнинг бир бурчида ҳамон ўша ноаҳиллик, лоқайдлик, “менга нима”чилик бор эди...
Айтинг-чи, “ўзбек иши” деган “сенсация”ни ўйлаб топганлар “арман иши”, “гуржи иши” ёки дейлик “латиш иши” деган туҳматомуз кампания қилиши мумкинмиди? Мен бунга ишонмайман...
Пичоқ бориб суякка қадалгач, СССР Олий Советининг бир гуруҳ депутатлари бу масалани жиддий кўриб чиқишни қатъий талаб қилдилар. Натижа нима бўлди?
“СССР Олий Советининг Фармони ...СССР халқ депутатлари Т.Х.Гдлян ва Н.В.Ивановларнинг СССР Олий Советини, баъзи халқ депутатлари ва юқори лавозимдаги шахсларни обрўсизлантиришга қаратилган асоссиз мурожаати қоралансин...
...СССР Бош прокурорининг СССР халқ депутатлари Т.Х.Гдлян ва Н.В. Ивановларни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат бериш тўғрисидаги тақдимномаси рад этилсин”. СССР Олий Совети раиси А.Лукьянов.
Ана сизга “адолат тантанаси!” Сих ҳам куймайди, кабоб ҳам...
Фақат 1989 йили Ислом Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби бўлиб сайланганидан кейингина вазият ҳақиқий адолат томонга ўзгарди. Ислом Каримов марказдаги казо-казоларнинг қутқусидан чўчимай, халқ ҳимоясига отланди.
Республика раҳбари сифатида ўтказган биринчи маслисидаёқ халқнинг дилини ўртаб ётган масалани – “пахта иши”, “ўзбек иши” масаласини кўтарди. Унга бутунлай бошқача – адолат нуқтаи назаридан қарашни талаб қилди. Орадан ҳеч фурсат ўтмай республика раҳбариятининг халққа мурожаати эълон қилинди.
“Ифтихор билан айтиш мумкинки, жаҳон халқлари олдида бўлганиек, Ватан олдида ҳам ўзбек халқининг юзи ёруғ, кўнгли покиза!” (“Меҳр ришталари узилмасин!” мурожаатномасидан.)
Ўзбекистон Президенти 1990 йил июль ойида бўлган КПСС XXVIII съезди минбаридан туриб, “ўзбек иши” баҳонасида Ўзбекистон полигонга айлантирилганини, минглаб бегуноҳлар ҳеч қандай асоссиз азоб чекканини баралла айтди. Бунинг учун катта жасорат керак эди.
Яратганга шукроналар бўлсин: Мустақилликка эришдик! Ноҳақлик жабрдийдалари енгил нафас олди...
Шунақа-ку... Руҳимизнинг аллақайси бурчида мудраб ётган, томиримизнинг қайси бир нуқтасида айланиб юрган лоқайдлик балосидан бутунлай халос бўлдик, дея оламизми?
...Бир умр Ватан Мустақиллиги, Туркистон қайғуси билан яшаган аллома Алихонтўра Соғуний билан боғлиқ бир воқеани эшитганим бор.
Кунлардан бирида Соғуний домла набираси билан наҳорги ошга борибди. ҳали тонг отмаган, одамлар қатор-қатор бўлиб тўйхонага кириб кетаётганмиш. Соғуний домла узоқ қараб турибди-да шундай дебди:
-Қанийди-я, ўзбек ҳамма масалада ҳам наҳорги ошга уюшганчилик бирлашса! Бундан улуғ халқ бўлмасди!
ҳаётнинг паст-баландини кўравериб кўзи пишиб кетган мўътабар алломанинг бу гапида нақадар теран ҳақиқат бор!
Халқимизнинг ажойиб фазилатлари еҳисоб! ҳар бирини дунёга достон қилсак арзийди. Бироқ беш қўл баравар эмас. Афсуски, айрим миллатдошларимиз қонига сингиб кетган лоқайдлик деган иллатни эътироф этмасликнинг ҳам иложи йўқ. Зеро келгуси авлодларга бизнинг барча фазилатларимиз ўтсин, қусурларимиз юқмасин деб ўйлашга бурчлимиз.
Ўткир ҲОШИМОВ,
1992 йил”Танланган асарлар”дан, II том
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 48 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар