Сайт бўлимлари
Ичкуёвнинг хатоси
Ишдан ҳорғин ғайтган Гули тошойна устидаги мактуб ва никоҳ узугини кўриб ҳайрон қолди. Шошиб қоғоздаги битикларни ўқий бошлади: “Гули! Мени кечир! Сен ва Моҳидилнинг олдингизда гуноҳкорман. Бундай бўлишини истамагандим. Аммо ҳаёт кишини ҳар кўйга солиб, охири боши берк кўчага киргизиб қўяркану, бошингни уришга тош тополмас экансан. Хуллас, мен ажрашишга ариза бердим. Уйдан кетяпман. Судда кўришамиз. Омон бўл. Сен албатта бахтли бўласан! Шодиёр”.
Жувоннинг қўлидан қоғоз тушиб кетди. Мадорсиз оёқлари ўзига бўйсунмай, деворга суяниб қолган Гулининг тилида фақат бир жумла айланарди: “Нега нима учун?! Ахир ҳаммаси яхши эди-ку?! Биз бахтли эдик-ку?! Шодиёр ака, нега менга бир оғиз ҳам айтмай...”
Аёлнинг бўғзини аччиқ алам куйдириб, ёноқлари қайноқ ва шўр томчиларда ювила бошлади.
— Ойи, дада! — Бир муддатдан кейин Гули тўрт томонга чопиб, ота-онасини излай бошлади. Турсуной опа қизининг кўз ёшлари ва важоҳатидан чўчиб кетди:
— Нима бўлди, тинчликми Гули? Вой ўлмасам, сенга нима бўлди?
— Шодиёр акам... Шодиёр акам... — Гули шундай дея туриб ҳушидан кетиб қолди.
Кўзини очганида шифохонада ётганини, бошида ота-онаси йиғлаб турганини кўриб ҳолатини тушуниб етди.
— Энди нима қиламан, ойижон?.. — Турсуной опа ёшли кўзларини олиб қочди:
— Бир бебурдни деб куйиб юрармидинг, болам? Ҳали ёшсан, бахтинг олдинда. Фақат ҳозир тинчлан, сенга асабийлашиш мумкин эмас. — Она қизини тинчлантиришга уринди. Абдураҳмонов домла эса қизининг ёнида ўтиришдан, унинг кўзларига тўқнашишдан хижолат тортиб, коридорга чиғди. Тили остига дорисини ташлаб олиб, касалхона ҳовлисига чиғди. Дарахт соясидаги ўриндиққа ўтиришга шайланганида, орқа томондан:
— Ассалому алайкум, домла, — деган товуш эшитилди. Ўгирилиб қарашга улгурмай, товуш эгаси кела солиб домла билан қўш қўллаб кўриша кетди.
— Ваалайкум ассалом, Азизжон. — Салобатли, қош-кўзлари қоп-қора барваста эркакка хушламайгина жавоб қилди домла.
— Домла, ўзингиз, уйдагилар саломатми? Бизнинг ҳамюрт яхши ишлаб юрибдиларми? — Эркакнинг охирги гапидан домланинг ранги оқариб, лаблари учиб тушди.
— Раҳмат... Тузук...
— Бу ерда нима қилиб ўтирибсиз? Соғлигингиз яхшими?
— Бўлади... Қизимизнинг тоби қочиб қолганди... - Домла тезроқ бу одам кўздан йўқолишини истаётганди.
— Э, яхши бўлмабди. Ҳозир тузукми? Демак, Шодиёржон ҳам шу ердадир? - Энди Абдураҳмоновнинг тоқати тоқ бўлди:
— Йўқ! Ҳаммасига ўша айбдор! Агар қизимга бир нима бўлса, уни тинч қўймайман! Яхшилигимга тупурди, номардлик қилди!
Азизжон ҳаммасидан бохабар эди. Ҳамшаҳар дўсти Абдураҳмонов домланинг қизига уйлангани, пойтахтда унинг соясида яхши жойларда ишлаб, карьерасини йўлга қўйгани ва ҳаттоки, яқин кунларда ўзининг қишлоғидан ёшгина бир қизга уйланмоқчи бўлиб юрганини ҳам биларди. Абдураҳмонов Шодиёрга ёлғиз қизини бериб, ўзига ҳам куёв, ҳам ўғил қилиш нияти борлигини айтганида, йигит биринчи бўлиб шу дўстидан суюнчи олганди. Аммо ота-онаси буни эшитишни ҳам истамади. Қолаверса, Гули Шодиёрга унчалик ёқмасди ҳам. Шунчаки, отасининг ёрдами тегишини ўйлаб унга уйланишга рози бўлганди. Бироқ, совчилигу, урф-одат деганларида бироз қийналишини ҳисобга олиб Азиз билан бирга иш кўрганди. Хуллас, совчи бўлиб келганлар ҳам Азиз топган аёллар эди. Тўйда ота-онасининг қатнаша олмаётганини, “бир қариндошининг вафоти” билан изоҳлади. Ундан кейин ота-онаси ўғли ичкуёв бўлган уйга келишди. Фақат, бу “ташриф” Шодиёрнинг уларга, магистратура таҳсилини тамомлаб, ўзининг шаҳрига ишга жойлашгунига қадар, домласига куёв бўлиб туришини, айтганидан кейин кучга кирганди.
— Тинчликми, домла?.. — Энди бу саволи ортиқчалигини Азизжоннинг ўзи ҳам сезиб турган бўлса-да, тезроқ бу ердан қорасини ўчириш учун тилига келган сўзни қайтармади. Домла унга тикилди:
— Мен ўртоғингизни тинч қўймайман! — Азизжон “менга нима”, дегандек бир тикилди-ю, хайр-хўшлашиб кетаверди.
Гули шифтга термулган кўйи уч кун касалхонада ётиб, тўртинчи куни “чиқаман”га тушди.
— Бўлди, соғайиб қолдим. Уёқда Моҳидил ҳам соғингандир. Қизимни кўргим келяпти. Уйга кетаман. Муолажаларни уйда ҳам олаверарман.
Ота-она қизининг раъйини қайтармади. Касалхонадан қайтган Гули одамови, камгап бўлиб қолди. Қизчасини олиб, хонасига кириб кетади-да, баъзан кун бўйи ташқарига чиқмайди. Қизининг рафтори Абдураҳмоновнинг юрак-бағрини ўртайди. Наҳотки, ўз қизининг бахтига зомин бўлиб турса?! У нонкўр йигитни яхши ниятда, юриш-туриши, одоби, билими ўзига маъқул келгани учун куёв қилганди. Бўлмаса домланинг ёлғизгина қизига шаҳарда харидор каммиди?! Қишлоқдан чиққан, камтар йигит, деб одамига йўлиққан экан-да...
Абдураҳмонов қизига қандай ёрдам беришни билмасди. Бир томонда хотини йиғлайвериб юрагини эзиб юборди. Домланинг бир кўнгли, Шодмоннинг қишлоғига бориб, ота-онаси, қариндош-уруғлари олдида гапириб хумордан чиққиси келди-ю, аммо қишлоқдагиларнинг: “Сизнинг қизингизга ким совчи бўлиб борган эди? Биз эшигингиз тагига қиз сўраб борганмидик?!” деган таънали саволини эшитишдан чўчиб, бу ниятидан ҳам воз кечди. Бу кунлар ичида Гули суддан чақириқ қоғози кутиб юрак ҳовучлаб кун санаётган эди. Тағин қизалоғининг маъюс кўзлари, сўроқлари...
— Ойижон, нега дадам уйга келмаяптилар? Уларни жудаям соғиндим. — Гули жажжи Моҳидилнинг кўзларига қарашга ботинмайгина жавоб қилди:
— Даданг иш билан узоқларга кетганлар... Худо хоҳласа, яқин кунларда келиб қоладилар. Сен яхши қиз бўлиб юргин, хўпми?
— Хўп ойижон... Худога дадамнинг келишларини тезроқ хоҳлашини айтаман. Уларни жуда кўргим келяпти... — Гули ҳар кунги шу ва шунга ўхшаган савол-жавоблардан кейин ёстиққа бошини буркаб унсиз ёш тўкади. Унинг айби нима экан?! Нега Шодиёр акаси шафқатсизлик қилди? Ахир ораларида ҳеч қачон ёмон гап ўтмаганди-ку. Ҳамиша бир-бирларини ардоқлаб яшашарди-ку? Кўз тегдими уларга?..
Хотини, қизалоғи ва қайнона-қайнотасининг ишончини поймол қилиб, ота-онаси топган қизга уйланиш учун шаҳардан кўч-кўронини кўтариб келган Шодиёрнинг ҳам егани ичига тушмайди. На уйқусида ҳаловат бор, на юриш-туришида.
— Онажон, дада, менимча шу тўй керак эмасди. Ахир уйланганман-ку, фарзандим ҳам бор... Тўғриси, Гулига, қайнотамга ноҳақлик қиляпманми, деб қўрқаман... Улар мени яхши кўриб, ёлғизгина қизларини ишониб беришганди. Мен бўлсам...
— О-о! — Саломат хола нақ Ўзбек Ойимга айланди. — Менинг орзу ҳавасларим-чи?! Келин тушириб эл- юртга тўй беришни истайман. Ўша домланг нега ота-онаси сўроқлаб бормаган йигитга қизларини қўшқўллаб топшириб қўйишди, а? Сен менга бунақа ақллилигингни қилма, бола! Мен нима қилиш кераклигини ўзим биламан.
— Қўй онаси, ўғлингнинг гаплари тўғрига ўхшаяпти. Гарчи бизни норизо қилиб бўлса ҳам уйланган боланг. Фарзанди бор. Боланинг уволи ёмон. Уни тирик етим қилиш яхши эмас.
— Вой, вой, вой, энди сиз ҳам ўғлингиз томон бўлиб олдингизми?! Йўқ, дадаси, йўқ! Шоирахоннинг қизига унаштириш дастурхони олиб борганмиз. Якшанба куни фотиҳа тўйини ўтказиб, бир ҳафта ўн кун ичида келинни туширамиз. Гап тамом!
— Онажон, ўша топган қудаларингиз мени Тошкентда уйланганимдан хабар топса-чи? Унда нима қиламиз? — Бу гапдан кейин Саломат холанинг авзойи бузилиб, оёғига титроқ кирди:
— Улар эшитгунча тўйни ўтказиб олишимиз керак... Тўйгача эшитишмаса, бўлгани, тўйдан кейин эшитгани билан ҳеч нима қила олишмайди.
Хола шундай деб гапни калта қилишга уринди-ю, барибир юрагига ғулғула тушди. Ўзича тўйни тезлаштиришни ўйлай бошлади. Шодиёр ота-онасига, тўғрироғи онасига гап уқтиролмаганидан куйиниб, оғир қадамлар билан кўчага йўналди. Лекин дарвоза олдида уни янги қудалардан бири тўхтатди:
— Э, э куёв бола, йўл бўлсин? Қани ичкарига бошламайсизми? — Шодиёр ўзига нафрат аралаш истеҳзо билан тикилиб турган аёлга салом беришни ҳам унутиб, ичкарига овоз берди:
— Она, буёққа чиқинг, меҳмон келдилар. - Саломат хола қудасининг катта опасини кўриб, бир қалқиб тушган бўлса-да, сир бой бермасликка уриниб, хушчақчақ пешвоз олди:
— Келинг айланай, хуш келибсиз!.. — Салом-аликданоқ қуданинг кайфияти йўқлиги билинди. Холанинг тарвузи қўлтиғидан тушиб, гаплари чувалашиб кета бошлади. Қуда томондан келган, амма бўлмиш аёл дангалчи экан. Узил-кесил унаштирувни бекор қилишларини таъкидлади.
— Шукрки, дунёда яхши одамлар ҳам бор. Бўлмаса гулдай жияним хотин, болали эркакка тегиб, увол кетарди! Яхши эмас, Саломат опа. Бировнинг боласига бундай ноинсофлик қилиш яхши эмас! Уялинг! Мана бу укамникига кўтариб борган дастурхонингиз, қани омин, Аллоҳу акбар. Бунақа қилиб юргандан кўра, келинингиз, неварангизнинг қадрига етинг.
Саломат хола хижолатдан бошини кўтаролмай қолди. Аёл чиқиб кетгандан кейин, ўзини касалга солиб, уйдагиларни кўп овора қилди.
Шодиёр Тошкентга қайтар экан аввал судга бориб аризасини қайтиб олди. Сўнг кўчаларда кечгача тентираб юрди. Кейин Худога таваккал қилиб қайнотасининг уйи томон йўл олди...
— Сиз!
— Ассалому алайкум... — Турсуной опа куёвининг саломига алик олишга олди-ю, уни ичкарига таклиф қилишни ҳам, қилмасликни ҳам билмай туриб қолди. — Мени кечиринг, ойи... Моҳидилни, Гулини, сизларни соғиндим... Жуда ҳам...
— Даф бўлсин, кўрнамак! Қизимнинг қадрини билмаган, номард! Яна нима керак экан унга?! — Хотинининг эшик олдида узоқ қолиб кетганига ҳайрон бўлган Абдураҳмонов кўчага чиқиб куёвига кўзи тушди-ю, тутақиб кетди. — Йўқол!
— Дада, мен хато қилдим. Аммо янглишганимни тушундим ҳам. Майли, уйингиздан кетаман, лекин хотиним билан қизимни ҳам олиб кетаман... Уларсиз мен ҳеч ким эканман... Шу бир ой ичида ана шуни англаб етдим!
Домла куёвининг кўзларидаги қатъиятни ҳеч қачон кўрмаганди. Негадир шашти пасайиб, ичкарига, қизига овоз берди:
— Гули, буёққа қара қизим...
— Ҳалиям мендан хафамисан-а? Айтдим-ку, бу бир тақдирнинг синови бўлди менга. Ахир қизалоғимизнинг олдида менга қовоқ -тумшуқ қилишинг яхши эмас... Боланинг кўнгли чўкади.
Гули маъюс жилмайиб эрига қаради. Ана шу ним табассум сабоси Шодиёрнинг кўнглидаги хижолат ғуборини тарқатиб юборди...
Рухшона ФАРРУХ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 744 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар