Сайт бўлимлари
“Сепсиз келин”нинг ҳасрати
- Подробности
- Бўлим: Иллат
- Чиққан санаси: 12 Сентябрь 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Амаким ва келинойим узоқ йиллар фарзанд кўрмаганлари учун мени- укаларининг қизини асраб олган эканлар. Болалигим жуда ажойиб ўтди. Ота-онамнинг эркатой арзандаси, хоҳлаганим муҳайё, қийинчилик кўрмай ўсган бўлсам-да, мени дунёга келтирган ота-онам тарбиямда жуда қаттиқ туришарди. Аввал бошиданоқ, эсимни таниганимда менга ҳаммасини тушунтиришганди. Шунинг учун ҳам мен иккала ота-онамга ҳам бирдек меҳр қўйгандим. Тўғрироғи, ўз ота-онамдан қўрқардиму, мени асраб олган ота-онамни яхши кўрардим. Мактабни тамомлаб, отажоним (амаким)нинг тавсиялари билан шаҳримиздаги педагогика институтига ўқишга кирдим. Мактабни тугатганим ва ўқишга кирганимни эшитган узоқ-яқиндаги таниш-билишлар, совчи бўлиб келаверишди. Ўша кезларда ойижоним (келинойим) саратон хасталигига чалинган, биз топган пулимизни уларга сарфлаб, бир неча ойга бўлса ҳам умрларини узайтириш ҳаракатида эдик. Бир томондан совчилар, аммо кўнгилга тўй сиғармиди?! Лекин бемор ётган ойижоним отамга, дадам ва аямга «Бону қизимни тезроқ узатишимиз керак. Фалон жойдан шифокорлар оиласидан сўраб келишди, кўзим очиқлигида қизимни узатинглар, тўйини кўрайин» дебдилар. Ўшанда ойижоним умрининг охирги кунларини яшаётганини билган эканмилар, хуллас, шу гапдан кейин кўп ўтмай омонатларини топширдилар. Шундай қилиб, ойижоним раҳматлининг шифокорлар оиласини тавсия қилганлари ва менинг тўйим билан боғлиқ орзулари васиятдек катталарнинг қулоғига муҳрланибди. Ойижонимнинг қирқларидан кейин қариндошларнинг қистови билан ҳалиги оиланинг ўғли билан учрашдим. Фармацевтика олий ўқув юртида ўқиган экан, ўша пайтлари ойижонимдан айрилиб, кўз ёшларга ғарқ бўлиб юрган кезларим эди, йигитнинг гап-сўзларига, афт-ангорига унча аҳамият ҳам бермабман. Қолаверса, ойижоним айтган гап- васият рутбасига кирган, катталар аллақачон бичиб-тикиб, тўй тарадудига тушган, бизнинг учрашишимиз шунчаки расомадига эди.
Бизнинг водий томонларда, айниқса Қўқонда қизлар жуда арзон, беқадр. Сарпо-суруқ, сеп-сидирға, йўқлову тоғорасидан ташқари, тўй маросимларининг дастурхонию, ош-овқатига ҳам қиз тараф куёв томондан кўп сарф-харажат қилса қиладики, асло кам қилмайди. Тўй арафасида эса отамнинг топган –тутганлари ойижонимни тузалишлари учун харжланиб кетган, пенсия пулига тирикчилик қилардилар. Оғир хасталик билан вафот этгани яқинининг дардида куяётган одамларда данғиллама тўй қилиш учун қайдан имкон бўлсин? Тўйни қишлоқда туғилган уйимда аям ва дадамлар ўтказадиган бўлишди. Ўша пайтларда нима урф, қандай одат, қанақанги расм-русум бўлса, барини ҳеч кам қилмай қилишди. Болалигимдан бери менинг севимли машғулотим китоб ўқиш. Менга ёқадиган энг яхши совға китоб бўлган. Китобларим жуда кўп эди. Ёш, содда бўлмасам, худди бошқа қизлик уйимга қайтиб келмайдигандек, ҳамма китобларим катта-катта қутиларга жойлаб, сарпомга қўшиб ўзим билан бирга олиб кетибман. Қуда томон “Вой-бўў, жуда сеп-сидирғали келин экан”, “Орзу – ҳавасли хонадон экан, қизларига шунча сеп қилишибди” деб оғзи ланг очилиб қутиларни очиб кўришса, ҳаммасида китоб. Қайнонамнинг энсаси қотиб:
- Мен олимнинг арзанда қизини келин қилдим, уйимни сарпо-суруққа тўлдиради, десам, бир дунё макалатура олиб келди,- деб уч кундан кейин жанжал кўтарганди. Хуллас, шу билан номим “сепсиз келин”га айланиб кетди. Келин бўлиб тушганимда қайинопам ҳали узатилмаганди, қайнонам қўлимдан етаклаб ичкари уйга олиб кирганди ва:
- Кўринг, Севарабону, мана бу сандиқ, бунинг ичидагилари сеп дейилади. Сеп мана бундоқ қилиб тахланиб қўйилади.- деб сандиқдаги қизига аталган сарполарни кўрсатганди. Сепи озлиги, тўйга ота-онам етарличи дабдаба билан харажат қилмаганининг таъна-маломатини эшитавериб, кўз очолмай қолганман. Тўйдан кейин билсам, қайнонам ҳеч қанақасига шифокор эмас, болалар ҳамшираси, эрим ҳам Фармацевтика институтида ўқимаган, мактабни битириб онасига дори олди-сотдисига қарашиб юрган экан. Тўғрисини айтсам, ўша пайтда бизникилар қайнонамнинг давлатига, бойлигига учиб сўраб-нетмай мени унинг ўғлига узатиб юборишган. Қайнонамнинг хусусий дорихоналари бор эди, чет элдан дори олиб келиб бу ерлардаги дорихоналарга тарқатарди. Биринчи эри- қайнотам билан ажрашган, қайнотам шифокор, унинг бошқа оиласи бор эди. Узунқулоқ гапларга қараганда, қайнонам қайнотамнинг ошнаси билан бирга хорижга қатнаб, гап-сўз бўлган ва турмуши бузилиб кетган экан. Амма-холаларим, қариндош-уруғ наҳотки, қиз бераётган одамининг таг-тугини, кимлиги, зот-насабини суриштиришмаган, ҳайронман? Ахир, одамлар мол сотса, кимга сотаётганини сўрайди, суриштиради. Мен мол эмасдимку! Ёки бир шаҳар нари, минг чақирим узоқ эмасдику! Уларнинг шу эътиборсизлиги, “ким бўлса ҳам, қандай бўлса ҳам шу қизимизни узатсак бўлгани”, “Қиз бола ўн саккиздан ўтса, қариқиз бўлиб ўтириб қолади” деган бемаъни ақидаларнинг қурбони бўлдим. Айни ўйнаб-куладиган, қувнайдиган ёшимда узатилдим. Қайнонанинг таъналарини, қайнопаларнинг турткисини кўтардим. Ўн икки йилдан бери фарзандга зормиз. Худо тирноқ бермаяпти. Янги келинлик пайтимда олти тўйимизга эндигина олти ой бўлганди, қайнонам “бўйида бўлмаяпти” деб менга ўз билганича аллақандай укол қилганди. Уч-тўрт йилдан кейин фарзанд кўриш учун жиддий ҳаракат бошлаб, гинеколог ҳузурига борганимда, менга нотўғри укол қилингани тўғрисида ташхис қўйди ва қачон қандай касаллик билан оғриганимни, тиббий варақамда туғилганимда то ҳозирга қадар нима сабабдан оғриганларимнинг тарихи билан қизиқди. Болалигимда ҳам, кейинчалик ҳам унақа жиддий касаллик билан ҳеч оғримаганимни билиб шифокор ҳайратланганди, унга анча олдин қайнонам менга ўтказган укол ҳақида айтдим. Гинеколог аёлнинг кўзлари ола-кула бўлиб:
- Қайнонангизнинг эси жойидами?! Ахир, бу жуда ўткир антибиотик, нотўғри қўлланилиши кўнгилсиз оқибатларга олиб келади-ку. Қайси юрак билан унақанги уколни шифокор тавсияси ва ташхисисиз ўз билганича ўтказади? Сиз соппа-соғсиз, бемалол фарзанд кўра оласиз. Эрингиз тиббий кўрикдан ўтиши керак,- деб кескин гапирди. Эрим негадир бу борада масъулиятсиз. Ёки қайнонам “келин касал, сен соғломсан” деб қулоғига қуядими, Худо билади, гумон бўлса, гуноҳга ботмайин, эрим фарзанд кўриш учун жиддий ҳаракат қилмайди. Билмадим, буёғига нима қилишга бошим қотган. Умр сувдай ўтиб кеятпти, фарзандсиз ҳаётда маъно-мазмун нима қилсин?
Ота-оналар, қизларини узатаётганда қуда бўлмишларнинг насл-насабини, таг-зотию, касб-корини яхшилаб суриштирса, ўзларига яхши бўларди. Фарзанднинг бахтли ё бахтсиз бўлишида ота-онанинг ҳиссаси кўп. Шошилинч, охири ўйланмай қилинган ишнинг ташвиши кишига қимматга тушар экан. Афсуски, буни ўз ҳаётим мисолида кўрдим...
Севара, Фарғона вилояти
Фарзона оққа кўчирди
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 822 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар