1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Хорижга чиқаётган аёл

 

Чет элда уни нима кутяпти?

Ҳозирги пайтда хорижга бориб ишлаб, мўмай даромад топиш, шоҳона ҳаётга етишиш илинжида четга чиқиб кетаётганлар ҳақида эшитиб, кўриб ўрганиб қолдик. Аксариятимиз уларга ҳавас кўзи билан ҳам қараймиз. Ҳатто қиз узатаётган ота-оналар бўлажак куёвнинг хорижда ишлаб келгани ҳақида фахр билан гапирадиган,  чет элда ишлаётган  ота ё онанинг  қизини келин қилаётганидан ғурурланиши ҳам ҳаммамиз учун оддий ҳолга айланди. Майли, булар ўз йўлигаю кўнгилдаги оғриқ бошқа нарсадан.  Хориждан ризқ истаб кетиш эркаклар қолиб, аёллар орасида ҳам роса урфга кирди. Бу иллат ортида эса не-не юзқароликлар содир бўляптиким, иймонли, миллат, юрт келажаги ташвиши билан яшайдиган  инсонни ўйга толдиради. Балким, иллат деб атаганимиз кимлар учундир ортиқча ваҳима, бўртирришга ўхшаб кўринган бўлиши мумкин, аммо таассуфки, бу айни кунимизнинг аччиқ ҳақиқатларидан бири.

Аслида ҳаммаси кундек равшан

Оммавий ахборот воситалари, турли ўқув муассасалар ва ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқ- тартибот соҳаси ходимлари томонидан одам савдоси ва унинг домига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлиш, мўмай даромад топиш васвасасида  дуч келган одамга ишониб кетмаслик борасида қатор тарғибот-ташвиқот  ишлари олиб борилаётганига қарамай, кўзига моддиюндан бошқаси кўринмаётган  айрим шахсларнинг алданиб қолаётгани юракни ғаш қилади. Айримлари эса нималар билан хорижда машғул бўлишни жуда яхши билган ҳолда, юртдан чиқиб кетишади. Айниқса, ўз қадрни билмайдиган, мол –дунё йўлида иймону диёнати тугул, шаъни, обрўсини-да қурбон қилишдан ор қилмайдиган айрим аёл (уларни аёл дейишга ҳам тилинг бормайди!)ларнинг хориждаги қилмишлари ҳақида эшитиб шармисорлик юкидан бош кўтаролмай қолади киши.
—    Айни пайтда Россия Федерациясидаман, иш важидан шу  ерларда мусофирчилик таъмини татишга мажбур бўлганман, - дейди онлайнда биз билан суҳбатга киришган, исм-фамилиясини сир тутишимизни илтимос қилган юртдошимиз.- Бизку эркак кишимиз,  ишлаб пул топишимиз, рўзғорни таъминлашимиз керак, лекин бу ерларда юрган аёлларнинг қилмишлари, ўзини тутиши ўзини ўзбек ҳисоблаган ҳар бир эркакнинг ҳамиятини оғритади.  Авваллари эридан ажрашган  аёлларга Россия давлати “паноҳ” бўлган бўлса, ҳозирга келиб ориятини хотини топган пулга қўшиб еб юборган даюс эрлар ҳисобига оилали аёллар ҳам бу ерда ишлаб, пул топишни шараф биляптилар. Аммо шуни айтишим керакки, бу ерда ишлаб юрган аёлларнинг жуда камдан ками покиза! Биз Россияда ишлаб юрган ўзбек эркаклари юртимиздан пул топиш илинжида келган аёлларни кўриб юрибмиз... Афсус, уларнинг аҳволи жуда аянчли. Айримларининг хору зор бўлиб юришибди, лекин билмадим, эрта бир кун юртга қайтишса, қайси юз билан қавм-қариндошлари, оилалари, қўйингки юртдошлари кўзига қарашаркан... Майли, бу ҳақида гапирсам гап кўп. Кимларнингдир юрагига ваҳима  солишни  истамайман...

Қўрғонини асрамаса эркак...

Қаердадир ривоятгами, ҳикоятгами ўхшаган бир нима ўқигандим. Эмишки, қайсидир подшоҳ бирор юртни босиб олмоқчи бўлса, аввал ўша юртга айғоқчиларини юбориб, юртнинг аёллари аҳволотини ўрганиб келишни топшираркан. Айғоқчилар хожасига “Шунча пайт юриб у юртнинг аёлларига кўзимиз тушмади, эрлари аҳи аёлини ҳаммадан қизғонаркан. Ҳатто қудуқдан сув олгани ташқи ҳовлига чиқаришмас экан” дейишса, шаҳаншоҳ кўз остига олган юртининг истило этиш ниятдан воз кечаркан. Аксинча, айғоқчилар “Юрт аёлларининг аҳволоти хароб, улар эркаклар билан баб –баравар ҳар қандай оғир ишларни бажаришади, эрлар аёлини қизғонмайди, оға-инилар ожиза жигарининг шаънига бефарқ” дейишса, “Бўлди, у юртни ҳеч қандай талофатсиз қўлга киритамиз” дер экан подшоҳ.  Ҳикоятдаги мазмун лўнда:  Аёллари ҳимоясиз қолган қолган юрт ҳимояга муҳтож бўлади.  Эркаклари аёлларини номус, шаън ва ор деб билмаган юртни истило қилиш жуда ҳам осон. Энди ўзингиз ўйланг тобора юҳо янглиғ юртимизга “бостириб” кираётган “оммавий маданият”  истилосидан азият чекаётганимизни айтиб тинмаймиз. Аммо муҳтарам эркакларимиз, оға-иниларимиз аҳли аёлларини, нозик жинс вакилаларини  ғарбона ғариблик ва шармандаликдан пана қилиш ҳақида қачон жиддий ўйлайдилар? Ахир, хорижга иш излаб бораётган ўша аёлларнинг отаси, ака-укаси, эри,  жилла қурганда тоғаси ё амакиси бордир! Белида белбоғи бор эркак ўзига яқин бўлган аёлнинг четга нон излаб бораётганини эшитиб-кўриб “барака топкур, сенга хорижда нима бор? Шу йўлкирага сарфлаётган пулингга мол қилсанг тўртта товуқ, қўй-қўзи қилсанг, шу ерда ҳам ризқингни топасан” демайди? Нега четга ишлагани кетаётган аёл яқинининг қароридан хижолат чекиш ўрнига, қайтанга фахр туйишади?
—    Бир куни қишлоғимиз кўчасини оралаб дўконга кетаётсам, уч тўрт эркак гаплашиб туришган экан,- дейди бухоролик муштарийимиз Шоҳида Салимова.- Бир ҳамқишлоқ эркак уялмай-нетмай, “Кўчада доллар курси қанча бўлибди, хабарингиз йўқми? Қизим ишлаб келган долларлардан бир нечтасини майдалаб, уйга уста ишлатмоқчи эдим” деб қолди. Ҳалиги отадан нафратланиб кетдим, тўғриси. Қизининг хориждан доллар ишлаб келганини маҳалланинг эркакларига мақтанаётган отани ким деб аташни ҳам билмай қолдим. Ваҳоланки, ота доллар ишлаб келганини оғиз кўпиртириб мақтаётган қиз икки фарзандли бўлишига қарамай арзимаган баҳона билан оиласидан ажрашиб, икки ўғлини эрига ташлаб ота уйига қайтганди. Ҳеч қанча вақт ўтмай қишлоқда эрдан чиқиб келган қизнинг Россияга кетгани ҳақида гап-сўз тарқалди. Орадан икки йилга яқин муддат ўтиб эса, қиз бир дунё долларлар билан бирга... қорнини қаппайтириб юртга қайтди!..
Оталарнинг аҳволи шу бўлганидан кейин, бошқалардан нимани ҳам кутиш мумкин?! Қўрғонини, аёлини асролмаган юрт эркаклари қачон ўзларига кўзгу тутиб, афтода ангорларига қарашар экан?..

Аёллар нега хорижга  чиқяпти?

Биз хорижда ишлаб юрган аёлларни суҳбатга тортиш мақсадида интернет сайтларида онлайн сўров ўтказдик.
“... Турмушим бўлмади. Икки бола билан отамникига қайтдим. Уйда уйланган укаларим, уларнинг хотини, болалари бор. Чиққан қиз чиғириқдан нари, дейишади. Ҳозирги шаротида ким ўзидан ортириб бировга ёрдам бера олади? Болаларимнинг айби нима? Отаси номардлик қилиб, бошқага уйланиб олди. Берадиган алиментига қуш тўймайди. Мен ҳам ўзимга тегишли бошпанам бўлиши, болаларим кемтик дил билан ўксиниб юрмаслигини истайман. Шунинг учун ҳам шу ерларда мусофирчилик азобини чекиб юрибман. Бизга ҳам осон эмас...”
“Мен турмушга чиқмаганман. Ҳозир қизларни узатишга миллонлаб пул сарфланяпти, асл, қиммат баҳо сарполар қилиняпти. Оиламиз ночорроқ,  дадам вафот этганлар. Бир ойимнинг ўзлари нимани ҳам эплардилар? Бунинг устига уларнинг ҳам соғликлари яхши эмас. Менга ҳам ҳавас эмас, шу ерларда ишлаб юриш. Аммо ҳаётда ҳамиша ҳам ўзимиз истаган нарсалар бўлавермайди...”
Шунга ўхшаш жавобларнинг бари аёлларнинг иқтисодий қийинчилик сабабли хорижий давлатларда ишлаётганларига ишора қилинади. Бироқ дунёда моддият билан белгиланмайдиган кўп нарсалар ҳам бор. Бойлик, молу давлат бахт берганида эди, Фираъвндан бахтли одам бўлмасди. Ваҳоланки, уни бойлиги билан ҳатто ер ҳам бағрига тортишдан ҳазар қилган.
—    Бозорда савдо қилардим, бир неча минг сўмлик товарларимни ўғри уриб, катта пулга тушиб қолдим. Тижоратни юргизиш учун одамлардан қарз кўтаргандим. Қарзларимни қайтариш учун оиламизда имкон йўқ эди, -дейди исмини ошкор этишни истамаган водийлик мухлисамиз.- Икки акам Россияда ишлашарди, хуллас ўшаларни қора тортиб мен ҳам Россияга кетдим. Акаларим иш топиб беришди. Бадавлат оиланинг боласига энагалик қилиш билан бирга, хонадон аҳлининг ошпази ҳам эдим. Олти ойда қарзларимдан қутулдим. Кейин ҳар ойда оладиган яхшигина пулдан айрилгим келмади. Ишқилиб, уларнинг боласи мактаб ёшига етиб, энагага эҳтиёж қолмаганидан сўнг юртга қайтдим. Ёшим ўттизга бориб қолди. Ҳалигача турмушга чиқишга улгурмадим. Мени сўраб келадиган совчилар узоқ-яқин, қўни-қўшнилардан Россияда ишлаб келганимни эшитиб секингина ортига қайтишади. Аслида мен у ёқларда бирор ножўя иш қилмаганман, беўхшов қадам ташламаганман...
Хорижда ишлаб пул топиб, юртга қайтгач қадр топмаётган қизу аёллар анчани ташкил қилади. Анча аввал таҳририятга бир аёл мактуб ёзиб, бир неча йил хорижда ишлаб, эрига пул жўнатиб турганини, эри у юборган пулларга уйлар қуриб, машина олиб, ҳатто уйланиб олганини, аёл хориждан қайтса, эри дарров ажралишга ариза ташлаб, “мен уёқларда нималар қилиб юрганинг Худога аён, мен хиёнаткор хотинни қайта қабул қилмайман, болаларда ҳам сенинг ҳаққинг йўқ” деб эшикдан киргизмаганини изтироб билан гапирган эди.

Ундайларни Худо урган!

Айрим аёллар эса, турмуш ўртоғини четга ишлагани юбориб, бу ёқларда ўзлари кўнгли тусаган ишни қилиб юришибди. Бундайлар ҳақида Пайғамбар (с а в) шундай марҳамат қиладилар: «Уч хил ёмон сифат бордирки, улар (маънавий) фақирликдандир. Буларнинг бири ёмон хотиндирким, бирга бўлсанг, озор беради, йўқ бўлсанг, хиёнат қилади».
—    Йўловчи  “Дамас” маршрутга  чиқсам, орқа ўриндиқда ўтирган икки аёл бепарда гап-сўзлар билан кулишиб келяпти экан,- дейди бир таниш эркак.- Гарчи уларнинг гап сўзи қулоғимга  ёқмаса-да, орқамда ўтиришгани учун шундоққина оқизмай-томизмай эшитишга мажбур бўляпман. Бир пайт юз-кўзи ўқувчи боланинг расм дафтаридек ҳар хил рангларга бўяб ташлаган аёл баралла товушда “Яқинда эрим Россияга ишлагани кетади. Кейин буёғи бемалолчилик...” деса борми?!.. Ишқилиб шундай хотиндан Худо асрасин-да. Ҳозир бунақалар жуда кўпайиб кетган. Эр турмуш, оила, бола-чақани деб, уч-тўрт сўм топгани бегона тупроқларда мусофирлик азобини чеки юрибди, хотин деган нусха бўлса ҳушига келган ишдан ўзини тиймаяпти...
Афсуски, ҳозир дўстимиз учратган аёлларга ўхшаган тийиқсизлар ҳам анча кўпайган. Ундайларни Худо уриб қўйган. Айримларининг хиёнатини кўриб- билиб туриб на ўзининг яқинлари, на эрининг қариндош уруғи инсофга чақиради.  Баъзилари эса, “эрим ҳам уёқларда тек юрмагандир” деб ўзининг шармисорлигини оқлашга уринади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Нопок аёллар нопок эрлар учундир (яъни, лойиқдир), нопок эрлар нопок аёллар учундир. Покиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир» («Нур» сураси, 26-оят).

Келиннинг  “жиян” жазмани

Шундай оилани биламан. Оила бошлиғи Россияда. Тўнғич фарзанд ўн уч ёшда. Иккинчиси саккиз ёш. Аёл иккинчи фарзанди оғриб қолиб, боласи билан касалхонага  тушади. У ерда  ўн тўққиз яшар бир йигит билан танишиб “опа-ука” тутинишади.  Улар шунчалик  “қадрдон” бўлиб қолишадики ҳалиги “ука”  ҳатто аёлнинг уйига келиб, бемалол тунаб ҳам қоларди. Келин қайнона-қайнота, қайинбўйинларга тутинган “ука”ни “жияним” деб таништиради. (Қизиқ, ўн тўрт йил келиннинг қариндош-уруғларини билиш учун етарли эмасми?!) Хулласи калом, бу “ташриф”лар самараси ўлароқ аёл қиз фарзандли бўлди. Боя айтганидек, эр жонивор Россияда. Маҳалладошлар, қўни –қўшни бу ҳолатни, “Эр Россияда бўлгани билан, хотин билан “жиян” шу ердаку” деб қайсидир қизиқчининг тийиқсиз ҳазили билан изоҳлашади...

Холис Аллоҳ учун айтилганда

давримизга келиб вафо, садоқат, андиша, ҳаё, ғурур  каби туйғуларларнинг оҳори қолмади, гўё. Нима ҳам дердик, аёлдир, эркакдир инсофни ҳар кимнинг ўзига берсин. Аллоҳ ҳеч бир бандасини иймону диёнатдан айро этиб, шайтоннинг ҳийласига мафтун этмасин.  Зеро,  юқорида тилга олинган туйғуларсиз одамзод ҳайвондан ҳам фарқланмай қолади...

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 136 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ