Сайт бўлимлари
Ориятга ўқилган жаноза
- Подробности
- Бўлим: Иллат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ё раб!
Ки эркак қандайин эркак,
юзида юзта ранг бўлса,
Ки у эр қандай эр, аҳли
аёлин ҳоли танг бўлса.
У қай зотки, оти эру сўзида
қуввати йўқдир,
Қизу ўғлин ҳузуринда
ибрату иззати йўқдир.
Гулни гулга, шерни шерга,
йигитни эрга ўхшатғил,
Ватаннинг эркагин тикла,
ўғли бор ерга ўхшатғил!
Онахон воиза Турсуной Содиқованинг шу сатрларини ўқиганимда кўнглимда алланечук оғриқ симиллайди. Эркакларнинг тобора масъулияти унутилаётгани, мардлик ўзанидан олислаётгани ҳақида кўп ёзиляпти, гапириляпти. Аммо бу ҳолат борган сари авж оляптики, сусаймаяпти. Эркакларнинг ўзини тутиши, кийиниши, гап-сўзи ва ҳаттоки қилиқлари ҳам аёлларга ўхшаб қоляпти.
Ота ўғил эмас, она ўғил!
Шарқда “Эркак оилада биринчи раҳбар” деган тамойил асосида бола тарбияланган. Ота - боболаримиз бу ақидага жиддий риоя қилганлар. Ўғил болага ёшлигидан қаттиқ талаб қўйилган. Унга оила, хонадон шаъни, ОРини ҳимоя қилиши шарт эканлиги ҳар онда эслатиб турилган. Оналар ўғил фарзандларга оталарининг рафторию сумбатини кўрсатиб, “Отангизга ўхшанг, ота ўғил бўлинг” деб фахр туйиб тарбия бериб келганлар. Бугунга келиб анчайин ўз қадр-қийматини йўқотган, ўлчовлари пасайган шарқона одобнинг мўрт ҳолига ачиниб кетади киши. Ўғил болаларда эркаклик шахди, шижоати, мардлик, журъат ва ғурур каби туйғулар йўқолиб кетмоқда. Нима учун деган савол атрофидаги жавоблар, унга асос қилиб кўрсатишга арзирли сабаблар кўп. Сабаб кўпу негадир бу ҳолдан оғринаётганлар кам наздимизда.
Аксарият эркаклар пул топиш илинжида ою йиллаб хотин, бола-чақасини ташлаб хорижга кетиб қолади. Улғайиб келаётган ўғил ҳаётда ўзига асқотиши мумкин бўлган феъл-атвор андозасини онадан ўрганади. Боғчага борадиган бўлади. Албатта боғчада “боғча ака” эмас, “боғча опа”лар қўлида тарбияланади. Ундан кейин мактаб. Ўзингизга маълум, мактабларда эркак ўқитувчиларни учратмай қолганимизга анча бўлди. Яна ўқитувчи аёллар... Вазият шундай бўлиб турган бир пайтда, ўғил болалар ўғил болага хос, эркакча тарбияни қаердан ўргансин, биродар?..
— Турмуш ўртоғим сал нарсага хафа бўлиб аразлаб оладию, кунлаб гаплашмай юради,- дейди бир дугонам.- Мен юрагимда йиғилган гапларимни айтиб-айтиб, енгиллаб оламан-да кек сақламай яна аввалгидек чиройли муомаламни қиламан. Улар арзимаган майда гап-сўзлардан фожеа ясаб, аразлаб юрадилар. Ҳайрон қоламан, эркак киши ҳам шунақа майдакаш, хотинфеъл бўлар экан-да. Шу феъллари сабаб эрим билан тил топишиш, келишиб яшаш муаммоларга сабаб бўляпти. Ўзлари мустақил қарор қабул қила олмайдилар. Бир иш бошлашдан аввал албатта қайнонамнинг этагига осиладилар. Ўғил болани бошидан мустақилликка ўргатиб тарбиялаш керак экан-да...
Мулоҳаза қилинса, она яккаҳокимлиги устувор бўлган хонадон ўғилларининг мустақил ҳаётга дадил одимлаши ҳам мушкул экан. Болалигидан она этагини қўйиб юбормай улғайган ўғил болаларда мардлик, журъатлилик кўринмайди. Уларда иккиланиш, каловланиш ота тарбиясини олган ўғил болаларга нисбатан икки карра кўпроқ бўлади.
Йигитда ғурур бўлмаса...
— Жияним бир қизни жуда қаттиқ яхши кўрарди. Нимадир бўлиб, бир жойда яхши кўрган қизини бошқа бир йигит билан гаплашиб турганини кўриб қолибди.- дейди бир аёл.- Шу-шу қиз билан оралари бузилиб кетди. Қиз вазият у ўйлагандек эмаслигини, шунчаки, курсдоши билан тўғри кўнгилда гаплашиб турганини айтиб минг узр сўрамасин, жияним узилган алоқаларни қайта боғламади. Ўзи қийналиб, озиб-тўзиб, сочлари тўкилиб кетса ҳам, қизнинг олдида мағрур қаддини эгиб, уни бошқа йигит билан гаплашиб турганини кечира олмади. Тўғриси, унинг қийналиб кетганига юрагим оғриган бўлса-да, ғурурига, мардлигига роса ҳавасим келди. Қанийди жиянимга ўхшаган мард йигитлар кўпайса...
Юқоридаги ҳолатни эшитиб энтикиб кетдим. Орамизда битта-иккита бўлса ҳам, шундай ориятли йигитларни учратиш мумкин экан. Аммо таассуфки, улар жуда озчиликни ташкил этади. Кўнгилдаги дард шундан.
Бир пайтлари қиз бола кўча-куйда бегона йигит билан шунчаки, у синфдоши бўладими, курсдошими, ёхуд бирор қариндошига тегишли бўладими, умуман қарама-қарши жинс вакили билан гаплашаётганини бирор йигит кўриб қолса, ўша қизга ҳеч ким яқин бормасди. Ҳозир эса тамоман акс ҳол: “юрадиган” йигити ташлаб кетган қизнинг атрофида камида беш-ўнта йигит парвона бўлади. “Бўш” қолганмиш. Жуда “танти”роғи уйланишдан ҳам тоймайди, баъзида. Кейин кўкрак кериб, ҳалиги қизни ташлаб кетган йигитнинг олдидан истеҳзо билан ўтиб кетишади: “Кўриб қўй, сеники бўлмаган қизга эришдим!..”
Э, воҳ... Ориятнинг ўлими — йигитликнинг ўлими-ку, биродар! Нега фарзандларимиз маънавий дунёсидаги бу хил саёзликдан ташвишга тушмаяпмиз? Кун келиб ҳолимизга маймунлар йиғлашидан нега чўчимаяпмиз?!..
“Ҳаммаси эркаклар учун!”
Элимизда ҳазиломуз бир ҳикмат бор: “Эркак киши маймундан сал фарқ қилса бўлди”. Чиндан ҳам эркак киши учун ҳусн, кўрк-чирой нимага керак? Эркакнинг виқори, салобати ва албатта меъёрида жаҳли бўлгани яхши-да. Аммо бугунга келиб бу ибора ҳам кучини йўқотиб боряпти. Ҳозир кийим-кечак савдоси билан шуғулланадиган тадбиркорлар ёппасига эркакларни гўзаллаштириш билан овора бўлиб қоляптилар. Қайси куни бозорга тушган жамоадошимиз фиғони фалак бўлиб қайтди:
— Тавба-ей, нима бало охирзамон яқин қолганга ўхшайди, шекилли?! Бозорнинг қай бурчакига кўзингиз тушмасин, ҳаммасида эркаклар кийим-кечаги! Қаерга борманг, қайси растани кузатманг, деярли етмиш фоизи эркаклар кийимини ташкил қилади. Эркаклар ҳам чиройли кийиниб, ўзларини бозорга солишни ўрганибдилар, чоғи.
— Ҳаммасидан ҳам тор, ёпишиб турадиган, белдан пастга илдириб қўядиган шимларни айтмайсизми?- дейди яна бир ҳамкасбимиз суҳбатга қўшилиб.- Шунақанги кийимларни кўрсам, энсам қотиб, жаҳлим чиқади. Интернет сайтларининг бирида ёзилишича, унақанги “нозик” шимлар европада жинсий томондан нуқсони бор “ҳалигидақа” йигитлар учун мўлжалланган экан. Бизда эса уларни “замонавий” йигитлар кияяпти. Бу кетишда Худо кўрсатмасин, бизда ҳам жинсини ўзгартиришни хоҳлаб қоладиган йигитлар пайдо бўлиб қоладиёв...
Ана шунақа, ҳар қандай улкан фожианинг асл ўзаги эътибордан четда қолган майда-чуйда иллатдан иборат, биродар. Атрофимизда ундай иллатлар озмунчани ташкил қилмайди. Биз эса ўзимиз билан ўзимиз оворамиз. “Демократия бўлса, хоҳлаганидек кияди, хоҳлаганидек юради-да. Бунга ортиқча ваҳимали тус беришнинг нима кераги бор” дейдиганлар ҳам топилиб қолади. Кечирасизу, сиз шундай ўйлаётган бўлсангиз, қаттиқ янглишибсиз! Либoс - миллaтнинг мaдaният бeлгиси, мaънaвият тимсoли, қaдриятнинг бир кўриниши. Либосга, кийимга эътиборсизлик, ёхуд кўр-кўрона аллақайси таг-туги номаълум халқнинг уст-бошига ҳавас билан кийиниш ҳам орият таназзулининг бир аломатидир.
“... Мен ғарибни битта ўп!”
Кейинги бир-икки ой ичида радио ва телеканалларда эл орасида анча обрў ва нуфузга эга бўлган машҳур ҳофизимизнинг таниқли шоирларимиздан бирининг қаламига мансуб сатрлар билан куйланувчи қўшиғи шлягерга айланди.
“Зир югурган ортингда
Шаҳзодалар жуда кўп.
Кел, ўшалар олдида
Мен ғарибни битта ўп!”
Ўзини ўзбек деб билган киши мисраларга эътибор берган заҳоти, ичидан ижирғаниб қўяди: “Қайси эркак ўзини ташлаб кетган маъшуқасидан марҳамат кутиб, боз устига йиғлаб ундан бўса тиланар экан?!”
— Шундоқ ҳам йигитлар бўш-баёвлашиб, латтага ўхшаб қоляпти,- дейди бир опахон қўшиқдан оғринганини гапира туриб,- шоиру ҳофизларнинг, эл назаридаги кишиларнинг халққа таъсири кучлироқ бўлади. Улар ёшларни мардликка, ҳар қандай ҳолатда ҳам ғурурни устун қўйишга чорлайдиган шеърлар ёзиши, куй-қўшиқлар куйлаши керак-ку! Эл назаридаги кишилар бундай сийқа муҳаббат тарғибидан хижолат тортишса бўларди...
Халқнинг маънавий дунёси энди шаклланиб бораётган қатлами -ёшлар ҳисобланади. Ёшлар эса асосан, санъаткорларга интилиб, улар кийган либосларга, улар томонидан ижро этиладиган қўшиқ ёки ролларга тақлид қилишни хуш кўришади. Санъат оламидаги юрдошларимиз масаланинг ана шу жиҳатини ҳисобга олган ҳолда ижодий фаолият билан шуғулланганлари маъқулмикан, деб ўйланиб қолади киши.
Оталарни нотавон кўрсатманг!
Юқоридаги тумтароқ, маънавий саёз тарғибларни кино-театр соҳасида ҳам деярли ҳар томошада учратиш мумкин. Элимизнинг севимли актрисалари ва актёрлари ҳеч тап тортмай оилада ота ўрни заифлигини, отанинг гапи сариқ чақалик аҳамиятга эга эмаслигини “тараннум” этишдан ҳали бери тўхташ ниятида эмасга ўхшайдилар.
Ўзбек халқида отанинг бир оғиз гапи ҳукм ўрнида янграб келган. Ота томонидан айтилган охирги сўз — ҳал қилув қарори ҳисобланган. Замонамизга келиб эса, фармонбардорлик тамоман она қўлига ўтиб қолди! Оиласида ота ўрни, ота ҳурмати бўлмаган ўғилдан эса орият ва ғурур кутиш ақлга сиғмайди. Афсуски, ундайларда журъат, бошлаган ишига шахдам қадамлар билан киришиш ҳам кўринмайди. Энг оғири — отаси нотавон йигитларга нисбатан ишонч билан ёндашиб бўлмайди. Ундайлар на ваъдага вафони ва на йигитлик лафзини биладилар. Башарти, оғир вазиятларга дуч келиб қолишса, ён-веридагиларни осонгина ташлаб, бехавотир йўлдан кетаверишади. Демак, ўзингиз мулоаҳаза қилаверинг биродар, бўш-баёв йигитлар ҳам қизларнинг ва ҳам жамиятнинг шўришидир!
Хотинча гап
Қайси куни бозорда айланиб юриб, икки тадбиркор дугонанинг гап-сўзи қулоғимга чалиниб қолди:
— Ўртоқ, пулингни икки ойда қилиб бераман, дегандинг. Учинчи ой кетяпти ҳам, ҳали-вери қайтарай демаяпсан. Буёқда мавсум ҳам бошланди, “оборот”га пул керак бўляпти,- деди биттаси. Иккинчиси хижолатлик билан:
— Шу опкелган молим ўтгани заҳоти сенинг пулингни қилиб бераман. Ўзи олдингда жуда хижолатли бўлиб турибман, айтган вақтимда қайтаролмаганим, ваъдамни бажармаганим учун кўзингга кўринишга ҳам уяламан,- деди.
— Қара-да, эркакка ўхшаб қоляпсан тобора! Бугун-эрта қилиб, ваъдангни чўзиб юрибсан. Эркак бўлма-да, ўртоқжон, хотинча гапни гапир менга!..
Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг бу қисқа суҳбатдан кулишни ҳам, куйишни ҳам билмай тош қотиб қолдим. Ҳурматли эркакларимиз шу ҳолга тушиб қолганларидан ҳеч ор қилармикинлар?! Орият, ғурур, мардликнинг бўғзига пичоқ тортилаётгани эркакларимиз ҳамиятларида жиндак бўлса ҳам оғриқ уйғотармикин? Қайсики юртнинг эркаги номардлик тўнини эгнига илмоқликдан ор қилмаса, қайсики юртнинг ўғли номуссизликни кулфат деб билмаса, ул ер маънавий таназзул қутқусидан афтода бўлиши аниқ. Ва яна шу аниқки, ОРсизликдан ор қилмайдиган эрларнинг ўз юриш-туришидан уялмаслиги, ғурури топталиб турганда индамай томошабин бўлиб туриши — маънавий қиёматнинг кўринишларидандир.
Отам, оғам, иним, жон-жигар, қондошим, юртдошимсиз, биродар, феълингиздаги бу шармисорликдан тезроқ халос бўлинг! Йўқса, биз бояқиш аёлларнинг шўримизга шўрва тўкилиши муқаррар!
“Ана ўша эркак эрур!”
Кишининг юриш-туриши, феъл-атвори, одобу ахлоқи унинг маънавий дунёсининг нечоғлиқ эканини кўрсатади. Йигитки аҳдига вафо қилмадими, номусини, шаънини ҳимоя қилмадими, орини, ғурурини нафсининг хоҳишига бой бердими демак, унинг маънавий дунёси ўпирилиб кетяпти экан. Бу ҳолга катталар — ота-она, маҳалла - куй, қариндош-уруғ, ўқитувчи-мураббийлар парво қилмаяптими демак, лоқайдлик оқибатида бу иллатлар фожиа келтириб чиқармаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.
“Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва энг заиф нуқтага айланади. Ва аксинча — қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафакукур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади”, дейди Президентимиз “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида. Эътиборли бўлинг, биродар, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида миллий маънавиятимиз, ўзлигимизга дахл қилгувчи ёт ғоялар биқиниб олмасидан, уларни ҳақиқий ўзбек фарзанди этиб тарбиялайлик.
Авар шоири Расул Ҳамзатов айтмоқчи:
... Кимки экан марду жасур
Элни дебон жонин узур,-
Ана ўша эркак эрур!
Кимки виждонни шоҳ билур,
Виждонсиздан ор қилур,-
Ана ўша эркак эрур!
Ўзбек элининг ўғлону йигитларини кўрганлар “Ана шу эркак эрур” деб ҳавас билан эътироф этишса, сизу бизнинг бахтимиз кулгани шу! Нима дедингиз?
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 645 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар