1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Отдан тушган одам

От минган одамда қанот пайдо бўлади. Кўкларга парвоз қилади. Отдан тушган одам-чи?..
Дарвоқе, отнинг фазилатлари кўп. От йигитнинг йўлдоши, от узоқ йўлга улов, жанг майдонида ёрдам-чи. От халқ достонлари қаҳрамонларига узоқ сафарларда ҳамроҳ. Бойчибор, Ғиркўк... Яхшиси, булар хусусида Абдуллоҳ Муроддан сўранг. Достондаги отларни яхши билади. От образи ҳақида диссертация ҳимоя қилган... Тарлоннинг ҳолини билмоқчи бўлсангиз, Тоғай Муроднинг "От кишнаган оқшом"ини ўқинг. "Алвидо, Гулсари"га ҳам бир қиё боқинг, биродар...
Қиш эди. Зоминнинг бир қишлоғига борганимиз-да от ғалати бир кишнади. Кишнови қулоғимда қолди. қишлоққа бегоналар оралаганиданми ёки эндигина қабрга қўйиб келинган қўшнисининг ўлимидан хафа бўлганиданми? Билмадим. Ҳартугул, от сезгир жонивор. Дарвоқе, отдан йиқилса, ёмон бўлади. Айниқса, оёқузангида қолиб кетса. Бунинг тафсилотини Ўткир Ҳошимовдан сўранг. («Дафтар ҳошиясидаги битиклар», 80-81-бетлар.)

Ҳозир гап оғзаки ёки ёзма адабиётдаги от образи, қишлоқда кишнаган от ёки отдан йиқилиб оёғи узангида қолган одам ҳақида эмас. Халқимизда «От минган отасини танимайди» ёки «Отдан тушса ҳам, эгардан тушмайди» деган нақллар бор. Бу ҳикматларнинг мазмун-моҳияти мансабга, мансабдорга тегишлидир. Бундаги маъно ростакамига отга минган ёки отдан тушган одамга тааллуқли эмас. Бунда рамз бор. Бунда мажозий маъно яширинган. Дарҳақиқат, от минганда отасини танимаган, яъни ҳаётда тўрт кунлик мансабга чиққач, кибрга берилиб, димоғига қурт тушган кишилар бўлар экан. Шу ўринда Узоқ Жўрақулдан бир ҳикматни эшитинг: «Амал, кибр ва лаззат баҳслашиб қолишди. Амал деди: «Амалдор мени ўзининг қули деб ўйлайди. Аслида ўзи менинг қулим эканини билмайди». Кибр деди: «Гапинг рост. Фақат шуни унутмаки, бу мен туфайлидир, Чунки у амал курсисига ўтирган лаҳзада кўзларига парда тортган мен бўламан». Лаззат деди: «Иккингиз ҳам хато сўзлайсиз. У сизларнинг домингизга менга бўлган чексиз муҳаббати туфайли илинди. Зеро, мени севмаган инсон сизларга парво ҳам қилмайди».
Дарвоқе, баъзилар мансабидан тушса ҳам, ўзининг саодатли дамларини, ўша гул-гул яшнаган лаззатли кунларини қўмсаб, амалдорлик шоҳсупасининг хумори тутган пайтлари бўлар экан. Бундай мансаб-севар отдан тушса ҳам, эгардан тушмай юради. Ҳар кимса унинг кўзига балодай, «душман» бўлиб кўринади. Юзаки кулгилари, мийиғида тиржайган ҳоллари тажанглигини, бузилган асабини пардалай билмайди. Бундай кимса отдан тушган кунининг эртасигаёқ истироҳат боғида дам олиш учун таътилга чиқади ёки хасталаниб ётиб қолади. Мансабга ишқ-муҳаббати беқиёслиги боис ичини кемиради.

Воқеа: Ҳайитбой қурбон ҳайити кунларида туғилган эди. Пешонаси кенг, фикрлари тоза, гаплари бутун эди. Ёшлигидан унинг раҳбарлик курсиларини гуллатишидан башорат қилгувчилар бўлди. Ҳайитбой яхши ўқиди, қишлоқдан чиқиб шаҳарга борди. Диплом билан уйига қайтди. Шаҳар ҳокимининг қизига уйланганидан кейин қай замонлардир айтилган башорат тўғри чиқди. Ҳайитбой ҳокимга ўринбосар бўлди. Мансабга чиқди. Айланма ўриндиқда яйраб ўтирди. Қорин қўйди. Аммо яхши раҳбар бўлмади. Келган-кетганга, қўли остидагиларга меҳр-мурувват кўрсатмади. Эшигини тақиллатиб келган ота қадрдони Ҳасан акани алдади. Баҳорда томорқа тақсимланаётган кунлар эди. «Шу қулай бир жойдан, албатта, ўқишда юрган ўғлингиз учун ўн икки сотих жой бераман», деди. Аммо бермади. Ҳасан аканинг дили оғриди. Ҳайрон қолди. Бироқ қарғамади.

Ҳайитбой ўзини ишбилармондай тутиб юрди, айниқса, катталар олдида. Ишхонада гапириб, кўринган ходимига танбеҳ бериб чарчамади, керакми-кераксизми сайраб ўтирди, Шу феълини билгани боис ҳамкасабалар иложи борича Ҳайитбойнинг кўзига кўринмасликка интилади.

Ёзиқни ҳарангки, мансабидан тушгандан кейин биров унга «Кимсан?!» демади. Касал ётди. Хабар оладиган одам кам бўлди. Шу-шу ҳамманинг, айниқ-са, отда юрган маҳали остонасида юмшоқ супурги бўлган қайнисининг таъзирини бериш ниятида кураш майдонига от солишни ўйлаб ётди. Гарчанд отдан тушган бўлса-да, эгардан тушмаган эди. Яхши биласизки, эгар бир кўрсангиз, отдан баланд, бир қарасангиз эса, итдан-да паст бўлади. Ҳайитбой эса шу ҳолича от чоптирмоқчи.

Бироқ аллақачон ҳайит ўтган, узангининг ипи узилган эди. Айниқса, Ҳасан аканинг ўғли ҳоким муовини бўлган куни ҳаммасидан умидини узди. Энди нима бўлди? Энди Ҳайитбой касалванд, уйида ичини еб ётганмиш...

Аммо ҳаётнинг бепоён майдонида бошқача одамлар ҳам учрайди, Кимдир мансабига зиммасига тушган бир вазифа, эл-юртга, узоқ-яқинларига, миллатга, ватанга хизмат тарзида қарайди. Хизматининг жавобгарлигини ўйлайди. Адолат билан холисона иш юритишга интилади. Охиратдаги савол-жавобини, зиммасидаги юк масъулиятини, касби ортидан келаётган луқманинг ҳалол-ҳаромлигини ўйлайди. Гоҳи-да маҳзун бўлади. Тарихда Имоми Аъзамнинг қозилик мансабига рози бўлмасдан зиндонга ташлангани ва қамчиланганини хаёлидан ўтказади, Мансабида хайр бўлса, ўша жойда ишлашни, акс ҳолда, иймонига зарар етадиган бўлса, ундан тезроқ қутулишни дуо қилиб сўрайди. Аллақаердандир хаёлига ўрнашиб қолган тўртликни хиргойи ҳилади:

«Мен дунё пойига бош урганим йўқ,
Дунё менинг шундоқ пойимга келсин.
Мен мансаб ишқида ғоз юрганим йўқ,
Мана талабгорлар жойимга келсин».

Комил иймон соҳиблари дунёда ўткинчи нарсалар кўплигига, дунё ҳаёти абадий эмаслигига ишонади. Кимдир ёшлиги ўтиб кетаётгани ачинади. Қўлидан кетган мол-мулкучун йиғлаганлар, уйи куйгани боис девонага айланганларҳам бор. Ёшлик ҳам, мол-мулк ҳам, мансабу мартаба ҳам асло абадий эмас. ўткинчи. Қўлдан кетганига куюниб кул бўлган кимса ақли расо, иймони тоза одамлар сирасига кирмайди. Зотан, иймон саломатлиги ҳар қандай дунё зеб-зийнатларидан юксак мақомда туради. Бу дунё ҳаётидаги ҳар бир ишга иймон мезонлари билан қаралмас экан, ҳар қандай қарашда нуқсон бўлиши табиийдир.

Дарҳақиқат, отдан тушган одам воқеликни мутлақо табиий қабул қилиши ва отдан тушган заҳоти эгардан ҳам тушиши лозим. Ҳатто шарт эканини унутмагани маъқул, Бу иймон тақозоси. Азиз биродар, отда ўтирган бўлсанг, тушишни бир ўйла. Мабодо, тушган бўлсанг, бундан бир ҳикмат изла. Муҳими, эгарни ҳам эгасига бергин!

Баҳодир НУРМУҲАММАД

Ҳозир сайтимизда 818 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ