1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Никоҳ ўйинчоқ эмас...

Никоҳ асосига қурилган оилавий турмуш – нозик масала. Унга ақл ва фаросат, мулоҳазакорлик ва босиқлик билан, иккови томоннинг манфаатларини тарозига солиб ёндошиш керак. Негадир кейинги пайтларда бу ишга аралашишга маънавий ҳуқуқи борлар ҳам, йўқлар ҳам бемалол бош суқадиган бўлиб қолди. Ҳали турмуш қурмаган қизлар, уйланиб улгурмаган йигитлар оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин, қайнона-келин муносабатлари, бола тарбияси ҳақида мақола ёзадиган, чиқишлар қиладиган, насиҳат айтадиган бўлиб кетишди.
Энг ачинарлиси, кейинги пайтларда айрим ёшлар никоҳ ва талоқнинг моҳиятини ҳис этмай, бўлар-бўлмас сабаблар билан хотинини талоқ қилишга боришяпти, нафс ва шайтон сўзига кириб ширин турмушларини оғуга айлантиришяпти, гулдай оилани барбод қилиб, фарзандларини тирик етимга айлантиришяпти. Баъзи келинларимиз оиланинг қадрига етмай турмуш қуришга қанчалик ошиқишса, эрдан ажралишга ҳам шунчалик тез киришишади. 
Бир маҳалла оқсоқоли яқинда шундай зорланиб қолди: «Маҳалламизда тез-тез оилавий жанжалларга аралашишга, қўйди-чиқдиларга гувоҳ бўлишга тўғри келади. Ярим ёки бир йилгина олдин бир-бирига назар солишга ийманиб турган келин-куёвнинг бугун кўзига қон тўлган, бир-бирига ҳақорат сўзлар айтаётган, бир-бирига туҳмат ва нафрат ёғдираётган бўлади. Уларнинг жанжали қудаларни ҳам душманга айлантирган: кечагина оғзидан бол томган қудалар бугун бир-бирига лой чаплаётган, туйқус оғиздан чиқиб кетган биргина сўз бугун катта дастакка айланган. Бизга ўзи нималар бўляпти? Шундай тўқчилик замонда нега гулдай оилалар арзимас сабаблар, «деди-деди»лар билан бузилиб кетяпти? Биримиз умр бўйи сеп йиғиб қиз узатсак, бошқамиз тийинлаб йиғиб ўғил уйласак-да, тўйдан кўп ўтмай икки ёшнинг орасидан қора мушук ўтиб, ҳамманинг тинчи бузилиб ўтирса!
Илгари эр-хотиндан бири хиёнат қилса, ё эр оиласини боқа олмаса, ё фарзандсизликдан ажрашишар эди. Энг алам қиладиган жойи, ҳозир ана шу уруш-жанжаллар, қўйди-чиқдиларга сабаб бўлаётган нарсалар жуда арзимас. Бирида овқатнинг шўрлигидан, бошқасида келиннинг қайнонага салом бермаганидан, яна бирида ҳайит йўқловда тоғоранинг кам қилинганидан, бошқасида куёвнинг ишдан кеч келишидан бошланган ғишавалар бора-бора оиланинг бузилишига олиб келган. Одамлар оила тақдирига, икки ёшнинг бахтига шунчалар бепарво ва енгилтаклик билан қарайдиган бўлиб кетганми?»
Оқсоқолнинг куйинишида жон бор. Буларнинг ҳаммаси ҳаётга янги қадам қўяётган ёшларнинг никоҳ масаласига масъулиятсизлик билан қараб, «турмуш» дея аталган буюк оламнинг  сир-синоатларига, унинг турли машаққатларига, ҳаёт аччиқ-чучукларига, синов-имтиҳонлари ҳамда ташвишларига тайёр эмасликларидан келиб чиқмоқда.
Ёшларнинг аксарияти “турмуш, оила, бахт” деган тушунчаларни жуда юзаки тушунади. Ҳаёт ҳамиша ўйин-кулгидан, кўнгилхушликлардан, “романтик” учрашувлардан иборат, деб ўйлайди. Катталар эса фарзандларини бахтли қилишнинг аслий ўлчовларидан чекиниб кетишгани учун ўзлари хоҳламаган ҳолда уларнинг бахт гулханлари устига кул тортиб қўйишмоқда. Токи ахлоқимизнинг, одобимизнинг азалий мусаффо чашмаларидан сув ичилмас экан, токи оиламизда чинакам муносабатларга – раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат, муҳаббат-садоқат каби фазилатларга қайтилмас экан, бу ихтилофлар, жанжал-можаролар давом этаверади, муросасизлик кучаяверади.
Ҳар қандай киши ўзида йўқ нарсани бошқадан қидиради ва уни қадрлайди. Аммо феъл-атвор (характер)ларнинг ўхшамаслиги, турли-туманлиги оиладаги муросасизликка, ғишава-жанжалларга сабаб бўлмаслиги керак. Кўпинча қўйди-чиқдилар чоғида сабаб қилиб кўрсатиладиган «характерларнинг тўғри келмаслиги» аслида айб-хато эмас, балки турмуш ранг-баранглиги ва тотувлигини таъминловчи омил ҳамдир.
Донишмандлар бундай дейишади: «Эр билан хотин оиланинг икки хожаси, хонадоннинг зийнатидир. Эр ва хотиннинг биргаликдаги вазифалари бир-бирларига садоқат, ишонч, эҳтиром, муҳаббат, хотир сақлаш ва ёрдам қилмоқдир. Садоқат уйланишнинг руҳидир. Ноўрин ҳаракатлар, ғавғо-жанжаллар уйланиш руҳини бузиб, оила саодатини барбод этади. Турмуш ва уй-рўзғорга тегишли ишларни эр-хотин бир-бирларидан яширмасликлари керак. Эр баъзида хотинининг ноўрин ишини билса, унга мулойимлик билан насиҳат қилиши, бу ишининг хато ёки гуноҳ эканини тушунтириши зарур. Хотин ҳам эрининг эҳтиёжини, саъйи ва касбида ялқовлигини сезса, уни тўғри йўлга солиб кўнглини кўтарсин, тасалли берсин, ғайрат бағишласин. Икки томон ҳар қандай ҳолатда ҳам бир-бирларини ташламасликка аҳд-паймон қилишлари талаб этилади. Масалан, улардан бири касал бўлса, иккинчисининг илтифотсиз қараб, уни боқмасдан ўз ҳолига ташлаб қўйиши кечирилмас ҳолдир».
Оила ҳаёти ҳеч қачон сидирғасига фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва  етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар керагича учрайди. Эр-хотин биргалашиб қарши курашсагина уларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлиги тезроқ қўлга киради. Агар бундай қийин пайтларда муроса бузилса, ўзаро самимият чекинса, бирининг ташвишига иккинчиси томошабин бўлиб турса, бу оилада тотувлик ошён қуриши амри маҳолдир. Бир машҳур ёзувчи айтганидай, «Муҳаббат, бу – бу бир-бирига тикилиб туриш эмас, балки бир томонга биргаликда тикилишдир».

Жаъфар АБДУЛМЎМИН

Ҳозир сайтимизда 839 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ