1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳақиқатга айланган ирим

Турмушда шундай ҳолатлар бўладики, у нарсаларни минг “ирим”, “бўлмаган гап” дейлик, барибир ҳаётимизда ўзига хос из қолдиради. Авваллари мен ҳам одамлар оғзидан “ёмон бўлади” деган жумлани эшитсам, энсам қотиб истеҳзо билан кулиб қўярдим:
-       Хўш, нега ёмон бўлади? Нима учун ёмон бўлади? Нима бўлади ўша “ёмон”да?- деб иримчиларнинг оғзига урардим.
Афсуски, ўша “Ёмон бўлади” ҳаётимга шундай акс қолдирдики, ёмон деган сўзни ёмон кўриб қолдим.
Акамнинг хотини- келиниойим билан келин бўлиб тушган кунларидаёқ яхши чиқишиб кетдик. Келинойим эшитганларим- ўртоқларимнинг, қўни-қўшни, танишларнинг келинига ўхшаб “янгалик” қилмас, биз қайнсингил- қайноғаларини худди ўз жигарларидек кўрарди. Ҳатто онамизга айтмаган, айтолмаган гапларимизни келинойимга айтиб, улардан маслаҳат олардик. Бўй етиб бошқа дугоналарим каби, мен ҳам синфдош, мактабдош йигитлардан севги изҳори мактублари ола бошлаганимда, биринчи бўлиб келинойимга кўрсатгандим. Ўшанда келинойим ёлғондакам қовоқ уйиб:
-       Дилноз, кўзингизга қараб юринг, синглим. Сизни ўзимиз келин қиламиз. Укамга келинликка сиздан яхши номзод йўқ. Сиз фикрингизни бўлмай, ўқишингизни ўқинг. Сулаймон акангиз Тошкентда ўқиётганидан хабарингиз бор. Худо хохласа, тўйдан кейин сизни ҳам пойтахтга олиб бориб яхши ўқишларда ўқитади,- дедилар. Шу-шу беғубор хаёллар, ширин орзулар билан келинойимнинг укаси- Сулаймон акани оқ тулпорли шаҳзодам деб тасаввур қила бошладим. Ёшликда берилган кўнгил, кетмас бало бўлиши бор гап экан. Ўша-ўша на хаёлимга, на ҳаётимга ва кўнглимга бошқа йигит кирди. Мактабни тугатган йилим келинойимнинг ота-онаси совчи бўлиб келишди. Гарчи келинойимнинг оиласи тинч, ўзига тўқ, ота-оналарим ҳам яхши, айниқса Сулаймон ака киройи куёвинг шундоқ бўлсин, деб орзу қилишга арзирли йигит бўлса-да, бизникилар қатъий қаршилик қилишди:
-       Бўлмайди. Қарши қуда бўлишдан ким наф топганди-ки, энди биз топсак. Ўғлимиз билан келинимиз бахтли яшашяпти. Сулаймонжон бизга ҳам ўғилдек гап. Қизимизга ака ҳисобида. Бу гап бошқа такрорланиши мумкин эмас!- Қудаларимиз айланиб-ўргилиб ота-онамнинг кўнглини топишга уринишди. Келинойим ҳам Сулаймон акага айтиб қўйган эканлар чоғи, уларнинг қарашлари бошқача эди. Хуллас, келинойимнинг елиб-югуришлари билан Сулаймон ака иккимизни фотиҳа қилиб қўйишди. Тўйдан олдин Тошкентга ўқишга ҳужжат топширишга бордик. Барча қишлоқ қизлари каби мен ҳам ўқитувчиликка ҳавас қўйгандим. Миллий Университетнинг ўзбек филологияси факултетига ҳужжат топширдим.
-       Аёл кишининг ўқитувчи бўлгани яхши,- дедилар Сулаймон ака қароримни маъқуллаб.- Уч-тўрт соат дарсини бериб, соат кечки тўртгача уйда бўлади. Овқати тайёр, уйи тоза, эри- фарзандларига вақтида ғамхўрлик қилади...
Эгалламоқчи бўлган касбим бўлажак турмуш ўртоғимга маъқул келганидан мамнун бўлдим. Бутун фикру ёдим талаба бўлиш билан банд бўлиб қолди. Сулаймон ака ҳам вақт топди дегунча менга ёрдам беришга ҳаракат қилар, зарур адабиётларни, китоб-манбаларни топиб келтириб берарди. Мен кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўриш билан банд бўлиб юрган кезларим, уйимизда тўй ҳаракати бошланган, катталар тўй тадоригида қўли қўлига тегмасди. Шундай кунларнинг бирида хонамга ташвишланганнамо онам кириб келдилар. Имтиҳонга тайёрланаётганимни, ўқиётган китобларимни сўраган бўлиб, секин гап бошладилар:
-       Қизим, сени эрта турмушга узатиб хато қилмаяпмизмикан? Бунинг устига куёв келинойингнинг укаси... – Онамнинг гапларидан тўғриси, жуда қўрқиб кетдим. Худди, аҳдларидан қайтиб, мени Сулаймон акага узатмайдигандек туюлди гап оҳанглари. Юрагим бўғзимга тақалгулик бўлиб ҳаяжонландим.- Боя қўшнимиз Раъно холанг чиқувди,- опаси акасининг қайнисига турмушга чиққани, умр бўйи рўшнолик кўрмагани, акаси фарзандсизлик туфайли  бахтсиз бўлганини, опасининг турмуш ўртоғи вафот этиб, беш бола билан бева қолганини айтди. Болам, негадир кўнглим хотиржам эмас...
Онамга нима дейишимни билмасдим. Мен уч йилдан бери кўнгил қўйиб келган инсоним Сулаймон акадан айрилишимни ўйласам, ҳаётда яшагим келмасди. Ўшанда ёшлик-бебошлик қилибми ё бўлажак турмуш ўртоғимдан айрилиб қолиш хавфидан чўчибми онамга:
-       Раъно холанинг опа-акаси бахтсиз бўлди, дегани ҳамма қарши қуда бўлганларнинг боласи бахтсиз бўлади, дегани эмас-ку, аяжон. Бунақа гаплар шунчаки гап, эртага нима бўлишини фақат Худо билади,- дегандим. Онам менга ҳайрон тикилган куйи қараб қолдилар...
Сулаймон ака билан турмушимиз ўхшамади. Фарзандли бўлмадик. Турмушимизнинг бешинчи йили ажрашдик. Тўғриси, ажрашишни мен истамагандим. Бир куни Сулаймон акам уйга хомуш кириб келдилар. Авваллари ҳам уларни кўп марта қайғули ҳолатда кўргандиму, лекин юрагим нимадир сезганмикан,тунд авзойиларига қараб вужудимни қўрқув ҳаяжони эгаллади.
-       Дилноз, сен жуда яхши аёлсан,- деб гап бошлаганларида гўёки оёғим остидаги ер чирпиррак айланаётгандек ваҳима босди. Улар нималарнидир узоқ гапирдилар. Қулоқларим битиб қолган, миям ғовлаб кўзларимдан ёш оқарди. Узуқ- юлуқ илғаганларим бир қиз билан жиддий муносабатда бўлганию  қизнинг  фарзанд кутаётгани бўлди...
Ажрашиб келганимдан сўнг онам келинойимни кўз очирмай қўйдилар. Икки гапнинг бирида “Қизимни сен бахтсиз қилдинг”, “Боламни куйдиридиларинг” деб келинойимни қарғашга тушардилар.
-       Онажон, бу тақдирим экан, Сулаймон акам эмас, бошқасига турмушга чиққанимда ҳам балки шундай бўлиши мумкин эди-ку,- деган илтижоимга онам парво қилмасдилар. Бу орада тўнғич жияним- акамнинг қизини узатдик, тўйдан икки ой ўтиб қайнонаси жиянимнинг фарзанд кутаётганини айтиб суюнчи олди. Бу хабарни эшитиб онам яна келинойимни қарғамб-ёзғириб юрдилар.
 Иккинчи марта турмуш қуриб ҳам фарзандли бўлолмадим. Пешонамга она бўлиш, фарзанд кўриш битмаган экан, чоғи. Учинчи марта турмуш қурмоқчи эмасдим, аммо хотини ўлиб тўрт бола билан қолган эркакдан кўп бора сўраб келишувди, ота уйимда юргандан кўра ўша етимларнинг бошини силаб, меҳр кўрсатсам ҳам савоб оламан, ҳам эрта қариганимда бошим ёстиққа текканида оғзимга сув тутадиган одам бўлади, деб турмушга чиқдим. Ҳаётим бирмунча изига тушди. Лекин афсуски, яқинда келинойим қирқ икки ёшида кўкрак саратони хасталигидан вафот этди. Акамнинг иккита узатилмаган қизи, бир уйланмаган ўғли етим бўлиб қолди. Энди битта қиз узатиб, битта невара кўра олганди, холос.
Ҳайронман, биз ирим деб билган нарса чиндан ҳам мавжудмикан? Ё одамларнинг ўзи бир нарсага қаттиқ берилиб кетиб, руҳиятини мослаштиргани учун ҳам иримлар ҳақиқатга айланармикан? Мен акам иккимизнинг тақдиримизни ўйласам, ана шу савол қаршисида забун қоламан...

Дилноза, Пешку тумани 
Фарзона нашрга тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 879 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ