Сайт бўлимлари
Ҳамма жойи очилган келинчакка “Юз очар”ми?!
- Подробности
- Бўлим: Иллат
- Чиққан санаси: 28 Июль 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Кейинги пайтда энг кўп такрорланаётган ибора бу шубҳасиз “Замон ўзгариб кетди” деган жумла бўлса керак. Ҳаётимиздаги кўп ўзгаришларни, ўзимизни таажжубга солган ҳолатларни замоннинг ўзгариши билан изоҳлашга ўрганиб қолдик. Майли, бугун замонни бироз муддатга тинч қўяйлик-да, одамлар дунёқарашидаги ўзгаришлар ва уларнинг миллий қадриятларимиз, шарқона одоб-ахлоқ, ўзбекона қарашларга нечоғли мос тушаётгани хусусида мулоҳаза қилайлик.
Никоҳ тўйлардаги қуюшқонга сиғмас қилиқлар
Ўзбек халқининг энг олий орзуси – фарзандларининг тўйини кўриш. Ўзбек борки, фақат тўйни орзу қилади. Ҳеч бир миллат, ҳеч бир халқ ўзбегимизчалик тўйсевар бўлмаса керак. Энг гўзал урф-одатлар, эзгу орзу-ниятларимиз ҳам тўй билан боғлиқ. Айниқса, никоҳ тўйларининг завқу шавқи ўзгача. Халқимиз никоҳ тўйини “бахт тўйи” ҳам дейди.“Бахт тўйи” деганда кўз олдимизда орзуларидан оппоқ либос кийиб, ҳаёдан юзлари лов-лов ёниб турган юзларини одамлардан пана қилишга уриниб, бошини эгиб олган келинчак келади. Беихтиёр юрак қувонч ва ҳаяжондан энтикиб кетади...
Аммо... Аммо ҳозир никоҳ тўйларнинг келинчакларини юқорида таърифланган ҳолатда кўрмасликка кўникиб қолдик. Енгию ёқаси йўқ, кўкраги очиқ, нарху навоси анча-мунча одамни “уҳ” тортишга мажбурлайдиган келин кўйлаклар устида ҳанузгача баҳсу мунозаралар давом этмоқда. Танқиду тазйиқларга парво қилмаётган модапараст қизларнинг орзуси бўлган европача келин кўйлаклар, ўзи билан бирга яна аллақандай ажабтовур одатларни етаклаб келдики, сарф-харажати, беҳуда чиқимлари билан бирга одоб-ахлоқ мезонларига мутлақо номутаносиб бўлган “замонавий” расм-русумлар томошасидан оқил инсон хижолатга қолиши тайин. Никоҳ тўйларига кундан кунга урфга кираётган қилиқлар (ғарбга тақлид қилувчиларнинг қуюшқонга сиғмас ҳатти-ҳаракатлари одатдан кўра қилиқ деган сўзга мос, бизнингча) маънавиятли кишининг ғашини келтиради.“Замонавий” никоҳ тўйлар “сценнарий”сига четдан бостириб кирган келин-куёвнинг қўлтиқлашиб вальс тушиши, бир-бирига торт едириши, келин куёвнинг онасига, куёв бўлажак қайнонасига торт едириши(!), келинчакни дугоналарига орқа қилиб гулдаста улоқтириши каби уялгулик одатлар қаторига келин-куёвнинг фотосессиясини ҳам бемалол қўшса бўлади.
Тўғри, бахтли онларни, қувончли дамларни мангуга муҳрлаш, вақт ўтгач шодликка тўла фурсатларни яқинларинг билан бирга хотирлаш учун суратга тушиш қулай восита. Лекин келинчак учун ҳаммага, айниқса, куёв хонадони аъзолари кўз ўнгида ўзини ҳар турли мақомга солиб суратга тушиши қайси одоб ахлоқ мезонларига тўғри келади?
“Айланай”нинг тарғиботи...
- Жиянимнинг тўйида келинчакнинг телевизорда бериладиган“Айланай” кўрсатувига тақлид қилиб суратга тушаётганини кўриб бошқача бўлиб кетдим,- дейди бир ҳамкасбимиз.- Ўша келинчакнинг ўзи уялмадимикан, ҳарқалай, қайнотаси, қайинбўйинлари, куёвнинг бошқа қариндош-уруғлари олдида. Майли, суратга тушмасин эмас, тушишсин, лекин одамларнинг кўз ўнгида бунақанги қилиқларни қилиш одобдан эмас-да.
- Бунақанги нарса дуч келганимда мен ҳам ғалати бўлиб, ўзимдан уялиб кетаман,- деб суҳбатга аралашди бошқа бир жамоадошимиз.- Кўпчиликнинг, ўзининг, бўлажак турмуш ўртоғининг ота-онаси кўз олдида ҳар турли қилиқларни қилиб суратга тушишдан уялмайдиганларга “қойил” қолса арзийди! Ҳа, майли, буям “замонавий” кишиларнинг “замонавий” урф-одати-да. Тўйхонага йиғилган танишу бегоналар, ота-она, қавм-қариндошларидан хижолат чекмай, тап тортмай қўлтиқлашганча рақсга тушиш олдида, келин-куёвларнинг бир-бирига эҳтирос билан термулиб суратга тушишлари нима бўлибди!? Ҳатто, тўйдан бир кун аввал тадбир ўтказиладиган тўйхонага бориб, фалон пул тўлаб тўйхонага кириб келишни, вальсга тушишни ўрганиб, репетиция қилишади...
Бир қараганда кулигили ҳолатга ўхшайди, бироқ кулишга эмас, куйишга арзийди бу тахлит
“Замонавий” шармисорлик!
Эътироз билдирсангиз, сизни замондан орқада қолганликда айблашади. “Аввалги замонлар бошқа эди, ҳозир замон ўзгарди!” Илмсизлиги, маънавиятсизлиги, ҳою ҳавасларга ўчлигини замонга тўнкаб, ўзини замонавий санайдиган кишиларни кўрсам, ғазабим қайнаб, жаҳлим чиқади. Гўё унақаларга ҳар турли беҳаёликларни ҳамманинг кўз олдида ҳеч уялмай қилишга замон мажбурлаяпти. Турган битгани чиқим ва ҳам моддий, ҳам маънавий зарар бўлган, на миллий қадриятларимизга, на ўзбекона тамойилларга тўғри келмайдиган урф-одатларнинг “кашфиётчи”лари билиб-билмай нималарни тарғиб қилаётганлари хусусида жиддийроқ мулоҳаза қилсалар бўлар эди. Ахир, катталарнинг ҳар бир амали ёшларга сабоқ бўлади. Бугунги кун ёшларининг ўзини тутиши, ҳатти ҳаракатлари киши ғашига тегиши ҳақида кўп гапирамиз. Лекин, биродар, ўша ёшларнинг ота-онаси бор. Ота-оналар болаларига камчиликларини кўрсатса, танбеҳ берса, бир-икки койиб, тўғри йўлга бошласа бўлади-ку. Вальсга тушишни ўрганиш, фотосессия (бу ҳам луғатимизга кирган янги сўз, менимча, суратлар жамланмаси деган маънони билдирса керак), тўйхонага кириверишда шамлар ёқиш, шампан виноси қуйилган шиша идишлардан пирамида деган алламбало ясаш ваҳоказо қилғиликлар учун бўлғуси келин-куёвлар пулни қаердан олади? Албатта ота-онасидан. Ота-она бундоқ ўғлини ё қизини олдига олиб, “Биз сен тўйингда кўрсатмоқчи бўлган томошангсиз ҳам турмуш қурганмиз. Бирор жойимиз камайиб қолмаган. Мана шунча йил яшаб, оилали, бола-чақали бўлиб юрибмиз. Унақа бемаъни қилғиликларингни йиғиштирларинг” деса бўлади-ку. Ёшларни ўз ихтиёрига қўйиб берсангиз, нималарни хоҳламайди.
Дабдаба васваси
- Ҳозирги ёшлар катталарнинг, ота-оналарнинг гап-сўзига қулоқ солса-да, ҳаммаси ўзбилармон бўлиб кетганку,- дейдилар ҳамшаҳримиз Салима ая.- Ота-онаси пул бермаса, ўз билганича бирор кимдан қарз олиб ҳам ўйлаган нарсасини амалга оширади. Ҳозир ким кўп, пулини фоиз ҳисобида қарзга бериб, тирикчилигини ўтказадиган судхўр кўп. Яна жабр ота-онага бўлади-да. Боласи олган қарзни “мен билмайман, ўзинг олибсанми, ўзинг тўлайсан” демайди ҳеч бир ота-она. Худди шундай ҳолат ўзимизнинг бошимиздан ўтди. Опам раҳматлининг кенжалари уйланди. Опам тўнғич ўғилларига укасининг тўйида бош бўлишни васият қилиб кетгандилар. Ука акасига раҳм қилмади. Уч ака-уканинг тўйи опамнинг катта ҳовлиларида ўтганди. Бу бола икки-уч соатлик тўй учун нархи белни синдирадиган номдор тўйхонани танлади. “Лимузин”ми нима бало деган мошиналарнинг пулини айтмайсизми? Хуллас, бу бола акасининг чўнтагини ўйламай хаёлига келган нарсани қилаверибди. Тўйдан кейин қарзларни тўлаш учун катта жияним бояқиш яшаб турган уйини сотишга мажбур бўлди...
Никоҳ тўйлари билан боғлиқ бундай ҳолатларга тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Ҳукумат томонидан тўй-маросимларни ихчамлаштириш, тўйхоналарда маълум вақтда, ортиқча чиқим ва харажатларсиз тўй тадбирларини ўтказиш борасидақарор ва фармонлар қабул қилингани ва жамоатчилик томонидан юқоридагилар бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётганига қарамай, айрим кишилар ҳалигача дабдаба васвасасидан халос бўлганларича йўқ. Аксинча, беҳуда харажатларни баттароқ авж олдириш билан ўзларига ўзлари қийинчиликлар пайдо қиладиганлар ҳар куни янги бир кераксиз одатни кашф қилишяпти.
Қадриятларимизда қадр қолмади...
- дейдилар фахрий ўқитувчи, онахон муштарийимиз Гулсара ая.- Юзини очиб, елкасию кўкрагини намойиш қилиб суратга тушаётган келиннинг оиласидаги маънавий муҳит нечоғлик эканини, қизининг сузилиб-эшилиб суратга тушаётганини кўриб хурсанд бўлиб ўтирган ота-онасига қараб билиб олиш қийин эмас. Қолаверса, одамлардан ҳаё кўтарилган, одоб-ахлоқ, миллий қадриятларимизнинг қадр- қиймати қолмаган. Халқда “чиллалик” деган ибора бор а? Бир пайтлари момоларимиз чилла даврига жуда қаттиқ эътибор беришган. Чилла пайтида келин-куёвлар ёт назарлардан, бегоналардан имкони борича узоқ бўлиши уқтирилган. Бугунга келиб бу одатларимиз оҳори тўкилган. Аллақандай ғарбча урфлар таъсирида улғаяётган ёшларнинг бемаъни орзу-ҳаваслари эвазига миллий қадриятларимизга дарз кетаётгантга дилга оғриқ солади. Бу ҳақида кўп гапириш мумкин. Энг асосийси- келин бўлаётган қизларимизнинг беўхшов кийимлар кийиб, чет элнинг беҳаё журналлари муқовасини “безаётган” эҳтиросни қўзғотувчи моделларга ўхшаб суратга тушишлари жуда ҳам хунук ҳолат. Мен бунақанги қилғиликларни орзу-ҳавасга йўймаган бўлардим...
Онахон куйинчаклик билан айтган гапларда жон бор. Ўзимиз моҳиятини тўла англаб етмаган мантиқсиз ҳою ҳаваслар гирдобида, ўзлигимизга, ўзбеклигимизга ярашмайдиган ҳар турли қилиқларни қилишга деярли ўрганиб қолдик.
Ҳамма жойи очилган келинчакка “Юз очар”ми?!
Юртимизнинг айрим ҳудудларида никоҳ тўйининг эртаси куни “Юз очар” маросими ўтказилади. Куёв томон кўрмана билан келинчакка пешвоз чиқади. Янги келин ҳам тавозеъ ва ибо билан салом қилиб, янги қариндошларига илтифот кўрсатади. Бу маросимда қатнашишимга тўғри келган пайтлар ўйланиб қоламан: кеча юзи тугул, елкаларию, кўкрагини ҳаммага кўз-кўз қилган келинчакнинг юзи кимни қизиқтирар экан энди?..
- Бир пайтлари никоҳ тўйларида келинчаклар оқ ҳарир ёпинчиқ тагида бошини эгиб ўтиришарди, юзини кўринмасди,- дейди жамодошимиз, -тўй ўтгач, уч-тўрт кундан кейин келин салом қилиб, қизалоқларга рўмолча берарди, шунда юзини кўришарди. Ёшларни ёш десангиз, оналари, бувилари келинлик остонасидаги қизларга ибо-ҳаёдан сабоқ беришса бўлмасмикан?..
Ёш қизларга инсоний фазилатлар, ҳаё, ибо, шарму шаънни ўргатиши керак бўлган оналарнинг ўзлари аввало
Мантиқсиз одатлар оввораси
бўлиб юришибди. Оналари беҳуда ҳаваслардан завқ туйиш иштиёқида бўлган қизлардан яна нималарни кутиш мумкин?..
Кишининг энг ожиз томони- унинг иродасизлиги бўлса керак. Нега деганда, кўпчилигимиз бугун тилга олинган, халқ орасида тобора авж олаётган иллатларни қоралаймизу, аммо ўзимиз ҳам бошқалар қатори шу одатларни давом эттирамиз. Ҳаммани чалғитиб, ҳаммани зарару зиёнга бошлаётган нарса - “ҳамма шундай қиляпти!”. Одамларни ҳар турли куйга солиб, бор-будини беҳудага сарфлашга ундаётган нарса- “одамлар нима дейди?” Болаларимизнинг маънавиятини кемираётган иллат: “Болам ўксиб қолмасин”. Шу иддаолардан қочишни ўрганган кунимиз қаердаги ярми йўқ кўйлакни кийиш, дўсту бегона, ҳарому ҳалол назар олдида сузилиб суратга тушиш, ҳали ўзи салом бериб улгурмаган қайнонасига торт едириш, отасию қайнотасидан ҳаё қилмайкуёви билан қўлтиқлашиб рақсга тушишга ўхашаган қилиқлардан ёшларимизни ҳам халос қилармидик?..
Марҳамат, энди бу хусусда сизнинг ҳам фикрларингизни кутамиз, муҳтарам муштарий!
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 827 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар