1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Соғ бўлайлик!

Ачинарли бўлса ҳам битта воқеани айтиб бераман. Бир киши Маккаи мукаррамага бориб келгани муносабати билан маҳалладошларини зиёфатга чақирди. Меҳмонлар дастурхон атрофига ўтирган эдилар ҳамки, пахта гуллик чойнакларда Судия Арабистонидан келтирилган зам-зам сувлари тарқатилди. Ҳаммага етсин деган мақсадда пиёлаларга ярим-ярим қилиб қуйилган сувни қўлига олар экан, тўрда ўтирган маҳалла чолларидан бири, ўз қулоқларим билан эшитганман, «Укам, қандоқ бўларкин, хали бироз эрта эмасми?» деди.

Бугун қаерга борманг, агар мусулмонлигингизни аввалдан айтиб қўймасангиз, дастурхонга албатта ароқ ёки бошқа бир ичимлик тортилади. Мусулмонлигингизни айтган такдирингизда ҳам, нари борса сизга узатишмайди, ёки, жуда қаттиқ турсангиз, сиздан беркитиб ичишади. Бу шунчалик оммалашиб кетганидан, тўйларда ароқнинг пахта гуллик чойнакларда тортилиши «тақво» деб эътироф этила бошланди, ошқозонини даволаётган одам агар тўғри маънода чой ўрнига чойнакда «шунчаки иссиқ сув» сўраса, ҳатто «Ҳалол таомлар» деб ёзилган ошхона ходимлари ҳам жилмайиб ўша «сув"нинг «совуғи»ни келтириб беришга ўрганиб қолишди. Шу даражага бордикки, замонавий ўзбек тилида «ичиш» сўзи тўлалигича фақат ўша маънода ишлатиладиган бўлиб кетди.
Ичишни биз руслардан ўрганганмиз. Русларда бу азалий касаллик, Ҳатто ислом элчилари ҳам Қадимги Рус ўлкаларига дин таклифи билан боришганида, «Агар ароқ ичиш мумкин бўлса, динингизни ҳозироқ қабул қиламиз!», деган жавобни эшитишган. Улар учун бу - чиндан ҳам катта муаммо. Аммо руслардан ажраганимизга 20 йил бўлибди ҳамки, ёзувимизни бошқача, пулимизни бошқача, байроғимизни бошқача қилганимизга қарамай, маданиятимизни бошқача қилиб ололмаяпмиз.
Оддий мисол - ҳар йили янги йил нишонланиши. Йўқ, ҳозир янги йил ҳақида гапирмайман, хали мавриди эмас. Ҳозир янги йилда одатга айланган бошқа бир нарса - «Тақдир ҳазили ёки қушдек енгил бўлинг!» фильмини эслатмоқчиман. Собиқ иттифоқ даврида кетма-кет 28 йил (!) ҳар янги йил оқшомида эфирга узатилган кинонинг қисқача мазмуни ҳаммамизга яхши маълум, ҳатто мустақилликдан кейин туғилган укаларимиз ҳам билишади буни - бир киши дўстлари билан янги йил арафасида ҳаммомга боради, ўша ерда ўлгунича ичиб, бошқа шаҳарга кетиб қолади, натижада... бахтли бўлади. Эслаб кўринг-чи, ўша бахтга эришган бош қаҳрамон ким эди? Топдингиз, врач! Ичирган дўстлари-чи? Ўқитувчилар! Мана сизга ПРОПОГАНДА.
Рус профессори бор - Жданов деган. Унинг тахминига кўра ароқхўрлик «оммавий қирғин қуроли» бўлиб, ер шари аҳолисини камайтириш мақсадида «жаҳон ҳукумати» деб аталувчи яширин ташкилот томонидан атайин модага айлантирилган, чунки спиртли ичимликлар бизнеси катта фойда келтиришдан ташқари, хушёрликдан айрилган халқни бошқаришни осонлаштиради. «Ароқни узунлиги дунё бўйлаб тарқалган тоғорадаги ювиндига ўхшатиш мумкин. Кимлар ичмаяпти дейсиз бу ювиндини? Тоғора атрофида байрам кунлари чиройли рюмкаларида ўз улушини олаётган зиёлилар ҳам, оддий стаканларда нафсини қондираётган қора халқ ҳам, пақирлаб ичаётган алкашлар ҳам, тоғоранинг ичига ағдарилиб тушган чўчқа сифат махлуқлар ҳам тиқилиб ётибди. Биз кимнидир даволаб, тоғоранинг олдидан тортиб олишимиз билан, бўшаган ўринни орқада турган ёшлар эгаллашмоқда. Нима қилсак бўларкин бу лаънати тоғорани?» деб ёзади профессор Жданов. Бемаъни гап, деймиз-ку, лекин ўзимизнинг дўконларимизда ҳам 0,5 литрлик маҳаллий пивонинг нархи худди шу хажмдаги минерал сувидан арзонлигини кўриб ўйланиб қоламиз, шунча рекламаси билан жимжимадор пиво турса-ю, ёшлар чанқов босдига ҚИММАТРОҚ минерал сувини оладими? Бекорларнинг бештаси!
100 грамм ароқни истеъмол қилиш инсон танасидаги 8 мингта ҳужайра катакчаларининг ўлимига сабаб бўлади, дейишади шифкорлар. Бу катакчалар асосан жинсий аъзолар ва мия атрофи-да экани хақида фикр юритадиган бўлсак, чиндан ҳам манқуртликнинг янгича кўринишига гувоҳ бўламиз.
Давлатга барибир соғлом халқ керак. Ҳозир Андропов даври эмаски, арзон ароқ ишлаб чиқарилиб, Марказий Осиё давлатларидан уни сотиш бўйича йиллик план талаб қилинаётган бўлса. Ҳозир ғарб бешикдан кўра кўпроқ тобутни кўришга ўрганиб қолгани ва ўз вақтида алкоголизмнинг олди олинмаганини бунга асосий сабаб деб билгани учун, энди нима қилиб бўлса ҳам ёшларни омон сақлашга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун улар ароқнинг нархини кўтариш, савдосини чегаралаш каби анъанавий усуллардан ташқари ҳатто исломий ёндошув - ароқни бутунлай таъқиқлаш даражасига ҳам боришга тайёр. Айни вақтда Европанинг ҳамма мамлакатларида спиртли ичимликларнинг жуда қимматлиги, жаҳоннинг 41 мамлакатида эса уларнинг савдоси бутунлай таъқиқлангани бунга мисол бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида кучга кирадиган янги қонунига кўра, спиртли ичимликлар савдосида маълум чекловлар кучга киритилиши кўзда тутилмоқда. Жумладан, озиқ-овқат дўконларида уларнинг савдоси таъқиқланиши, нархларнинг қайтадан кўриб чиқилиши, албатта, қувонарли янгилик. Аммо аёлларнинг хос йиғинларида ичкиликдан сақланайлик деб, ўрнига вино ва шампанский тортилаётгани, ҳижолат бўлишмасин деб, ўша ичимликни қуйиб бериш учун мезбон аёлнинг эри овора экани давом этаверса, бу балолардан барибир қутила олмаймиз. Ўзи шундоқ ҳам мамлакатимизда туғилиш камайиб бормоқда. Келинг, ҳеч бўлмаса, шу – кам туғилаётган болаларимиз соғлом ўсишсин! Мен жисмоний соғломликни назарда тутаётганим йўқ, у ўз йўлига! Мен ақлий соғломликни назарда тутаяпман - пиёлада узатилган сувни кўриб бирданига ароқни тасаввур қилишмасин! Йўқса маҳалламиз чолларига зам-зам сувини улашиш учун биз алоҳида бир бошқа идиш ўйлаб топишга мажбур бўламиз. Улар. эса кейин «Ислом ҳаётдан узоқлашиб кетаяпти. Шу матоҳни ўйлаб топгунча, сувни эскичасига, ўзбекона қилиб пиёлада узатса бирон жойи камайиб қолармиди!» деб нолишга тушишади.

Ҳозир сайтимизда 828 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ