1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Очилмас кўйлак, кийилмас тўн

Ўшандай одатларнинг халқ орасида тарқалганларидан бири ҳозирда биз сўз юритмоқчи бўлган мавзудир. Мен бу мавзуда илмий баҳс қилмоқчи эмасман, балки, мантиқий бир мулоҳаза юритмоқчиман, холос.
Сиз мавзу сарлавҳасини кўриб, ҳайрон бўлган бўлсангиз керак. «Очилмас кўйлак ёки кийилмас тўн бўлиши мумкинми, ахир?» деб ўйлаётгандирсиз. Ёки бу кўчма маънодаги бир рамзий ифода бўлса керак, деётгандирсиз. Балки у бир афсона, деган ўйга боргандирсиз.
Йўқ! Бу айни воқеъликдаги бир ҳақиқатдир.
«Очилмайдиган кўйлак ва кийилмайдиган тўн қаерда бўлиши мумкин?» - демоқчимисиз? Андижонда бор.
«Ундай нарса кимга керак?»  десангиз... издиҳомчига керак.
«Ундан кимга манфаат бор?» - десангиз... бозорчи аёлларга манфаат бор.
Келинг, гапнинг пўст калласини айтақолай. Халқимизда турли муносабатлар билан ҳар хил издиҳомлар, йиғинлар, тўй-маъракалар бўлиб туради. Уларнинг баъзилари яхши одатлар бўлса, баъзилари бидъат-хурофотдан иборат. Кўпинча издиҳомларнинг якунида меҳмонларга омматан ёки хоссатан кўринишда ҳадялар тортилади. Ўша ҳадяларнинг деярли барчаси тўн ёки кўйлак бўлади. Биз айтмоқчи бўлган тўн ва кўйлаклар ўшалардир.
Сиз: «Тўн ҳадя қилса, кўйлак тортиқ қилса, ёмонми?» - дерсиз? Йўқ, гап ўша нарсадан кўзланган мақсад нима эканидадир.
Бировга ҳадя бериш икки мақсаддан бири асосида бўлади. Биринчиси: муҳтож кишига, унинг эҳтиёжини қондириш мақсадида, иккинчиси: муҳтож бўлмаган кишига, унинг кўнглини олиш ниятида ҳадя берилади. Аввалгиси раҳм-шафқат, мурувватнинг рамзи бўлади, кейингиси эса иззат-икромнинг, шарафлашнинг рамзи ҳисобланади.
Бироқ, издиҳомлардаги биз айтмоқчи бўлган «ҳадя»лардан мақсад нима эканини тушуниб бўлмайди. Чунки уларда берилган кўйлакларни кийиш у ёқда турсин, айримларини очишнинг ҳам иложи йўқ. Чунки қутининг ичида кўйлакнинг олд юқори шакли берилган бир-икки қарич бўз мато бир картонга ўраб, қадаб қўйилган, орқасида ҳеч нарса йўқ. Ёки тўла кўйлак шаклидаги кийим бўлса ҳам, на матосида, ва на тикилишида сифат бор. Кўйлак шу қадар абгорки, қўпол қилиб айтганда, кафанликка ҳам ярамайди.
Тўнларнинг ҳолати ҳам ундан ошиб тушади. Матоси ярим аср олдин ишлаб чиқарилган. Тикилганига ҳам чорак аср бўлиб қолган. Узоқ вақт мобайнида кичрайиб кетганми ёки ўзи шунақа андозада бичилганми, ҳалиги тўн олти-етти ёшли боланинг қоматига тўғри келади. Кийдирсангиз, ечилмайди, ечсангиз, кийдириб бўлмайди. «Бирорта норасида болани топиб, «кийдириб» ташлайин, алдагани бола яхши» десангиз, унга норасидалар ҳам алданмайди.
Бу сўзлар муболаға эмас, айни ҳақиқатдир. Тўғри, бу васфлар энг паст ҳолатнинг тавсифидир, бироқ, воқеъликда бор. Шунингдек, тавсифлангандан кўра тузукроқ тўн-кўйлаклар ҳам бор. Лекин улар ҳам бировга ҳадя қилиш тугул, ўзингиз учун олиб кийишга ҳам арзимайди.
Тарихдан маълумки, бир киши ҳақида «фалончи пистончига тўн кийдириб юборди» дейилса, тўн кийдирувчи шахснинг тўн кийган кишига нисбатан энг юқори даражадаги ҳурмат ва иззат-икром кўрсатганини билдиради. «Пистончи фалончига ҳадя берибди» дейилса, ўша одамнинг ҳадя олувчига нисбатан ўз муҳаббати ва яқинлигини изҳор қилгани тушунилади.
Аммо юқорида айтилган васфдаги матоларни бировга ҳадя қилишни нима деб қабул қилиш мумкин? Биринчи навдан десангиз, бу нарсалар ҳожатга ярамайди. Меҳмонлар ҳам кийимсиз қолган бечоралар эмас. Иккинчи навдан десангиз, улар эъзоз тимсоли эмас, ҳақоратлаш аломати бўлиши мумкин.
Энди ўша нарсаларни ўзингизнинг таклифингизга биноан хонадонингизга ташриф буюрган азиз меҳмонга, сизнинг хурсандчилигингизга шерик бўлиш, муборакбод этиш учун келган, ёки мусибатингизда таъзия билдириш, ёнингизда далда бўлиб туриш мақсадида ташрифи қудум қилган қадрдонингиз, қўни-қўшнингизга, хусусан, илмли, ҳурматли инсонга берсангиз, буни қандай тушуниш мумкин?!
Ахир, бу ўша инсонга нисбатан таҳқир-ку! «Сен шунга лойиқсан» дегани эмасми бу? Ўзингиз ўйлаб кўринг, ўша нарсани ўзингиз кийиш учун сотиб олармидингиз? Йўқ, асло. Ўзига раво кўрмаганни ўзгага раво кўриш мусулмон кишига тўғри келмайди. Суюкли Расулимиз: «Ўзинг учун ёқтирганингни биродаринг учун ҳам ёқтирмагунингча мўъмин бўлмассан»,   деганлар.
Ўша нарсани отангизга: «Отажон, мана бу мендан сизга ҳадя» деб тортиқ қила оласизми? Йўқ, ҳаргиз, у ҳолда дуойи бадга қоласиз. «Меҳмон – отангдан улуғ», - дейди доно халқимиз. Пайғамбаримиз: «Ким Парвардигорга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин», - деганлар.
Қанча-қанча ҳурматли, қадрли кишиларни тўплаб, иззат-икром кўрсатиб зиёфатларни бериб, охирида уларни таҳқирлаб кузатишнинг нима маъноси бор?
Агар ўша нарсалар жамоадаги энг обрўли, хонадон аҳли учун энг ҳурматли кишиларни саралаб, хоссатан берилаётган бўлса, бу – «ўлганнинг устига чиқиб тепган» деганидир.
Тўғри, Пайғамбаримиз: «Эй муслима аёллар! Бирор қўшни аёл қўшни аёлга нисбатан (ҳадясини) паст санамасин, агарчи қўй туёғи бўлса ҳам», - деганлар. Лекин бу оз бўлса ҳам бир-бирларингизга ҳадя улашиб туринг, катта нарса топганда қиламан деб алоқалар узилиб кетмасин, бир киши кўнгилдан чиқариб бир нарса берса, уни таҳқирлаб ҳадя берганнинг кўнглини синдириб қўйманг, деган мақсадда айтилган. Халқимизнинг «кўп берма, кўнгил қўйма», - дегани ҳам шу маънода. Қолаверса, қўйнинг туёғи оз нарса бўлса ҳам, фойдали, яроқли нарсадир.
Аммо биз ҳикоя қилаётган матолар яроқли нарсалар эмас. Бўлиб ҳам, уни бераётганлар йўқчилик сабабли шунга мажбур бўлаётганлари йўқ. Ёзган дастурхонлари ҳам бундан дарак бериб турибди. Аслини олганда эса, ўша нарсани бериш ҳам шарт эмас. Ўшани бермаса биров хафа бўлмайди ҳам. Улар фақат кўр-кўрона урф-одат ёки тубан риёкорлик юзасидан берилиши мумкин, холос. Ундан кўра битта янги пайпоқ берса, ўшани биров кийса, шу яхшироқ эмасми?
Пайғамбаримиз: «Бир-бирларингизга ҳадя улашинг, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласиз»,   деганлар. Демак, ҳадя муҳаббатни уйғотадиган, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлайдиган, олган киши берган кишини яхши кўриб қолишига олиб келадиган даражадаги ҳажм ва сифатда бўлиши, ўша даражада ардоқли, яроқли бўлиши керак экан.
«Эй, иймон келтирганлар! Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан нафақа қилинглар. Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам олувчимассиз, магар ундан кўз юмсангизгина. Ва билингки, албатта, Аллоҳ беҳожат ва мақтовга лойиқдир. Шайтон сизга фақирликни ваъда қиладир ва фаҳшга буюрадир. Аллоҳ сизга Ўзидан мағфират ва фазлни ваъда қиладир. Ва Аллоҳ кенг қамровли ва билимдондир.
Энди савол туғилади: «Йиллар мобайнида издиҳомларда берилаётган бундай матоҳларнинг оқибати нима билан тугайди?»
Жавоб қуйидагича: Уларнинг оқибати салбий маънода «бор товоғим, кел товоғим, ўртамизда син товоғим» деган маталга кўра бўлади. Яъни, уни издиҳомчи бозордаги ёймачи аёллардан сотиб олади. Меҳмонларига тарқатади. Бир неча издиҳомга борганингиздан сўнг уйда мазкур нарсалар бир уюм бўлади. Уларни кийишнинг ҳам, бировга кийдиришнинг ҳам имкони йўқ. Чунки уларни бериш учун издиҳом қилиш керак. Бошқачасига ўтмайди. Бир ғарам бўлиб тўпланган матоҳларни уйда ивирсиб турмасин деб, бозорчи аёлларга арзимас пулга бўлса-да, сотасиз. Улар ҳам ҳалиги нарсаларни олиб, устига бироз фойда қўйиб, яна янги издиҳом қилмоқчи бўлганларга сотишади. Шу тариқа ҳалигидай қийматсиз тўн-кўйлаклар халқ орасида иззат-ҳурматда «қўлма-қўл» бўлиб юраверади. Охири кимнингдир қўлида титилиб тугайди. Тўплаб ёқиб юборай десангиз, кўзингиз қиймайди, «ҳарна», дейсиз-да. Кийиб юборай десангиз, эгнингизга раҳмингиз келади.
Кўпчилик ҳолларда аёллар бировни йўқлаб бориш маъносида ҳам ўшандай тўн-кўйлакларни ишлатишади. Бу ҳам инсонни калака қилишнинг бир намунаси. «Дард устига чипқон» деганлари шу.
Урф-одатга кўр-кўрона эргашишнинг бир кўринишини сизга айтиб берай. Ўзим учун ҳам қадрдон, ҳам қариндош бўлган бир киши тўйга айтди. Ўша куни бир сабаб бўлиб издиҳомга айтилган вақтда бора олмадим. Анча вақт кейин бўлса ҳам «ҳечдан кўра кеч» деб, уларнинг уйларига бордим. Тўйхонада издиҳом соҳибларидан бошқа одам қолмаган. Бир-икки соат мароқли суҳбат бўлди. Суҳбат асносида уй соҳиблари айнан ҳозирда биз кўтарган масала ҳақида сўз юритиб қолишди. Бири олиб, бири қўйиб, роса танқид қилишди. Мен ҳам, таклифларига биноан, ўзимдаги фикр-мулоҳазалардан анча-мунча сўзладим. Суҳбат якун бўлиб, хайрлашиб чиқдим. Ташқарига чиққанимда қўлимга беназир такаллуф билан бир ҳадя-тугун тутишди. Уйга келиб қарасам, «ҳадя» уларнинг суҳбатларига мавзу бўлган кўйлакдан иборат экан. Мана сизга жоҳилона тақлид инсоннинг ақлини қай даражада кўр қилиб қўйишига бир жонли мисол.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, беҳуда урфларга қарши туришга кучи етмай, оқимга қарши суза олмай юрганлар ҳам оз эмас. Шу билан бирга, урф-одатлар оқимининг тўлқинларини йўналтирувчи шамол, асосан, аёллар тарафидан эсиши ҳам доимий қоидадир. Юқоридаги мисол ҳам шундан далолат бўлса, ажаб эмас.
Лекин бу дегани ҳамма шундай қилади, дегани эмас. Фаросатли, билим ва амалли баъзи кишилар маъноли ишларни ҳам қиладилар. Бироқ, ҳанузгача биз айтган сурат аксариятни ташкил этиб келмоқда.
Шунингдек, бу урф фақат Андижонга хос эмас. Бошқа жойларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилади. Аммо Андижонда бу нарса кенг тарқалган иллатга айланган. Бу ҳодиса ташқари юртдан келган кишиларнинг олдида Андижон халқига нисбатан танқид ва дашномлар ёғилишига сабаб бўлмоқда. Кимларнингдир бу юрт халқини онгсизликда айблашига замин яратмоқда.
Мен ўзим андижонлик бўлганим боис, халқимнинг шаънидаги сўз ўзимнинг шаънимга текканини ҳис қилганимдан бу гапларни куюнчаклик билан айтмоқдаман. Агар кимнингдир кўнглига оғир ботган бўлса, мени афв этишларини сўрайман. Аммо, кимдир гапирмаса, жамиятдаги одатларни ислоҳ қилмаса, халқ ўз-ўзини ўнглаши мушкул.
Хулоса сифатида савол туғилади: «У ҳолда нима қилиш керак? Зиёфатларда ҳадя улашишни йўқотиш керакми?»  Йўқ, албатта. Балки ҳолатни ислоҳ қилиш керак. Бу азиз Андижон халқи яқин тарихида ҳам «Андижон Ислом динининг қувватидир» деган унвон билан ўз юртларини оламга танитиб келган. Ушбу халқнинг ҳозири ҳам, аввалда бўлганидек, ўша муқаддас динга амал қилиш билан ислоҳ бўлиши муқаррар. Бинобарин, ўша муборак таълимотга мурожаат қилиш, уни ўрганиб, унга сўзсиз амал қилиш лозим бўлади. Демак, масаланинг ечими қуйидагича:
Парвардигор Ўзининг муқаддас Каломида шундай марҳамат қилади:
«Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимаики нафақа қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир».
Севимли Пайғамбаримиз айтадилар:
«Бир-бирларингизга ҳадя улашинг, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласиз».
«Одамларга ўзинг учун яхши кўрган нарсани яхши кўргин, мусулмон бўласан».

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид

Ҳозир сайтимизда 834 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ