1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Азалий қадриятларга хос

Никоҳ шартномаси эр-хотин ўртасидаги ўзаро муносабатларни  ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиб, оила барқарорлигини таъминлайдиган ҳужжатдир. Қолаверса, бундай шартномани тузган эр-хотин ўзи ва турмуш ўртоғининг мулки ҳақида тушунчага эга бўлиб, онгли равишда оилани мустаҳкамлашга интилади.
Никоҳ шартнома тузиш зарурлиги Оила кодексига киритилган. Аммо никоҳланувчи шахслар бу ҳужжатга қанчалик аҳамият беришаётир?
Баъзи ёшларимизнинг никоҳ шартномаси тузиш масаласидаги фикри билан қизиққанимизда, «Мен ажрашиш учун оила қурмаяпман!» деган жавобни эшитамиз. Аммо никоҳ шартномасига эр-хотин ажрашгандан кейин керак бўладиган ҳужжат сифатида қараш тўғри эмас. Бу шартномага фақат мулкий-ҳуқуқий маънодаги шартлар киритилади. Эътибор берсак, оилавий келишмовчиликлар юз берган пайтда, асосан келинлар фарзандлари билан яшаш жойидан ҳайдалиб, кўчада қолиб кетишига гувоҳ бўламиз. Никоҳ шартномаси тузилиб, лоақал келиннинг рўйхатга ўтиш, яшаш жойидан фойдаланиш масаласи ҳал бўлганда эди, эҳтимол кўп оилалар барбод бўлишдан асраб қолинарди.
Хуллас, никоҳ шартномаси нафақат бугун, балки азалий қадриятларимизда ҳам мавжуд бўлиб, никоҳланаётган аёл учун маҳр бериш демакдир. Бу билан динимиз аёллар ҳуқуқини ҳам мулкий, ҳам маънан ҳимоя қилган.
Миллий қонунчилигимизда никоҳ шартномаси деган ҳуқуқий ҳужжатнинг пайдо бўлиш никоҳ муносабатларини тартибга солишда алоҳида аҳамиятга эга. Оила кодексининг 29-моддасига биноан, никоҳ шартномаси — никоҳланувчи шахсларнинг никоҳда бўлган даврда ёхуд эр ва хотин никоҳдан ажралган тақдирда, уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишувдир.
Дарҳақиқат, оила ҳуқуқий асосларининг узвий бир қисми н икоҳ шартномаси, никоҳнинг расмий қайд этилиши, унда иштирок этаётган йигит ва қизнинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқларини юзага келтиради. Эр ва хотиннинг никоҳгача ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек, улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа битимлар асосида олган мол-мулки фақат ўзининг мулки ҳисобланади. Шу маънода эр-хотиннинг умумий мулки эса уларнинг никоҳ давомида орттирган, шунингдек, никоҳ қайд этилгунга қадар умумий маблағлари ҳисобига олинган буюм ёки бошқа нарсалари бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси никоҳ шартномасида акс эттирилса, оила аъзоларининг мулкий ҳуқуқлари таъминланиб, ўзаро низолар чиқишининг олди олинади.
Никоҳ шартномасининг афзаллик жиҳати шундаки, у ўзида нафақат эр-хотиннинг мол-мулкини вужудга келтириш ёки унинг ҳуқуқий тартибини ўзгартириш, шу билан бирга, эр-хотиннинг бир-бирига моддий таъминот беришини тартибга солади. Никоҳ шартномаси аввало, оилаларнинг барқарорлигини таъминлаш, оилавий муносабатларни яхшилаш, оилада ўзаро низолар келиб чиққан тақдирда уларни қонунан ҳал этишга қаратилгандир.

Дилноза ЗУЛУНОВА,
Тошкент шаҳар адлия бошқармаси
марказлаштирилган ФҲДЁ архиви мудираси 

Ҳозир сайтимизда 98 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ