1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Кўнгил оғритиш “ҳуқуқ”и - у кимларга берилган?

 Кўча-куйларда, жамоат транспортларида юрганимизда кишиларнинг ўзаро қўпол муомала-муносабатда кўриб деярли ўрганиб ҳам кетдик. Бир-бирига туртиниб ё қоқиниб кетган икки кишининг сўкиниши, арзимаган майда-чуйда кўнгилсизликлар важидан бир-бирларини оғизга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақоратлаётган бозорчилар ва идора ё ташкилотларга иш билан борганларга гўёки улардан қарз сўраб боргандек қовоқ ўйиб, тумшайиб кутиб оладиган ходимларга ҳам кўникиб қолдик. Ўргандик, кўникдик деяпмизу барибир бунақанги ҳолатга тушаверганинг сари дилга оғриқ инади.  Қўполлик қилиш “ҳуқуқ”и га эга кимсаларнинг дағаллиги кўнгилларга озор етказиши , кайфиятни бузиб мўлжаллаган ишларингизнинг орқага кетишига сабаб бўлади.

Қўполлик қилиш “ҳуқуқи”
... Ғалати жумла а? Бир ҳамкасбимиз билан айни мавзуда фикрлашганимизда, дағал, муомаласи қўпол кишиларга нисбатан шу иборани ишлатган эдим, ҳамкасб дўстим “Шундай ҳуқуқ ҳам бор эканми? У кимларга берилган экан” деб қолди истеҳзоли кулимсираш билан. Шундай қилиб, дағал муомала билан дилни оғритиш “ҳуқуқ”и га кимлар эга экан?
Таҳририият топшириғи билан шаҳримизнинг нуфузли ташкилотларидан бирига иш юзасидан бордик. Ўзимизга керак бўлган мутассадди шахснинг исм фамилияларини айтиб, ташкилот ходимларидан бирига мурожаат этгандик, ул хоним худди биз уларнинг энг азиз нарсаларини тортиб олиб қўяётгандек ўқрайиб қарадилар. Хоним саволимизга жавоб бериш тугул, ҳатто берган саломимизга алик олишни ҳам истамадилар. Биз сўровимиз ноаниқ бўлди чоғи, деган ўй билан айбдорона тарзда саломимизни ва бояги саволимизни такрорлаган эдик... Хоним “портлаб” кетдилар:
—    Билмайман! Билмайман деяпман! Мен сенларга кимнинг қаердалигини айтадиган справочнийманми? Бор керак бўлса ўзинг қидириб топ!..- Яна бир дунё шанғиллаш...
Борган жойингда шундай “иззат-икром” билан кутиб олинсанг, буёғига ишнинг  унишини тасаввур қилаверинг. Ҳартугул, ўша идоранинг раҳбарига учрадик,  таҳририят топшириғини адо этдик. Аммо кайфият... Хайрлашаётганимизда раҳбар жанобларига биринчи қаватдаги ходималарининг  “меҳмондўст” ва “хушмуомала”ликлари  ҳақида айтгандик, “Эрталаб бироз кўнгилсизлик бўлганди, ҳужжатлари жойидамас экан, гапиргандим шунга кайфияти йўқ-да”,  дедилар бамайлихотир. Афтидан бошлиқ жаноблари ҳам ходимларининг қўполлигидан ҳеч хижолат қилмадилар.
Қизиқ, ул хонимнинг кайфиятлари бўлмаса бошқаларга, улар ишлайтган ташкилотга иш юзасидан борган меҳмонларга бундай қўпол муносабатда бўлишларидан не маъни?  Уларнинг кайфияти йўқ дегани бу бошқаларга истаганларидек муомала қилишлари керак, одамларнинг дилини оғритиб, кайфиятини туширишлари керак, дегани эмас-ку! Бир сўз билан айтганда, кайфиятларининг йўқлиги уларга қўполлик қилиш “ҳуқуқ”ини бермайди.  Мусулмон киши мўмин биродарига тили билан ҳам, қўли билан озор етказмаслиги далил қилинган саҳиҳ ҳадисларда.

“Томи кетган”кишининг туҳфаси
 Дейлик эрталаб ишга кетяпсиз. Йўлингиздан чеҳрасида мулойим табассум билан қайгадир ошиқаётган йўловчи чиқди. Кўзингиз кўзига тушганди у сизга ширин жилмайиш ҳадя этди. Хўш, шунда хаёлингизга келган биринчи фикр нима бўлади? “Тавба, томи кетган шекилли!?”.. Камига табассумли чеҳрага ўқрайиб ҳам қўясиз. Янглишмадим-а?
Нега шундай экан, ҳеч мулоҳаза қилиб кўрганмисиз? Нега эрта тонгдан хўмрайиб, қовоқ-тумшуғини осволиб, бир нарсадан қуруқ қолган одамдай шошилиб кетаётган киши эмас, айнан хушҳол, кун бошидан ўзига ҳам, ўзгаларга яхши кайфият улашиш истагидаги инсоннинг  “томи кетган” бўлиши керак? Ҳаётимиздаги бу қадар кескинликнинг сабаби нимада бўлиши мумкин? Биз айрим юртдошларимизга шу саволлар билан мурожаат этдик.
Шоира Каримова, Фарғона вилояти: — Атрофимизда шундай қўпол одамлар борки уларнинг оғзидан чиқаётган сўзлардан ҳайратга тушасан киши. Улардаги бу қўполлик, қаҳр-ғазаб қаердан келган, нимага  қалбида атрофдагиларга нисбатан бунча исёну қўполлик ҳеч тушунмайман, ўйлаб ўйимга етмайман.  Айниқса кўча- кўйда гўзаллик ва латифлик тимсоли бўлган айрим аёлларнинг қўпол муомаласи,  дағал гап- сўзлари  дилни ғаш қилади.
Биз яшайдиган кўча Тош Ҳалфа деб номланган. Ажабланиб бунинг маъносини, нега бундай номланганини дадамдан сўрадим.  Бир буюк қори, олим, мўмин  инсон шу кўчада яшаган бўлиб, доим оғизларига тош солиб юрарканлар. Одамлар билан кўришиб қолсалар, мулойим салом- аликдан кейин тошни дарров яна оғизларига солар эканлар.  Бу ишларининг сабабини сўрашганида у зот  "Яна беҳуда гапларни гапириб бировнинг дилини оғритиб гуноҳга  қолмай деб, оғзимга тош солиб олганман. Қачон сўзга оғиз очсам шу тош оғзимдан тушиб кетиб, мани ҳушёр тортдиради. Тошни оғзимда айлантириб, Аллоҳга зикр айтганим мен учун кўпроқ фойдали" деган  эканлар... Ривоятдаги ҳидоятга аҳамият берган киши, дағаллик, қўполлик қилиш тугул, ҳатто ортиқча гап-сўзларни гапириш ҳам зиёна эканини англайди...
  — Ҳаётда энг қийин иш бу кибрни енгиш. Бу юмуш гўёки бир тоғни жойидан кўчириш кабидир! Кибрли инсон ҳеч қачон бировни кўнглини ранжитишдан чўчимайди! Унга бировнинг дилини оғритиш, озор бериш роҳат бағшлайди!- дейди сурхондарёлик талаба юртдошимиз Азизхон Абдуллаев.-  Ашраф Али Таҳонавий айтадилар:
“Дунёнинг энг буюк подшоҳи бирон мамлакатга бостириб кирса, аввал ўша давлатнинг энг  киборларини хор қилиб ташлайди. Қалб ҳам мисоли бир мамлакат. Унинг ҳам ичида Кибр, Бахиллик, Ҳарислик, Ёмон гумон деган  киборлари бор. Шу мамлакатга шоҳларнинг  Шоҳи кириб келса борми, уларнинг ҳаммаси ювилиб кетади. Бас, қалбни зийнатлантириш учун кўп зикр қилинг”.   
Сиз  нега бунчалик қўполлашиб кетаётганимизни сўрадингиз. Бунинг эса сабаби оддий: Мол-давлат топдик, аммо ҳузур ҳаловатимиз йўқолди.  Қулайликлар ортди, аммо вақтимиз камайди. Дорилар кўпайди, касалликлар озаймади.  Кеч ётиб, саҳарда чарчоқ билан уйғонамиз. Кам китоб ўқиймиз, кўп телевизор кўрамиз. Кўп гапирамиз-у, кам тинглаймиз. Кўрамизу эътибор бермаймиз. Пул топишни ўргандик, сарфни эплолмадик. Хорижларга саёҳат қилишни, сайру саёҳатларни биламиз, лекин қўшнимиз ҳолидан ҳабар олиш учун икки қадам босмаймиз.  Дунёда нималар бўлаётганидан хабардормиз, аммо ички кечинмаларимиздан  бехабармиз. Ҳовли жойимизни тоза тутишга уринамиз, лекин руҳимизни озода тутмаймиз. Режалар тузамиз, натижалар кўринмайди. Шошилишни ўргандик, сабрни  унутдик.  Танишларимиз кўп, дўстларимиз кам. Ютуқларимиз кўп, қувочларимиз кам. Кўп нарсани биламиз, билганларимизга амал қилишимиз кераклигини ҳис қилмаймиз. Шунча нарса қалбимиз қаттиқлашганидан далолат эмасми? Қалби қаттиқ одам бировнинг дилини оғритишдан қандай андиша қилсин?!..
—    Назаримда, қўполлик - худбинликнинг энг олий  кўринишларидан бири!- дейди журналист Ҳусен Тангриев.- Кўпчилик қўполлик кишининг ижтимоий мавқеидан келиб чиқади деб ҳисоблайди. Масалан, шифохонада ҳамшираларнинг, йўлда патрул ходимларининг, ишхонада раҳбарнинг қўполлигидан нолишади. Назаримда, қўполлик иш фаолияти атрофдагилар билан, кишилар билан мутассил муомалага киришни талаб этадиган кишиларда кўпроқ кузатилади. Қарс икки қўлдан чиқади, қўпол одамнинг бу тарздаги муомалага сабаб бўлган омилларни таҳлил этиш керак ва улар бартараф этилса бу иллат ҳам якун топади.
Психологик манбаларни варақлаганимизда жаҳлдорлик, қўполлик ва ўзаро муомала-муносабатда дағаллик қилишнинг ҳам ўзига хос турлари борлигини билдик. Манбаларда асосланишича, жаҳлни намоён қилиш шахснинг эмоционал ҳолати бўлиб, унинг асосини қуйидагилар ташкил этиши мумкин экан:
*Нерв-психик касалликлар;
*асаб системасининг ниҳоятда чарчаганлиги;
*оилада яхши тарбия кўрмаганлиги;
*шахснинг характер хислати;
*темперамент жиҳатидан холериклиги;
*ва бошқалар.
Нима бўлганда ҳам кишининг ўз салбий ҳисларини, жаҳлини идора этолмаслиги ва уни ташқи ифодалаш оқибатида атрофдагиларни кайфиятини асабий бузиш инсоннинг ўта заиф ва ақлан номукаммаллигидан далолат беради. Инсоннинг кучлилиги, ақллилиги салбий ҳисларини ташқарига намоён қилишида, заҳрини атрофдаги бегуноҳларга сочишда эмас, балки ўзини идора этишидадир.
—    Бу борада японлардан ибрат олса арзийди, - дейди халқаро иқтисодий муносабатлар бўйича мутахассис  Фаррух Мирзаутдинов.- Улар ўз оила аъзосининг вафот этганлиги ҳақида хабарни ўзидан ёши катта ёки мавқеи жиҳатдан юқори бўлган кишиларга енгил табассум билан етказадилар. Яъни, “мен учун қайғули воқеа сизнинг кайфиятингизга зинҳор салбий таъсир кўрсатмаслиги керак” мазмунида.  Сафарим давомида  ҳеч бир кўча, жамоат транспорти, метро, дўкон, корхоналарда бирон кишини дағал овозда гапиргани, ёмон кайфиятда юрганини кўрмадим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ёшидан, лавозимидан, мавқеидан, аҳволидан қатъи назар ҳамманинг  юзида табассум. Балки шунинг учун бу юртнинг ривожланган давлатлар орасида қудрати ўзига хосдир, деган хаёлга ҳам боради киши...
Салбий ҳис-туйғулар, жаҳлга эрк бериш билан ҳали ҳеч ким ҳурмат топмаган. Инсоннинг қадр-қиймати, кучи жаҳлини ақл жиловида сақлаб билишда. Қолаверса, кимнингдир муаммолари, ҳаётида рўй берган нохуш ҳолатларга кимдир сабабчи эмас. Бу кишиларга бир-бирининг дилини оғритиш, кўнглини синдириш ва қўполлик қилиш “ҳуқуқ”ини бермайди. Нима дедингиз?

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 886 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ