Сайт бўлимлари
Севги - висолигача севги
Севги- муҳаббат илоҳий, Яратганнинг мўъжизаси ва бандаларига инъом этган бебаҳо туҳфаси дея эътироф этилади. Жаҳонни лол қолдирган энг нодир асарлар, оташин сатрлар ва ҳассос шеърлар ҳам айнан муҳаббат тараннуми билан довруқ қозонганлиги, ҳеч биримизга сир эмас.
Инчунин «… Муҳаббатсиз одам— одам эмасдур,
Гар одамсен муҳаббат ихтиёр эт» дея Нодираи Даврон ишқнинг тажаллиси вафо- бусиз ишқ қуруқ маво, демоқчи бўлгандир? Башарти шундай экан ул иккиси ҳар дам бирга бўлишини, ишқ вафоси билан бирга бўлишини истак этган бўлса, не ажаб?..
Муҳаббат илоҳий туйғу эканлиги ҳақиқат. У барчага бирдек сазовор бўлмаслиги ҳам бор гап. Аммо, муҳаббатни баҳона қилиб енгилтаклик қилиш, кимларнингдир тинчини бузиш, илоҳий туйғу билан ҳавойи нафсни арашлаштириб юбориш— гуноҳ. Асли севги ҳижронда синалади, муҳаббат ҳажрда юксакликка эришади, висол ишққа ўқилган жаноза дейишади. Ҳақ гап. Севган инсонингнинг севимлилиги, унга қўл етмаслигида. Севганингнинг буюклиги унинг сенга армонлигида. Айнан шу борада, халқнинг ардоқли шоираси Турсуной Содиқова шундай дейди:
Ҳали ишқнинг баҳосини топмади дунё
Сиз ишқдан-да баланд, ишқдан бебаҳо бир тахт
Кимман?! Асли сиз улуғларга раво,
Ушоққина елкам узра сиз кўп оғир бахт.
Чинда-да, севган кишингизни ўзингиздан юксакка қўйиб, пойида тупроқ бўлиш бахтидан зиёда иқбол бормикан? Унга турмушнинг ташвишлари, рўзғорнинг зимистон кунлари-ю, ғор тунларини, йўқчиликнинг қийин-қистови, ҳаёт машаққатларини раво кўрмаслик, омадсизликка учраганингизда, «яхшиям у билмади», деган ўйда овуниб, ғалабангиз нашидасини сураётганингизда, ишқилиб у ҳам эшитган бўлсин-да, деган энтикиш билан чор-атрофга зимдан назар солиб яшаш ҳам бир бахт, бахт бўлганда ҳам, ҳаммадан яширган, ҳеч кимга ошкор этмаган, фақат ўзингизгагина тегишли бўлган бахтиёрлик бу.
Халқда «севги билан қорин тўярмиди?!» деган истеҳзоли ибора бор. Севган қизига уйланишни истаб оёқ тираб олган йигитлар ё кўнгил қўйган йигитга турмушга чиқишни истаган қизларга нисбатан аччиқ билан ишлатиладиган бу иборада етарлича жон бор. Чиндан ҳам севги-муҳаббат қорин тўйдирмайди. Севди, муҳаббат қўйди, дегани уйланиши шарт ёки ўша йигитга турмушга чиқиши керак, дегани эмас-ку. Кўнгил аталмиш буюк меҳварнинг ўзига яраша, ўзига хос, фақат ўзигагина маълум бўлган сири бўлгани, ҳаммадан яшириб, ҳеч кимга билдирмай кимнидир севганинг, кимнидир соғинганинг, кимгадир яхши кўриниш, кимгадир қусурларингни кўрсатмаслик учун яхшиликка интилмоғинг ҳам— бахт-ку, тўғрими?..
Севги- висолда ўлади, дейишади. Бундоқ мушоҳада қилсак, шу гап ҳақиқатга яқин кўриняпти. Севган одаминг қачон юксакликка эришади, қачон сенинг муҳаббатингга лойиқ бўлади— қачонки, сендан олисда бўлса. Қўлинг етмаса, унинг камчиликларини, айбларини кўрмасанг. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега тўйгача бир-бирини еру кўкка ишонмай, асраб - авайлайдиган ёшлар турмуш қургач, бир-бирини кўрарга кўзи қолмайди, кунда уруш-жанжал, тўс-тўполонлардан боши чиқмай, ҳаттоки, ажрашишгача боришади? Сабаб- муҳаббатга бир томонлама ёндошиш, турмушни, рўзғорни гулзору чаманзор, хиёбону истироҳат боғлари деб тасаввур қилиш, севган инсонининг нуқсону қусурларини тўйдан кейин илғаш ва ҳоказо, ва ҳоказо…
Мулоҳазаларимиз сизга жуда жўн ва оддий туюляптими? Унда тубандаги сўзларга эътибор қилинг, балким фикрингиз ўзгарар. Улар жуда ёшлигидан бир-бирига кўнгил қўйишди. Йигит 17 ёшда, қиз эса 13 ёшида муҳаббат боғида сайр қилиб, гулу чечаклар орасида бир-бирига изҳори диллар қилиб юрган, катталар таъбири билан айтганда «она сути оғзидан кетмаган» болаларнинг «қилғилик»лари икки томон катталарининг аёвсиз таъқибига учрайди. Қиз дўппосланган, йигит калтакланган, ҳар қадамлари кучли назоратда. Акалар қирпичоқ, ота-оналар сўкинган, қарғанган… Камига қўни-қўшни, маҳалла-куйнинг гап-сўзини айтмайсизми!? Қанча таъқибу тазйиқ бўлмасин, севишганлар йўлидан қайтмади. Бу орада йиллар шамоли тинмай эсиб, йигит ҳарбий хизматдан қайтгач, уйдагилари уйлантириш ҳаркатига тушишди. Турган гапки, куёвлик остонасидаги йигит ота-онаси истаса-истамаса ёшликдаги муҳаббати томон совчи йўллашга қарор қилади. Қисқаси тўй бўлади, уйланиш ёшига етгану ҳануз бўйдоқ акалари қолиб қизнинг узатилаётгани одамлар орасида кўп гап-сўзларнинг болалашига сабаб бўлса-да, орзу-ҳавасли тўй бўлиб ўтади. Шундай қилиб, бир пайтлари одамлардан, яқинларидан қочиб пана-пасқамларда учрашиб юрган йигит-қиз — энди келин-куёв, бир оила бўлади.
Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, акаларининг калтагига, ота-онасининг норозилигига салгина эгилиб ҳам қўймаган муҳаббат, турмушнинг муштию, рўзғорнинг машаққатларига дош беролмай, синиб чилпарчин бўлди. Тўрт йил бир-бирини ардоқлаб, жон қадар севган йигит-қизнинг жуфтлиги тўрт ойга аранг етди. «Биргина кийимга дазмол босишни ҳам билмайди. Чошгоҳгагача ухлаб ётади, уй ишлари қўлидан келмайди, онамнинг олдида хижолатдан ўлиб бўлдим» деб йигит иддаоларни қалаштириб ташлади. «Арзимаган нарсаларга ҳам қаттиқ ҳақорат қилиб, қўл кўтаради. Икки гапнинг бирида онангни…, дейди. Ҳар куни ичиб келади, наша чекишимни уйдагилар айтма, деб дағ-даға қилади». Келинчакнинг йиғламсираган куйи айтган гапларидан шуларни илғаб олишди. Хуллас, «севаман-ўламан», «шундан бошқасини демайман» каби ҳайқириқлар билан тузилган оила, кўпга бормай бузилди.
Ана шунақа, севги —ўқ. У нишонни тешиб ўтади, аммо отилиб бўлгач... Яна бир ҳолат. Аминманки, буниси яна-да қизиқ, ажабтовур.
Бир танишим ҳам севишиб, минг хил қаршилигу норозичиликларни енгиб турмуш қурган. Олий маълумотли, нуфузли даргоҳларда ишлайди. Эри оддийгина косиб. Баъзида феъл-атвори, дунёқараши мутлақо икки мутлақо икки хил бу эр-хотиннинг ўзаро муносабатини кўриб ҳайрон қоламан. Ахир улар севишиб турмуш қуришган, аммо буни ўзлари айтмаса биров уларни севишганлар дейиш тугул... Зеро, ўзига тўқ оилада тарбия кўрган олий маълумотли танишим ва унинг нари борса тўққизинчи синфни зўрға тамомлаган, бунинг устига камхарж хонадондан чиққан косиб эри ўрталаридаги муносабат, чиндан ҳам кишида ана шундай фикр туғдиради. Кўнглига тегмайроқ қилиб сўрамоқчи бўламан. Танишим бошини ўйнатиб, афсусланганнамо жавоб беради:
— Э, қандай яшаётганимни ўзим биламан-да. Нуқул мен тоғдан келсам, бу боғдан келади. Ўша пайтлари нимасини яхши кўриб қолган эканман, билмайман, тўғриси. ўзимдан ўтганни ўзим биламан. Бировга айтадиган дардми бу?! Бир пайтлари шунга тегмасам ўзимни у қиламан, бу қиламан, деб ота-онамни аранг кўндириб текканман. ўша пайтларда катталар, бизни мутлақо ўзимизга номуносиб жой билан тенг қиляпсан, билиб қўй, энди шўр ейсанми, аччиқ ейсанми, бизникига фақат бир-икки соатга меҳмон бўлиб келасан, ортиқча гап қилсанг, баҳрингдан кечиб юборамиз, деган шарт билан узатишганди. Қолаверса, ўзим обрўли жойда ишлайман, икки бола билан эрдан ажрашсам, мени ким ҳурмат қилади?! Бир оилани эплолмаган, эрдан чиққан хотин-да, соғ бўлса эри қўйворармиди, деб маломат қилмайдими? Буёғи фарзандларим ҳам улғайиб келяпти. Уларни отасиз тарбиялашни истамайман. Ким бўлса ҳам, қандай бўлса ҳам бошимда эрим бўлгани яхши. Аввало севги-муҳаббат деб адашдим, энди эрим менга мос эмас, деб кечирилмас хатога йўл қўймайман...
Мана сизга ишқ, мана сизга севги. Йўқ, сезиб турибман. Бу севгимас, сиз бу ерда севишганлар ҳақида эмас, аксинча ўткинчи ҳою ҳавасга берилиб, турмуш қурганлар ҳақида гапиряпсиз, демоқчисиз. Тўғри, шундай ҳам дейлик, у ҳолда ҳаётда содир бўлаётган муҳаббат можароларининг деярли ҳаммасини ўткинчи ҳаваснинг оқибати деб қарашга тўғри келади.
Сиз билан баҳслашмоқи эмасману, аммо шу гапим қатъий: севги висолгача севги. Ундан кейин хоҳланг, хоҳламанг унга путур етади. Бу шунинг учунки, сиз севган кишингизга ортиқча баҳо бериб юборасиз. Уни ҳаммадан кўра интилувчан, кучли, ақлли, меҳрибон деб биласиз. Унга қаттиқ ишонасиз. Унинг ҳамма қатори инсон эканини эътибордан қочирасиз. Боз устига у ҳам сизга эришгунча ёниб-куйиб, энг нодир фазилатларини ишга солади. Қарабсизки...
Тўйдан кейин сиз билган интилувчан, кучли ақлли йигит бошқа аксари йигитлар қатори тўққизгача ухлайдиган, оромини бузсангиз “онангни...” деб сўкадиган бўлиб чиқади. Сиз эса ундан тўйдан олдинги фазилатларини қидириб ҳалаксиз, аммо... Ҳамма гап шундаки сиз уни бор ҳолича севмагансиз. Тан олинг сиз унинг қадди қоматию, ширин сўзига маҳлиё бўлгансиз, холос.
Минг афсуски, ҳозирги кунда бугун турмуш қуриб эртасига ажрашиш учун судга мурожаат этаётганларнинг аксари ана шундай муаммоларга гирифтор бўлаётганлардир. Мени маъзур тутинг, боз айтаман, такрор айтаман, севги висолгача севги!
Ҳазрат Навоийда маъниси шунга яқин бир сатр бор: “Муҳаббат энг покиза туйғу, лекин висол ҳаром!” Ким билсин, балки шунинг учун ҳам буюк хамсанавис бобомиз асарларидаги севишган қаҳрамонларини висолга етказдирмай тасвирлагандир.
Севишиб турмуш қурганларнинг ҳаммаси ҳам синов ва қийинчиликларга дош беролмай ажрашиб кетаверишмайди. Аксарият ҳолларда, севишиб турмуш қурганларини, ўртадаги болаларни ўйлаб мажбурият юзасидан бир том остида яшайверишади. Ана шу нарса энг ёмони. Турмуш ўртоғинг билан шунчаки, эл кўзига, фарзандларинг учун яшашдан оири бўлмаса керак.
Муҳаббатнинг баҳосини арзон этиш билан киши ўзини беқадр қилади, деган бир жумлани ўқигандим, қаердадир. Ҳақ гап. Иродаси ожиз, курашлардан чўчийдиган кишигина, турмушдаги машаққатлар, ҳаёт ташвишлари олдида муҳаббатни рўкач қилган ҳолда, яшаш тарзини осонлаштирмоқчи бўлади. Инчунин, севганинг билан бир жойда яшагандан кўра, уни орзу қилиб, уни хаёл қилиб, уни юксакка чиқариб, ўзинг пойида унга талпиниб бахтли, фаровон ва ҳамма ҳавас қиладиган турмуш қурганинг, севган инсонинг сен ҳақингда орзу қилишини, сенга талпиниб яшашини билиб яшашнинг ўзи ҳам бир саодат. Саодат бўлганда-чи, буюк саодат.
Умида Адизова
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 805 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар