1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Уятлигини унутган уят

Халқда, «уят— ўлимдан қаттиқ» деган гап бор. Бундоқ мулоҳаза қилсак, ҳақиқатдан ҳам уятли аҳволга тушгандан кўра одамнинг ўлимга рўбарў келгани минг бор афзал экан. Бироқ, кайфу сафо, ҳавойи кўнгилхушликлар йўлида уятни бутунлай афт-ангоридан сидириб ташлаган ёшлар ҳақида бир гап эшитдиму, ҳайрат ва… УЯТдан тош қотдим. Шаҳримизнинг аллақаерида тунги клуб бормиш. Унда «ўзига хос» ёвуз, тўғрироғи, шармисорона бир қоида мавжуд эмиш. Яъни биргалашиб рақсга тушаётган йигит билан қиз эгнидаги уст-бошини охиригача ечиб ташлаши керак экан!..
Астағфируллоҳ, деб ёқангиз тутиб, каминадан ёзғираётган бўлсангиз, узр ўрнида ўзим ҳам бу гапни эшитганимда дод деб юборишдан аранг ўзимни тийганимни эслатиб ўтишни жоиз билдим. Хуллас, ўша тунги клуб ҳақида гапирган одамга билгим келган нарсалар ҳақида ортиқча савол ҳам бериб ўтирмадим. Чунки, гапни кўпайтириб, савол берганим сайин ўзимни уят ва хижолатга қолдиришдан чўчидим. Гап ўшанақа тунги клубларга  бориб, шовқин-сурон жазавасида кийимларини ечиб ташлайдиган ёшларни айблаб, юзига қора чаплашда эмас. Гап болаларимизга, ёшларимизга ниманинг уятлигию, ниманинг фахрлиги ҳақида ўз вақтида тушунча беролмаган, биз кўзи кўр, ақли ноқис катталарнинг ҳануз бепарволигимизда! Эътироз билдирмай қўяверинг, биродар, бепарвомиз! Бепарво бўлганда ҳам, ўз дилбандимизга, ўз келажагимизга нисбатан лоқайд, беэътибормиз. Ахир ўша отинг ўчкур тунги клубга бориб, шармисорликнинг энг тубан ҳолатидан ҳам фахр қилаётган ўғил-қиз бизнинг боламиз, унинг шармандалиги, унинг манқуртлиги бизнинг фожиамиз, нафақат бизнинг, балким бутун миллатимизнинг фожиаси эмасми?
Дарвоқеъ, манқурт тушунчаси ҳақида кўпчилик эшитмаган бўлиши мумкин. “Манқурт” атамаси илк бора қирғиз ҳалқининг “Манас” эпосида ифоланган бўлиб, асирга олинган ёш ўсмир йигитнинг сочлари  таг-туги билан олиниб, янги сўйилган туя терисининг қийқими кийдирилади. Терининг чаккага тушиб турган қисми гир айлантирилиб, чилвир билан танғиб ташланади. Шу ҳолда асирни оёқ қўли боғланиб, қуёш остига ташлаб қўйилади. Вақт ўтиши билан тери қурий бошлайди ва бошни тобора сиқиб боради. Бошдан ўсган соч эса теридан чиқа олмай пастга қараб йўналади. Минглаб соч толалари мияга игна санчилгандай азоб бериб бир-икки ҳафтадан сўнг асир хотирасидан айрилади. Улар манқуртга айланиб, на ўзини на ота онасини таний олади. Қандай буйруқ берилса шуни бажаради.
Тассуфки, ёшларимиз инсон руҳиятига фақат ва фақат салбий таъсир кўрсатадиган телбавор мусиқалар таъсирида манқуртга айланиб қолишяпти. Ва атрофидаги ўзига ўхшаган уч-тўрт тийиқсизнинг буйруғини сўзсиз бажаришгача боряпти.
Бизнинг боламизни четдан келиб биров тарбиялаб берармиди?! Ўз айбимизни ўзимиз бекитиб-тузатиб, ўнгламасак, бошқа биров, «кел, шу бояқиш эл ичида бутун расвои жаҳон бўлди, айбини пана қилайлик, хатосини тўғрилиб, юзини ёруғ қилайлик», дермиди!?
Бунақа ваҳимали ҳайқириқлар менга тааллуқли эмас, менинг ўғлим, ёки қизим ҳеч қанақа тунги клубларга бормайди ҳам, сиз айтган номаъқулчиликни қилмайди ҳам, дегувчилар ҳам орамизда топилиб қолади. Майли, фарзандингизнинг номақбул жойларга бормаслиги рост бўлсин, илоҳим ҳеч қачон бормасин, ҳам. Бироқ уззукун қулоғига телефон шнурини тиқволиб бўлар-бўлмас ажнабий куй-қўшиқларни (агар уларни қўшиқ дейиш мумкин бўлса, алабтта) эшитиши, тенгдошлари билан бўладиган туғилган кун, ўтириш зиёфатларида алламбало қилиқларни қилиб, ер тепкилаб «рақс»га тушиши хавотирли эмасми? Бугун ажнабий  мусиқаларнинг талвасасида ўзлигини унутаёзган бола, эртага бир таниши, ё ўртоғи тунги клубга етакласа, бормаслигига кафолат бера оласизми? Йўқ, албатта. Чунки, тонгачча дискоклубларда «вақтичоғлик» қиладиганларнинг ҳеч бирининг пешонасига, «эҳтиёт бўлинг, бу тунги клубларнинг шўрпешона, бадбахт мижози» деган ёзув йўқ! Улар ҳамма қатори кундуз куни уйқусизликдан қизарган кўзларини ишқалаб ишга, ўқишга боришади, тун бўйи шовқин-суронда эшакка ўхшаб ерга ағанагани етмагандай, кўча-куйда, жамоат транспортларида  ҳам қулоғига наушник тиқволиб ё ўзига гапирадиган тентакдай шивирлаб хиргойи қилади, ё бўлмасам, атрофидагилардан ҳам уялмай жилпанглаб туришади. Хуллас, юз-кўзида шарму ҳаё, УЯТи бўлмаган одамнинг ҳар бало бўлгани яхши экан. Ахир алломайи замонлар ҳам бекорга, «Ҳаё бир кетса, бошқа қайтмайди» деб хитоб қилишмаган экан-да. Аввало ўша уятсиз ёшларнинг уятдан айро тушиб қолгани ҳам бепарда қўшиқлар, киши руҳияти, мияси, қалбига салбий таъсир кўрсатадиган ёвуз куйлар таъсиридан. Унақанги «тарона»лар нафақат диско клубларда, ажнабий телеканалларда «янграйдиган» хорижий мусиқаларда, интернет тармоқларида, балки шундоққина ўзимизнинг, паспортининг миллати деган жойида ЎЗБЕК деб ёзиб қўйилган хонандаларимизнинг «ижод»ида ҳам бе-е-емалол тинглашяпти. Аммо бирортамиз боламизни бир туртиб қўйиб, «шунақанги қўшиқларни эшитгани уялмайсанми, томоша қилаётган клипингдаги шармандаликни кўриб, ҳайвон ҳам хижолат тортади-ку!» деб танбеҳ бермаймиз. Чунки, тирикчилик важидаги оворагарчилик билан бандмиз. Бола тарбияси, деганда фақат уни едириб- ичиришни, кийинтиришни тушунамиз. Ундан ортиғига етмаган ақлимиз билан, қандай қилиб фарзандимиз эшитаётган мусиқаси касридан уят, шарм, ибо, ҳаё ва андишадан узоқлашаётганини мулоҳаза қилардик?!
Баъзан касбимиз тақозоси билан интернет клубларга киришга, бу билан у ердаги «маънавий» ҳолатни бир зумга бўлса-да, нигоҳларимиз билан тафтиш қилишга тўғри келади.  Интернет клубларда «жаҳон мусиқа дурдона»лари туркумидан  мусиқа тинглаётган, кино томоша қилаётган, ҳар хил тармоқлар аро «сайр қилаётган» ўсмирлар ва ёшлар, ўйинга берилиб кетганидан ҳатто оғзидан чиққан гапларни ҳам пайқамай қолаётган болакайларнг қаттиқлашиб кетган қарашларидан чўчиб кетаман. Унақалар ҳақида гап кетганда, сурбет, дея нисбат берилармиди?..
Индаллога келсак, дўстим, мулоҳазаларимиз аввалида, уят ўлимдан қаттиқ, деган гапни гапирдик. Кейинги пайтларда эса ўлимдан-да, оғир, ўлимдан-да қаттиқ уят ҳақида кексаю ёш баримиз ортиқ ўйламай қўйдик. Бунинг жазоси сифатида бир куни ҳолимизга маймунлар йиғласа, бировни айбдор қилишга ҳаққимиз бўлмайди...
Сизда ҳам мулоҳазалар бўлса, марҳамат, бизга йўллашингиз мумкин.

Умид АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 622 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ