1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Либосга бурканган «бахт»

Зарифа билан Одилжон ота-оналарининг хоҳиш-истагига биноан учрашишди. Икки ёш бир-бирига маъқул келди. Шу сабабли тўй қилишга келишилди. Ҳаммаси рисоладагидек кетаётган эди. Бироқ тўй яқинлашганда ўрталарида бир низо чиқди.
—Шу уч юз долларлик кўйлакнинг ўрнига бошқасини олсанг-чи! Бир кунлик тўй ўтади-кетади, — деган Одилжонга Зарифа қўрслик билан:
—Тўй инсон ҳаётида бир марта бўлади. Дугоналарим бундан ҳам қимматроғини кийишган, — дея жавоб қайтарди…

Орага совуқчилик тушди. Аслида бир неча соат кийиладиган либос янги барпо этилаётган оила ришталарининг дарз кетишига сабаб бўлди. Афсуски, бундай нохуш ҳолатлар кейинги пайтда тез-тез учрамоқда.
Онамнинг айтишича, улар ёш келин бўлган пайтларида бир маҳалла қизлари оқ либосни алмашиб кийишган ва ўша даврларда тўй кўйлакларининг аксарияти узун ва танани ёпиб турадиган, кийиш учун анча қулай бўлган экан. Ҳозир эса бунинг мутлақо акси. Бахт гўё оқ либос билан ўлчанадигандек, айрим қизлар энг сўнгги урфдаги кўйларларни кийишга интилмоқдалар.
Шу ўринда бир мулоҳаза туғилади. Биз таърифини келтираётган янги урфдаги елка қисми батамом очиқ бўлган келин либосда ўзбек қизининг ўз ота-онаси, қайнота-қайнонаси ва меҳмонларга таъзим қилишининг ўзи хунук ҳолат. Ўзбекона урф-одатлар асосида ўтадиган тўйларда клинлар меҳмонлар қаршисига миллий, ўзбекона либосларда чиқса, қанчалар чиройли бўлишини тасаввур қилинг-а.
Яқинда бир никоҳ тўйида қатнашдим. Тўйхонага келин-куёвнинг кириб келиши ўзгача файз бағишлади. Ҳамма беихтиёр ўрнидан туриб икки ёшни олқишлаб қарсак чалди. Аммо шу пайт келин ҳаяжонда ерга судралиб келаётган оқ кўйлагининг этагини босиб олиб қалқиб кетди. Бунинг устига бир пой туфлиси ҳам оёғидан чиқиб кетди, шекилли, тўйхонанинг ўртароғига бориб келин юришдан тўхтади. Куёвга нимадир деди. Шу дам куёв эгилиб келиннинг этаги остидаги туфлини пайпаслаб қидира бошлади. Бўлди кулги, бўлди кулги… Бу ёғини айтмай қўя қолай…
 Ана шунга ўхшаш ноқулайликлари борлиги сабали ҳам бугун келин либослари ҳақидаги мавзу кўп тилга олинмоқда. Кимдир замонавий келин либосларини ёқласа, кимдир миллий либослар кийиш тарафдори. Аммо масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, замонавий либослар ўта қиммат. Шу боис, ёш келин-куёвлар ўртасида турли келишмовчилик, тушунмовчиликлар юзага келмоқда. БУ фикрларни ёзишдан олдин Тошкентдаги бир неча тўй либослари салонида бўлиб, оқ кўйлакларнинг нархи билан қизиқдик. Қайси салонга кирмайлик, ходимлар ўз либосларини оғиз кўпиртириб мақташди. Албатта, буни табиий ҳол сифатида қабул қилдик. «либослар Украина, Германиядан келтирилган. Агар янги, ҳеч ким киймаганини олмоқчи бўлсангиз, мана, буни кўринг» дея нархи осомнда бўлган кўйлакларни кўрсатишди. Шаҳримиздаги «Сабрина» салонида уч юз мингдан бир миллон сўмгача бўлган либослар таклиф этилаётган бўлса, «Шарм» тўй либослари салонида соч трумаги ва макияж хизматларини қўшиб ҳисоблаганда уч юз доллардан беш юз долларгача баҳоланмоқда. «Насиба» салонида ҳам нархлар худди шундай экан. Энг сўнгги урфдаги либосларнинг қиймати икки баробар қиммат бўлишини салон ходимлари алоҳида таъкидлашди. Ўйлаб кўрсак, битта либоснинг пулига қанча кишига тўй бериш ёки кўплаб хайрли ишларни амалга ошириш мумкин.
ШУ ўринда яна бир мулоҳаза. Европача урфдаги либослар бира бир қаторда келин-куёвларга ўзбекона либослар ҳам таклиф этилса, айни муддао бўлар эди. Бир эслаб кўринг-а. «Чимилдиқ» фильмидаги келинчакнинг либоси оддий, лекин унинг ўзбек қизларига хос ҳаёси қаршисида бу оддийлик ҳам бетакрор кўринади. Бу бетакрорлик эса том маънодаги гўзалликдан нишона.
Қон-қонимизга сингиб кетган миллий қадриятлар, урф-одатларга ҳурмат минг йиллардан буён яшаб келмоқда. Уни борлигича сақлаш, келгуси авлодларга гард ҳам теккизмасдан етказиш бизнинг энг олий бурчимиз. Шундай экан, европа либосларининг гўзал одатларимизга путур етказишига йўл қўймаслигимиз керак. Зеро, бахт оқ либос билан ўлчанмайди.

Маъмура ЁҚУБОВА,
ЎзДЖТУ талабаси

Ҳозир сайтимизда 884 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ