Сайт бўлимлари
Фақирлик келтирувчи иллат
- Подробности
- Бўлим: Иллат
- Чиққан санаси: 20 Июль 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Таҳририятга қўнғироқ бўлди. Салом-аликдан кейин қўнғироқ қилган аёл ўзини таништиришни истамай пайдар- пай гап бошлади:
— Нега фақат сайтингизда фоҳишаларни ёмонлаб ёзасизлар? Фоҳиша одам эмасми? Сизларга фоҳишаларнинг шахсиятига тегиш ҳуқуқи берилганми? Фоҳиша деганни шунчалик ёмон одамми? Ўша фоҳишани ҳам ҳаёт мажбурлаган шу йўлга киришга, буни ўйлайсизларми?! Мен бир қизни биламан, бечора кечалари фоҳишалик қилади. Қайтгач йиғлайди, ўкинади. Хўш, нима қилсин, эридан ажрашган, боласи билан ижарада яшайди. Нимадир қилиб тирикчилигини қилиши керак-ку!..
Аёлнинг дийдиёлари тугамай гўшакни ўрнига илдим. Бошимга оғриқ кирди. Тўғриси, телефон алоқаси орқали бўлиб ўтган бу ёқимсиз суҳбат ва очиқ, шармисорона иқрорни ўз қулоқларим билан эшитганимга ишонгим келмаётганди. Аммо, таассуфки, аёлнинг тийиқсиз гапларини эшитаёганимда ақл-ҳушим ўзимда эди!.. Телефон аппаратига бир муддат ихтиёрсиз-мадорсиз тикилиб қолдим. Бу нимаси энди? Яширин равишда ҳайвоний нафсига эрк бериб, ўзини оёқ ости, қадр-қийматсиз қилиб юрганлар, энди қилмишларини очиқчасига тан олиб, буниси ҳам етмагандек, йўқчилик, етишмовчилик билан изоҳлашга тушибдиларми? Наҳотки, зино,
Фаҳш фахрга айланган бўлса?!
— Бунақалар тобора кўпайиб боряпти.Уят, ориятни тамоман юз-кўзидан сидириб ташлаган, ўзларининг қилмишларини қаҳрамонлик деб билишади,- дейди ҳамкасбимиз.- Шундайлардан бирини биламан. Дугонасининг бегона эркак билан муносабатларини ҳавас билан гапириб беради. Яна “Писмадончихон унақа енгилтак, бузуқ аёл эмас, шунчаки эрида кўнгли йўқ. Эрини севмагани учун фалончи акаси билан кўнгил учун (!) гаплашиб юрибди” дейди ўша дугонасининг қилмишларига ҳавас қилгандек. Икки оилали одам турмуш ўртоғидан яширинча учрашиб юрар экану, бу қилғиликларилари фоҳиша иш, бузуқлик эмасмиш. Эси жойида одам зинокорнинг разил ишларини оқлайдими?..
Мулоҳаза
Ҳар қандай жамият, дин, замон ҳамда макон бегона эркак ва аёлнинг ўзаро, кишилардан пинҳона-хуфёна алоқаларига қаттиқ қаршилик қилади ва бундай жирканч муносабатни аёвсиз қоралайди. Бундай нопоклик жамики динлар, халқлар, тузумлар, фалсафаларда ор-номуссизлик, уят, ифлослик ва разолат ҳисобланган. Чунки инсоннинг соф қалби ўз-ўзидан бу қабиҳ ишни табиатан қоралайди, ёқтирмайди.
Инсоният зинони разолатнинг каттаси деб ҳисоблайди. Бу фикрга инсонийлик доирасидан чиққан, ҳавои нафсини ақлидан устун қўядиганларгина қарши чиқади. Жумладан зинокорларнинг қилмишларини оқлайдиганлар ва ундайларнинг ҳавойи-ҳайвоний ҳирсга асирлигини тирикчиликка йўйиб оқлайдиганлар ҳам одамийлик фазилатларидан айро кимсалардир! Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Албатта, мўминлар ичида фоҳиша ишлар тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунё-ю охиратда аламли азоблар бордир...” (“Нур” сураси 19- оят)
Зинокорлар одатда яширин тарзда ҳаракат қиладилар, жамоатчилик нафратидан қўрқиб юрадилар. Қилаётган ишларининг нафратга лойиқ эканини жуда яхши билишади. Шунингдек, бу қилмишлари ҳеч қанақасига оқланмаслигини ҳам. Аммо хавотир ва алам исканжасида ўртанаётган юрагини “эримда кўнглим йўқ”, “йўқчилик шу йўлга киришимга мажбур қилди” ва шунга ўхшаган аксида исбот кўринмайдиган дийдиёлар билан овутишга уринишади. Фоҳиша ишлар, зинокорликни тирикчилигини ўтказиш учун
“Меҳнат” манбаига айлантирганлар
ҳаром билан ҳеч қачон ризқи кўпаймаслигини тафаккур қилиб кўришмасмикан? Зино ҳеч қачон бирор кишига ризқ берилишига сабаб бўлмаган, бўлмайди ҳам! Аксинча, зино- фақирлик келтирувчи иллатдир! Бу оддий ҳақиқатни англаш учун инсон даҳо бўлиши шарт эмас-ку. Ҳаром-ҳариш ишлар, фоҳишалик, зинокорлик ризқнинг қийилиши ва файз-бараканинг кўтарилишига сабаб бўлади. Шундай экан, эҳтиёжмандлик ва моддий етишмовчиликдан халос бўлиш мақсади ҳеч қачон фоҳиша ишларнинг изоҳи ва ниқоби бўлолмайди! Ризқ — ҳалол меҳнат ва пешона тери эвазига бандасига етказилади. Зино ишларнинг эса турган битгани фалокат ва зарар. Бегона эркак билан нафсоний истакларига эрк берган аёл (агар ундайларни аёл деб аташ тўғри бўлса) бир оиланинг ризқига, маблағига тажовузкорона чанг солган қароқчига ўхшайди гўё. Мулоҳаза қилганда фоҳишанинг бир пайтнинг ўзида бир нечта гуноҳларга қўл ураётганига амин бўлинади. Ундайларни-ку Худо уриб қўйган, маънавий қашшоқлиги ва ўз қадр-қийматини топташини тирикчилик деган тирриқу бетийиқ оқлов билан ниқоблашга уринишади. Эс-ҳуши жойида, уйида покиза аёли, чиройли оиласи бўлган эркакларга нима бўлган!? Наҳотки улар минг бир машаққат билан топган маблағини аллақандай ҳаром –ҳаришга сарфлаб юборишга кўзлари қийса?!
— Шаҳримизнинг айрим хилват кўчаларида ҳалигидақа бетайинларнинг “иш жойи” борлигини, бемалол худди бозордек савдолашиб, келишиб “иш”лашларини эшитган эдиму, сира ишонмасдим,- дейди ўзини Тошкент шаҳридан деб таништирган, ўқитувчи муштарийимиз.- Бир куни шундай наҳс жойдан билмай қолиб ўтибман. Икки эркакнинг уч тўртта аёл билан уялмай савдолашаётганини эшитиб аъзойи баданим титроққа тушди. Эркакларга разм солсам бип-бинойидек одамларга ўхшайди. Ҳалиги тавияларга эса кишининг қарагиси ҳам келмайди, шунақанги турқи совуқ, башараси бефайзки, юзига нафрат билан тупуриб юборишимга оз қолди. Ўша эркакларнинг уйида гулдай покиза хотини, болалари бордир. Фоҳиша ишларни қилиш эркагу аёл учун ҳам бирдай гуноҳ. Наҳотки, муҳтарам эркакларимиз қилмишларининг касри фарзандига уришидан чўчимаса?! Қолаверса, мутассадди кишиларнинг кўзлари қаёқда экан, дейман ўша лаънат урган кўчадан ўтиб кетаётиб. Одамлар оғзидаги гап-сўзлар уларнинг қулоғига етмасмикан? Шу кўчадан ёш болалар, ҳали дунёқараши шаклланиб улгурмаган ўсмирлар, талабалар ўтиб-қайтяпти. Бу шармисорлик ёш гўдакларимиз, фарзандларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши, уларни чалғитиши, пировардида жамиятда зинокорлик иллатининг кўпайишига сабаб бўлиши мумкин эканлигини биров мулоҳаза қилармикан? Ёки улар ҳам ўша Худо урган жойлардан мийиғида кулиб ўтиб кетаверадими? Кулаётганимизда ўзимиздан уялмаймизми, биз кимнинг устидан куляпмиз? Хилват жойларда танасини савдолашаётганларнинг аксарияти ўзбек миллатига мансуб аёллар. Демак бу дард, бу иллат ўзбекнинг этагига ёпишган доғ. Ўз устимиздан ўзимиз кулар эканмизда...
Зино- дарди бедаво
Зино нафақат баракани кўтариб, кишини инсоний фазилатлардан узоқлаштиради, балки бу тахлит разилликлар туфайли кишининг саломатлигига ҳам путур етиши бор гап. “Қайси бир жамиятда зино тарқалса, ўша жамиятни Аллоҳ таоло ота-боболари эшитмаган ва кўрмаган турли касалликларга мубтало қилади”, деб марҳамат қилганлар Пайғамбар (сав) ҳадисларида. Фоҳиша ишларни қилиб юрадиган кимсалар турли хил юқумли, лаънатланган хасталикларга дучор бўладилар. Аксарият бузуқлик ортидан юқадиган хасталикларнинг даъвоси йўқ. Катталаримизнинг “ота-боболаримиз номини эшитмаган касалликлар чиқиб кетибди. Ҳозир одамлар оғриётган касалликларнинг номига тил келишмайди” деган гапларига баъзан эътибор берамиз, баъзида эса йўқ. Булар мана шу гуноҳ ишларнинг тарқалишидан, одамлар шу нарсаларга мойил бўлиб колганлигининг оқибатидан эмасмикан?..
Фарзандининг душмани
Дунё деворига нима отсанг, кун келиб ўша отганинг ўзингга қайтади, деган эди файласуфлардан бири. Яна бир донишманд эса ҳар ким экканини ўради, деган фикрни илгари сурган. Оддийгина қилиб айтганда эса ҳар қандай ишнинг ажру мукофоти бўлиши муқаррар. Дунёю охиратда яхши амалларимиз ҳам, ёмон ишларимиз ҳам жавобсиз қолмайди. Жумладан зинокорлик, фоҳиша ишларнинг ҳам азоби, жавобу-жазоси бор.
— Бадавлат қўшнимизнинг ёшгина келини ким биландир дон олишиб юрар экан,- дейди самарқандлик ҳамкасб синглимиз.- Ёз кунларининг бирида машинасига икки яшар боласини олиб шаҳарнинг қайсидир бурчагидаги дала ҳовлисига жазмани билан учрашгани кетибди. Жувон болачани машинага қўйиб, ойналарни маҳкамлаб, эшикларни қулфлаб ўйнаши билан дала ҳовлига кириб кетибди. Шарманда, боланинг уволига қолгур уерда қанча қолгани номаълум, хуллас қайтиб чиқса, болача машинада ўлиб ётганмиш... Бу гаплар ҳамма жойда овоза бўлиб кетди, лекин ўша қўшнимиз келинини ҳайдаб солмади. Негалигини ҳеч ким билмайди. Айрим эркакларнинг даюслигини кўриб нафратланиб кетади киши...
Гуноҳининг касри болаларига, рўзғорига уришини мулоҳаза қилмай, кўнгил (ҳозир кўпчилик шу кўнгил деган баҳона оқлови ортида гуноҳдан ўзини тиймаяпти. Нима эмиш, инсон кўнглига ёққан инсони билан бирга умр кечирмаса ўзига ўзи зулм қилган бўлармиш. Майли шундай ҳам дейлик, ўша кўнгилларига турмуш қуришдан олдин қулоқ солиб, кўнгиллари тортмаган одам билан оила қурмасинлар эди. Турмуш қуриб, уч-тўртта фарзандлик бўлиб, ўн-ўн беш йил яшагандан кейин кўнгиллари эсига тушар экан-да!?..) деб ўзини ҳам, яқинларини ҳам барбоду хароб қилаётганлар фарзандининг аёвсиз душманидир!
Ҳар кимнинг ўзига инсоф берсин
Ислом таълимотларига кўра, ҳатто эр-хотинга ҳам ўз ораларида бўлиб ўтган нозик ишларни ўзгалар ҳузурида гапиришга рухсат йўқ. Ҳозир эса тўртта одам тўпланса, гап фоҳиша ишлар ҳақида кетиши сир эмас. Айниқса, айрим тийиқсизларнинг уялиш, ор қилиш ўрнига ўз “саргузашт”ларига ёлғонларни қўшиб мақтанишлари одат тусига кирди. Боз устига, кейинги пайтда нашрдан чиқаётган айрим бадиий асарлар, кино-фильмлар, клиплар, айрим телеканаллар орқали намойиш этилаётган хорижий сериаллар ва ҳаттоки аксарият хусусий нашрлар ҳам бу ишга ўзининг салмоқли “ҳисса”сини қўшишдан чарчамаяпти. Айниқса, қўл телефони орқали тарқалаётган шармандаликлар дард устига чипқон бўляпти. Аллақаёқлардан беҳаё тасвирларга тўла фильмларни дискларга ёзиб олиб, мўмай даромаб илинжида кўча-куйда диск савдоси билан шуғуланаётган кимсаларга ҳам Худонинг ўзи инсоф берсин!..
Инсон Яратганнинг хушбичим, хушрўй, онгли махлуқоти. Бошқа махлуқлардан фарқли равишда инсонга тафаккур, мулоҳаза юритиш, мушоҳада қилиш имконияти берилган. Инсон ана шу ўзига берилган тафаккур доирасида ҳар бир ишини таҳлил қилиб бориш билан ҲАЗРАТИ ИНСОНга айланиб бораверади.
Фоҳиша ишлар, зинокорлик юқорида айтганимиздек ҳеч қайси жамият ва динда ҳам оқланмайди. Инсоният ўз қадр -қиймати ва шаънини топтайдиган бу тахлит ишлардан қаттиқ нафратланади. Ҳатто шу нопок қилғиликлар билан шуғулланиб юрадиган кимсаларнинг ўзлари ҳам қилмишларининг ҳақ йўлда эмаслигини жуда яхши билади. Аммо бу нарсаларни фақат билишнинг ўзи кифоя қилмайди. Инсон ҲАЗРАТИ ИНСОНлигини унутмаса, диёнат ва виждонидан айро тушмаса, ҳалол ва ҳаромни фарқлай олса жамиятда зинога ўхшаган қора иллатлар камаярмиди...
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 670 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар