1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Сўкиш — сўкилиш демакдир

Биз ҳазил ҳузулсиз, ростакамига XXI асрга қадам қўйиб яшай бошладик. Бу дегани худди фан-техника ривожланиб, ҳамма томонлама замонавий технология билан муомала қилиб яшаётганимиз сингари ахлоқ ва одобда ҳам аввалда ўтган салбий ҳолатларни танқидий ўрганиб, тўғри хулосалар чиқариб, кейинги ижобий натижаларни ўзимизга сингдириб яшашимиз лозим деганидир. Жоҳил ва авом инсонлар тоифасининг жоҳилий одатлари билан яшаш энди БИЗга тўғри келмайди. Фаразан жоҳилий одатлар олдинги аср XX асрда қолиб кетган деб ҳисоблашимиз лозим. Чунки у ўз номи билан XX аср эди. Чунки у асрда инсон маймундан келиб чиққан, деган бўхтаннамо таълимотлар ҳукм сурар эди. Мажозан олганда, инсонлар ёмон одатга амал қилиб қўйса, «Ҳее, унинг аждоди маймун эди-да!», деб қўл силкиб кетишга шароит бор эди. Энди эса ҳали-ҳамон ўқув юртларида ўтиладиган дарсликларда ўша ҲАЗРАТИ ИНСОНга туҳмат бўлиб ёғилган таълимотлар «Инсон маймундан келиб чиққан» деган қолипда ўрин эгаллаб турган бўлса ҳам, бош бобомиз Ҳазрати Одам алайҳиссалом, бош момомиз Ҳазрати Ҳавво алайҳиссалом эканликлари аллақачон мутлақ ҳақиқат сифатида қабул қилинган XXI асрда яшаяпмиз. Энди БИЗнинг ўша эски қолипларда қолиб кетишимиз ҳеч ҳам соғлом ақлга тўғри келмайди. Агар БИЗ ўзимизни ҳозирги яшаётган кунимизда ўнглаб олмасак, эртанги кунда келажак авлодлар олдида уялиб қолишимиз аниқ. Бу гапни китобий гап деб, эътиборсиз ташлаб қўймаслик керак. Чунки «Вақт кескир қиличдир» деган мақол бор. Бой берилган бирон дақиқани ҳам қайтариб бўлмаслигини ҳамма яхши тушунади. Эртага бугунги кунга қайтишнинг ҳеч иложи йўқ. Эртанги авлод ҳам бирдан осомндан тушиб қолмайди. Бинобарин, бугунги ёшлар ҳам бемалол собиқ Иттифоқ давридаги аждодларини танқид қилиб, керакли хулосани чиқаряптилар. Шуни ҳисобга олганда, ҳозир имконнинг борида отни қамчилаш керак.
Демак, келишиб олдикки, ахлоқ ва одобга оид камчиликларни тузатиш даврига етиб келганимизга анча бўлди. Ана шундай ўзимизга ярашмай турган нуқсонларимиздан бири, шубҳасиз, сўкиш ва сўкинишдир. Уялиш ҳамда афсусланиш ҳисси билан тан оламизки, ёшларимиз ҳам, катталаримиз ҳам, ҳатто, турли идораларда ишлайдиган акахонларимиз, ҳаттоки, аёл ва қизларимизнинг кўпчилиги бемалол ва тортинмасдан жамоат жойида ҳам, ёлғиз қолганда ҳам сўкиниб гапиришади. Агар бирор кишидан сўкишдан нима фойда борлиги сўралса, ҳеч иккиланмасдан фойдасиз нарсалигини айтади. Кулгили, тўғрими? Фойдасиз сўзлар учун тилни ифлос қилгандан кўра яхши сўзларга ишлатилса, инсоннинг дили ёришади. Ёришган дил билан яшаш қандай ҳам яхши?! «Бировни сўккан киши ўзини сўккан бўлади» мазмунидаги ҳадиси шариф бор. Нимагаки, сўкишни эшитган одам жим турмайди, иложини топса, сўккан кишини икки-уч баравар ортиқроқ шарманда қилиб сўкади. Шу тариқа биринчи одам ўзини сўктирган бўлади. Яъни айланма натижа билан ўзини ўзи сўккан бўлиб чиқади. Агар сўкмаганда эди, сўкилмас ҳам эди.
Сўкишнинг йўналиши энг аввал инсонни дунёга келтирган ОНАга бориб «ёпишади». Чунки ОНА «айбдор»да! Чунки шу ОНА туғмаганда ўша сўкишнинг эгаси бу дунёга келмас эди. «Мантиқли жазо», шундайми?! Алам қилсин ўша сўкишни бошлаб, сўкилиб қолганга! Ўшаларнинг тоифасида бўлиб қолишдан Худо сақласин. Токи ҳар биримиз «Ундайлардан бўлиб қолмаганимга шукр!» дея олайлик.
Қандай қилиб аёлни сўкиш мумкин?! Уларни сўкиш мумкин эмас, хоҳ қариндош бўлсин, хоҳ бегона! Абдулла Ориповнинг оналарга бағишланган бир шеърида мана бундай қаттиқ сўз бор:
Инсон атаб бўлмас ҳеч бир, ҳеч маҳал
Аёлни танимас такаббур бошни,
Ундайин юлдузнниг сўнгани афлаз,
Агар тан олмаса сендек қуёшни!
Демак, аёлларни сўкиб бўлмайди. Мабодаки, ёмон феълли аёллар ёки қизларга дуч келиб қолинса, уларга инсоф тилаб, секин узоқлашилади, мисоли ҳураётган итдан узоқлашилгандек ўз йўлига қараб кетилаверади. Акс ҳолда ўзининг обрўси яхшилаб тўкилишидан бошқа нарсага эришилмайди. Албатта, ҳар ким ўзича йўл тутади, бу айтилганлар эса холис тавсиядир. Бинобарин, эркакларни ҳам сўкиб бўлмайди. Чунки ҳалигина айтилганидек ўша сўкилган эркак қўлидан келса, яхшилаб жавоб қайтаради, агар сўкишнинг уддасидан чиқа олмаса, ичида сўкиб кетади, натижада сўккан киши ўзини ўзи сўктирган, сўкилган бўлади.
Бир русча газетада сўкиш ҳақида латифа ўқиган эдим. Унда айтилишича, Америкадаги мактаб ўқувчилари дам оладиган лагерлардан бирига бир рус боласи бориб қолибди. Унга пул зарур бўлиб қолган экан, бир эълон ёзиб қўйибди: «Русча сўкишни ўрганишнинг нархи 5 доллар бўлди. Иван.» Озгина фурсат ичида лагерда русча сўкмайдиган бирор киши қолмабди.
Аввал бошланиши қандай бўлганини ҳеч ким айтиб беролмайди-ю, миллионлаб одамларнинг оғзида ҳар хил турдаги ўрисча сўкишлар доимо ишлатилиб туради. Янаям қизиғи шуки, шу ўрисча сўкишнинг «уйини куйдирадиган»ларнинг тўқсон фоизи нима деб сўкаётганини ўзи ҳам билмайди. Агар ана шу сўкишларининг маъносини билганларида, эҳтимол, тилларини булғашмаган бўлармиди?!
Бошқа халқлар ёки давлатларни билмадим-у, аммо бизнинг халқимиз ёрқин келажак сари ишонч билан интилаётганлардан бўлгани учун сўкиш, ахлоқсизлик, бузуқчилик каби салбий ҳолатлар бизнинг шаънимизга ҳеч ҳам тўғри келмайди. Агар мазкур манфий ҳолатлар сақланиб қолса, мақсадимизга эришишимиз салгина қийин кечадиганга ўхшайди, гўё.

Бахтиёр МУҲАММАДАМИН

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ