1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Онлайн-флиртларни тўхтатиш керак?

Комил компьютердан тез-тез, айниқса, тунлари, ҳамма ухлаётган пайтда фойдалана бошлади. Ҳанифага ҳар куни бир ўзи  ухлашга ётиши ёқмасди, у эрининг руҳий жиҳатдан узоқлашганини ҳис қиларди, лекин ўзини эри ишдан чарчаб келяпти, деб алдашда давом этарди.

Комил телефонини доим ёнида олиб юрадиган ва унинг экранини бошқалардан яширадиган бўлди. Бир куни Ҳанифа унга кутилмаган совға қилмоқчи бўлди: унинг севимли печеньесини пиширди ва қаҳва билан бирга офисига олиб боришга қарор қилди. «У хурсанд бўлади», - деб ўйлади Ҳанифа ва жилмайиб қўйди.
У эшикни очиб, эрининг компьютер ортида қулоқчин тақиб олган ҳолда ўтириб, ким биландир гаплашаётганини кўрди. У Ҳанифа кириб келганини сезмай қолди. Ҳанифа тўсатдан пайдо бўлиб қолгани билан чўчитиб юборишни истамади, шу сабабли секингина олиб келган нарсаларини стол устига қўйиб, оҳиста елкасидан тутишни истади.
Лекин у яқин келгач, кўзлари бирдан катталашиб кетди ва ёшга тўлиб кетди: экранда қандайдир бир аёлнинг беадаб ва уятсиз суратлари кўриниб турар, эри эса, чатдаги ёзишмаларга қараганда, у билан «ўйнашаётган» эди. Ҳанифа офисдан юраги қинига сиғмайдиган тарзда, ноласини ичига сиғдира олмай чиқиб кетди …
Бизнинг технологиялар асримизда кўплаб нарсалар сичқончанинг тугмасини битта босишга тенг бўлган масофада турибди. Биз онлайн тарзда диплом олишимиз, бошқа халқлар ошхонасини ўрганишимиз, океан ортида яшаётган қардошларимиз билан боғланишимиз мумкин. Буларнинг ҳаммаси эзгулик йўлида. Лекин шу билан бир пайтда, шайтон васвасаси ҳам худди шундай масофага келиб қолган.
Ҳозирги пайтда турмуш ўртоғини алдаш, унга онлайн режимда хиёнат қилиш мисли кўрилмаган даражада осонлашиб кетди. Айрим веб-сайтлар ҳаттоки никоҳ қурган ва турмуш ўртоғига хиёнат қилишга тайёр бўлган шахслар учун жуфтлик танлашга ихтисослашади.
Чиройли ниқобдаги мўмина интернетда эркаклар билан ноз-карашма қилиб ўйнашиши мумкин ва унинг хулқ-атворида камтарликдан нишона ҳам бўлмайди. Мусулмон киши узун соқоли ва Қуръонни идеал тарзда ўқий олиши билан ўзининг тақводор эканлигини намойиш этиши, лекин бунда турли аёлларга хабарлар жўнатиши, уларнинг кўзлари чиройли эканлиги ҳақида хушомад қилиши, сўнгра зино қилиши мумкин.
Интернет бизни ҳалоллик, изчиллик ва поклик борасида текширади, бизнинг айнан ҳеч ким кўрмаётган пайтдаги асл юзимизни кўрсатади. Албатта, бизга маълумки, ҳақиқатда биз ҳеч қачон ёлғиз бўлмаймиз ва бизнинг ҳар бир амалимиз, ҳаракатимиз – яхши ёки ёмон бўлишидан қатъи назар, доимо ёнимизда бўладиган фаришталар томонидан ёзиб борилади.

Онлайн муносабатлар – зиноми?

Кимдир жисмоний тегиниш йўқ эканлиги сабабли зино эмас ва шу сабабли ахлоқий нуқтаи назардан бундай муносабатларга йўл қўйилиши мумкин ёки бу ҳеч бўлмаганда, ёмонликнинг кичкинаси деб айтиши мумкин, деб айтади.
Биринчидан, эр ёки хотиннинг хиёнатини оқлаш – ҳар қандай инсон учун, унинг қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар, шармандаликдир. Лекин кимдир бошқача, деб ҳисоблаши бу ҳақида батафсилроқ гаплашиш зарурлигии кўрсатади.
Шариатга мувофиқ, зино кўз билан, қулоқ билан, тил билан, қўл ва оёқлар билан амалга оширилиши мумкин. Шундай қилиб, у фақат бевосита қовушиш билан чекланиб қолмайди. Ҳатто қарама-қарши жинс вакили бўлган одамни диққат билан, маҳлиё бўлиб томоша қилиш ҳам - зино. Қуръон бежизга эркакларга камтарлик қилиш ва ерга қарашни буюрмаган. «Кўз билан зино қилиш – тақиқланган нарсага қараш; қулоқ билан зино қилиш – тақиқланган нарсани тинглаш; тил билан зино қилиш – тақиқланган нарсани гапириш; қўл билан зино қилиш – тақиқланган нарсага қўл тегиши; оёқ билан зино қилиш – тақиқланган нарсага юриб бориш; юрак билан зино қилиш – у тақиқланган нарсани исташи ва умид қилиши …» (Муслим)
Бу интернет орқали зинони жинсий алоқага тенглаштирилади дегани эмас, бироқ бу оғирроқ гуноҳга олиб борадиган қадам ва шубҳасизки, у ҳеч қандай истисносиз харом ҳисобланади. Айниқса, агар статистикага кўра, 40 фоиз ҳолатларда интернет орқали бундай алоқа реал учрашувлар билан тугашини ҳисобга оладиган бўлсак.
“Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32).

Онлайн флиртнинг оилага таъсири

Энг аввало, интернет орқали хиёнат эр ва хотин ўртасидаги ишончга путур етказади. Телефон орқали суҳбат вақтидаги ҳар бир табассум, телефон қўнғироғи ҳақида ҳар бир янги хабар хиёната шубҳа уйғотади ва жуфтининг яна нималарни яшираётгани ҳақида азобланишга мажбур қилади.
Бундай дон олишиш йиллар давомида шаклланиб келган ишончга абадий путур етказиши мумкин.
Бундай хиёнатдан кейин муносабатларни тиклаш суҳбат талаб қилади, лекин ишончга путур етганда одамлар доим ҳам самарали коммуникацияларга қайта олмайди. Ишончсиз ва суҳбатсиз никоҳ барбод бўлиши муқарра эканлиги ҳақида гапиришга эҳтиёж ҳам йўқ.
Интернет орқали хиёнат турмуш ўртоғига ранжитадиган таъсир кўрсатади, унга ўзининг норасо эканлиги ҳақида фикрларни сингдиради, аёл кишини эри учун етарли даражада жозибали эмас эканлиги ҳақида, эркак кишини эса – аёли учун етарли даражада ёқимли эмаслиги ҳақида ўйлашга мажбур қилади. Улар кишининг ўзига берадиган баҳосини пасайтиради, айниқса, агарда у турмуш ўртоғининг гуноҳларида ўзини айбдор ҳисоблай бошлайдиган бўлса.
Бизга Қуръондан маълумки, қалб бошқа қалбнинг гуноҳлари юкини кўтариб юрмайди, лекин бундан яқин кишининг хиёнати оғриқ келтирмай қўймайди ва бунда ўзининг ҳам айби бор, деб ўйлашга мажбур қилади. Хиёнат азоби кўпинча турмуш ўртоғига нисбатан қаҳр-ғазаб уйғонишига олиб келади. Хиёнатдан азоб чеккан инсон жанжал қилиши, даҳшатли нарсаларни гапириши, ҳаттоки қандайдир тарзда қасос олишга уриниб кўриши мумкин. Бу эр-хотин бир-бирига азоб берадиган ва бундан бир-бирини айблайдиган иложсизлик шароитини шакллантиради.

Онлайн-хиёнатлардан болалар азият чекади

Интернет орқали флиртларда ножўя ҳаракатлар кўрмайдиган одамларни ҳеч бўлмаганда шу нарса тўхтатиши керакки, бундай флирт болаларга ва потенциал равишда, уларнинг никоҳдаги кейинги тақдирига салбий таъсир этади.
Ота-оналар ўртасидаги муносабатлар бузилганда бу, ҳаттоки ота ва она уни ҳимоя қилишга уринадиган бўлсада, болага таъсир этиши муқаррар. Бола ғам-ғуссадан тортиб саросималик ва ота-онага нисбатан қаҳр-ғазабгача бўлган туйғуларни ҳис қилади.
Тасаввур қилинг, қиз бола унинг отаси онасини алдаётгани ва онаси бунга муроса қилиб келаётганини билиб қолади. Унинг учун бу оилавий муносабатлар намунаси, эр ва хотиннинг хулқ-атвори модели ҳисобланади. Бундай сценарийда уни хафа қиладиган кишига турмушга чиқиши эҳтимоли юқори, чунки бу муносабатлар модели унга ота-онаси мисолида маълум.
Агар сизнинг фарзандингиз бўлса, доим шуни ёдда тутингки, сўзлар билан қандай ўргатишингиздан қатъи назар, у амалда сиз қилган ҳаракатлардан ўрнак олади. Агар турмуш ўртоғингизни алдайдиган бўлсангиз, бола алдоқчиликни оила ҳаётида мақбул келади, деб ҳисоблайди, шу сабабли ўзи ҳам алдайди ва уни алдашларига имкон беради. Бу ҳолат билан эса ҳисоблашишга тўғри келади.

Интернетдан
Абу Муслим таржимаси

Ҳозир сайтимизда 827 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ