1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Нафс хуружига қарши

 

 

 

Инсоннинг учта асосий душмани бор: дунё, шайтон ва нафс. Агар ана шу учала ғанимингиздан эҳтиёт бўлмасангиз, уларнинг фитналарига сергак турмасангиз, уларга қарши кураш очмасангиз, улар ҳаётингизни хароб, бағрингизни кабоб, руҳингизни бетоб қилади. Ҳою-ҳавасларни, нафс истакларини, хоҳиш-шаҳватларни тарк этиш орқалигина улардан ҳимояланилади.
Айниқса инсоннинг нафси уни ҳар кўйга солади, шаҳват пўртаналарига улоқтиради. Нафсининг айтганига кириб, хонумонидан ажрайди, ёвузлик ва жиноятларга қўл уради, ўзгаларга зулм қилади. Ва бу қилмишларининг азобини бир умрга тортади.
Бу улкан фожианинг кўламини ҳис этиш учун нафсингизнинг талабларига бир қулоқ солинг-а! Эрталаб уйқудан туришингиз билан у ғишавасини бошлайди: «Нонуштага сариёғ-пишлоқ, қази-қарта топиб келиш керак, тушлик қилиш учун фалон жойдаги машҳур ресторанга бориш лозим… Бошқалардан қаеринг кам, атрофингдаги баъзиларнинг дастурхонида ажнабий ўлкалардан келтирилган увулдуруқ, ананас, кокос, пўртахол, форел балиғи каби неъматлар узилмасаю сеникида нон-шакардан бошқаси бўлмаса…Фалон дўконга зўр хорижий кийимлар келтирилибди, тугаб қолмасидан тезроқ югур…Сен ахир дунёга бир марта келасан, бошқаларга ўхшаб баланд уйлар қурмайсанми, учқур уловлар минмайсанми, дабдабали тўйлар қилмайсанми… Умр кўз очиб-юмгунча ўтиб кетади, ёшсан, келишгансан, пулинг бор, маишат қилмайсанми, гўзаллар даврасида  айшингни сурмайсанми, улфатлар билан базми жамшидлар уюштирмайсанми…» 
Нафснинг хуружи асло тўхтамайди, шаҳватларнинг васвасаси ҳеч қачон тугамайди. Агар жиндай бошвоғини қўйиб юборсангиз, у сизни шунақанги овораю сарсон, кунингизни хуфтон, рангингизни сомон, хулқингизни ёмон қилиб ташлайдики, кейин унинг чангалларидан қутилишингиз осон кечмайди. Нафсга қарши курашиш бежизга жиҳодга тенглаштирилмаган. 
Ўрта асрларнинг буюк мутафаккири Абу Ҳомид Ғаззолий бундай деган: «Қачон нафсингда дунё истакларига майл, гуноҳга рағбат уйғониб, кўп гапиришдан ширин таъм туйсанг, ичингда нимадир жўш уриб, ҳаяжонлар оғушида ўзингдан кетсанг, бас, у ҳолда камтаомлик қиличини таҳажжуд ва камуйқулик қинидан суғуриб-яланғочла. Кейин вазминлик ва камгаплик қўлларидаги бу қилични дунёга майл, гуноҳга рағбат уйғотувчи шаҳватнинг бошига сол, токи зулм ва интиқомнинг бўйни узилсин. Шунда нафсинг дунёга меҳр туфайли туғиладиган кулфатлардан ва ўзга балолардан омонда бўлади. Нафсинг шаҳват зулматларидан покланади, офатлар кишанидан халос бўлади». 
Шайх Суфён Саврий айтади: «Нафсимдан кўра қийинроқ бирор нарсани муолажа қилмадим, бир марта фойдамга, бир марта зараримга бўлди». «Қаттиқ юганлашга ҳурковуч отдан кўра ҳам нафс муҳтожроқдир», деган Ҳасан Басрий. 
Нафсга қарши қандай курашиш мумкин? Бунга донолар бир неча тавсияларни айтишади. Яҳё ибн Муоз ар-Розий: «Риёзат қиличлари билан нафсингга қарши кураш», дейди. «Ким аъзоларининг нафсоний орзуларига бўйин эгиб, уларни шод этган бўлса, бу – қалбига надомат ниҳолини ўтқазгани бўлади», деган Абу Яҳё ибн Варроқ. 
Умар Форуқ Сайдо ал-Жазарийнинг мана бундай сўзлари бор: «Нафс орзу-истаклари чексиздир. Нафс фақат ўзини ўйлайди. Ваҳоланки, нафс учун фойдали туюлган нарса инсон ва жамият учун зарар келтириши мумкин». Арасту ҳаким айтади: «Еб-ичишга етарли молу давлатга эга бўлган киши бундан ортиғини талаб қилмасин. Чунки унинг поёни йўқдир. Ортиқча талаб қилган киши жуда кўп фалокатларга дучор бўлади». 
Донишмандлардан бири бундай дейди: «Ким нафсга ўзини топширса, дунё меҳр-муҳаббатига асир бўлиб қолади, кибру ҳаво тузоғига илинади, шаҳватлар уни хоҳлаган тарафига тортади, қалбини яхшиликдан тўсади». Вуҳайб ибн Вирд айтадики: «Нон бўлатуриб, яна қўшимча егуликларни исташ шаҳватдир. Ким дунё шаҳватларини севса, хорликка тайёргарлик кўраверсин».
Нафсга қарши риёзат, яъни неъматлардан ўзни қайтариш билан кураш олиб бориладиган бўлса, риёзатнинг ўзига қандай эришилади? Фозилларнинг айтишича, тўрт ишда риёзат чекилади: таом, уйқу, сўз ва озорларга тоқат, чидашда. Ҳақиқатан нафсингиз истагига қарасангиз, у қанақанги таомларни кўз олдингизга келтирмайди, нималарни ейишга ундамайди! Овқатнинг сархилини излаш, турфа хилини қўмсаш сизни уни кўпроқ ейишга олиб боради. Кун сайин иштаҳангиз очилаверади, кўпроқ ейиш, танқисроқ таомларни яхши кўриш истаги ортаверади. 
Денгизчилардан бири Тинч океанида адашиб қолиб, йигирма бир кун сув ўртасида қолиб кетди. Тутқунликдан қутилиб, омонликка чиққанида, одамлар бу воқеадан олган энг катта  ибратингиз нимада бўлди, деб сўрашди. Шунда у: «Бу тажрибадан энг катта олган сабоғим шу бўлдики, киши ҳузурида ичишга яроқли чучук сув ва кифоя қилгудек таом бўлса, нолимоқнинг асло кераги йўқ экан», деб жавоб берди.
Донишмандлардан бири: «Ҳаётнинг барчаси луқма таом ва ичимлик сувдир, қолгани ортиқча нарсадир», деди.
Жонатан Свифт айтади: «Дунёдаги энг афзал табиблар бу доктор Парҳез, доктор Тинчлик ва доктор Шодлик бўлиб, тинчлик ва хурсандлик билан озгина таом тановул қилиш киши учун энг яхши шифодир». 
Абул Фарожнинг ҳикоя қилишича, биров қаттиқ нонни сувга ивитиб ҳузур қилиб еб ўтирган файласуфни кўриб, ҳайрон қолибди ва: «Қаттиқ нонни ҳам мазза қилиб ейиш мумкин эканми?» деб сўрабди. «Албатта. Мен фақат қаттиқ нон мазали бўлиб туюлгунига қадар нафсимни тийиб ўтираман», деб жавоб қилибди файласуф.
Таомни меъёридан ортиқча истеъмол қилиш асло фойда келтирмайди. Аксинча кўпгина кулфат ва йўқотишларга сабаб бўлади: кўп ейиш туфайли семириб кетасиз, фаоллигингиз сусаяди, меҳнатга тоқатингиз қолмайди, қон босими, юрак хуружи, қанд касаллиги каби турли хасталикларни орттириб оласиз, топган пулингизнинг катта қисми егуликлар сотиб олишга кетади ва ҳоказо. Нафсингизга бўйсуниб, кўп ухлайдиган бўлсангиз, бунинг ҳам беҳисоб зарар ва офатларини санаб ўтиш мумкин. Беҳуда сўзлаш, валақлаш билан вақтни совуришнинг кулфатлари ҳақида юқорида батафсил сўз юритганмиз. 
Булардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, таомни кам ейиш дунё муҳаббатини сўндиради. Кам уйқу ирода-истакларни тиниқлаштиради. Кам гапириш офатлардан асрайди. Инсонлар томонидан сизга озор етганида, яъни кимдир сизни ёмонласа, душманлик қилса, ҳақоратласа, молингизни зўрлик билан тортиб олса сабр қилсангиз, улардан жафо кўрганда ҳалимликни йўқотмасангиз, энг олий мақсадларингизга осонликча эришасиз. 
Нафснинг васвасалари инсонни ҳар мақомга солади. Унинг сўзига кириб, у гуноҳлар кўчасига кириб кетади, мақсадига эриша олмай қийноқ-азобларга учрайди, бошқаларнинг ютуғини, тўкин турмушини, бахту омадини кўролмай, қалбини ҳасад чирмайди. 
Одамларда ҳасад асосан ўзи эриша олмаган нарсага бошқаларнинг муваффақ бўлишини «ҳазм қилолмаслик»дан, кўролмасликдан пайдо бўлади. «Ўт-олов ўтинни егани каби, нафрат ва ҳасад яхшиликлардан бўлган савобни ейди, аччиқ сабир (алоэ) асални бузгани каби ҳасад иймонни бузади». Инсон учун ҳасаддан зарарлироқ нарса йўқ. Ҳасад қилинган кишига ҳали бирор зарар етмай туриб, ҳасад қилувчига туганмас ғам, сабабсиз мусибат, Яратганнинг ғазаби каби бир қанча уқубатлар етади. 
Ўзгаларнинг илмдаги муваффақияти, кимгадир мўл-кўл мол-дунё бериб қўйилгани, баъзиларнинг иқтидори ва салоҳияти, ҳаётда омади чопгани, чиройли ва оқила аёлга уйлангани, бошқаларнинг уни ҳурматлашлари, борингки, қандай ютуқ ва зафарларга эришган бўлса, бари ҳасадгўйнинг ичини кемиради, уйқусини қочиради, нафратини қўзғайди, хусуматини оширади, соғлиғига хавф солади, ҳатто ҳасад қилган кишисига ёвуз душманга айлантиради. 
«Дунёда ҳасад ва гинадан оғирроқ ранж йўқ. Чунки ҳасадчи кимса одамларнинг шодлигидан пайваста ғам остида юради. Ўзгалар роҳатидан доимо заҳмат тортади», дейди Муҳаммад Ҳусайн. «Ҳасад балоси улкан фасодлар пайдо қилади. Чунки ҳасад бағоят жирканч хислатдир», деган Ҳусайн Воиз Кошифий. 
Атоқли қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг мана бу гапига эътибор қилинг: «Ҳасад билан ғазаб икки қанот бўлиб ҳаракатга келса, тоза ва чиройли ҳаётларни хира ва кудуратли қилиб юборади». Али ибн Абу Толиб дейдиларки, «Кимда-ким ғаразгўйлик жилови билан бир нарсага эришишга интилар экан, у шу истагига эриша олмайди, ҳатто ажали етмай ўлиб кетади». 
Аъробийнинг бундай сўзи бор: «Мен ҳасадгўйдан кўра мазлумга ўхшаганроқ золимни кўрмадим. Чунки у сенинг олдингдаги неъматни ўзига нисбатан зулм, деб ҳисоблайверади». Қобус таълим берадики, «Агар азоб чекишни истамасанг, ҳасадгўй бўлма». «Ҳаммани рози қилишим мумкин, фақат неъматга ҳасад қилувчини рози қила олмайман. Чунки уни фақатгина неъматнинг кетиши рози қилади», дейди Муовия ибн Абу Суфён.   
Агар сиз чинакам руҳий сакинат ва ором-осойишни қўлга киритмоқчи бўлсангиз, нафсингиз туфайли келадиган хатарлардан огоҳ бўлинг, шаҳватларингизни пўлат арқонлар билан жиловлаб олинг, деймиз. Унинг васвасаларига учмай, ҳаётда камтар, ҳокисор, ҳашамлардан йироқда, бировларга тақлид қилмай, оддий турмуш кечиришга интилинг. Бунда ўзингиздан баланд мавқедаги одамларга эмас, ўзингиздан пастларга, сиздан кўра ночорроқ одамларга ибрат назари билан қаранг. Шунда нафс ва шайтон биргалашиб сизни йўлдан оздиришга уринганида ҳам ҳеч нарсага эриша олмайди.

Аҳмад Муҳаммад

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 409 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ