1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ризқ барибир келаверади

 

 

 

Инсонлар одатда кунлари яхши ўтмаслигидан, ризқлари камайиб ёки тўхтаб қолишидан, турмушлари ёмонлашувидан ва рўзғорларининг кемтик бўлишидан ҳамиша ҳадикда яшашади. Ҳамма ана шу кемтикликларни тўлдириш учун эртадан-кечгача зир югуради. Ҳаётини яхшилаш учун бутун билими, заковати, бойлиги, салоҳиятини сарфлайди. Бу йўлда ақл бовар қилмайдиган «тадбир»ларга, ҳийла-найрангларга ҳам боради. Оқибатда «ризқ ахтариб» руҳий хотиржамликдан, оилавий фароғатдан, мацнавий камолотдан маҳрум бўлади. 
Лекин ҳозиргача ҳеч ким бошпанасиз кўчада ҳам қолиб кетмаган. Ҳеч ким ризқи келмай қолиб очидан ўлмаган. Ҳеч ким одамлар олдига кийимсиз, яланғоч чиқмаган. Агар битта-яримта шундай ҳол юз берган бўлса, бунга аслида бошқа инсонлар ёки жамиятлар сабаб бўлган. Шунинг учун инсон хотиржам бўлиш, руҳий сакинатга эришиш учун ризқ масаласини яхшилаб тушуниб олиши керак.
«Ризқ-рўз» (кунлик ризқ) деганда инсон ва бошқа махлуқотларга Яратган томонидан уларнинг доимий манфаатланиши учун бериладиган емиш, ичимлик, кийим, маскан, шунингдек яхшиликка йўллаб қўйиш тушунилади. Ер юзида ўрмалаган нарса борки, у одамзодми, ҳайвон ва паррандами, ҳашарот ёки қурт-қумурсқами, ҳамма жонзотнинг ризқи бериб қўйилган. Ўтиб бўлмас чангалзорлару фақат қумдан иборат саҳроларда, тошдан иборат тоғдаю шимолий музликларда, ҳамма ерда ризқ топиш имкони бор.
Жонзотлар ризқ қидириб, ҳар томонга зир югуриши ҳам, бир-бири билан ризқ талашиб қир-пичоқ бўлиши ҳам шарт эмас. Масалан, биз одатда жонсиз деб ўйлайдиган, аммо бошқа мавжудотлар каби тирик ҳолда яшнаб турган дарахтнинг «ҳаёти»ни кузатайлик. Унинг яшаши учун қуёш нури ва ҳарорати, сув, ҳаво, ўғит, мева тугиши учун гулларини чанглаш зарур бўлади. У бошқа махлуқларга ўхшаб учолмаса, юролмаса, суза олмаса бу нарсаларни қандай топади, деган савол туғилиши табиий. Аммо дарахт бу нарсаларни жойидан қимирламаса ҳам олаверади. Шундан кўриниб турибдики, инсонлардан фарқли ўлароқ барча жонзотлар ризқ талабида илоҳий туйғуга бўйсуниб, эртанинг ғамини асло ейишмайди. 
Ҳеч эцтибор берганмисиз: уйингизга уя қурган қалдирғоч инидаги палапонларини овқатлантириш учун кунига юзлаб марта ҳавога парвоз қилади. Унга кимдир емиш тайёрлаб турмаган, ёки фалон жойда ҳашарот кўп деб мацлумот ҳам бермаган. Ҳар гал у емиш излаш учун таваккал қилиб кўкка кўтарилади. Ва ҳар гал ноумид қайтмайди. Тумшуғида қандайдир луқма-емак бўлади.
Капитан Кусто тасвирга туширган филмларни кўрган бўлсангиз, бу борадаги жуда кўп ажойиботларга, мўцжизаларга гувоҳ бўласиз. Уммонлар тубида  қимирламай ётган балиқлар ҳам ризқдан бенасиб бўлмайди. Улар рангини муҳитга мослаб, қумга кўмилиб индамай оғзини очиб ётади, ўйнаб юрган майда балиқлар ўзи билмаган ҳолда унинг оғзига кириб кетади. У фақат оғзини юмиб лиқ этиб ютишга ҳафсала қилади, холос. Кунига тонналаб емиш тановул этадиган улкан китларнинг ризқи асло камайиб қолмайди. Абадий музликларда овқат излаб юрган оқайиқлар ҳам ризқини топиб ейди, бақувват қўллари билан музни тешиб, сувдаги балиқ ва бошқа жонзотларни тутиб олади.
Қиш уйқусига ҳозирлик кўраётган қўнғир айиқларнинг узоқ уйқу олдидан ёғ тўплаш учун «тадбири» ҳайратга солмай қолмайди. Улар дарёнинг бошланишида уруғ қўйиш учун денгиздан «йўлга чиққан» балиқларни кутиб, дарё бўйида соқчилик қилишади ва оқимга қарши сузиш учун баландга сакраётган балиқларни «оғиз очиб» кутиб олишади. Ёки уммон устида емиш излаб учиб юрган беҳисоб денгиз қушлари учун сувнинг энг тубидаги майда чавақларни сув устига ҳайдаб чиқариб берадиган «ақлли» балиқларга ким фармон бериши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Филмлардан бирида Тинч океани ўртасидаги кичик оролда яшовчи аҳоли асосий емаги бўлган балиқ тобора камайиб кетаётгани, аҳвол ўзгармаса яқинда ушбу оролни тарк этажаклари ҳақида таассуф билан гапирди. Агар ўша оролликлар ўз ризқлари нимага боғлиқлигини билишганида, уммон тубида йигирма-ўттиз миллионлаб уруғ ташлайдиган балиқлар ҳам борлигини, махлуқларнинг ризқи-насибаси илоҳий қудрат ила бошқариб турилишини англаб етишганида бундай ваҳимага тушишмаган бўлур эди. Мана шу мисолларнинг ўзиёқ дунё ҳаётида ҳеч ким ризқсиз қолмаслигини исботлаб турибди.
Инсондан бошқа махлуқотлар ризқ топиш учун жон ҳам куйдиришмайди, эртанги кун учун емиш сақлаб ўтиришмайди,  ғамлаганларини ўзлари билан кўтариб юришмайди. Улар «кунлик ризқ» қонунига амал қилиб, фақат бугунлари билан яшашади, ҳар куни Яратган албатта ризқ юборишини ботиний бир туйғу билан «сезиб» туришади.
Фақат махлуқларнинг энг олийи ва энг онглиси инсонгина ризқ келмай ёки тугаб қолишидан қўрқиб яшайди. Шунинг учун уни ҳафталарга, ойларга, йилларга етадиган қилиб ғамлайди. Илоҳий тацлимотлардан узоқда бўлган инсонлар эса дунё ҳаётини ризқ-рўз учун мунтазам кураш олиб боришдан иборат, деб тушунишади. Улар ризқни ўзимизнинг сацй-ҳаракатларимиз, елиб-югуришларимиз эвазига ёки фалончи акамнинг менга кўрсатган марҳамати туфайли қўлга киритяпмиз, деб ўйлашади. Ваҳоланки, ризқ инсонни худди ажали уни қувгандек қувиб юради. Бировнинг ризқи адашиб бошқаникига бориб қолмайди. Бирор киши ризқини тўла олмагунича бу дунё билан видолашмайди.
Якка хонага қамаб қўйилган бир маҳбус девор бурчига тўр тортган ўргимчакни кўриб қолиб: «Хонанинг ҳамма ёғи тош-девор бўлса, ташқарига игна сиққулик тешик бўлмаса, бу ўргимчак нима билан озуқланар экан?» деган ўйга борибди. У хаёлига ғарқ бўлиб ўтирганида турма назоратчиси эшикдаги туйнукчани очиб, маҳбусга аталган овқатни узатибди. Шу аснода аллақаёқдан бир пашша бўлмага учиб кирибди-да, тўғри бориб ўзини бояги ўргимчак тўрига урибди. Бу ҳодиса кейинча ҳам бир неча бор такрорланганини кузатган маҳбус ҳайратини яшира олмай, ризқнинг ҳар ерда ҳам келиб туришига амин бўлган экан.
Тоғ чўққисининг устида ёки кимсасиз саҳрода қолиб кетган одам ҳам ризқдан бенасиб қолмайди. Бунга мисол тариқасида жуда кўп ривоятларни келтириш мумкин. Улардан бирида шундай ҳикоя қилинади: бир киши ризқ масаласидаги қарашлар исботига гувоҳ бўлиш учун кимсасиз саҳрога чиқиб кетибди. «Қани, ҳеч ким бўлмаган жойда ризқни кутиб ётай-чи, у қандоқ келаркин?» деган хаёлга борибди. Бир бута тагида ғужанак бўлиб қимирламай ётибди. Кеч бўлгач, унинг олдига бир гуруҳ одам келиб тушибди. Фаҳмлашича, улар карвонларни тунайдиган қароқчилар экан. Бояги одам нима бўлишини кутиб, индамай ётаверибди. Хулласи, қароқчилар аввал уни гапга солмоқчи бўлишибди. Индайвермагач, тилсиз-соқов киши бўлса керак деб ўйлашибди. Имо-ишораларига ҳам жавоб қилмагач, балки очликдан силласи қуриб, гапиришга мажоли ҳам қолмагандир, деб ўйлаб унинг оғзини йириб, овқат қуйиб, ризқини едиришган экан.
Иброҳим Адҳам Балх ўлкасининг подшоҳи эди. Унга беҳисоб шон-шуҳрат, амал-мартаба, мол-давлат берилган эди. Ризқи мўл эди. Бир куни у овга чиқди. Ов қилаётиб маҳрамларидан узоқлашиб кетди. Юравериб қорни очди. Халтасидан нон-сув олиб дастурхон ёзди. Шу пайт бир қарға учиб келди-да, дастурхондаги бурда нонни кўтариб қочди. Иброҳим Адҳам қарғанинг бу сурбетлигига чидолмай ортидан от солиб қува кетди. Қарға  баланд тоғ чўққиси сари учди. Подшоҳ ўша томонга отини бурди. Қарға учиб-қўниб қочаверди, отлиқ шоҳ қуваверди. Ниҳоят юксак қоялардан бирида қарға ерга қўнди. От солиб етиб борган шоҳ қарасаки, қарға ерда оёқ-қўли боғлиқ бир одамнинг олдига бориб тушибди. Бояги бурда нонни майдалаб унга едиряпти. Бу ҳолдан таажжубда қолган Иброҳим Адҳам отдан тушиб, у одамни саволга тутди:
– Эй инсон, сен кимсан? Не ҳолки, бунда оёқ-қўлинг боғлиқ ётибсан?
– Мен бир бадавлат савдогар эдим. Баттол қароқчилар йўлда мени тунаб, бутун бойлигимни тортиб олишди. Ўзимни эса оёқ-қўлимни боғлаб, мана шу кимсасиз чўққига ташлаб кетишди. Иложсиз, имконсиз Аллоҳнинг тақдирига кўниб қолавердим. Унинг қудратини қарангки, тутқунликнинг иккинчи куни очлик ва ташналикдан бемажол ётсам, олдимга бир қарға келиб қўнди. Оғзида бурда нон. Уни майдалаб, оғзимга сола бошлади. Нафсим ором олди. Кейин қарға бир парча латтани оғзимга қўйиб кетди. Уни шимиб ётиб ташналигимни қондирдим. Бир неча кунки, Аллоҳ қарға воситасида ризқимни етказиб турибди. Бу воқеадан тацсирланган подшоҳ салтанатдан совуди, дунё молидан кўнгли қолди. Саройни, мол-дунёни тарк этиб, сўфийликни афзал кўрди, шоҳлик либосини дарвешлик хирқасига алмаштириб юборди…
Мана бу воқеага ўзим шоҳидман: бир гуруҳ танишлар билан Намангандан Тошкентга самолётда учаётган эдик. Пойтахтда юмушларимиз кўплигидан вақтни тежаш учун бироз тамадди қилиб олмоқчи бўлиб, емакхонага кирдик. Дастурхон устида бир шеригимизнинг томоғига нон увоғи ўрнашиб қолди шекилли, кетма-кет ўқчиқ, йўтал тутди. Устидан нон еди, чой ҳам ичирдик, фойдаси бўлмади. Томоғи қичиб, безовталаниб, ҳатто кўзларидан ёш чиқиб кетди. Тошкентга етиб келдик. Самолёт зинасидан тушаётганимизда бояги шеригимиз кетма-кет акса уриб юборди. Уч юз чақирим нарида тиқилиб қолган увоқ унинг оғзидан бир неча қадам нарига отилиб кетди. Шу пайт аллақаердан бир чумчуқ пириллаб учиб келди-да, ерга тушган увоқни еб кетди. Шеригимиз таажжубини яшира олмай: «Шу чумчуқнинг ризқи экан, юта олмай нақ Намангандан томоғимда кўтариб келибман-а!» деб юборди.
Унда нега одамлар ато этиб қўйилган ризққа қаноат қилмай ўзларини ҳар тарафга уришади? Фақат ҳалол йўл билан, касб-ҳунар орқасидан тирикчилик ўтказишга буюриб қўйилганига қарамай, ҳаром йўллардан ризқ излашади? Ўзгаларни алдашади, ҳақига хиёнат қилишади, алдов ва зулм билан мол-мулкини тортиб олишади, ёмон молларини алдаб сотишади, тарозидан уриб қолишади, судхўрлик қилишади, пора олиб-беришади, ҳаром нарсалар олди-сотдиси билан шуғулланишади.
Яна берилган ризққа рози бўлмай, аҳли-аёлини ташлаб ўзга юртларга ризқ ахтариб кетишади. У ерларда иймонларига, эцтиқодларига, ибодатларига, миллий асосларига завол етаётганига ҳам парво қилишмайди (Жанубий Кореяга ишлашга кетган ўзбек йигитларидан бир нечаси яқинда насроний динига кирганини афсус билан сўзлаб беришди). Агар уларни очлик, муҳтожлик иссиқ ўринларидан ҳайдаб чиқарганида ҳолатларини тушунса бўларди. Асосан орзу-ҳавас, ҳавойи нафс, «бошқаларга ўхшаб яхши яшаш» васвасасига учиб, ўзга юртларда хор бўлиб юришибди.
Шу ўринда бир латифа эсга тушиб қолди: Африкадаги бир қора танли одам апелсин дарахти тагида маза қилиб дам олиб ётган экан. Бир америкалик сайёҳ унга яқинлашиб: «Ҳўв биродар, бу ерда бекор чўзилиб ётмай, анави пишиб ётган апелсинларни териб олсанг бўлмайдими?» деб сўрабди. «Хўш, тердим ҳам дейлик, кейин нима қиламан?» дебди қоратанли. «Уни яшикларга жойлаб, америкаликларга ёки бошқа ўлкаларга сотардинг», дебди сайёҳ. «Хўп, сотдим ҳам дейлик, сўнг нима қиламан», сўрабди қоратанли. «Кўпгина пул топардинг», дебди сайёҳ. «Уни нима қиламан», сўрабди қоратанли. «Мазза қилиб яшардинг», дебди сайёҳ. «Нима, сенингча ҳозир маза қилмаяпманми?», сўрабди занжи.
Ҳақиқатан, инсон қанча елиб-югурмасин, ўзини ҳар кўйга солмасин, белгиланган кунини кўради, аталган ризқини ейди. Ундан бир дақиқа ҳам, бир мисқол ҳам ортиқ ёки кам бўлмайди.
Нафс инсоннинг ўзлигидир. Нафсига қул бўлган одам фақат ўз роҳатини, осойишини, кайфу сафосини ва манфаатларини ўйлайдиган бўлиб қолади. Ана шу нафс кўйида бошқалар билан олишади, ўзига беҳисоб душманлар орттиради, ўзгаларга ёмонлик, зулм қилишдан қайтмайди. Яратганнинг ўлчов ва чегараларини бузиб, инсониятга хиёнатлар қилади ва охири разолат йўлини тутади.
Яна бир мулоҳаза: инсонларнинг ризқ талабида елиб-югуришлари, ҳаракатга тушишлари, интилишлари, орзулар қилишлари табиий бир ҳолат. Чунки Аллоҳ ризқни яшириб қўйган. Бу эса инсоният тараққиётига, жамият равнақига хизмат қилади. Агар ризқ қаердан, қачон, қанча келиши мацлум бўлиб қолса, инсонлар танбаллик билан тўшакларидан турмай ризқ келишини пойлаб ётган бўлишар эди.

Аҳмад Муҳаммад

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 453 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ