1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Баҳор кўнглимизда яшасин

Маош олдим, кўзлаб юрган буюмимни тез сотиб олмасам, бошқа нарсаларга сарфланиб кетади. Шу ўй билан иш вақти тугар-тугамас дўконга чопдим. Беркилиб қолмасидан улгуришим керак. Шундай шошиб, югургудек бўлиб кетяпманки, кўкламнинг майин ҳавоси ҳам ёз жазирамасидек туюлади. Хаёлан ҳисоб-китоб қилиб борарканман, шундоққина йўл четига, майсалар устига ўтириб олган кампирга кўзим тушди. Эски-туски кийимлари, ёнига қўйиб олган қопчиғига қараб: “Гадой ё девона бўлса керак, ҳозир садақа сўрайди”, деб ўйладим ва чўнтагимдан пул олдим. Ёнига яқинлашганимда онахон: “Қизим”, деб қолди. Ўйим тўғри чиққанига ишониб, пулни бериш учун у томон юрдим. Аммо онахон қўл чўзмади.
– Одамлар қанча-қанча пул сарфлаб, бозордан гилам олишади, кейин уни шундай авайлашадики, ҳеч ким оёқ босмаса, – деди. Сўнгра жилмайганча, майсаларни кафтлари билан силади: – Қара, Худойимнинг яшил гиламларида бўлса, бемалол ўтирасан, ҳеч ким тур демайди. Қандай чиройли, қандай майин...
Онахонни гадой деб ўйлаганим учун хижолат бўлдим. “Тўғри, тўғри”, деганча яна йўлимга шошилдим, ахир, дўкон ёпилмасидан боришим керак. Хайрият, улгурдим, куним баракали бўлди. Ниҳоят, қачондан бери олишни кўнглимга тугиб юрган нарсам уйимда. Аммо... негадир ҳаммаси бирдан маъносиздек туюла бошлади. Маош тезроқ қўлимга тегишини кутиб бетоқат бўлганим, дўконга югургудек шошганим, кейинги пайтда ҳамма нарсадан кўра кўпроқ фақат ўша – олишим керак бўлган буюм ҳақида ўйлаганим...
Миямда боя мен телба деб ўйлаган онахоннинг гаплари айланарди. Ўзимдан уялиб кетдим. Тўғри, бундан олдинроқ ҳам хижолат чекдим, аммо аёлни гадой деб ўйлаганим учунгина... Ўзимнинг ҳолатим, онахоннинг сўзларини мулоҳаза қилишга эса ўша пайтда на вақтим бор эди, на тоқатим. Ахир, дунё молига эришиш ҳирси банд қилган кўнгилда тафаккурга ўрин қоладими?.. Юрагим сиқилди, ойнани очиб юбордим. Майин шабада димоғимга нафисдан-нафис ифор олиб келди – ўрик гулининг иси... Ажаб, бутун борлиқни тутган бу ифор кундузи ҳам бормиди?...
Боя дўкондан чиқиб нима деб суюндим, куним баракали бўлди, дедимми? Наҳот куннинг баракаси ётганда, турганда, ишда, уйда, ҳатто ибодат пайтида ҳам хаёлингни оддий буюм банд қилиши, ниҳоят унга эришиш билан белгиланса?.. Кундузи йўлда учраган онахоннинг гапларида бундай юришлар алданиш эканига ишора бормиди, ажабо?! Агар шундай бўлса олдимда яна бир савол кўндаланг: телба ким – яшил майсаларни – Худойимнинг гиламларини силаганча, одамларнинг ишига ҳайрон бўлиб ўтирган, мен девона санаган аёлми? Ёки бандалик вазифаларимни унутиб, дунё матоҳлари ортидан югуриб, борлиқдаги баҳор, тириклик шавқини ҳам ҳис қилишдан узоқлашиб кетган мен телбаманми?..
Юзларимга ёмғир томчилари урилди – майиндан-майин. Яратганнинг оби раҳмати... Улар билан Худойимнинг яшил гиламлари эртага яна ҳам беғубор, яна ҳам гўзал товланади...
Аллоҳим, баҳорни кўнгилларимиз билан яшашни насиб қил. Дунёга алданишдан асра, барчамизни борлиқ неъматларинг, уларни яратган, бизга бўйсундирган Улуғ Зот – Ўзинг ҳақингда тафаккур қилиш бахтига етказ.

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи

Ҳозир сайтимизда 873 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ