1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Уйимизда жанжал бўлмасин...”

 

Ўзбек хонадонларида ота-она ўрни муҳим аҳамиятга эга. Ота-она тарбиясини кўрган,  отанинг қаттиққўл, талабчан ва меҳрибонлиги, онанинг  ғамхўрлигини ҳис этиб улғайган фарзанднинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, баркамол инсон бўлиб етишиши аниқ.  Ўзбекона тарбия асосини отани ҳурмат қилиш, унинг сўзини қайтармаслик ва изнидан ташқари иш тутмаслик андишаси ташкил этади. Бу ақидалар ўзини ўзбек санаган ҳар бир миллатдошимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Аммо, шу ўринда яна бир ҳақли савол туғилади: Бола туққанларнинг ва туғдирганларнинг ҳаммаси аслида ота-оналик мартаба эмас масъулият эканини англаб етадими?

 

Фарзанди бор одамнинг адашишга ҳаққи йўқ!

Албатта, адашиш, хато қилиш хомсут эмган бандага хос хусусият. Аммо боласи бор одам ҳар қадамда ўзини назорат қилиши ва ҳар қандай ҳолатда “шу ишим тўғрими? Шундай йўл тутсам адашмайманми?” деган саволлар билан ўзини ўзи тафтиш қилиб юриши шарт. 
— Тақдир экан, бир қизчам билан турмушим бузилди,- дейди таниш аёл.- Ота уйимга қайтганимдан сўнг, нуқул уйланмаган ёш йигитлар, ёки ўзим тенги, ажрашган эркаклардан совчилар келаверарди. Тақдири меникига ўхшаган бир аёлни билардим. Эри ёш, бўйдоқ йигит бўлиб, уни яхши кўриб қолганини рўкач қилиб, яқинларининг қаршилигига қарамай уйланганди.  Вақт ўтиши билан уларнинг оиласида фарзанд бўлмади. Бева аёлга муҳаббат қўйган йигитнинг “оташин” севгиси сўниб, ўрнини армон, хижолатлик эгаллаганини аёлнинг гап-сўзларидан билиб олиш қийин эмасди. Бунинг устига таниш аёл бўйи чўзилиб, кўзга яқин бўлиб қолган қизидан хавотирга тушиб, имкони борича эри уйда бўлган пайтлар қизини у билан ёлғиз қолдирмасликка уринарди. Хулласи калом, уларнинг оиласи узоққа бормади. Аёл иккинчи турмушидан ҳам ажралишига тўғри келди. Мени сўраб келган совчиларнинг уйланмаган йигитдан ёки тенгдош эркаклардан эканини билсам, дарров ўша таниш аёлнинг қисматини мулоҳаза қилардим. Боласи бор одам, айниқса, қиз ўстираётган одамнинг адашишга ҳаққи йўқ! Одам ҳеч қачон ўзи учун яшай олмайди. Фарзанди бор одамнинг ҳаёт-мамоти фақат зурриёти билан боғлиқ. Аввалига турмуш қурмай, ҳаётимни қизимга бағишламоқчи бўлдим. Кейин яна чуқурроқ мушоҳада қилиб бу қарорим нотўғрилигини англаб етдим. Бола тарбияси учун ота ўрни муҳим экан. Айниқса, қиз бола тарбиясида! Қизимни ўйлаб, унинг тақдири чигал бўлмаслигини истаб, ёши каттароқ, аёли вафот этган кишига турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим қизимни ўз фарзандларидан ҳам аъло кўради. Қизим ҳам дадасини яхши кўради, ҳурмат қилади. Боласи бор одамга худбинлик, фақат ўзини ўйлаш ярашмайди. Фарзандлар ота-онасида кўрганини ҳаётда такрорлаши ёхуд ота-онанинг биргина қалтис қадами, хатоси бола тақдирида умрбод из қолдириши мумкин.
Ота-она фарзандининг тақдирига масъул, дахлдор ҳисобланади. Фарзанднинг феъл-атвори, табиати ва дунёқарашини белгилайдиган маънавий қарашлар ота-онаси тимсолида пайдо бўлади. Яхшилик, меҳр-оқибат, ор-номус, андиша ва хайрихоҳлик, ўзгаларга  эҳтиром билан муносабатда бўлиш тушунчалари оилада қарор топади. Шу сабабдан ҳам оиладаги маънавий муҳит юксак даражада бўлиши ва албатта ота-она болаларига юқорида айтилган инсоний фазилатларда ибрат бўла олиши шарт. Хўш, оиладаги муҳит ҳавас қиларли бўлмаса, ота-она ноаҳил, болаларга одоб-ахлоқ ва тарбия ўргатишга вақт тополмай уруш-жанжалдан бери келмаса, бундай оиланинг маънавий қиёфаси қандай бўлади?! Унақанги хонадонда ўсган болаларнинг маънавий дунёси, ҳаётга, одамларга муносабати ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Холисанилло айтилганда, нотинч ва ноаҳил оиланинг жамиятга етказадиган зарарини ҳеч қандай ҳолатда оқлаб бўлмайди.

Нотинч оиланинг ўксик болалари

Ота-она ноаҳил бўлган хонадонда улғаяётган болаларнинг руҳий ҳолати борасида тадқиқот ўтказган олимлар, муттассил уруш-жанжаллар ичида ўсган болаларда асабийлик, мия зўриқиши  билан боғлиқ касалликлар  бошқа тенгдошларига нисбатан бир неча ўн баравар кўпроқ қайд этилишини аниқладилар.
—...  Ота-онамнинг доимий уруш-жанжалларидан шунчалик безиб кетгандимки, агар турмуш деганлари шу бўлса, бир умр оила қурмай ўтаман, деб ўз-ўзимга аҳд қилгандим,- дейди ўттизлардан ошиб қолган бир дугонам. - Баъзилар менга, “кўнглим тортмайдиган одам билан қандай яшайман, севгисиз ҳаёт ҳаётми,  деб умрингни ўтказиб юборяпсан. Ҳаёт муҳаббатдан иборат эмас, ҳаётнинг асл мазмуни оила, фарзандларда, деб танбеҳ беришади. Улар ҳам ўз ўрнида ҳақдир, балки. Аммо мен ўзаро меҳр-муҳаббати бўлмаган кишилардан ташкил топган оилада туғилиб, тарбияланганман. Тарбияланганман, дейишнинг ўзи менга ғалати туюлади. Чунки деярли ҳар куни арзимаган дилхираликлардан, майда-чуйда келишмовчиликлардан фожеа ясаб, уруш-жанжал чиқаришарди. Уйимизда жанжал бўлмасин-да, ишқилиб отам ишдан келганида онам яна тўполон бошламасин-да, деган илинж билан мактабдан қайтардик. Ҳаётда инсон учун асқотадиган, унинг келажаги саодатли бўлишини таъминлайдиган ўгитларни одоб-ахлоққа оид китоблардан ўрганиб олдик. Шукр, ота-онамизда ўрнак бўлгулик фазилатларни кўрмаган бўлсак-да, уларга иснод келтирадиган бўлиб ўсмадик. Тўртовимиз ҳам олий маълумотлимиз, кўрганлар, “отангга раҳмат, шундай фарзанд тарбиялабди” деб алқаб қўйишади. Шундай пайтларда тўғриси, кўнглим ўксиб ўзимни йиғидан базўр тияман. Ахир биз уйимизда тарбия кўрмадик-ку! Бола бўлиб ота-онамизнинг меҳрига, бизни эркалаб суйишига зор юрдик. Ота-онамиз ёнимизда, аммо уларнинг меҳрига интиқиб яшадик. Одоб-андиша, инсоний фазилатларда бизга ибрат бўлиши керак бўлган ота-онамиз, бир-бирларининг бошидан мағзава ағдариб судма - суд, маҳалла идорасига қатнашдан бошқани хаёлига келтирмаганди. Ёши ўтиб, бир-бирига кераклигини, уруш-жанжаллардан фойда йўқлигини англаб етиб, бир-бирларини шундай авайлаб асрашади, шундай эъзозлашадики, уларни энди кўрганлар, “кексайганида шунча эътибор-эъзоз бўлса, ёшлигида тозза Лайлию Мажнун бўлиб юришган экан-да” деб ўйлаши тайин. Ота-онам хатоларини англаб етишди, аммо жуда кеч ва беҳад йўқотишлар эвазига! Кўнглимдаги ана шу ўксиклик, шу изтироблар менда муҳаббатга ташналик уйғотган бўлса ажаб эмас. Шунинг учун ҳам севиб-севилиб турмуш қуришни истайман. Эримга эрим бўлгани учун чидашни эмас, уни жон қадар севишни, ардоқлашни, ҳурматини жойига қўйиб, Аллоҳ фарзанд берса болаларимни чексиз муҳаббат билан тарбиялашни истайман...
Эътибор беряпсизми, замондош, нотинч оилада туғилиб ўсган фарзандларнинг шахсий ҳаёти ҳам изга тушиб кетиши қийин. Ундайларнинг ҳаётига бир умр ота-онасининг хатолари соя солиб тураверади.

“Сенларни деб...”

Аксарият ҳолларда оилавий жанжалнинг интиҳоси бурчак-бурчакда биқиниб йиғлаб турган болаларга она томонидан  “Сенларни деб шу тўнка билан умримни ўтказиб юрибман. Ҳаётимни сенларни деб хазон қилдим! Оёғимга кишан бўлдиларинг! Аллақачон ажрашиб кетган бўлардим, шулар етим бўлмасин, деб бу ландовур оталаринг билан яшаб келяпман” деган “азалий ашула” ижро этилади.  Гўёки бир-бирига зид дунёқарашли, мутлақо қовушмаган феъл-атворли одамларни турмуш қуришига болалари мажбурлагандек. Куласизми, куясизми?!.. 
Мушоҳада қилинг ватандош, нега  феълимиздаги ноқисликлар, ҳаётимиздаги кемтикликлар аламини болаларимизда оламиз? Кўзлари мунчоқдек, жаннатий ифорлар таратаётган гўдакларимизда нима айб? Икки гапнинг бирида “болаларим учун...” деган иборани писанда қилаверамизу аслида эса уларни ўйламаймиз. Ахир, боласини ўйлаган одам уларнинг кўз олдида ҳар куни ғижиллашавериб, ит - мушук ҳолига тушадими? Боласини ўйлаган одам тақдиридаги кемтиклик заҳрини жигарбандига санчадими? “Фарзандларингиз сизнинг жаҳаннамингиз ёки жаннатингиздир” деб марҳамат қилганлар Пайғамбар с.а.в. Фарзандларимиз қачондир билиб-билмай содир қилган қилмишларимизнинг жазоси ёинки яхшиликларимиз мукофотидир. Уларнинг феълида ўзимизнинг яхши-ёмонимиз унаётганини фикр қилинг, замондош.
Тиббиёт оламида “асабий ногиронлик” атамаси ва дунёда “асаб ногиронлари” пайдо бўлди, деб хабар беради Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти. Таассуфки, бу хасталикка дучор  бўлганларнинг аксарияти, ҳаловатсиз оилалар фарзандларидир. Агар бу маълумотни аниқ рақамларда келтирганимизда, қўрқувдан лабларингизга учуқ тошиб кетиши аниқ эди.
Фарзандларингиз учун яшаяпсизми? Уларнинг яхши яшаши учун заҳмат чекиб меҳнат қиляпсизми? Болаларингизга шоҳона ҳаёт бериш учун елиб-югуриб умр ўтиб кетганини сезмай қоляпсизми?  Бирозга тўхтанг, юртдош. Фарзандларингизга ризқ бериш кафолати сизга берилмаган! Улар ўз ризқу насибаси билан дунёга келган. Сиз яхшиси, ҳусну хулқ, одобу ахлоқ, меҳр-оқибатда уларга ибрат бўлинг. Яхши-ёмонни, оқ-қорани фарқлашни ўргатинг. Уларга шоҳона тўкин ҳаёт эмас, чексиз-адоқсиз МЕҲР беринг, шояд кексайганингизда, “Мен отангман-а?!”, “Мен онангман-а, онаман, ахир!” деб ота-оналигингизни эслатиб зорланмасангиз, оқибат талаб қилмасангиз. Унутманг, болаларимиз бизнинг кўзгуларимиз. Улар гўдаклигида  бизда кўрганларини, улғайгач ўзимизга кўрсатадилар. Дунё бевафолигининг  аламини мурғак болаларингиздан олманг. Аксинча, турмуш ташвишлари, ҳаёт синовларидан чарчаган пайтингиз, болангизни бағрингизга босиб унинг муаттар бўйидан баҳраманд бўлинг. Зеро, фарзандлар - жаннат райҳонларидир.

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 867 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ