Сайт бўлимлари
Ажрим - бу даҳшат...
Ким бахтли саодатли ҳаётни орзу қилмайди, дейсиз?! Айниқса ёш қизларнинг орзулари: яхши бир инсон билан турмуш риштасини боғлаш, фарзандли бўлиш, ўз уй-жойида уй ишлари билан машғул бўлиш, бир сўз билан айтганда оила бахтини бутун вужуди билан туюшни умид қиладилар. Вақти соати келиб бу тилаклари рўёбга чиқади. Садоқатли, вафодор ҳам меҳрибон турмуш ўртоқ, юраги тагида вужудини интиқтириб ураётган юракча – фарзанд шавқу завқи, қўйингки, уй ва рўзғор ташвишлари бир маромда боради. Ҳаммаси орзу қилганидек. Бу қандай ҳам улуғ бир бахт Аллоҳ томонидан бу ожиз бандаси учун берилган, қандай ҳам бебаҳо илтифот. Бир умр мана шу неъмат ичида сарҳуш бўлиб ҳаёт ўтказсанг!.. Лекин ҳаёт ўзининг қаттиқлиги, гоҳида шафқатсизлиги билан бу орзу-ҳаваслар ўз йўлига ва ҳақиқий ҳаёт эса ўз йўлида эканини кўрсатиб, кўзларни каттароқ очиб қўяди.
Ҳақиқий ҳаётнинг ҳукмлари анча бошқача. Турмуш чорраҳасига кирган қиз, ҳаётнинг шафқатсиз чархпалаги ичига тушиб қолган вақтида довдираб қолади. Доим ўз хаёли билан банд бўлиб қолади. Ён-атрофига қарамай қўяди, хатто нималар бўлаётганини сезмай туради. Хафа бўлиб юриш, нимадандир араз, кўнгил негадир алланечук ғам-ғусса билан тўлгандек бўлади.
Турмуш қуриш – уй ишларига кўмилиб кетиш, тинмай меҳант қилиш билан бирга биринчи навбатда эрининг кўнглига қараш, қайнота-қайнонага эътибор бериш, эртага фарзандлик бўлса, яна ташвиш устига ташвишлар қўшилади. Натижада фақат дугоналари билан эмас, энг қадрли бўлган ота-онаси ва ўз туғишган ака-ука, опа-сингиллари билан ҳам алоқа қилишга, улар ҳолидан хабар олишга, борди-келди ришталарини боғлашга имкони бўлмай қолади. Турмушга чиқиши билан ҳар бир қиз яқинлари билан мулоқот қилишда чегараларга урилади. Уй ичидаги ишлари ҳам кун сайин кўпайиб боради. Эрининг кўнглини олиш, уни рози қилиш учун жиддий меҳнат қилиши, кўп нарсаларга эътибор қаратиш зарур бўлади. Унинг ишдан келишини интизорлик билан, яна алоҳида ўзига қараб кутиб ўтиради.
Кўпинча ишдан чарчаб келган эр хотинига, қанчалик хоҳламасин, эътибор қилишга, ўти-риб у билан бафуржа, у ёқ-бу ёқдан гаплашишга ҳоли келмайди. Мана шундай ҳолатларда дугоналари билан суҳбатлашиш, уларни кўришга бўлган иштиёқи ошиб кетади. Ота-онаси, ака-ука, опа-синглиси ва бошқа яқинлари билан қандайдир дардлашгиси, кўнглида аллақаер-дан пайдо бўлган ғуборларини ёйгиси келади. Ёки ана ўша маъсум ёшлик йилларини қўмсаб ичикиб қолади.
Шундай вақтларда Аллоҳ учун дўстлашган дугоналари билан ёзилиб-ёзилиб гаплашса, улар билан ҳам ҳаёт, ҳам диний билим ва тажрибаларини кенгайтирса, бу ишлардан фойда кўрган бўлар эди. Зеро, аёллар бир жойга тўпланиб қолса, аввалги вақтлардаги каби, бир-бир-лари билан бирон таом ёки ширинликларнинг тайёрланиш йўриқномаси – рецептини ўрганиб оладилар. Бир пиёла чой устида қурилган суҳбат ўзаро дўстликни қанчалик мустаҳкамласа, кўнгил ҳаловатини ҳам шунчалик таъминлайди. Суҳбат мавзулари ҳам хилма-хил, ҳаёт муам-молари кўндаланг қилган масалалар бўлиб, тажриба, билим ва руҳий озуқа кишига ижобий таъсирни ўтказади. Бирга ўтириб бирон фильм ёки спектакль кўрсалар ҳам, шунчалик ўз-ларига қувват ҳосил қиладилар. Ёш оналар бундай ҳолатлардан кўпроқ фойдаланишлари мум-кин. Бир-бирлари билан тажриба алмашиниб, гўдаклари эришаётган ютуқлар, уларнинг янги-ликларидан бохабар бўладилар. Бу шундай илиқ, ёқимли, дўстона, қолверса, мақтовга лойиқ муносабатлар бўлгани учун ҳам, бундай мулоқотларни ҳар куни бўлишини кўнгил истайди.
Лекин, афсуски баъзи ҳолатларда бу ишларга керагидан ортиқ чуқур кириб кетилади, керакли йўл қолиб бошқа хатарли йўлларга юриб кетиш хавфи туғилади. Фикр ва тажриба алмашиш, ўзаро маслаҳатлашиб олиш шахсий муаммолар гирдобига йиқитиб юборади. Фойда бўлмаган ғийбат ва уйдурма гаплар билан машғул бўлиб қолинади. Суҳбат имон-эътиқодни, анъанавий ислом таълимотини мустаҳкам қилишга эмас, балки тескари ташвиқот билан йўғрилади. Бундай мулоқотдан келган аёлнинг ҳаракатларида ҳам, гап-сўзларида, хаттоки билдирадиган фикр-мулоҳазаларида ҳам ўзгаришлар сезила бошлайди. Мусулмонлар орасида омонат деб қараладиган ҳолатларга бошқа назар билан қараладиган бўлади. Кейинги гаплар унинг эри яхши, унинг эри ёмон, пул топади, пул топмайди, уради, сўкади ва бошқа хонадон сирлари очилади, бошқаларнинг ҳукмига ҳавола қилинади. Унга бу ёқади, бу ёқмайди, уни қандай қилиб йўлга солиш мумкин, хотиннинг измидан чиқмайдиган қилиб, яхшилаб тарбиялаш мумкин бўлди ва ҳаказо, ҳаказо керак бўлмаган гаплар, фикрлар ва кўрсатмалар оқиб келаверади...
Энг аввал, ҳар бир мусулмон аёл ва хоҳ эркак бўлсин, шайтоннинг инсонга очиқ душман эканини билиб олиши керак бўлади. Шайтон доим огоҳ бўлиб, ҳар бир сонияда пайт пойлаб, бизни тўғри ва хақ йўлдан чалғитишга уринади. Имон-эътиқоднинг заифлиги, илмсизлик эса шайтон алайҳиллаънага жуда қўл келади. Натижада у ўз мақсадларига кутгандан зиёдаси билан эришиши мумкин бўлади.
Имом Бухорий ва имом Муслим раҳимаҳумаллоҳлар ҳазрат Анас розияллоҳу анҳудан Пайғамбаримиз сўзларини ривоят қиладилар:
قال: " إن الشيطان يجري من ابن آدم مجرى الدم" (الادب المفرد ، 978/1288 (صحيح) عن أنس)
Расул акрам алайҳиссалом: “Ҳақиқатда, шайтон инсоннинг қон томирларида оқиб юради. Яъни унинг ичида ҳам ўзига макон қилиб олгандир!” (Саҳиҳ ал-Бухорий, т. 13 – с. 159.– №7171. Саҳиҳ Муслим, т.4.– с. 1712.–№ 2175.)
Бу ҳадисдан ҳар бир аёл ва ҳар бир эркак ўзини доим назоратда тутиши кераклиги маълум бўлади. Қиляпман, нимани гапиряпман, нимани ўйлаяпман – бу савобми, гуноҳми, менинг фойдам бўладими ёки зарарми, деб ана шундай жиҳатларини назорат қилиши шарт бўлади. Айниқса, ўзга инсонларга зарар зиён етадиган ишлардан, гап ва ҳаракатлардан, жумладан, бир оиланинг аҳиллига путур етадиган, ишончига дарз туширадиган ишлардан сақланмоғи зарур бўлади.
Иккинчи вазифа ҳар мўмин гуноҳ, айб ишлардан, ўзига ва ўзгаларга зарар бўладиган ишлардан ўзини ҳам, бошқаларни ҳам тўхтата олиши керак. Бундай нуқсонлар оқибатини мулоҳаза қилиши, энг катта душман ҳамма нарсага тайёр туриб пайт пойлаётганини ёдда тутиш фойда келтиради.
Қуръони карим оятларида шундай дейилган:
وَذَكِّرْ فَإِنَّ الذِّكْرَى تَنْفَعُ الْمُؤْمِنِينَ (55)
Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур. Зориёт, 55.
Мунтазам равишда мўминларга шайтоннинг душман эканини, нафсга қарши курашиш кераклигини, шариат аҳкомларини, унинг одоблари ва бошқа керакли бўлган нарсаларни эслатиб туриш мўминларнинг огоҳлигини оширади ва қалбларидаги имонни мустаҳкам, ҳаловатларини бардавом қилади. Мўминлар бундай эслатмалардан кўп фойда топадилар.
Яна бир нозик жиҳатни кўпчилик жуда яхши билади: гуноҳни кўра туриб, ундан қайтармаган киши, қиёмат куни шу гуноҳни қилувчилар билан азоб-уқубатга қолиши мумкиндир. Бу жиҳатни ёдда тутмоқ керак бўлади. Бировларнинг гуноҳ ва айб ишларига шерик бўлиб қолишдан сақланиш жуда зарурдир. Айниқса, арзимаган тушунмовчилик сабабидан оила бузилиб кетиш олдида турганда, учқунлаб турган оловга ёғ қуйиб уни алангалатган каби, ажралишга, болаларнинг чала етим бўлишларига сабаб бўлаётганлар ана шундай гуноҳкорлардир. Аммо ёшларга яхши бир насиҳат қилиб, уларни яраштириб қўйишнинг ажру савоби бениҳоя катта бўлади.
Чақимчилик, ғийбат, туҳмату бўҳтонларнинг зарарлари, ҳунук оқибатлари тўғрисида кўплаб мақолалар ҳатто китоблар, қиссалар ёзилган бўлса-да, ҳозирги кунда булар энг кенг тарқалган, оммавийлашган гуноҳларнинг бирига айланди, десак муболаға бўлмайди. Бу ишларнинг улуғ гуноҳлиги айтилган, ундан қайтарилган, қайтарилмоқда ва аниқ ишонч билан айтиш мумкинки, келажакда ҳам қайтарилади. Бу иш қиёматгача давом этади. Одамларни унинг оқибати бу дунёдан ҳам кўнгилсиз экани, охиратда эса аянчли азоб ва уқубатлар борлигидан огоҳлантириладилар. Ҳаётда баъзан бу ишларнинг нима билан тугаганини ўз кўзлари билан кўрадилар. Лекин қалб кўзлари очилмаган, ҳаётда кўрганларидан ибрат олмаган инсонлар шунчалик кундузи чиққан порлаб турган қуёшдек бу салбий ишларнинг натижасига шоҳид бўлсалар ҳам ҳам бу ишлардан тўхтамайдилар, ўз жонларига раҳм-шафқат қилмайдилар. Бу соҳадаги “малакалари”ни ошириб, “илмий даражалари”ни ҳам кўтарадилар. Нимани қилиш мумкин, нима мумкин эмас, қандай қилиш яхшироқ натижа беради, вақ ндай қилмаслик керак ва ҳаказо “маслаҳатлар” оилани бузуилишига, эр-хотин ўртасидаги риштани узилишига олиб келади. Бундай маслаҳатгўйлар шарофатидан қанчадан қанча оилалар бузилиб, қанчадан қанча болалар, гўдаклар тирик етим бўлиб қолмоқдалар. Бу “маслаҳатгўйлар” учун фатволар ҳам тайёр, вазиятга қараб пайдо бўлиб қолаверади. Масалан, эридан сўраб ўтирмай, маҳрини қайтариб бериш билан аёл ўзига жавоб олиши мумкин, деб айтишларини олиш мумкин. Кўпинча бундай қалтис вазиятлар ва оилаларнинг ажрим бўлиши ҳаяжон, жаҳл устида содир этилади.
Огоҳ бўлинг! Дўппини бошдан олиб, ақл билан мулоҳаза қилинг! Бекорга Аллоҳ талоқ қилиш ҳуқуқини эркак зиммасига юкламаган. Хотинга талоқ қилиш ҳуқуқини бермади. Чунки, эркак зотини табиатан босиқ, вазмин қилиб яратган. Келажакка қарай оладиган, ишларни оқибатини тасаввур қила оладиган, ҳаёт синовларига таваккул ва тадбиркорона ёндошадиган қилиб яратилган. Ўзини, ўзи тушиб қолган ҳолатни назорат қила оладиган, бўлаётган воқеаларнинг келаётган томони – пайдо бўлиш сабаблари ва кетаётган тамони – оқибати қандай бўлишини олдиндан сеза билиш, тушина олиш фазилати берилган. Шунинг учун, жанжал, тўпалон вақтида вазмин, оғир-босиқ бўлиб, ҳолатга баҳо бериб вазиятни ҳал қилиш чораларини ўйлайди. Биринчи мартаданоқ ажралиб кета олмаслик, ўзига хос равишда икки бора имконият берилиши ва шунда ҳам талоқ бериш ҳуқуқига эркак кишига юкланишида ҳикмат борлиги кўринади. Фақат учинчи мартасида ажрим тушишлигида илоҳий ҳикмат, сир бор.
Бундай оиланинг шароитлари ҳар томондан ўрганилади, тўпланган маълумотлар таҳлил қилинади. Бу қалтис ҳолатдан чиқишга имкон изланади. Агар эр-хотинни яраштириб қўйишнинг иложи топилмаган ҳолда, балки, уларнинг бирга бўлиши дунёлари учун ҳам, охиратларига ҳам зарар-зиён келтирадиган ҳолатда ёлғиз тўғри йўл ажрим деб қарор қилинади.
Аллоҳ улуғдир! Ҳамма нарсаларни низомга солиб қўйгани, тартиб-қомдалар ўрнатиб қўйгани таҳсинга лойиқдир. Айнан никоҳ ва талоқ масалаларини ҳам инсон манфаатларини кўзлаган ҳолда ўзига ҳос интизомга тўғрилаб қўйган. Бандаликка бориб камчиликларга инсон фарзанди йўл қўйиб туради. Маҳалла идораларида, гоҳида хонадонларга бориб оилавий келишмовчиликлар ҳақидаги икир-чикир гап-сўзларнинг кўпини эшитишга тўғри келади! Наҳотки, бу инсонларнинг ақллари ўз оиласининг муаммосини ҳал қилишга етмаётган бўлса... Уларнинг фикр доираларининг пастлигини, дунёқарашларининг торлигини кўриб киши ҳайрон бўлиб қолади. Наҳотки, айбларни ёпиб кетиш, бир-бирларининг сирларини беркити яраштириш ўрнига бир-бирларига адоват қўзғатадиган, ҳасаду-душманчиликка бўй берадиган, арзимаган гап-сўз, ишлардан ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларни келтирадилар. Дунёлари учун қанча зарар борлигини тушинарлар, лекин охират роҳатларидан маҳрум бўлаётганлари, қаттиқ сўроқлар кутаётганини наҳот англамасалар...
“Уйдаги гапни кўчага олиб чиқиш” энг ёмон ахлоқ, разиллик ва пасткашлик эканини яхши биладилар-ку! Қуръони карим оятларида Аллоҳ таоло оилавий муносабатларни тартибга солиш учун шундай кўрсатма беради:
هُنَّ لِبَاسٌ لَكُمْ وَأَنْتُمْ لِبَاسٌ لَهُنَّ (البقرة ،187)
... Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз... Покиза жуфти ҳалолларингиз, яъни аёлларингиз сизнинг сир-асрор, айбу нуқсонларингиз солинган сандиқларингиздир ва сизлар ҳам улар учун мана шундай сандиқсиз. Бу сандиқларни очиш, ичидагиларни ошкора қилиш эса, ушбу илоҳий амрни бузиш ҳисобланади. Эр-хотин бир-бирини гапга қўйишлари энг разил иш, ахлоқсизлик ва тарбиясизлик бўлади. Ақл билан, бир оз имон билан фикр мулоҳаза юритилса, қай маънода ношукрликка йўл қўйилгани келиб чиқади: кеча бир ёстиққа яхши ниятлар билан бош қўйган, бир-бирларига қараб беғубор орзу-ҳавасларни дилига туйган, ширин келажакка умид боғлаган, бир дастурхон атрофида, бир идишдан овқатланган, бир пиёладан сув ичган, бир бурда нонни бўлишиб еган, қолаверса, Аллоҳ хазинасидан берган ширин-шакар фарзандлар хоҳ бор бўлсин, хоҳ ҳали бермаётган бўлсин, шунчалик нозик ришталар билан боғланган оила қўрғонини эр-хотин ўзаро мустаҳкам қилиш ўрнига нега арзимаган сабабларни рўкач қилиб, уни дарз кетишига, нурашига йўл қўядилар.
Наҳотки, юзага келган муаммоларни ўтириб, ўзаро ҳурматни сақлаган ҳолда, бақир-чақир қилмасдан, оҳисталик билан зиёли инсонлардек гаплашиб олишнинг имкони энди йўқ бўлса,.. Ахир бу оила-ку! Охират экинзоридан самараси ва фойдаси улуғ бўлган бир экин-ку!? Муқаддас даргоҳ-ку!
Ён-атрофда маслаҳатчи бўлиб олган опа-сингиллар, ака-укаларимиз ёки ёши улуғларимиз ўзларига, ўз жигарларига, қолаверса, ўз фарзандларига ҳам ажралиш энг тўғри йўл деб насиҳат қиладиларми?! Бошқаларга раво кўраётганларини ўзларига раво кўра оладиларми!?. Наҳотки, талоқ ва ажралиш шарт бўлиб қолган бўлса...
Ажрим, бир оиланинг бузилиб кетиши жуда даҳшатлидир. Унинг оқибатлари эса янада оғир, гоҳо ҳалокатли ва аянчли.. Тирик бева бўлиш, тирик етим бўлиш – бунинг оғир юкини ҳали ҳеч ким муваффақиятли кўтарган эмас... Бу йўлга қадам қўйишдан олдин “дўппини бошдан олиб” яхшилаб ўйлаб олиш зарур бўлади. Бу ҳолатнинг барча яхши ва ёмон томонлари ўрганиб чиқилиши, тарозуга солиниши, “етти ўлчаниши” ва ҳаказо диққат билан текшириб чиқилиши керак бўлади. Шунингдек, четдан келган одам, у ким бўлишидан қатъий назар, уйдаги икир-чикирлардан, нозик ҳолатлар тафсилотларидан бехабар бўлса, ундан қандай маслаҳат олиш мумкин бўлади. Яқин маслаҳатгўй дугона ва дўстлар, туғишганлар оила аъзолари ўртасидаги, айниқса, эр билан хотин ўртасида содир бўлаётган тушунмовчиликлардан хабари бўлмаса, нима деб маслаҳат беришлари мумкин бўлади?! Гапираётган гаплари бу ҳолатда ислоҳга хизмат қиладими ёки жанжал ва келишмовчиликни яна чуқурлаштирадими?!
Эй, ақл эгаси бўлган оила улуғлари! Агар ўзингиз уйдаги муаммоларингиз билиб турган ҳолда уни ечимини топа олмаётган бўлсангиз, бегоналар сизга қандай ёрдам бериши мумкин. Ёки ушбу маслаҳатгўй опа-сингиллар куйдирдиган, қаттиқ оғриқлар берадиган дўзахдан қўрқмайдиларми?! Оила, қайсики Аллоҳ таолонинг муқаддас ришталари билан боғланган оилани ажратиб юбориш тўғрисида бераётган насиҳатларингиздан ўзингиз уялмайсизми?! Ахир ўзингизни бошингизга бу савдо айланиб келса, бундай қилмаган бўлар эдингиз-ку! Ёки набодо, ўзингизни бўлмаган турмушингиз аламини бошқалардан ўйлаб ўтирмасдан олишга чоғландингизми?! Бу ахир охиратингиз учун ҳам, фарзандларингиз бахти иқболи учун ҳам хатарлик йўл бўлади-ку! Қўрқинг ва ўзингизга ҳам, оилангизга ҳам, айниқса шу келишмовчилик бўлиб танг аҳволда қолган оила аъзолари учун ҳам яхшиликни сўранг! Мана бу ҳадиснинг маъноларига эътибор қилинг-а!
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم
من حسن إسلام المرء تركه ما لا يعنيه (حديث حسن رواه الترمذي وغيره)
Ҳазрат Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: -Киши исломининг гўзаллиги ўзига тегишли бўлмаган, охирати ва дунёсига фойдаси бўлмаган ишларни тарк этишидир. Имом Термизий ва улуғ муҳаддислар ривоят қилган ушбу ҳадисда молояъний бўлган ишларнинг ҳаммасини тарк этишга буюряптилар. Токи шунда, у комил инсонлик даражасига эришади.
Кўпчилик инсонлар айниқса, халқ ичида юрган, оилавий муаммоларга аралашиб ислоҳ қилишга кўмаклашиб юрган ва хоссатан никоҳ ва талоққа оид масалалар билан шуғулланган олимларнинг фикри шуки, оилани бузиш, талоқ қўйиш муаммони ечими бўлолмайди. Ҳаттоки, улар бу қалтис вазиятларда оила аъзоларини муҳокама қилишдан ўзларини тиядилар. Уларнинг номидан бирор тўхтамга келишдан, бирон бир қарор қилишдан сақланадилар. Ажралишни, фарзандларни тирик етим қилишни ҳеч қачон маслаҳат бермайдилар. Ҳаётнинг қаттиқ синовли бекатида ўта эҳтиёткор бўлишни, сабрли бўлишни тавсия қиладилар.
Ўз ҳаётини ўнглаб олмаган, бирон тажриба орттирмаган, турмуш муштини емаган, аччиқ-чучугини татимаган ва фақатгина ўн қарич тили бор кишиларнинг ҳаёт соҳасида, турмуш тўғрисида қандай тўғри йўл кўрсатишлари мумкин бўлади?! Худодан қўрқадиган инсон оилавий келишмовчиликлар, айниқса, эр-хотин ўртасига тушишдек масъулиятдан эҳтиётроқ бўладилар. Чунки, бериладиган маслаҳат билан биргина аёлнинг ёки эрнинг эмас, шу оила аъзоларининг ҳаммасининг тақдирига ўзгартиришлар киришига сабаб бўлади.
Ҳар қандай ишнинг бошида шу соханинг мутахассиси туриши кераклигини, унинг ривожланишига, яхшилик билан охирига етишига соха эгалари сабаб экани сир эмас. Акс ҳолда, барча иш чаппасига кетиб, одамларга енгиллик эмас, кўплаб машаққатлар пайдо бўлишади. Жамиятнинг таназзулга юз тутишига ўзи билмайдиган ишга кишининг бош бўлиши олиб келади. Бу ҳақда кўплаб ҳадиси шарифлар келтирилган. Бир куни ҳурмо дарахтининг шоҳларини бутаб ташлаётганларини кўрган жаноб Пайғамбаримиз бундай қилмасликни таклиф қилдилар. Кейинги йил бу ҳурмо дарахти доимгидек мева бермади, мевалари майда ва жуда кам бўлди. Нега бундай бўлганини сўраганларида, шоҳлари вақтида бутаб турилса, янги чиққан шоҳларда мевалар ҳам йирик ва кўп бўлишини тушинтирдилар. Ахир ўзингиз: -Кесманглар, деб айтган эдингиз-ку?!- дедилар. Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: -Мендан диний ишларни сўранглар! Дунё ишларини ўзингиз билганча қилаверинглар!- дедилар.
وأخرج البخاري عن أبي هريرة رضي الله عنه أن أعرابيا سأل رسول الله صلى الله عليه و سلم فقال : متى الساعة ؟ فقال : إذا ضيعت الأمانة فانتظر الساعة قال " يا رسول الله وكيف إضاعتها ؟ قال : إذا وسد الأمر إلى غير أهله فانتظر الساعة
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳазрат Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бир аъробий жаноб Пайғамбаримиз ҳузурларига келиб:
-Қиёмат қачон бўлади?- деб сўради.
-Омонат зое қилинганда қиёматни кутавер,- дедилар жаноб Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
-Эй, Аллоҳнинг Расули! Қандай қилиб у зое қилинади?- деб сўради аъробий.
-Қачонки, ўзи билмайдиган ишига бош бўладиган, аҳл бўлмаган ишларга бош бўладиганлар пайдо бўлганда, қиёматни кутавергин,- дедилар.
Демак, оилавий масалаларга аралашиш, жанжал ва келишмовчиликларни тагига етишдан олдин, оиланинг муқаддаслигини, у бир қанча авлодлар, қариндош-уруғлар ўртасидан мустаҳкам ришталарга боис эканини ва бошқа ижтимоий манфаатлар, тинчлик ва тараққиётга омил эканини чуқур тушиниб олиш керак бўлади. Осонгина ажратиб юбориш йўлидан ўзларини узоқ тутишлари яхшироқ бўлади.
مشكاة المصابيح - (2 / 245) وعن ابن عمر أن النبي صلى الله عليه وسلم قال : " أبغض الحلال إلى الله الطلاق " . رواه أبو داود
Мишкотул масобиҳ китобида ҳазрат Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилдилар: у Зоти карим айтдилар:
-Аллоҳ таоло ҳалол қилган ишлардан Унинг ғазабини келтирадигани талоқдир.
Имом Абу Довуд ривояти.
Талоқ оиланнг бузилиши, фарзандларнинг ота ёки она меҳридан маҳрум бўлишлари, уларнинг мурғак кичкина қалблари нечоғли синиши, тезда балоғатга етиб қолишлари, дунёқарашларини салбий томонга ўзгариши, бундан ташқари икки томон қариндошларни бир-бири билан адоватли-хусуматли бўлишларига Аллоҳ таоло зинҳор рози бўлмайди. Лекин бу ишларнинг ҳаммасидан шайтон ҳурсанд бўлади, у бундан семиради.
Инсон дўст ва ҳамсуҳбат танлашда жуда зийрак бўлиши керак. Инсоннинг хулқига, кўпинча унинг ҳаётига уларнинг таъсири борлигини ҳисобга олиши зарур бўлади. Доно халқимиз:
Яхши билан юрдим етдим муродга,
Ёмон билан юрдим қолдим уятга,-
-деб огоҳлантиришига эътибор қаратиш керак. Яхши-ёмон кунида ҳамдард-ҳамнафас бўлишга муносиб инсонни ўзига яқинлаштириш яхши бўлади. Сир-асрорни ишониш мумкин бўлган, бошга бирор иш тушса, суянишга, қўллаб-қувватлашига ишонч бўлган, дунё ва охират яхшиликларга эриштиришга, уларнинг ёмонликларидан эса муҳофаза қилишга ҳаракат инсонларни дўст тутиш, улар билан ҳамсуҳбат бўлиш жуда фойдали бўлади. Зеро, шундай инсонлар орамизда бор, ростгўйлиги ва адолатпарварлиги билан уларнинг ўзлари ҳам, ишлари ҳам мақтовга ва ибрат олишга лойиқдир.
Дўст, ҳамсуҳбат танлашда яна бир нозик томон улар билан бўладиган барча мулоқотлар Аллоҳ таолонинг ризолигини топишга йўналтирилган бўлиши керак. Аллоҳ таолонинг шариати чегарасида бўлиши, унинг талабларини қўлдан келганча амалга оширишга қаратилган бўлиши мақсадга мувофиқдир. Кўпинча, бундай тақводор кишилар юксак маънавиятли, ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар-зиён етказишдан қўрқадиган, гуноҳлардан сақланадиган кишилар бўладилар. Бундай кишиларга ишониш, уларга суяниш, улар билан ҳамсуҳбат бўлиш, мулоқот қилиш фойдалик бўлади. Ҳадисларнинг ҳукмида бунга ишора бордир:
-Сен дўстларинг кимлигини менга айтгин, мен сенга кимлигингни айтаман!
Зеро, улар бир-бири учун кўзгу вазифасини бажаради. Мазкур ҳадис айтилганидан буён қанча замонлар ўтган бўлса, ҳозиргача ўз қадрини, долзарблигини йўқотмаган. Шунинг учун муқаддас динимиз таълимотларида дўст, ҳамсуҳбат топишга жиддий эътибор қаратилган. Кишини ўраб турган инсонлар илмга, маърифатга интилувчи бўлсалар, ихлос билан солиҳ амаллар қилувчи бўлсалар, тақволи, яхшиликларни эслатиб турадиган, ёмонликдан қайтарадиган, Аллоҳ таолонинг фазлини ёдга солиб турадиган зотлар бўлса, улар билан маслаҳатлашиб, уларга кўнгил ёзиш, улар билан фикр алмашиб ҳаёт ўтказиш нақадар фойдали бўлади.
(إئما مثل الجليس الصالح والجليس السوء:كحامل المسك ونافخ الكير؛ فحامل المسك؛ إما أن يُحذيك، وإما أن تبتاع منه، وإما أن تجد منه ريحاً طيبة، ونافخ الكير؛ إما أن يحرق ثيابك، وإما أن تجد [منه] ريحاً خبيثة). أخرجه البخاري (2101و 5534)، ومسلم (8/37- 38)
Имом Бухорий ва имом Муслим раҳимаҳумаллоҳлар ҳазрат Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
-Солиҳ дўст ва ҳамсуҳбат билан ёмон дўстнинг мисоли мушку анбар сотувчи аттор билан темирчининг босқони олдида турган кишига ўхшайди. Аттор атирларидан ҳадя қилиши ёки ўзинг бирон атир сотиб олишинг мумкин бўлади. Ҳеч нарса қилмаганингда ҳам атторнинг олдида ҳушбўй ҳидлардан бахри дилинг очилади. Аммо темирчининг босқони олдида турган одам тутунга ва бадбўй ҳидга ўралади. Сал бўлмаса, кийимларини ҳам куйдириб олиши мумкин. Темирчидан анрироқ кетса ҳам, у ердаги ёқимсиз ҳид димоғига ўрнашиб қолади.
Бу билан яраштирув ва ажрим устида турувчилар яхши кишилар бўлиши керак. Бир оилани бошини қайтадан қовуштириб қўйиш катта савоб бўлиб, унинг ўзига яраша масъулияти бор. Ўзларини чирой маслаҳатлари билан, ҳаётий тажрибалари, таъсирли сўзлари билан жанжалкаш ёки аразлашиб юрганларни, тушинмовчиликка бораётганларни бир-бирига яна аҳиллик ва иноқлик билан боғлашлари қанчалик фойдалик экани сир эмас. Ана шундай инсонларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам атторга ўхшатяптилар.
Аллоҳ таоло бандаларига катта илтифот кўрсатиб яхши-ёмонни фарқлаб олиш учун ақлу заковат, фаҳм фаросат берди. Уларнинг қай бирини танлашни банданинг ихтиёрига берди. Қиёмат куни бўлганда ҳар бир иши учун Аллоҳ ҳузурида жавоб беради. Тилу қўл билан гуноҳкор бўлишга боис бўладиган ишлардан сақланайлик, Аллоҳ таолонинг қаттиқ азобларидан қўрқайлик! Аллоҳ таолодан ўтиниб сўраймизки, роҳи ростига бизларни қоим қилиб, йўл қўйган хато ва гуноҳларимизни кечирсин. Аллоҳ таолонинг итоатли бандаларидан бўлишни насиб этсин. Оиламиз ва юртимизга хазинасидан яхшиликларни, дунё ва охират ишларимизга муваффақиятлар, тинчлик, хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик ато этсин!
Ҳамиша яхшилик қилғил, кетурсан бу кўҳна дунёдан!
Чекма ташвиш, ғами жасад чун, роҳати жон деб дунёда!
Чирий бошлар, ирий бошлар бу тани олийжаноб тавондан!
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси, “Яккасарой” жоме масжиди имом хатиби
З.С.Шарифов
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 519 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар