1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳавойи ҳислар “тантана”си ёхуд ахлоқсизлар байрами

 

Башарият пайдо бўлибдики, “муҳаббат” деган атама ҳам мавжуд. Балки инсон яралишидан олдин Тангри таоло муҳаббатни мавжуд этиб қўйгандир?.. Негаки севги, муҳаббат илоҳий куч, илоҳий неъмат. Қалби муҳаббат зиёсидан мунаввар инсоннинг қўлидан ёмонликлар келмайди. Бир сўз билан айтганда

Муҳаббат — эзгулик

деганидир. Афсуслар бўлсинки, бугун замонамиз айрим ёшларининг муҳаббатга енгил-елпи қарашлари оқибатида бу туйғунинг ҳам оҳорига гард қўниб, сийқаланиб қолгандек.
“Муҳаббатсиз одам одам эмасдур
Гар одамсен, муҳаббат ихтиёр эт...” деб ишқ-муҳаббатнинг тажаллисини вафою садоқатда билган Нодирабегим авлодлари бўлмиш бугунги кун ўзбек қизларининг севги ниқобидаги қилиқларини кўриб хижолат тортасиз.
—    Тушлик пайтида пайнетга ўтиб қўл телефонимга пул ташлаб қайтаётгандим,- дейди Сурайё исмли қиз.- Кутилмаганда юзимга тарсаки келиб тушди. Нима бўлганини англолмай, қаршимдаги қизга анграйиб қарасам, яна бир шапалоқ тортди-да:
—    Нега мени йигитим билан гаплашиб келяпсан?- деб шанғиллаганча мени оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан кўчада, ҳатто ўткинчи одамлардан ҳаё қилмай ҳақоратлай бошлади. Шу пайт қайдандир бир йигит келиб қизни дўппослаб, мендан узр сўраб ҳалиги қизни судраб аллақаерга олиб кетди. Салдан кейин ўзимга келиб воқеани таҳлил қилдим. Пайнетдан чиқиб келаётганимда йўлнинг нариги бетида бир йигит ҳам келаётганди. Қулоғимда наушник билан гаплашиб келаётганимни кўриб ҳалиги “йигитим билан гаплашяпти” деб ўйлаган. Ҳозирги қизлардан бундан ҳам баттарини кутса бўлади...

Қизлар нега беқадр?

Тўғри, ҳозир айрим қизларнинг юриш-туриши, аллақандай ҳою ҳавасни “муҳаббат”  деб оҳу нола чекиши деярли ҳеч кимни ҳайратлантирмай қўйди. Севги-муҳаббат деганда ёшлар қўл ушлашиб, пана-паналарда (айрим бети қаттиқлари ҳаттоки жамоат жойларида ҳам) бир-бирининг пинжига тиқилганча беҳаё қилиқларни қилиб, бир-бирига суйкалиб юришни тушунадиган бўлишди.
—    Ишхонамиз хиёбон яқинида жойлашган,- дейди бир ҳамкасбимиз. –Ишдан чиққанимизда ёш йигит-қизлар қучоқлашиб, ҳеч кимдан уялмай, тортинмай бир-бирига суйкалиб юрган бўлишади. “Севги йўқ”, “Муҳаббат бўлмаган нарса” деган иддаоларни ана ўшанақа қадрини арзон сотган қизлар, истаган қизини қўлида эрмак қилолган йигитлар гапиради. Ҳали кўнгилда уйғониб улгурмаган муҳаббат туйғуси эҳтирос алангасида куйиб жизғинак бўлса, севгининг ўлиши, муҳаббатнинг жанозаси шу эмасми?..
Ҳамкасбимизнинг мулоҳазаларида жон бор. Инсон муҳаббатсиз яшай олмайди. Бу ҳаётда ўз исботини топган ҳақиқиқат. Аммо муҳаббат дегани пана-паналарда ўз ихтиёрини йигитга топишириш,  ҳадеганда ўйноқлаб кетадиган енгил табиат қизни у кўчадан бу кўчага етаклаш дегани ҳам эмас. Муҳаббат – вафо, садоқат дегани. Бундай фазилатлардан айро кимса эса хиёнаткор, беҳаё ҳисобланади. Таассуфки, “ўлдим-куйдим” деб “оҳ-воҳ” қилиб юрган ёшларимиз орасида вафо ва садоқат тушунчаларини эскилик сарқити, маданиятсизлик деб тушунадиганлар кўпайиб қолди.
Ёши улуғ онахонларимиздан бири билан суҳбатлашганимизда улар “ёш қизчаларнинг сирлилиги йўқолмоқда. Устидаги кийим боши каби феъл-атворидаги қусурлар ҳам очиқ. Афсуски бундай қизлар келажакда қадри паст, қиймати арзон келин бўладилар” деб куйингандилар. Чиндан ҳам, никоҳ тўйларининг дабдаба-асъаса билан ўтказилиши, куёв томоннинг келин томонга беписандлик билан ўзини осмондан олиб қараши, қиз томонга худди солиқ солгандек сарпо-суруққа кўз тикиб туриши каби ўнғайсиз ҳолатларнинг асл моҳиятини ўзини беқадр қилаётган қизларнинг қилмишлари эвазига келаётган “мукофот”микан деган мулоҳазага боради киши.
— Қизларни ким беқадр қиларди, ўзлари қилишади-да,- дегандилар устоз ҳамкасбларимиздан бири.-Ҳали учрашиб юрадиган йигитини телефонига пул тушириб қўйиб, ҳали кечаси билан пичирлашиб йигитларнинг эрмагига айланган қизда қадр-қиймат қайда бўлсин?!..

“Севишганлар куни” - замонавий ахлоқсизлик!..ми?

—    Яқинда “севишганлар куни” бўлади. Ҳатто йигитимиз ҳам йўқ...
Автобусда кетаётган бир қизнинг ёнидаги дугонасига гапирган гапи эди бу. Бу шармисорона ўкинч қулоғимга чалинган томонга қарадим. Ўн тўққиз- йигирма ёшли қизларнинг юз-кўзига қарайман. Кўзларини лўқ қилиб “нима гапинг бор?” дегандай юзингизга тикилиб туришибди. Кўзлари олма-кесак теради. Шўрликларнинг йигити йўқ эмиш. “Севишганлар куни”да ёлғиз қолармиш... Кўринишидан қизлар олий таълим даргоҳи ёки коллежда таҳсил оладиган талабаларга ўхшайди. Ана сизга бугунги кун замонавий ўзбек қизининг қиёфаси... Шундайларга “Севишганлар куни” ўзи қандай байрам? У нима учун нишонланади?” деб сўрасангиз тап тортмай “ Севишган йигит-қизларнинг байрами” деб жавоб беришади. Ҳамма ҳам бу куннинг моҳияти, миллий қадриятларимиз ва ўзбекона одоб-андишамизга нечоғли тўғри келиш-келмаслиги билан қизиқавермайди. Аслида “Севишганлар куни” деб аталган

“Байрам”нинг тарихи

Бундан 17 аср муқаддам, Қадимги Римда буптарастлик расмий дин бўлган замонларга бориб тақалади. Ўша кезларда  "Севги байрами" деган байрам бўлган.- дейилади манбааларда. - Бу – бутпарастларнинг наздида ўз маъбудларига нисбатан "руҳий муҳаббат" изҳори саналган. Бу байрамнинг келиб чиқиши билан боғлиқ бир неча афсоналар мавжуд бўлиб, кейинги насоро тадқиқотчилари тарафидан уларнинг воқеликда содир бўлганлигини улкан шубҳа остига олинган.
Ёшлар орасида бу мантиқсиз “байрам”  “Valentin’s day” — “Валентин куни” номи билан ҳам машҳур. Ҳақли савол туғилади Валентин ким ва унинг бу кунга қандай алоқаси бор? Яна манбааларга мурожаат этамиз: “...Авлиё Валентин – Насроний черкови томонидан шаҳид деб тан олинган икки насроний авлиёнинг исмидир. – деб кўрсатилади интернет нашрларининг бирида чоп этилган  “Авлиё Валентин ким бўлган?” деб номланмиш мақолада.- Ривоятларга кўра, авлиё Валентин милоддан аввалги 296 йилда Рим императори Клавдий II томонидан қатл қилинган. 350 йилда эса у қатл этилган жойнинг ўрнида унинг хотирасига бағишлаб черков қурилган. Римликлар насронийликни қабул қилгач, Севишганлар байрамини нишонлашда давом этдилар. Бироқ, байрам ҳақидаги мажусий қарашларни насроний ақидаларга алмаштирдилар. Насроний эътиқодига кўра, авлиё Валентин тинчлик ва севгига даъват қилган ва шу сабаб қатл қилинган. Шундан буён ушбу мажусий байрами Севишганлар байрами деб аталган, авлиё Валентиннинг ўзи эса севишганларга ҳомийлик қилувчи авлиё деб ҳурматланган.
Ўша пайтдаги мажусий ақидаларга кўра, никоҳ ёшига етган қизлар исмларини қоғозга ёзиб, бир қутичага солишар, уйланмоқчи бўлиб юрган йигитлар эса қутичадаги қоғозлардан бирини тортишар экан. Шу кундан бошлаб йигит қоғозга исми ёзилган қизнинг хизматкорига айланиб, кейинги байрамгача бир йил мобайнида шу қизнинг юмушларини бажариб юрар экан. Бир йил ўтгач, улар ё оила қуришган, ёки яна қутичага мурожаат қилишган. Насроний черкови пешволари бу анъана ёшларнинг аҳлоқига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб топиб, унга қарши чиққан. Хусусан, Италияда бу байрам ман қилиб қўйилган, чунки у айнан Италияда жуда кенг нишонланган. Авлиё Валентин куни Италияда 18-19-асрларга келибгина қайта тикланган. Ўша пайтлардан бошлаб ғарб мамлакатларида «Валентин китоблари» - ишқий шеърлар ёзилган китобчалар сотила бошлаган. Бундай китобларда севги изҳор қилиш ҳақида маслаҳатлар ҳам бўлган. Севишганлар ишқий мактублар ёзишда шу китобдан фойдаланишган...”
Демак, ушбу “байрам”нинг ҳеч қандай диний маъноси ва асоси йўқ экан. Авлиё Валентин деганининг бизга, ўзбек ёшларига ҳеч қандай кераги бўлмаганидан кейин унга тегишли кунни байрам қилишдан не маъно?  Байрам қилмоқчи бўлсак, таваллуди тантана қилишга арзирли, нафақат бир кун, балки ҳар куни, ҳар дам эсланишга, ҳаёт йўлидан ибрат олишга арзигулик буюкларимиз кўп-ку!
—    Энг  ачинарлиси ҳар йилнинг 14 февралида гуллар, ширинлик, купидон ва бошқа совғабоп ашёларни кўтариб олган ёшларга микрафон тутиб “14 феврал қандай сана” деб сўралганда, жавоб берганларнинг 90 фоизи “Севишганлар куни” деганлар бўлди!- дейди телевидениеда ишлайдиган ҳамкасбим оғриниб.- Бундан ҳам оғири ҳатто қизлар ҳам тиржайган куйи шу жавобни беришади. Бу санада давлат ва жамоат арбоби, шоҳ ва шоир, саркарда бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларинининг таваллуд куни нишонланишини кўпчилик ёшлар билмайди ёки бу тарихий сана аллақандай беҳаёлик байрами соясида қолиб кетибдими, деб куйинаман...
Бу оғриқли ўйлар ўзини ўзбек миллатига мансуб деб билган ҳар бир кишининг дилини тирнаб ўтиши аниқ. Шукрки, Ҳукуматимиз ва бир гуруҳ зиёлилар ташаббуси билан ҳар йили 14 феврал санаси юртимизда “Адабиёт байрами” сифатида кенг тантана қилинадиган бўлди. Ўтган йили мазкур санада айрим маънавий саводсиз ва дидсиз хонандаларнинг “Севишганлар куни”га бағишланган концерт дастурлари бекор қилинди, гапираётган гапининг маъносига ўзи ҳам тушунмайдиган радиобошловчилар ишлайдиган хусусий радиоларда “Севишганлар куни” деган жумлани ишлатиб уззуккун ошиқ-маъшуқларнинг бир-бирига йўллаган табрикларини ўқиб эшшиттириш тақиқланди. Умуман бу борада кенг тазда олиб борилаётган ишлар самара бераётгани яхши албатта. Аммо ҳали ҳануз айрим ёшлар “Севишганлар куни”ни байрам қилиш каби ахлоқсизликдан воз кечолмаётгани ғашингизни келтиради.
—    Сиз ёшларни гапирасиз, мен ишлайдиган мактабда кап-катта 35-40 ёшлардаги ҳамкасбларим ҳам уялмай бу кунни орзиқиб кутишади ва эри билан хиёбонларга айлангани чиқиб, кино-концертларга тушишади, бир-бирига гул ва шоколад билан совға-саломлар қилишади,- дейди шаҳримиз мактабларининг бирида ишлайдиган ўқитувчи дугонам аччиқ истеҳзо билан.
Нима ҳам дердик, таълим-тарбия соҳа вакилларинингки фаҳм-фаросати лойқаю бўтана бўлганидан кейин бошқалардан яна нима кутиш керак?!..

Демоқчи бўлганимиз

Муҳаббатга аталган кун бўлмайди. Муҳаббатнинг ҳар куни байрам. Зеро, ҳар куни кўнглимизга яқин, бизга қадрдон, жонимизга жондош инсонларни кўришнинг ўзи, уларга “Сизни яхши кўраман” дейишнинг ўзи тантана эмасми? Яқинларимизнинг қувончини кўриш ҳар қандай шодиёна, байрамдан ҳам аъло эмасми? Меҳрибонларимизга биз учун қадрли эканликларини амалда кўрсатиб, кўнгилларни қувонтириш энг чиройли байрам эмасми? Шундай экан, ҳар сония, ҳар онни байрам қилайлик, азизлар...

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 264 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ